Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Спикер ўринбосари Қорақалпоғистонда қандай масалаларни ўрганди?

Спикер ўринбосари Қорақалпоғистонда қандай  масалаларни ўрганди?

Бугунги кунда аҳолининг сабзавот ва полиз маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли таъминлаш, ердан самарали фойдаланиш орқали кўпроқ маҳсулот етиштириш тизимини яратиш устувор вазифалардан саналади. Чунки ҳозирги мураккаб шароитда ички бозорда нарх-наво ошиб кетмаслиги кўп жиҳатдан томорқалардан қанчалик оқилона фойдаланишимиз, кичик бўлса-да, тадбиркорлик билан шуғулланишимизга боғлиқ.

Халқимиз азалдан деҳқончиликда, боғ яратиш ишларида намуна бўлиб келган. Бугунги кунда кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олаётир. Бу борада Қорақалпоқ халқи ҳам яхшигина тажриба орттирган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Aктам Хаитов томорқа ер эгаларининг фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига борди.

Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ дастлаб Амударё тумани “Тўлқин” овулида яшовчи Ўразимбат Камолов хонадонида бўлиб, бу ерда етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди.

Маълум бўлишича, бугун хонадон эгаси ўз томорқасида турли мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштириб, рўзғоридан ортганини бозорга сотиб яхшигина даромад олиб келмоқда.

Учрашув давомида ишчи гуруҳ аъзолари хонадон эгасининг муаммоларини ўрганиш билан бирга, томорқаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ва маҳсулот етиштириш ҳажмларини ошириш бўйича зарур тавсиялар, маслаҳатлар берди.

Фарҳод Бобониёзов ҳам кўп йиллардан буён деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Ерни яхши кўради, бир қаришини ҳам бўш қолдирмайди. Айни вақтда 1 гектар майдонга тўқсонбости экинларини экиб, парвариш қилаётир.

–Ердан унумли фойдаланиш деҳқончиликда муҳим аҳамият касб этади. Ўз ишининг таълимини олган деҳқон борки, албатта, бу жиҳатнинг самарасини яхши билади, – дейди Ф.Бобониёзов. – Шу боис, мавсумий, иқлим шароитига мос экинларни экиб, томорқалардан мўмай даромад оляпмиз.

Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, томорқани ҳақиқий даромад манбаига айлантириш, аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғни тизимли етказиб бериш, айниқса, маҳсулот етиштириш ва уни экспорт қилишда “Aмударё томорқа хизмат” МЧЖнинг ўрни катта. Бугунги кунда туман ҳокими қарори билан жамиятга уруғ, кўчат ва минерал ўғит сотиш дўконлари ҳамда иссиқхона қуриш учун 3,3 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Учрашув давомида ишчи гуруҳ “Ўрта қалъа” овули ҳудудидаги “Ўрта қалъа чорвадори” агрофирмасининг Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан асаларичиликни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Агрофирма раҳбари Эркин Расулов бошчилигида туманда қишлоқ хўжалигининг асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қилинаётган ишларни кўздан кечирди.

Ҳозир мазкур агрофирмада 1000 та асалари уяси мавжуд. Эътиборлиси, бу ерда тумандаги 30 нафарга яқин ёшлар меҳнат қилмоқда.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида А.Ҳаитов асаларичилик ривожи иқтисодий юксалишни таъминлаш баробарида, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини айтиб, мазкур тармоқни равнақ топтириш лозимлигини таъкидлади.

Ишчи гуруҳ Тахиатошга нега борди?

Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, айниқса, янги иш ўринларини ташкил этиш – бугунги куннинг энг муҳим талаби. Бу борада жойларда бўлгани каби Тахиатош туманида ҳам тизимли ишлар олиб борилаётир.

Парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари А.Ҳаитов учрашувлари давомида мазкур туманда ҳам бўлиб, бир қатор тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишди.   

Тумандаги балиқчиликка ихтисослашган “Замирбек-Тахиатош” МЧЖда ўтган йили лойиҳа асосида 80 мингдан ортиқ балиқ чавақлари ташланган эди. Бугунги кунга қадар 20 тонна балиқ маҳсулотлари етиштирилган.

–Фаолиятимизни ўтган йили бошлаган эдик,– дейди корхона раҳбари А.Хасанов. –Умумий ер майдонимиз 40 гектар бўлиб, жорий йилда 20 тонна балиқ маҳсулотларини етиштирдик. Бу ерда етиштирилаётган балиқлар ички бозорларда харидоргир. Энг муҳими, 7 нафар маҳаллий аҳолини иш билан таъминланганмиз.

Ташриф чоғида ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги қуёнчиликка ихтисослаштирилган “Самандар Тахиатош” маъсулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Сайёра Аллаярова раҳбарлик қилиб келаётган жамият 2016 йилда ташкил этилган. Атиги 36 дона қуён билан фаолият бошлаган корхонада айни пайтда 3 миллиондан ортиқ қуён мавжуд. Даромад ҳам ёмон эмас, йилига 40 миллион сўмга яқин фойда кўряпти.

Спикер ўринбосари тадбиркор билан мулоқот қиларкан, агар фаолиятида қандай муаммолар бўлса, уларни депутатлар билан биргаликда бартараф этишга тайёр эканини айтди.

“Шағалакўл” МФЙга артезан қудуқлари ўрнатиб берилади

Халқимизда “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган пурмаъно мақол бор. Бу нақл бежиз айтилмаган, албатта. Негаки, экинларни кузда экиб, қор остида қолдириш усулига тўқсонбосди деб айтилади.

Халқ вакиллари куннинг иккинчи ярмида Хўжайли тумани “Самонкўл” ОФЙда яшовчи Бахтиёр ака Юсуповнинг фермер хўжалигида етиштирилаётган тўқсонбости экинларни кўздан кечирди.

Б.Юсупов раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги тасарруфидаги 3,5 гектар ер майдонининг 2,2 гектарига боғдорчилик, 50 сотихида бўғдой, 30 сотихида сабзи, карам, 2 сотих майдонда саримсоқ пиёз, 30 сотихида пиёз, картошка, тўқсонбости экинлар экишга мўлжалланган.

Спикер ўринбосари фермер билан мулоқот қилар экан, унинг муаммоси ва келгуси режалари билан ҳам қизиқди. Деҳқончиликнинг тўқсонбости усули яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртаки сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имконини беришини таъкидлади.

“Шағалакўл” МФЙда истиқомат қилувчи Қалнияз ота Нуримбетов нафақада бўлишига қарамай, ерга меҳр бериб, ундан самарали фойдаланиб келаётган омилкорлардан.

–Ерга чин дилдан меҳр берсанг, меҳнатдан қочмасанг, ер сени боқади, –дейди Қ.Нуримбетов. –Ҳаётим давомида нимагаки эришган бўлсам, ҳаммаси ҳалол меҳнат ортидан. Оилада ҳеч ким қараб ўтирмайди. 50 сотих ер ўғлимники, 11 сотихида тўқсонбости экинлар экилган. Рўзғор учун бозордан маҳсулот сотиб олмаймиз. Ҳаммасини ердан ундириб оламиз.

Учрашувда Қалнияз отага кооперация ҳисобидан 5 гектар ерга картошка экиши учун артезан қудуқларини ўрнатиб беришга келишиб олинди.    

 

 

 


Кўришлар сони: 180

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2020
Парламент сўровига Бош вазир ўринбосарининг жавоби кўриб чиқилди

Бугунги кунга қадар республика бўйича жами 95,8 минг гектар ерлар фойдаланишга киритилган. 2020 йил ...

21.11.2020
Таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбия ишларининг ҳолати қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Олий ва ўрта махсус таълим муас...

20.11.2020
Сайловчи ўз депутати фаолиятини кузатиб боради ва баҳолайди

Тадбир аввалида қўмита раиси Илҳом Абдуллаев парламент фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, депут...