Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Шаҳарсозликда янгича ёндашувлар жорий этилади

Шаҳарсозликда янгича ёндашувлар жорий этилади

Мамлакатда бугун кенг қўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Шаҳарсозлик йўналишига янгича ёндашув ва тамойиллар кириб келяпти. Бу ўз навбатида соҳани мукаммал ва пухта қонунчилик билан таъминлаш, бир сўз билан айтганда мазкур йўналишдаги ислоҳотларни давр талабларига мослаш тақозо этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 5 август куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар томонидан иккинчи ўқишда муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодекси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.    

— Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари, умуман депутатларимиз томонидан уни такомиллаштиришга қаратилган кўплаб таклифлар билдирилди, — дейди Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Ботир Мардаев. — Хусусан, қурилиш соҳасидаги ўзгаришлар, сифат ва шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш, қурилиш материалларига бўлган талаблар ҳамда халқаро шаҳарсозлик қоидалари ва нормалари, стандартларни татбиқ этишга қаратилган 50 га яқин таклиф ва фикр-мулоҳазалар инобатга олинди ва лойиҳада ўз аксини топди. Лойиҳадан ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар билан бойитилди.

— Қонун лойиҳасидаги муҳим янгиликлардан бири бу шаҳарсозлик фаолиятида аҳоли пунктлари бош режаларни ишлаб чиқишда жамоатчилик назоратининг жорий қилинаётганидир, — дейди Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Ақшагул Тулегенова. — Эндиликда фуқаролар ўзи яшайдиган шаҳар ёки қишлоғининг бош режаси тасдиқланишида иштирок этади. Бу ўз навбатида, ҳудудларда ортиқча сарф-харажатлар, ноқонуний қурилмалар, ерларни ўзбошимчалик билан ўзлаштиришларнинг олдини олишга муҳим омил бўлади.

Муҳокамалар чоғида депутатлар қайд этганидек, лойиҳада белгиланаётган нормалар билан ўрнатилаётган янгиликлар шаҳарсозлик ҳужжатларининг тўғри реализация қилинишига ва ортиқча маблағлар сарфланишининг олдини олишга хизмат қилади.

Кодексда ер участкаларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиш ва зарарни қоплашни таъминлайдиган моддалар жой олмоқда. Хусусан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулклари компенсация тўлиқ қопланиб бўлганидан сўнг бузилиши қатъий белгиланмоқда. Халқ вакилларининг таъкидлашича, мазкур нормалар амалиётда келиб чиқиши мумкин бўлган барча норозилик ва шикоятларнинг олдини олишга имкон беради.

Депутатларнинг фикрича, Кодекснинг янги таҳрирда қабул қилиниши қурилиш ва реконструкция ишларини сифатли олиб бориш, тизимни электронлаштириш, энг замонавий, илғор технологиялар ва энергия тежовчи қурилиш материалларини қўллаш, аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасини яхшилаш, энг асосийси одамлар турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.


Кўришлар сони: 975

Депутатлар минбари

Янгиликлар

30.07.2021
Директорлик лавозими учун танлов жараёнлари шаффофми?

2021 йил 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ...

30.07.2021
Депутат аралашуви билан муаммога ечим топилди

Депутат сўрови – бу депутатнинг тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларинин...

30.07.2021
Қонуннинг ҳудуддаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди

Йиғилишда Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси...