Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Депутатлар адлия вазирига қандай таклифлар берди?

Депутатлар адлия вазирига қандай таклифлар берди? Депутатлар адлия вазирига қандай таклифлар берди?

2021 йил 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р. Давлетовнинг “Жамиятда ҳуқуқий тарбия, ҳуқуқий маданият ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитди.

Мажлисда таъкидланганидек, юртимизда кейинги йилларда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина сўнгги икки йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоқадор ўндан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги тегишли фармони билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишдаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадида давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш тизими йўлга қўйилди. Адлия органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтиришга, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилиб, жорий йилнинг ўзида 220 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига фуқаролардан энг кўп келиб тушган мурожаатлар статистикаси соҳалар кесимида таҳлил қилиниб, мурожаатларда энг кўп кўтарилган ҳуқуқий масалалар (нафақа, уй-жой, кредит ва ҳоказо) бўйича ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда тарғибот тадбирларини амалга ошириш йўлга қўйилди.

Адлия вазири берган маълумотларга кўра, “Сайлов – 2021: ўз келажагинг учун овоз бер” шиори остида сайловчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий, шу жумладан сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Шу мақсадда ҳудудларда адлия ва бошқа тегишли идоралар билан ҳамкорликда 14 та ҳудудий сайлов тарғиботи гуруҳлари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошчилигида эса 200 дан ортиқ кичик ҳуқуқий тарғибот гуруҳлари фаолияти ташкил этилди.

Баҳолашдан ўтолмаган ходимлар: уларга имконият

бериладими?

Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш мақсадида “Давлат ташкилоти ходимларини синовдан ўтказиш модули” орқали вазирлик томонидан тайёрланадиган ҳуқуқий саводхонликка оид ўқув дастури бўйича ўқув машғулоти материалларини мустақил ўзлаштириб бориш йўли билан амалга оширилмоқда. Ушбу тизимда ходимлар мурожаатлар билан ишлаш, жавобгарлик, меҳнат қонунчилиги ва бошқа муҳим ҳуқуқ соҳалари бўйича ўқитилмоқда.

Жорий йилнинг июнь-июль ойларида платформа орқали 5 537 нафар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари ўқитилиб, 5 339 нафари баҳолашдан ўтказилди. Лекин уларнинг 241 нафари баҳолашдан ўтолмаган. Улар энди қайта ўқитилади. Бу ҳам катта имконият. Шунингдек, 198 нафар ходим турли сабабларга кўра ўз вақтида тест синовларида қатнашмаган.

Адлия вазирининг қайд этишича, аҳоли ва мурожаатчиларга ҳуқуқий маслаҳат бериш ва уларнинг муаммоларига ечим топишда қуйи ижро ҳокимиятлари, ташкилот ва идоралар фуқаролар дардини тинглашни пайсалга соляпти ёки атайлаб ислоҳотлар йўлига тўсиқ қўйишга уриняпти. Масалан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида етарли ҳуқуқий-тарғибот ҳужжатлари бор. Лекин уларнинг ташвиқоти ва ҳаётга татбиқ этилишига панжа орасидан қараб келинмоқда. Бундай ҳолатлар темир йўл назорат инспекцияси каби тизимларда ҳам учраб туриши ачинарлидир.

Фермерлар учун ҳуқуқий ёрдам бериш мақсадида “Фермерга мадад” акцияси жорий қилинди. Акция доирасида фермерлар билан шартномавий муносабатларда жами 156 223 та хато ва камчиликлар аниқланган, 565 та ҳолатда фермер билан ер ижара шартномаси тузилмаган, 794 та ҳолатда ер ижара шартномасининг нусхаси фермерларга атайлаб берилмаган. Демак, кимдир бундай ноқонуний ҳаракатдан манфаатдор. Бу ҳолатлар бўйича адлия идоралари ваколат доирасида айрим фермерларга амалий ёрдам берилди, ҳуқуқлари тушунтирилган ҳолда, тизимли камчиликлар бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашдаги муаммо ва ечимлар

Давлат, жамият ва шахс. Бир замонлар ушбу учлик тамойили амал қилар ва бунда инсон, унинг ҳуқуқий манфаатлари охирги ўринга қўйилган эди.

Бугун Янги Ўзбекистонда бунинг аксини кўриш мумкин. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Энг аввало, инсон, кейин жамият ва давлат, хусусан, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат халққа хизмат қилмоқда.

Албатта, бундай шароитда ҳуқуқшуносларга ҳам эҳтиёж сезилади. Лекин орада бир муддат узилиш юзага келди. Маълум йиллар Наманган ва Самарқанд университетлари қошидаги ҳуқуқшунослик факультетлари ёпилгани туфайли кадрлар тайёрлашда нуқсонлар кузатилди. Адлия вазирининг айтишича, кейинги беш йилда ушбу икки факультет қайта фаолият бошлади. Тошкент давлат юридик университетининг қабул квоталари кўпайтирилди. Термизда ҳам шу соҳа мутахассисларини тайёрлаш йўлга қўйилди. Нукусдаги олий таълим муассасаси ҳам ўз бағрида ҳуқуқшуносларни етказиб беришда давом этмоқда.

Таққос: республика бўйича биргина адвокатурани олайлик. Ҳозирда 100 минг аҳолига 1 нафар адвокат хизмат кўрсатмоқда. Бу камми ёки кўп? Албатта, кам. Яна бир мисол: фуқаролик судининг бир нафар судьяси 1 ойда (суд буйруғидан ташқари) 140 та иш кўрмоқда. Савол туғилади, у қачон иш билан танишади, қачон ва қандай хулоса чиқаради? Бу масала ҳам ўта оғриқли нуқталардан биридир, дейилди эшитув давомида.

Ҳозирда республиканинг туманларида ҳуқуқий маслаҳат марказлари очилмоқда. Бунинг учун 1000 нафар мутахассисни ишга қабул қилиш бўйича танлов эълон қилинган. Ҳозирда ҳар бир ўринга 8-9 нафардан талабгор бор. Аммо суҳбат ва ўрганишлар давомида аксариятининг билим ва кўникмалари қониқарсиз деб топилмоқда. Юқорида эътироф этилган олий таълим муассасалари келажакда етук мутахассисларни тайёрлаб беришга эришса, ушбу муаммолар ўз ечимини топиши мумкин.

Танқидий мулоҳазалар ва таклифлар

Мажлисда депутатлар ҳуқуқий тарбияни, ҳуқуқий маданият ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан бирга соҳада қатор масалалар ва фойдаланилмаётган имкониятларга эътибор қаратди.

Халқ вакилларининг таъкидлашича, янги авлод ҳуқуқий дарсликлари ва ўқув қўлланмалари тизимини яратиш, бунда умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчилари учун ҳуқуқий билимларни содда ва кўргазмали ўргатишга қаратилган ўқув қўлланмаларини, таълим муассасалари учун ҳуқуқ фанлари бўйича ўқув дарсликлари ва қўлланмаларини тайёрлаш ишлари етарлича ташкил этилмаган. Амалиётда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун кўп ҳолларда ваколатли бўлмаган идораларга мурожаат қилаётганликлари ҳам аҳоли орасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш ишлари етарли эмаслигидан далолат беради. Қолаверса, ҳанузгача фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш алоҳида қонун билан тартибга солинмаган.

Мажлисда депутатлар юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиришга оид фаолиятни самарали ташкил қилиш, улар фаолиятига кўмаклашиб бориш, қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини инфографика, презентация, слайд, таҳлилий материаллар тайёрлаш йўли билан “пакет” тамойили асосида тегишли давлат органлари ва ташкилотларига етказиб бериш, масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда янги авлод ҳуқуқий дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ишларини якунлаш ҳамда “advice.uz” ҳуқуқий порталини аҳоли учун зарур маълумотлар билан янада бойитиш, шунингдек, порталдаги маълумотларни соҳага оид янги қонунчилик ҳужжати қабул қилинганда тезкорлик билан янгилаб бориш бўйича бир қатор таклифлар билдирди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, Адлия вазирининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 228

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.09.2021
Нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилади

Бугунги кунда мамлакатимизда жами 134 та нобанк кредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Лекин ушбу фаолият...

28.09.2021
Адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун қандай чекловлар олиб ташланмоқда

2021 йил 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ...

28.09.2021
Туркистон декларацияси қабул қилинди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон шаҳрида Туркий тилли давлатлар парламент Aссамблеясининг...