Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Депутатлар Ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси юзасидан берган ҳисоботини қандай баҳолади?

Депутатлар Ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси юзасидан берган ҳисоботини қандай баҳолади? Депутатлар Ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси юзасидан берган ҳисоботини қандай баҳолади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қарор топган янги институт — Бош вазир Ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Қонунчилик палатасига тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан парламент олдида ҳисобот бериб бориши амалиёти тобора такомиллашиб бормоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йил биринчи ярим йилликда бажарилиши юзасидан ҳисоботи кенг муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги ушбу масала дастлаб сиёсий партияларнинг парламентдаги барча фракциялари мажлисларида атрофлича муҳокамалардан ўтди. Ҳар бир фракция ўз йиғилишиларида депутатлар тегишли Ҳукумат аъзоларидан кўтарган саволларга аниқ жавоблар олдилар. Фракциялар ҳисобот юзасидан ўз позицияларини белгилаб олдилар.

Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида таъкидланганидек, мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида иқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, солиқ юкини камайтириш, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат дастуридаги бажарилиши белгиланган 116 та банддан 89 таси тўлиқ бажарилди. 2 тасининг бажариш муддати узайтирилган бўлса, 25 тасининг ижросини тўлиқ таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунингдек, ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,2 фоизни, шундан саноат – 108,5, хизматлар – 108,0, қишлоқ хўжалиги – 101,8 фоизни ташкил қилди.

Ҳисобот даврида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий сармоядорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида иқтисодиётнинг турли тармоқларига киритилган 4,8 млрд. доллар миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ёки прогнозга нисбатан 130 фоизга бажарилди.

Давлат маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқаролар, камбағал оила аъзоларига уларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун моддий ёрдам ва субсидиялар бериш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан илк бор республиканинг 28 та туман (шаҳар)ларида ижтимоий контракт тузиш амалиёти тажриба-синов тариқасида жорий этилиб, ўтган давр мобайнида 4 928 та ижтимоий контракт тузилди.

Шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 425 минг 662 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. 96 минг йигит-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти учун 2,3 триллион сўм кредитлар, 194 минг 947 нафар ёшларга 53 минг 740 гектар ер майдонлари ажратилиб, 18 минг 33 нафар ёшларга 27,9 миллиард сўмлик субсидия берилди.

Ўтган даврда тиббий хизмат сифатини яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, уларнинг 211 та ҳудудий филиаллари, йўналиш бўйича илмий-услубий ёрдам кўрсатувчи бўлим ва диспансерларда телетиббиёт алоқаси ўрнатилди. 52 та оилавий шифокор пункти, 19 та оилавий поликлиника ташкил этилди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар ҳисобот даврида қилинган ишларни эътироф этган ҳолда, Давлат дастурининг айрим бандлари ижроси бажарилиши кечикаётгани, белгиланган вазифалар ҳозирга қадар таъминланмаганига алоҳида эътибор қаратдилар.

Хусусан, Давлат дастурининг 94-бандига мувофиқ, қишлоқдан — туман марказигача, туман марказидан — вилоят марказигача транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини оширишга доир, 145-бандига биноан, аҳолининг минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиётини йўлга қўйишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳанузгача қабул қилинмаган. Дастурнинг 142-бандига асосан, хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган ва хорижий тил ҳамда касблар бўйича малака имтиҳонларини муваффақиятли топширган фуқароларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилиш ишлари кечикмоқда.

Шу билан бирга, Давлат дастурининг 237-бандига кўра, олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш тартибини жорий этиш борасидаги ишлар якунига етмаган.

Тақдим этилган ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари Дастурнинг ижросини таъминлашда Ҳукумат аъзолари бошқа қатор муҳим масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини қайд этдилар. Мазкур масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосари, тегишли вазирликларнинг жавоблари эшитилди.

Депутатлар томонидан бугунги мураккаб шароитда аҳолини коронавирусга қарши профилактик эмлаш ишларини жадаллаштириш ҳамда ушбу жараённинг сифатли олиб борилиши устидан назоратни кучайтириш юзасидан барча зарур чора-тадбирлар кўриш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ўз навбатида, коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш кабилар устувор вазифа бўлиб қолаётгани қайд этилди.

Мажлисда ҳисобот юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ўз нуқтаи назарларини билдирди. Депутатларнинг фикрлари асосида Ҳукуматга Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини тўла-тўкис ва ўз вақтида таъминлаш юзасидан бир қатор таклифлар берилди.

Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари мажлисда партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Давлат дастурининг иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижаларга алоҳида эътибор қаратдилар. Депутатлар экспорт йўналишида республика бўйича экспорт ҳажмлари 7 млрд. 55 млн. долларни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш сурати 112,3 фоизни ташкил этганини ижобий баҳоладилар.

Шу билан бирга, Дастурнинг ҳар бир бандида халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, ишсизлик даражасини қисқартириш ва тадбиркорлар сафини кенгайтиришдек муҳим мақсадлар турганини айтиб, уларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш бўйича бир қатор таклифларни берди.

“Миллий тикланиш” ДП фракцияси вакиллари Давлат дастури муҳокамалари жараёнида ижтимоий соҳа, жумладан, мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим соҳасида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, мактабларда “Тарбия” фани жорий қилингани, олий таълимда ушбу фан бўйича жорий йилдан бошлаб мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилганини инобатга олиб, қабул жараёнида амалда ушбу вазифа бажарилмагани юзасидан тегишли вазирликка эътироз билдирди ва изоҳ сўради.

Фракция фикрича, “Тарбия” фани бўйича махсус мутахассислар тайёрланмас, яъни унга иккиламчи фан сифатида қараш давом этар экан, бу йўл билан мақсадга эришиш амримаҳол. Чунки, бу фан профессионалликни талаб қилади. Тегишли вазирликларнинг бугунги жавобидан маълум бўлдики, бу борада етук мутахассисларни тайёрлашда бир йил бой берилди. “Миллий тикланиш” мазкур масала билан жиддий шуғулланишда давом этишини билдирди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Дастурнинг ижросидаги ижобий жиҳатларни эътироф этди. Шунинг баробарида кечиктириб бажарилаётган айрим бандларига эътибор қаратиб, уларда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда йўл қўйилган камчиликларга тўхталдилар. Баъзи ҳолларда ижро кузатилсада, бироқ натижадорлик кутилган даражада эмаслигини танқид остига олди.

Фракция аъзолари коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш чоралари кўрилаётганини қайд этиш билан бирга, амалда ҳамон муаммолар, хусусан, инсон омили сақланиб қолиниши, давлат хизматларини кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, давлат кадастри ва бошқа соҳаларда коррупциоген ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида рақамли технологияларни кенг жорий этишни жадаллаштириш лозимлигини билдирдилар.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари таъкидлаганидек, Давлат дастурида белгилаб берилган барча вазифалар партиянинг дастурий мақсадлари ҳамда электорати манфаатларига уйғун. Шу нуқтаи назардан, Дастурда белгилаб берилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши партия учун муҳим.

Фракция аъзолари бажарилган ишларга муносиб баҳо бердилар. Ҳисоботдаги ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида амалга оширилган ишлар борасида келтирилган рақамлар депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 425 минг 662 нафар йигит-қизнинг ўз иш ўрнига эга бўлагни қайд этилган. Депутатларнинг сайлов округларидаги ўрганишлари давомида эса, “Ёшлар дафтари” бўйича бандлиги таъминлангани ҳисоботларга киритилган айрим ёшларнинг амалда ишсиз юргани аниқланган. Фракция ҳар бир рақам ва маълумотнинг ҳаққонийлигига эришиш долзарб вазифа эканлигига Ҳукуматнинг эътиборини қаратиб, қатор таклифларни илгари сурди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси вакиллари Давлат дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини эътироф этдилар. Шу билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ободонлаштириш бошқармалари таркибида дарахт ва буталарни ҳимоя қилиш бўлимларини ташкил этиш масаласи юзасидан бажарилаётган ишларнинг суст олиб борилаётганини қайд этдилар.

Шунингдек, кўчат экиш мажбурияти бўйича амалга оширилаётган ишларнинг етарли даражада эмаслиги юзасидан фракция аъзолари жиддий эътирозларни билдириб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар бердилар.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури ижроси юзасидан тақдим этган ҳисоботи маъқулланиб, Ҳукуматнинг тегишли фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 172

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.09.2021
Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай эътирозлар билдирди?

Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Лекин уларнинг энг асосийларидан бири, шубҳасиз,...

22.09.2021
Аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида...

22.09.2021
Фракция аъзолари муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги...