Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатларнинг парламент сўровига жавоб келди...

Депутатларнинг парламент сўровига жавоб келди...

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори Д.Саттаровга «Миллий стандартларни халқаро талабларга мослаштириш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, синов лабораторияларини ривожлантириш ва ўлчаш воситаларни қиёслашда аҳолига қулайликлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида» парламент сўрови юборилган эди.

Унда Ўзбекистонда миллий стандартларни халқаро талабларга мослаштириш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, синов лабораторияларини ривожлантириш бўйича тизимда амалга оширилаётган ишлар, хорижий малакатларнинг тажрибасини ўрганган ҳолда, маиший ҳисоблагичларни даврий назоратдан ўтказиш жараёнини янада мақбуллаштириш, бу соҳада аҳолига қулайликлар яратиш борасида қандай чоралар кўрилаётгани хусусида сўралган эди. Шунингдек, депутатлар соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва барча тартиб-таомилларни аниқ мувофиқлаштириб туриш учун қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан агентликнинг фикри билан қизиққан эди.

Парламент қуйи палатасининг 2019 йил 24 октябрдаги навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори Д.Саттаровнинг мазкур парламент сўровига йўллаган жавобини кўриб чиқиб, муҳокама қилдилар.

Таъкидлаш жоизки, депутатлар томонидан мазкур жавобни агентлик бош директорининг шахсан ўз ўқиб эшиттиргани унинг парламент олдидаги масъулиятидан дарак берувчи таҳсинга сазовор иш, дея баҳоланди.

Қайд этилганидек, жавобда парламент сўровида кўтарилган барча масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилган. Хусусан, техник жиҳатдан тарибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилгани, тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратишга қаратилган янги тартиблар амалиётга жорий этилгани баён қилинган.

Хусусан, қурилиш ва қурилиш материаллари соҳасида 2019 йил учун белгиланган 340 та стандартдан ўтган даврда 173 таси қабул қилингани ва йил якунига қадар 167 таси қабул қилиниб, амалиётга киритилгани баён этилган.

Электротехника соҳасида режадаги 229 та халқаро стандартлар (ISO, IEC, EN) тўлиқ қабул қилинган. Озиқ-овқат саноати соҳасида режадаги 158 та халқаро стандартлар (CODEX STAN, ISO, UNECE, EN) тўлиқ қабул қилинган.

Шунингдек, миллий маҳсулотларимизнинг сифатини ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида енгил саноат маҳсулотларига 100 та, чарм маҳсулотларига 60 та, металлургия маҳсулотларига 33 та халқаро стандартларни қабул қилинаётгани қайд этилган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга республикада бир турдаги маҳсулотларга ягона талабларни белгилаш мақсадида, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига 8 та маҳсулот турига халқаро талабларга мувофиқ, давлат стандартлари қабул қилинган. Натижада амалдаги турли хил талаблар қўйилган 700 га яқин ташкилот стандартлари бекор қилинган.

Республикада амалда бўлган 900 дан ортиқ маънан эскирган стандартлар рўйхати шакллантирилган ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга босқичма-босқич бекор қилиш таклифи берилган.

ISO, IEC, SMIIC ва МДҲ ташкилотларининг 57 та техник қўмиталарида (путур етказмасдан текшириш, ўйинчоқлар хавфсизлиги, косметика, туризм, қурилиш, информацион технологиялар) жами 768 та стандарт лойиҳалари кўриб чиқилган.

Маҳсулотларнинг синовларини тўлиқ амалга оширадиган замонавий синов лабораторияларини ташкил этилиши масаласида “Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги мавжуд лабораторияларни модернизациялаш, синов базаси янгилаш учун 2019 йилнинг 9 ойида 4,1 млрд. сўмлик 35 дона замонавий синов ускуналари ҳарид қилиниб, лабораторияларда қўшимча 140 дан зиёд синов услублар (69 таси халқаро) амалиётга жорий этилган. Йил охирига қадар жами 9,5 млрд. сўмлик 123 дона ускуна харид қилиниши ҳамда лабораторияларда 300 га яқин синов услублари ўзлаштирилиши натижасида 2019 йилда агентлик тизимидаги 2 та, яъни Фарғона вилоятида озиқ-овқат, Навоийда электротехника маҳсулотлари синов лабораторияларни халқаро аккредитациядан ўтказиш имкони яратилиши баён этилган.

Маиший ҳисоблагичларни даврий назоратдан ўтказиш жараёнини янада мақбуллаштириш ва бу соҳада аҳолига қулайликлар яратиш борасида кўрилаётган чоралар ҳам диққатга молик. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги қарори билан, жорий йилнинг 1 ноябридан юридик ва жисмоний шахсларнинг энергия манбаларини ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, қиёслаш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг янги шаффоф тизими жорий этилган. Бунда:

жисмоний ва юридик шахслар томонидан электрон тарзда Давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бир маротаба буюртма берилиши белгиланган;

ҳисоблагичларнинг қиёслашлараро муддатларини 4 йилдан 8 йилгача этиб икки бараварга узайтирилган;

ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, ўрнатиш ҳамда таъмирлаш таъминотчи корхона томонидан тўлиқ амалга оширилиши белгиланган;

ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, ўрнатиш ва қиёслаш учун жавобгарлиги таъминотчи корхонага юклатилган;

ҳисоблагичларни ечиш (5 кунгача), қиёслаш (3 кунгача) ва ўрнатиш
(5 кунгача) ишлари учун аниқ муддатлар белгиланган;

ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, ўрнатиш ва қиёслаш учун республика бўйича фуқаролар учун ягона тўлов жорий қилиниши (базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи – 44,6 минг сўм) белгилаб берилган.

            Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, маҳаллий қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт қилинаётган маҳсулотини сертификатлаштириш бўйича харажатлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан қопланиши белгиланган. Электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарда халқаро стандартларни жорий этиш, маҳсулотларни чет эл бозорлари талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тадбирлари билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин битта ҳолат бўйича эквиваленти 20 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда қопланиши кўзда тутилган.

            Шунингдек, парламент сўровига келган жавобда юртимизда миллий стандартларни халқаро талабларга мослаштириш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, синов лабораторияларини ривожлантириш, бу борада 2020-2022 йилларда белгиланган мақсадли кўрсатгичлар, маҳсулотларнинг синовларини тўлиқ амалга оширадиган замонавий синов лабораторияларини ташкил этиш юзасидан қилинаётган ишлар ҳамда импорт қилинадиган истеъмол молларининг сифатини назорат қилиш, истъемолчиларни хавфли бўлган маҳсулотлардан ҳимоялаш бўйича кўрилаётган чоралар хусусида батафсил тўхталиб ўтилган.

            Муҳокамалар чоғида депутатлар Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директорининг жавобида қаноат ҳосил қилинганини қайд этар экан, тизимда амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш, соҳага доир қонун ҳужжатларини бугунги замон талабларига мос ҳолда такомиллаштириш лозимлиги таъкидладилар.


Кўришлар сони: 3390

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.09.2021
Хитой – Марказий Осиё:Ягона тақдир жамиятини шакллантиришда қонунчилик органларининг роли

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари билан биргаликда “Хитой ...

24.09.2021
Масофавий тиббий хизматлар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологялари ...

24.09.2021
Халқаро нотариуслар иттифоқи вакиллари Қонунчилик палатасида бўлди

Бугун, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг Хал...