Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

2019 йил 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қизғин муҳокама этдилар.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бюджет маълумотларининг очиқлигини янада ошириш мақсадида бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги тартиби белгиланган.

Унга кўра, парламент тарихида бу йил биринчи марта Давлат бюджети қонун тариқасида қабул қилинмоқда. Яъни, мамлакатнинг бош молиявий ҳужжатини тақдим этиш амалиётида илк бор “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва 2020–2022 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози бериляпти.

Парламентга тақдим этилган Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасида ҳамда Бюджетномада аҳоли ва ташқи ҳамкорларимизга мамлакат бюджетининг ҳолати очиқ-ойдин, халқаро стандартларга мувофиқ тарзда кўрсатилган. Унда фискал кўрсаткичларга таъсир этувчи асосий ташқи ва ички омиллар, 2020–2022 йилларга оид солиқ-бюджет сиёсатининг стратегияси, 2020–2022 йилларга мўлжалланган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари параметрлари каби масалалар ўз аксини топган. Иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилишни таъминлашга, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг юқори суръатларда ўсишига эришишга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган инвестициявий жозибадорлик ҳамда ишчанлик муҳитини оширишга доир чора-тадбирларни изчил амалга ошириш назарда тутилган.


Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — молия вазири Ж.Қўчқоров маъруза қилди. Унинг таъкидлашича, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда, 5,5 фоиз миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 6,5 фоиз, қурилишда 9,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,0 фоиз ва хизматлар соҳасида 5,6 фоиз кўпаяди. Асосий капиталга инвестициялар 10,0 фоиз, товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда импорт 8,0 фоиз ўсади.

Қонун лойиҳасида бюджет маблағларини режалаштириш самарадорлиги, улардан фойдаланиш натижадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирлар билан бирга, бюджетни режалаштиришнинг барқарорлигини ошириш мақсадида келгуси йил учун Давлат бюджетини ва кейинги икки йилга мўлжалланган бюджет йўналишларини тасдиқлаш орқали ўрта муддатли бюджетни режалаштириш таклиф қилинмоқда.

2020 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 653,5 трлн. сўмни, Давлат бюджети даромадлари 128,5 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 19,6 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.

Давлат бюджетининг харажатлари эса, 131,1 трлн. сўмни ташкил этади. Бу ўтган йилдагига нисбатан 24,0 фоизга кўп бўлиб, бунда Давлат бюджет харажатларининг ярмидан ортиғи ижтимоий соҳаларга йўналтирилади.


Шунингдек, мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шадмановнинг қўшимча маърузаси тингланди. Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат парламент қуйи палатасидаги сиёсий партия фракциялари ҳамда қўмиталари йиғилишларида уни маромига етказиш, унинг ҳар бир нормасида халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётнинг барча соҳаларида макроиқтисодий барқарорликка эришиш, пировардида мамлакат ривожи ва истиқболига дахлдорлиги инобатга олинган ҳолда муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасининг концепциясига мувофиқ, парламентаризм фаолиятига кириб келган янги амалиёт, янги институт туфайли республика бюджети Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджетлар эса, маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилиниши белгиланмоқда. Қолаверса, харажатлар соҳалар бўйича эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланади. Идоралар мустақиллигини ошириш билан бирга, уларнинг харажатлар самараси учун масъулияти ҳам кучайтирилади.

Мажлисда парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари ва вакиллари сўзга чиқар экан, Ҳукумат томонидан тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари юзасидан ўз позициясини билдирдилар.

Депутатларнинг бош молиявий ҳужжат лойиҳаси юзасидан берган саволларига Ҳукумат аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари атрофлича жавоб қайтарди.

Савол-жавоблар, тортишувлар ва қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Масъул қўмитага қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида лойиҳани мутахассислар ва экспертлар иштирокида муҳокама қилиб маромига етказиш топширилди.

  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 4422

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.09.2021
Болалар омбудсманининг ҳуқуқий мақоми кучайтирилмоқда

Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, бугунги кунда 20 дан ортиқ ривожланган давлатларда алоҳида...

16.09.2021
Озон қатламини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати қандай?

Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг тўлақонли субъекти сифатида атроф муҳитни...

16.09.2021
Депутат номига сайловчилардан миннатдорчилик хати келди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Мавжуда...