Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Сирдарё тиббиётининг аҳволи — депутатлар таҳлилида

Сирдарё тиббиётининг аҳволи —  депутатлар таҳлилида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигида парламент қуйи палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган Республика ишчи гуруҳи жорий йил 4-6 март кунлари Сирдарё вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни сақлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.

Республика ишчи гуруҳ томонидан олиб борган ўрганиш якунлари 2019 йил 6 март куни халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида атрофлича муҳокама қилинди.

Ўрганиш давомида Қонунчилик палатаси депутатлари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассислари ва ҳудудий тиббиёт муассасалари шифокорлари ҳар бир туманда аҳоли хонадонларида бўлиб, сурункали касалликларга чалинган қарийб 1163 нафар фуқаро ва эҳтиёжманд оилалар аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказди. Улардан 573 нафарига амбулатор, 294 нафарига туман тиббиёт бирлашмасида,
90 нафарига вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида ва
20 нафарига республика соғлиқни сақлаш муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар берилди. 44 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти амалга оширилди.

Республика ишчи гуруҳи вилоятда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишда амалий кўмак кўрсатди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари иштирокида ҳар бир туманда биттадан МФЙда ҳудудий бирламчи тиббиёт муассасаси раҳбарининг аҳоли олдидаги ахборотини эшитиш тадбирлари ташкил этилди.

Таҳлиллар натижасида вилоятда тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси, дори воситалари ва тиббий буюмлар таъминоти яхшилангани, шунингдек, тиббиёт ходимларининг масъулияти бирмунча ошгани, тиббиёт муассасалари аҳолига яқинлаштирилгани туфайли бир қатор ижобий натижаларга эришилгани аниқланди.

Вилоят аҳолиси билан ўтказилган суҳбатлар давомида шошилинч тез ёрдам, хусусан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари ҳам бирмунча яхшилангани эътироф этилди. Айниқса, тиббиёт муассасалари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш ишларига ҳам олдинги йилларга нисбатан кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2018 йилда инвестиция дастури доирасида 21 та объектда 33,4 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Шунингдек, “Обод қишлоқ”дастури доирасида 10 та тиббиёт муассасасида 1,7 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан манзилли рўйхат асосида 23 та тиббиёт муассасасида 3,7 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари қилинган. 9 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг сони 64 тага етган.

2018 йилда вилоятга Америка Қўшма Штатлари, Корея, Россия, Ҳиндистон каби давлатларнинг етук клиника ва марказларидан келган мутахассислар томонидан 470 нафар мураккаб хасталикларга чалинган бемор кўрикдан ўтказилиб, юқори технологик тиббий хизмат кўрсатилган.

2017 йилда 2509 нафар чет эл фуқароларига қарийб 341 миллион сўмлик пулли тиббий хизмат кўрсатилган бўлса, 2018 йилда 3390 нафар хорижлик фуқарога 815 миллион сўмлик пуллик тиббий хизмат кўрсатилиб, бу борадаги кўрсаткич 2,3 баробарга ошган.

Вилоят офтальмология шифохонаси негизида бюджет маблағларидан ташқари 202,5 миллион сўмлик асбоб-ускуна ўрнатилган. Шифохонада кўз касалликларини аниқлаш ва даволаш мақсадида компьютерли периметрия, ультратовушли биомикроскопия, глаукома касаллигида лазер жарроҳлиги ва иккиламчи катарактада лазер жарроҳлик усуллари янгидан амалиётга киритилиб, 2018 йилда 144 та, 2019 йилнинг ўтган даврида 20 дан ортиқ жарроҳлик операциялари ўтказилган. Бунинг натижасида беморларнинг вилоятдан Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказига бориши 15 фоизга камайган.

Вилоят силга қарши кураш диспансерида 25 ўринга мўлжалланган жарроҳлик бўлими ташкил этилиб (республикада фтизиатрия йўналиши бўйича 7 та вилоятда жарроҳлик операциялари ўтказилади), фақат республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида бажариладиган умуртқа поғонаси, чаноқ-сон ва тизза бўғимларида 9 турдаги 42 та жарроҳлик операцияси амалга оширилган. Натижада беморларни республика ихтисослаштирилган марказларга жарроҳлик операцияси учун юборилиши умуман тўхтатилган.

Лекин аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, касалланиш кўрсаткичларини камайтириш йўлида амалга оширилаётган чораларга қарамай, умумий касалланиш кўрсаткичлари орасида нафас олиш, қон ва қон яратувчи аъзолар ҳамда овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ касалликлар кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда. Шу билан бирга, тизимдаги мавжуд тиббий-техника,
асбоб-ускуналарни янгилаш, замонавий тиббий жиҳозлари билан тўлдириш зарурияти мавжуд.

Ўрганишлар жараёнида кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда тизимдаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар билан таъминоти 79,5 фоизни ташкил қилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни аниқлаш ҳамда келгусида йўл қўйилмаслиги чораларини кўриш масалаларини муҳокама қилдилар.

Вилоятда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифат ва самарадорлигини ошириш, муассасалар моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминоти ва салоҳиятини ошириш, санитар-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда хусусий секторни ривожлантириш чораларини белгилаш масалалари юзасидан ишлаб чиқилган Чора-тадбирлар дастури атрофлича муҳокама этилиб, тасдиқланди.

Мазкур Чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросининг таъминланиши устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича келишиб олинди.

Сессия якунида халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1757

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.06.2019
Ногиронликни белгилашда фуқаролар сарсон бўляптими?

Жорий йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ...

25.06.2019
Фракция йиғилишида 2019-2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасидаги ишлар таҳлил қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мазкур йўналишда алоҳида тартиб жорий қилиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий...

25.06.2019
Институт фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижроси қандай таъминланяпти?

2019 йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...