Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Имтиёзли ордерлар 30 фоизга камайди. Нега?

Имтиёзли ордерлар 30 фоизга камайди. Нега?

Аҳолининг саломатлигини рисоладагидек сақлаш кўп жиҳатга боғлиқ. Тиббий хизмат сифати, қамровининг кенглиги, шифокор-мутахассисларнинг малакаси, уларга яратилган шароит, моддий-техника базаси, ишнинг тўғри ташкил этилиши кабилар соҳанинг тараққиёт мезонларини белгилаб берувчи муҳим омиллардан саналади.

Хўш, мамлакатимизда, хусусан, чекка-чекка ҳудудларимизда бу борадаги аҳвол қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигида парламент қуйи палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган Республика ишчи гуруҳи жойларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминотини яхшилаш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш асносида ана шу саволга жавоб изланди.

Жорий йил 27 февраль — 1 март кунлари Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилган ўрганиш якунлари эса, 1 март куни йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ўрганишлар жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассислари ва ҳудудий тиббиёт муассасалари шифокорлари ҳар бир туманда аҳоли хонадонларида бўлиб, сурункали касалликларга чалинган қарийб 2025 нафар фуқаро ва эҳтиёжманд оилалар аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказди. Улардан 613 нафарига амбулатор, 379 нафарига туман тиббиёт бирлашмасида, 194 нафарига Нукус ва 7 нафарига Тошкент шаҳридаги соғлиқни сақлаш муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар берилди. 33 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ҳар бир туманда биттадан МФЙда ҳудудий бирламчи тиббиёт муассасаси раҳбарининг аҳоли олдидаги ахборотини эшитиш тадбирлари намунавий тарзда ташкил этилди.

Таҳлиллар натижасида Қорақалпоғистон Республикасида тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси, дори воситалари ва тиббий буюмлар таъминоти яхшилангани аниқланди. Тиббиёт муассасалари аҳолига яқинлаштирилгани туфайли бир қатор ижобий натижаларга эришилгани сезилди. Юзма-юз ўтказилган суҳбатлар давомида аҳоли шошилинч тез ёрдам, хусусан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш ишларидан мамнун эканини билдирди. Тиббиёт муассасалари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари ҳам илгарига қараганда жадаллик билан олиб борилаётгани ишчи гуруҳ эътиборини тортди.

2018 йилда инвестиция дастури доирасида 24 та объектда
55,4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Шунингдек, “Обод қишлоқ” дастури доирасида 13 та тиббиёт муассасасида 4,1 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан эса, манзилли рўйхат асосида 17 та тиббиёт муассасасида 4,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Умумий қиймати 16 миллиард 252 миллион сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича 250 ўринга мўлжалланган “Мурувват” интернат уйининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Нукус шаҳридаги Республика хирургия марказининг ўрнида
академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг 20 ўринли Нукус филиали ташкил қилинди. Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиали ташкил этилиб, 20 ўрин паллиатив бўлими ишга туширилган.

Республикага маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан шифохонада мавжуд бўлмаган 223 миллион сўмлик операцион микроскопи келтирилиши ҳисобига катаракта бўйича 2121 та жарроҳлик амалиёти бажарилган ҳамда республика маркази мутахассислари томонидан узоқ туманлардаги 1346 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилган. Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Нукус филиалида оғир юрак касалликлари билан оғриган 227 нафар бемор операция қилинган.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Оролбўйи аҳолисининг юрак қон-томир касалликларини соғломлаштириш марказига 9,5 миллиард сўм ва В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази Нукус филиаллари Инвестиция дастури асосида 2,7 миллиард сўм маблағ ажратилиб, реконструкция-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Офтальмология, нейрохирургия, кардиохирургия йўналишлари бўйича янги замонавий технологияларни амалиётга татбиқ қилиниши натижасида республика марказларига борадиган беморлар сони ўтган йилларга нисбатан кескин камайиб, имтиёзли ордерларнинг ишлатилиши 30 фоизга камайди.

Лекин аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, касалланиш кўрсаткичларини камайтириш йўлида амалга оширилаётган чораларга қарамай, бошқа ҳудудлардаги каби Қорақалпоғистонда ҳам умумий касалланиш кўрсаткичлари орасида нафас олиш, овқат хазм қилиш ҳамда қон ва қон яратувчи аъзолар билан боғлиқ касалликлар кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда. Шу билан бирга, йиғилишда тизимдаги мавжуд тиббий-техника, асбоб-ускуналарни янгилаш ва замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлдириш зарурияти мавжудлиги таъкидланди.

Бугунги кунда тизимдаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар билан таъминоти 90 фоизни ташкил этаётгани бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Йиғилишда Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда келгусида бунга йўл қўймаслик чораларини кўриш кераклиги қайд этилди.

Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифат ва самарадорлигини ошириш, муассасалар моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминоти ва салоҳиятини ошириш, санитар-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда хусусий секторни ривожлантириш чораларини белгилаш масалалари юзасидан ишлаб чиқилган Чора-тадбирлар дастури атрофлича муҳокама этилди.

Мазкур дастурда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросининг таъминланиши устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича келишиб олинди.


Кўришлар сони: 3756

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...