Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Парламент аъзолари ўз ваъдасининг устидан чиқмоқда

Парламент аъзолари ўз ваъдасининг устидан чиқмоқда

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари — сиёсий партиялар раҳбарлари бошчилигида бир гуруҳ депутатлар халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишларини ўрганиш мақсадида ҳудудларда бўлиб турибди.

Масалан, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов бошчилигидаги депутатлар гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган учрашувлар доирасида Касби, Яккабоғ, Ғузор, Китоб, Деҳқонобод туманларида аҳоли муаммолари ўрганилмоқда, уларга ечим топиш чоралари кўрилмоқда.

Ер бор, сув бор, энг муҳими, бебаҳо неъмат – тинчлигимиз бор.  Ундан унумли, ер илмини пухта билган ҳолда фойдаланган кишининг рўзғорига қут-барака киради. Буни Қарши туманидаги “Талликурон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаролар аллақачон ўз тажрибасидан ўтказишган.

Парламент аъзолари “Талликурон” маҳалласида бўлар экан, аҳоли хонадонларидаги иссиқхоналарни ҳам кўздан кечирди. Шу маҳаллада яшовчи Нодира Раҳмонова хонадонида ўтган учрашувда тадбиркор банкдан имтиёзли кредит олиб, иссиқхона фаолиятини кенгайтирмоқчи эканини айтди. Ушбу мурожаат жойида ҳал этилиб, фуқарога Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши жамғармаси томонидан 30 миллион сўм миқдорида кредит ажратиладиган бўлди.  


Тумандаги “Батош” МФЙ ҳудудида ўтган йили “Жаҳон машҳур рисола” МЧЖ томонидан 2,5 гектар жойда Туркия технологияси асосида 950 минг АҚШ доллар кредит эвазига автоматик бошқариладиган замонавий иссиқхона барпо этилган эди. Ишчи гуруҳ аъзолари учрашувлар доирасида замонавий иссиқхона фаолияти билан ҳам танишди.

– Бу технологиянинг афзаллик жиҳати шундаки, кўчат касалликка кам чалинади, ҳарорат меъёрида бўлади, энг муҳими, ҳосил эрта пишади, – дейди мазкур жамият иш бошқарувчиси Муҳриддин Камолов. – Ўтган йили сентябрь ойида помидор кўчати экиб, 150 тонна ҳосил олдик. Бундан 400 минг АҚШ доллари миқдорида даромад келди. 30 нафар маҳаллий ёшни иш билан банд этганмиз.

Депутатлар бундай инновацион, автоматик тарзда бошқариладиган иссиқхоналар Қашқадарёга кўплаб олиб келинса, вилоятнинг экспорт имконияти янада кенгайишини, иш ўринлари кўпайишини ва аҳоли даромади ошишини таъкидлаб ўтишди.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан учрашуви Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят бўлимида давом этди. Бу ерда депутатлар болалар ва аёлларда учрайдиган хавфли ўсма касалликларни эрта аниқлаш ҳамда даволаш борасидаги ишлар билан танишди.

Нишонлик бемор Шуҳрат Абдиев мазкур марказда томография ишламаслигидан шикоят қилди. Бемор Рўзигул Аллаева эса, бу ерда ётиб, кардиология марказига қатнашга мажбур бўлаётганини, ушбу марказда мутахассислар камлиги учун томография натижалари кардиология марказига олиб бориб, ўқитиб келинаётганини айтди.

Депутатлар марказ фаолиятида учраётган бу каби камчиликлар, шифокорлардан тушган таклифларни қайд этишди ҳамда зарур чора-тадбирлар белгилашини билдирдилар.

Тошкент ахборот технологиялари институти Қарши филиали талабаси Фаррух Қодиров яратган инновацион технологиялар бугунги китобхон учун жуда ажойиб туҳфа, десак муболаға бўлмайди. Унинг дастурчи тенгдошлари билан яратган онлайн кутубхона тизими – “QR-Book stendi”ни шартнома асосида кўплаб буюртмачилар харид қилмоқда.

Парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари А.Ҳаитов ва депутатлар гуруҳи ушбу филиалда ҳам бўлиб, талабалар билан учрашди. Мулоқотда ёшларга Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилди.

Воҳада ўтказилган учрашувлар доирасида халқ ноиблари Яккабоғ туманида ҳам бўлиб, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохоналарда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва беморлар учун яратилган шароитлар билан қизиқди.

Мулоқотлар жараёнида туман тиббиёти замонавий ускуналарга муҳтож экани маълум бўлди. Айниқса, жонлантириш бўлимидаги тиббий ускуналар эскирган, ўз умрини ўтиб бўлгани боис, касалликларни аниқлашда муаммолар юзага келяпти. Бирлашма бўлимларига 10 дона сунъий нафас бериш (ИВЛ), 5 дона автоклав ва 10 дона ЭКГ аппарати зудлик билан келтирилиши лозимлиги аниқланди. Бундай ускуналарнинг йўқлиги боис, беморларнинг бирлашмага бўлган ишончи йўқолган. Касалликни аниқлаш ва малакали ташхис учун 80 километр йўл босиб, Қарши шаҳрига қатнамоқда.

– Бино йўқлиги учун бир одамнинг хонадонидаги 2 та хонани вақтинча олиб, беморларга тиббий хизмат кўрсатяпмиз, – дейди “Уйғур” ҚВП мудири Ашур Раҳмонов. – Муассасамиздаги шароит ўзига яраша. Шундай бўлса-да, одамлар шифо истаб келаяпти. Аммо мутасаддилардан садо чиқмаяпти.


Тоғолди Ўрта қишлоғида ҳам ҚВП биноси йўқлиги учун тиббий хизмат кўрсатиш мослаштирилган бинода олиб бориляпти. Депутатлар мазкур тиббиёт муассасаларини замонавий бино билан таъминлаш, тоғолди қишлоқларидаги сел ювиб кетган 5 та кўприкни қайта қуриш учун маблағ ажратиш борасида мутасаддиларга мурожат этилишини билдирдилар.

Депутатлар Косон туманидаги Гувалак қишлоғи фуқаролари билан учрашуви чоғида сайловчилар ўзларини ўйлантириб келаётган муаммоларни очиқ-ойдин ўртага ташлади.

– Қишлоғимиздаги 20-қишлоқ оилавий поликлиникасини қайта таъмирлаб, энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминламаса бўлмайди, – дейди косонлик Шодиёр Султонов. – Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ҳудудда чиқинди тўкиш жойини ташкил этиш, ёшларнинг шаҳарда эмас, қишлоқнинг ўзида никоҳдан ўтишига шароит яратиш юзасидан ёрдам сўраб, ўз таклифимизни бердик.

Шунингдек, яна бир фуқаро Файзулла Ҳайдаров қишлоқда кексалар учун шинам бир маскан барпо этиш таклифини илгари сурди. Мейли бобо Жумабоев эса, ёшларни ишсизлик масаласи қийнаётгани, баъзи йигит-қизлар иш излаб хорижга чиқиб кетаётганини, бунинг олдини олиш учун ҳудудда қайта ишлаш корхоналари барпо этиш зарурлигини айтди. Депутатлар бу муаммоларни ҳал этишда амалий кўмакка тайёр эканини билдириб, зарур чоралар кўриш юзасидан мутасаддиларга ўз тавсияларини бердилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг жойларда аҳоли билан учрашувлари, муаммоларни ўрганиш ишлари давом этмоқда.



Кўришлар сони: 631

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...