Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Депутатлар соғлиқни сақлаш мутасаддиларининг ахборотларини қандай баҳолади?

Депутатлар соғлиқни сақлаш мутасаддиларининг ахборотларини қандай баҳолади? Депутатлар соғлиқни сақлаш мутасаддиларининг ахборотларини қандай баҳолади?

2021 йил 15 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар соғлиқни сақлаш вазири А. Хаджибаевнинг “Соғлиқни сақлаш соҳасига оид ислоҳотларнинг амалга оширилиш ҳолати тўғрисида”ги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б. Юсупалиевнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотларини эшитдилар.

А. Хаджибаев таъкидлаганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш ҳамда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида республикамиз аҳолисини тиббий хатловдан ўтказиш учун 14 202 та тиббиёт бригадаси ташкил этилиб, 32 458 030 нафар аҳоли саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, 4 та гуруҳга тақсимланди.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунгача “темир дафтар”га киритилган 1 912 нафар беморнинг 1 575 нафарига юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилди. Аҳолини манзилли скринингдан ўтказиш ва юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 23 та мобиль бригада ташкил этилди. 2021 йилда ташкил этилиши режалаштирилган 124 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалардан 71 таси ўз фаолиятини бошлади. Бирламчи тиббиёт-санитария муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида қишлоқ оилавий поликлиникалар 733 та ЭКГ ва 721 та УТТ аппаратлари билан таъминланди.

Қайд этилганидек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “хatlov.uz”, “bemor.ssv.uz”, “edo.ssv.local”, “emlash.uz”, “nd.ssv.local”, “pd.ssv.local” ахборотлаштирилган тизимлари яратилган. Ҳозирги кунда юртимиздаги 243 та маҳалла фуқаролар йиғинлари олис ва чекка ҳудуд сифатида белгиланган бўлса, ушбу ҳудудларда жами 86 та оилавий шифокорлик пункти ва 39 та оилавий поликлиника ҳамда уларда 149 та вакант штат мавжуд. Лекин “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида ҳудудлар кесимида 41 нафар тиббиёт ходими ишга қабул қилиниб, айни вақтга қадар уларнинг атиги 16 нафарига 30 миллион сўмлик пул маблағлари тўлаб берилган.

Шунингдек, телетиббиёт асосида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг жойлардаги филиаллари ўртасида яқин алоқа йўқ. Қолаверса, республика бўйича 466 та тиббиёт муассасаларига оптик толали кабеллар ўтказиш ишлари якунига етмаган.

Халқ вакиллари соҳада қилинган ишларни эътироф этган ҳолда, юқоридаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан бир қатор таклифлар берди.

Мажлисда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б. Юсупалиевнинг ҳам ахбороти тингланди.

Қайд этилганидек, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг 10 июль ҳолатига дунёнинг 222 та давлатида жами 186,8 млн. нафар беморларда коронавирус инфекцияси аниқланган. Улардан 4,0 млн. нафари вафот этган бўлса, 77,8 минг нафар беморлар оғир аҳволда.

Дунё бўйлаб шу йилнинг апрель ойларида кунлик касалланиш кўрсаткичи 900,0 минг атрофида бўлиб, июнь ойида кунлик касалланиш 300,0 минггача камайди. Лекин июль ойининг бошларидан ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатлари ортиши кузатилиб, 10 июль ҳолатига кунлик 490,0 минг янги ҳолат аниқланган.

Ўзбекистонда ҳам кунлик коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари (4 июль куни 475 та, 5 июль – 496 та (172 та пневмония), 6 июль – 471 та (195 та пневмония), 7 июль – 490 та (208 та пневмония), 8 июль – 482 та (221 та пневмония), 9 июль – 467 та (259 та пневмония) ортиб бораётганлиги ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, эмлаш ҳар қандай эпидемияга олиб келувчи юқумли касалликларнинг энг самарали профилактикасидир. Шу боис, мамлакатимизда эмлаш ишларини амалга ошириш учун жами 3 138 та эмлаш пунктлари ва 862 та ҳаракатдаги бригада ташкил этилган. Эмлаш жараёнида қатнашадиган 4 356 нафар шифокор ҳамда 11 539 нафар ўрта тиббиёт ходимининг тайёргарлиги оширилган.

Бугунги кунга қадар республикамизда жами 4 743,8 минг доза (2 865,0 минг та 1-доза, 1 405,0 мингта 2-доза, 473,7 мингта 3-доза) коронавирус инфекциясига қарши вакциналар эмлаш тадбирларига йўналтирилган бўлиб, шундан ZF-UZ-VAC 2001 – 81 фоиз, AstraZeneca – 14 фоиз ва Спутник V – 5 фоизни ташкил этади.

Шу билан бирга, эмлаш тадбирларини тизимли ташкил этиш мақсадида жами 2 680,3 минг доза вакцина захираси шакллантирилган. Шунингдек, жорий йилнинг июль ойида ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасидан қўшимча 4,0 млн доза, август-сентябрь ойлари Спутник V вакцинасидан 160 минг доза ҳамда август-сентябрь ойлари COVAX дастури доирасида 660 минг доза вакцина олиб келиниши режалаштирилган.

Мажлисда депутатлар соҳада олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, соҳадаги муаммолар ечимига ҳам эътибор қаратди. Хусусан, ўтган 3 ой давомида 65 ёшдан катта аҳоли қатламининг атиги 42,8 фоизи, сурункали касалликлари бўлган аҳоли қатламининг 67,7 фоизи, мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг 77,4 фоизи ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг 68,7 фоизи коронавирус инфекциясига қарши эмланган холос. Айни пайтда фуқароларнинг барчасини тўлиқ дозаларда эмланмаганини ҳисобга олсак, демак, бу борада ҳали зарур чоралар кўриш лозим бўлади.

Мажлисда сўз олган халқ вакиллари аҳолини коронавирусга қарши профилактик эмлаш жараёнини сифатли олиб борилиши устидан назоратни кучайтириш, 2021–2023 йилларда оилавий шифокор пунктларини ва оилавий поликлиникаларни ташкил этиш жадвалидаги ўз вақтида амалга оширилмаган лойиҳаларнинг бажарилиши бўйича тегишли чораларни кўриш, “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида белгиланган 30 миллион сўмдан пул маблағи тўлаб берилмаган ходимларга тўловларни амалга ошириш чораларини кўриш, фуқароларга давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича Сирдарё вилояти тажрибасини республика бўйлаб кенг татбиқ этиш ҳамда аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектлари ходимларини коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш масаласини кўриб чиқиш ҳозирги пайтда ҳаётий зарурат эканлигини билдирдилар.

Мажлисда кўриб чиқилган ахборотлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 149

Депутатлар минбари

Янгиликлар

30.07.2021
Директорлик лавозими учун танлов жараёнлари шаффофми?

2021 йил 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ...

30.07.2021
Депутат аралашуви билан муаммога ечим топилди

Депутат сўрови – бу депутатнинг тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларинин...

30.07.2021
Қонуннинг ҳудуддаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди

Йиғилишда Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси...