Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Спикер ўринбосари А.Ҳаитов ва депутатлар халқ ичида юриб, сайловчилар муаммоларига ечим изламоқда

Спикер ўринбосари А.Ҳаитов ва депутатлар халқ ичида юриб, сайловчилар муаммоларига ечим изламоқда

Ҳаёт, эркинлик, шаън ва қадр-қиммат билан боғлиқ нимаики бўлса, ҳаммаси инсон манфаатига дахлдор ҳисобланади. Демак, бугун инсонни қадрлаш, унинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиш, муносиб яшаши учун шароит яратиб бериш ҳар қачонгидан-да муҳим. Зеро, ҳар бир инсон бахтли яшашни истайди ва унинг бунга тўла ҳақи бор.

Шу боис, сўнгги уч йилда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолига муносиб меҳнат ва яшаш шароити яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энди ҳар бир раҳбар, депутатлар ҳам ҳамиша халқ дарди билан яшаб, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб, бошқаларга ўрнак бўлиши зарур. Фақат шундагина у халқ ишончини қозониши, партия обрўсини ошириши мумкин.

Шу маънода, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,  ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов бошчилигида бир гуруҳ  депутатлар  халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дардини эшитиш, жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятига боришди.

Воҳада ўтказилган учрашувлар доирасида депутатлар гуруҳларга бўлинган ҳолда, вилоятдаги корхона, ташкилот, муассаса ва аҳоли хонадонларида бўлишиб, мавжуд реал вазиятни ҳар томонлама чуқур ўрганмоқда, сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилмоқда. 

Спикер ўринбосари А.Ҳаитов Деҳқонобод тумани ҳокими қабулига келган юздан ортиқ фуқаролар билан мулоқот қилди. Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида айтиб ўтилган устувор вазифалар ҳақида тўхталиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан пировард мақсад аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга қаратилганини алоҳида қайд этди. Хусусан, ўтган давр мобайнида тумандаги ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида томорқа хўжалиги, чорвачилик, иссиқхона ва ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадида 1 млрд. 200 млн. сўм кредит ажратилгани таъкидланди. 200 ўринли жунни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилгани, лалмикор майдонларга экиш учун Жанубий Кореядан ток кўчати, Хитойдан картошка уруғлик келтириш борасида амалий ишлар бошлангани, бу йил туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида юзга яқин хонадонда томчилатиб суғоришга асосланган замонавий иссиқхонани ишга тушириш режалаштирилгани айтиб ўтилди.


Ўз навбатида, деҳқонободлик сайловчилар ёшларни ишсизлик қийнаётгани, аҳолининг табиий газ таъминоти қониқарсиз экани, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда бюрократик тўсиқларга дуч келаётгани, тоғолди қишлоқ йўллари яроқсиз ҳолга тушиб қолгани, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар талабга жавоб бермаслигини билдирдилар.

Партия етакчиси сайловчиларни қийнаётган муаммолар – бандлик, ер кадастри, газ, ичимлик сув, йўл ва бошқа масалаларни ўрганди, мурожаатларнинг салмоқли қисми шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, вақт талаб қиладиган муаммолар назоратга олинди.

— Менинг жойим бор, устахонани ҳам ўз кучим билан қураман, фақат ускуналар харид қилиш учун банкдан кредит олишда ишчи гуруҳидан кўмак сўрадим, – дейди тумандаги “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи тадбиркор Ибодат Неъматова. – Партия вакиллари бу масалада банк раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, масалага ечим топди. Бундан мен жуда хурсанд бўлдим.

Шунингдек, “Моҳмирза” фермер хўжалиги раҳбари Бозоргул Каримова чорва моллари боқиш учун яйловлар қисқариб бораётгани, тиббиёт коллежини тамомлаган Меҳринисо Намозова иш топишда қийналаётгани, Сабоҳат Бозорова эса, узоқ йиллардан буён фарзандларига алимент пули ололмаётганини айтди.

Шу ва шу каби бир қатор фуқаролардан тушган мурожаатлар жойида ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Таъкидлаш ўринлики, саломатлик инсоннинг энг қиммат бойлиги ҳисобланади. Шу боис, кейинги пайтларда Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини юксалтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Нафақат шаҳар ва туман марказларида, балки чекка қишлоқларда ҳам замонавий тиббиёт муассасалари барпо этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди.

А.Ҳаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар шу куни Деҳқонобод тумани тиббиёт бирлашмасида бўлиб, муассасадаги шароитлар билан танишди, бу ерда беморлар учун яратилган қулайликларни кўздан кечирди. 

Шифокорлар билан мулоқотда малакали шифокорлар етишмаслиги, “Белибойли” ва “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинларида қишлоқ врачлик пунктлари йўқлиги туфайли аҳоли узоқ масофага қатнаб, касалликка ташхис қўйиш ва даволаниш учун сарсон бўлаётгани қайд этилди.

Депутатлар томонидан бу каби масалалар чуқур ўрганилиб, муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Мулоқотлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом этди. Самимий ва ошкора кечган учрашувларда депутатлар ва ишчи гуруҳ аъзолари қатор муаммоларга маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан биргаликда ечим топишнинг уддасидан чиқдилар. 


Кўришлар сони: 528

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...