Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишида нималар ўзгарди?

Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишида нималар ўзгарди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган мажлисида депутатлар кўплаб долзарб масалалар қатори «Метрология тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Аввал хабар берилганидек, парламент қуйи палатасининг 29 октябрдаги мажлисида мазкур қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш жараёнида депутатлар томонидан бир қатор масалалар кўтарилган эди. Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳасини маромига етказиш зарурати юзага келгани сабабли лойиҳа қўмитага қайтарилган эди.

Хўш, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллагандан сўнг нималар ўзгарди, депутатларнинг таклифлари қанчалик инобатга олинди?

Биринчидан, қонун лойиҳасидаги асосий тушунчаларнинг моҳияти белгиланган моддаларда акс этгани сабабли, уларнинг сони 18 тадан 8 тагача қисқартирилди.

Иккинчидан, қонун лойиҳаси билан метрология хизмати нима эканига аниқлик киритилган. У давлат метрология хизматидан, давлат бошқарув органлари метрология хизматидан, Ўзбекистон миллий метрология институти, давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳисобланмаган юридик шахсларнинг метрология хизматларидан таркиб топади. Ўз навбатида, давлат метрология хизмати «Ўзстандарт» агентлиги ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмаларидан таркиб топади.

Учинчидан, “давлат эталони” тушунчаси “миллий эталон” тушунчасига алмаштирилди. Миллий эталон метрология бўйича миллий органнинг қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муайян катталик бирлигининг ўлчамини белгилаш учун бирламчи эталон сифатида эътироф этилади.

Тўртинчидан, техник воситаларни ўлчаш воситалари ва (ёки) синов воситалари жумласига киритиш мезонлари белгиланган. Ундан ташқари, қонун лойиҳасининг 26-моддасида ўлчаш воситаларини калибрлаш маълум шароитларда улар ёрдамида олинган катталик қиймати ҳамда эталон билан қайта тикланадиган тегишли катталик қиймати ўртасидаги нисбатни аниқлаш орқали ўлчаш воситасининг метрологик тавсифларини белгилаш мақсадида амалга оширилади.

Лойиҳа синов воситаларини аттестациядан ўтказишга доир янги модда билан тўлдирилган. Синов воситаларини аттестациядан ўтказиш уларнинг нормаланган техник тавсифларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида аккредитация қилинган метрология хизматлари томонидан амалга оширилади.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши метрология соҳасининг халқаро талаблар билан мувофиқлаштирилишини, шу билан бирга, маҳсулот, жараёнлар, ишлар, хизматлар хавфсизлиги масалаларида истеъмолчилар ҳамда давлат манфаатларини ҳимоя қилишга, маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, янги иш ўринлари яратилишига, соҳанинг халқаро тамойиллар асосида ривожланишига, кўрсатилаётган метрологик хизматлар сифати ошишига ва жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга имкон яратади.

Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишига имкон яратади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозорларида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш, хизматлар хавфсизлигини таъминлашда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдамлашади.

Қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқиш жараёнида депутатлар уни иккинчи ва учинчи ўқишларда маъқулладилар.

Қонунчилик палатаси қонунни Олий Мажлис Сенатига юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.


Кўришлар сони: 2745

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.09.2021
Болалар омбудсманининг ҳуқуқий мақоми кучайтирилмоқда

Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, бугунги кунда 20 дан ортиқ ривожланган давлатларда алоҳида...

16.09.2021
Озон қатламини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати қандай?

Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг тўлақонли субъекти сифатида атроф муҳитни...

16.09.2021
Депутат номига сайловчилардан миннатдорчилик хати келди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Мавжуда...