Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Таъмирланган йўллар қанча муддат хизмат қилиши керак?

Таъмирланган йўллар қанча муддат хизмат қилиши керак? Таъмирланган йўллар қанча муддат хизмат қилиши керак?

2021 йил 6 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” видеоконференц алоқа шаклида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда депутатлар “Мамлакатимизда умумий фойдаланишдаги ва халқаро тоифадаги автомобиль йўлларининг бугунги кундаги ҳолати ҳамда замонавий автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш ва қуриш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилдилар. Халқ вакилларининг бу бўйича саволларига Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов жавоб берди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда бугунги кунда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари узунлиги 42 869 км.ни ташкил этиб, шундан 3 993 км. халқаро, 14 203 км. давлат, 24 673 км. маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари ҳисобланади.

Транспорт вазири халқаро автомобиль йўлларининг аҳамияти ва бугунги кундаги ҳолати, амалга оширилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари, молиявий манбалари, шунингдек, режалар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларини замонавий талабларга мослаштириш ва техник параметрларни ошириш борасида бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда ва келгусидаги амалга ошириладиган лойиҳаларда цементобетон қопламали йўллар қуришни, автомобиллар қайрилиб олиш жойларини ер устидан ёки ер остидан ўтказишни, йўл ва кўприклар ҳамда транспорт ечимларини мукаммал лойиҳалаш ҳисобига халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларда ҳаракатланишда хавфсизликни ва қулайликни оширишга эътибор қаратилмоқда.

“Ҳукумат соатида”да вазир пуллик автомобиль йўллари қурилиши ҳақида ҳам маълумотлар берди. Хусусан, “Тошкент — Андижон” ва “Тошкент — Самарқанд” пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси ва бу борда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалаларига тўхталди.

Қайд этилишича, 2020 йилда жами 5,2 трлн.сўм миқдорида автомобиль йўлларини қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилиб, 6 442,6 км.автомобиль йўллари қайта қурилган ва таъмирланган. Капитал таъмирлаш дастури доирасида 352,7 млрд.сўм миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, 114,2 км. автомобиль йўли ва 3 дона 121,7 п/м кўприклар (36 та объект) капитал таъмирланган. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш бўйича 1,8 трлн.сўм маблағлар ўзлаштирилиб, 2 308 км. автомобиль йўли жорий таъмирланган. Ички хўжалик йўлларини таъмирлаш бўйича 394,7 млрд.сўм миқдорида ишлар бажарилиб, 1 529,2 км. ички йўлларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилган. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 026 км. йўллар таъмирланган.

Депутатлар йўл-қурилиши бўйича сайловчилар томонидан кўплаб масалалар кўтарилаётганини қайд этиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар билан қизиқдилар.

Хусусан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида доимий таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, ўтган йили 6 442,6 км. йўллар қайта қурилгани ва таъмирлангани, бироқ, негадир замонавий талабларга жавоб берадиган, равон, кенг ва ёруғ йўлларга эриша олмаётганлигимиз бўйича изоҳ сўралди.

Депутатларнинг таъмирланган йўлларнинг бир йил ўтмай яна таъмирталаб ҳолатга келиб қолишига нима сабаб бўлаётгани, бунда йўл қурилиши корхоналарининг масъулияти қай даражада экани, ўзи таъмирланган йўл қанча муддат хизмат қилиши кераклиги мазмунидаги саволларига вазир жавоб берди.

Шунингдек, халқ вакиллари томонидан умумий фойдаланишдаги, хусусан, халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўлларини (М39, М37, М34, А380, А379, А378) замонавий стандартларга мослаштириш, жумладан, кенглиги, юк кўтариш қобилияти, равонлиги ва ёруғлигини яхшилаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ва режалар юзасидан қўшимча маълумот бериш сўралди.

Транспорт вазири депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар ҳамда саволлар бўйича алоҳида тўхталиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги режалар, йирик лойиҳалар бўйича ахборот берди.

Ўз навбатида, “Миллий тикланиш” ДП фракцияси вазир жавобидан қониқмаганлигини, кўплаб саволлар очиқ қолганлигини, бу масала доимий назоратда бўлишини қатъий билдирди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой кечган “Ҳукумат соати”да ушбу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, бу борада самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 159

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2021
Депутатлар 279 та муаммони жойида ҳал этди

Қизғин ўтган мазкур учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 616 та муаммо ва муаммоли вазият, ...

08.04.2021
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинди

Аёллар соғлигини муҳофаза қилиш чоралари, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, оилада соғлом фарзандни...

08.04.2021
Ўзбекистон — Саудия Арабистони: парламентлараро алоқаларнинг янги босқичи

Бугунги глобаллашув жараёнида давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин муносабатлар жуда муҳим...