Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Томорқа хизмати кластери ташкил қилиш ишлари қай ҳолатда?

Томорқа хизмати кластери ташкил қилиш ишлари қай ҳолатда?

Ҳозирги мураккаб вазият — коронавирус пандемияси шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз даромад манбаига эга бўлишларига кўмаклашиш, томорқа ерларидан самарали фойдаланишларини таъминлаш, маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтиришни йўлга қўйиш айни зарурат бўлиб, бу бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Зеро, ердан оқилона фойдаланиш қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришнинг муҳим шарти, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада одамларга кўпроқ қулайликлар яратишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Айни пайтда мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шубҳасиз, ушбу жараёнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам фаол иштирок этяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов бошчилигидаги депутатлардан таркиб топган ишчи гуруҳи Навоий вилоятида бўлиб, Президент қарори ижросини ўрганди.

Маълумки, жорий йилда республика бўйича 25 та томорқа хизмати кластери ташкил қилиш режалаштирилган. Навоий вилоятининг Кармана тумани ана шу туманлардан бири. Айни вақтда бу ерда хонадон шароитида Франциянинг интенсив зотдор куркаси кўпайтирилиб, оилаларга тарқатилмоқда. Бу паррандаларнинг аҳамиятли жиҳати, уларнинг 20-25 килограммгача гўшт беришидир. Қолаверса, яқинда бу ерда 8 тонна балиқ етиштирилгани соҳага, изланишларга жиддий эътибор қаратилаётгани самараси, дейиш мумкин.

Спикер ўринбосарининг учрашуви жараёнларида янги ташаббуслар қанот ёзди. Хусусан, ярим гектарли кўчатчилик иссиқхонаси, 209 тонналик музлаткичли омбор, мева-сабзавотларни қуритиш цехи ва бошқа аҳолига хизмат қилувчи тизимлар ташкиллаштирилиши режалаштирилди.

Эндиликда бундай корхоналарнинг ўз ер майдонларига эга бўлиши кўчатчиликка ихтисослашган 20-30 сотихли иссиқхоналар қуриб, уларда кафолатланган кўчат етиштириш ва аҳоли хонадонларига етказиб бериш имкониятини яратади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2018 йилда томорқа хизмати кластерлари 128 та, 2019 йилда 244 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилда мазкур кўрсаткич 314 тага ортиши белгиланган.

— Қиймати 165 миллиард сўмни ташкил этадиган янги лойиҳага кўра, бу кластерлар “Томорқа хизмати” МЧЖлар негизида бунёд этилади, — деди А. Ҳаитов. — Масалан, 7,5 миллиард сўм маблағ эвазига барпо бўлган битта томорқа хизмати кластери 10-12 мингта хонадонни қамраб олади. 35 та иш ўрни яратилиши билан 500-600 доллар даромад олинадиган йиллик экспорт йўлга қўйилади.

Спикер ўринбосари ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашиб, уларга давлатимиз раҳбарининг қарори мазмун-моҳиятини тушунтирди. Ўз навбатида, фуқароларга ҳар бир ишни эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда бажариш лозимлигини таъкидлади.

Ишчи гуруҳнинг жойлардаги учрашувлари давом этмоқда.  

 

 


Кўришлар сони: 308

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.08.2020
Фракция аъзолари қандай такифларни илгари сурди?

2020 йил 4 август куни парламент қуйи палатасидаги ЎзМТДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб...

04.08.2020
Қонун лойиҳаси билан бюрократик талаблар бекор қилинмоқда

Фуқароларимиз узоқ йиллик меҳнатларидан сўнг пенсияга чиқиш учун ҳужжатларни тўплай бошлайди. Шу п...

04.08.2020
ЎзХДП фракциясининг айрим аъзолари баъзи қонун лойиҳаларига қатъий эътироз билдирди

Фракция аъзолари ҳозирги замонда архив ҳужжатларини рақамлаштириш жуда долзарб масала экани, давлат ...