Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Қорақалпоғистонда хусусий тиббиёт аҳволи қандай?

Қорақалпоғистонда хусусий тиббиёт аҳволи қандай?

Айни кунларда Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат Республика ишчи гуруҳи жойларда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини таҳлил қилиб, ўрганмоқда.

28 февраль куни Қорақалпоғистон Республикасида бошланган навбатдаги ана шундай ўрганишлар жараёнида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифатини янада ошириш, тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни сақлаш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида ишлар диққат марказида бўлди. Ишчи гуруҳ аъзолари, айниқса, Қорақалпоғистон Республикасидаги хусусий тиббиёт муассасаларининг фаолияти билан қизиқди.

2017 йилда 138 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 188 тага етган. Улардан 180 таси амбулатор, 8 таси стационар шароитида 24 турдаги ихтисослик бўйича аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. 2018 йилда янги ташкил этилган ва фаолиятини кенгайтирган муассасалар ЛОР комбайн, жарроҳлик микроскопи, рақамли рентген, ИФА анализатор, компьютер томография, стоматология ускуналари, УТТ, ЭКГ, ЭхоЭГ, ЭЭГ, физиотерапевтик аппаратлар, АМОКС-2 каби 80 га яқин даволаш-диагностика тиббий асбоб-ускуналари билан таъминланган. Ўтган йили хусусий клиникаларга йигирмага яқин чет эл мутахассислар жалб этилиб, 27,3 минг аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилган. 60 дан ортиқ беморда бепул ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

2018 йилда 10 та янги бино қурилган, 10 тасида таъмирлаш-реконструкция ишлари бажарилган. Замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. 19 та муассасалар фаолияти кенгайтирилган. Ушбу мақсадлар учун жами 600 минг АҚШ доллари ва 24,2 миллиард сўм сарфланган.

Жорий йил бошидан бери эса 2 та бино қурилган, 9 таси таъмирланган, 2 та муассаса фаолияти кенгайтирилган, 9 та янги муассаса очилган. 2019 йилги режага биноан, 9 та (3 таси хорижий инвестиция иштирокида) хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилиши, 10 тасининг фаолияти кенгайтирилиши кўзда тутилган.

Бу ишлар яхши, албатта. Аммо Республика ишчи гуруҳи аъзолари Қорақалпоғистон Республикасида хусусий тиббиёт муассасалари сонини янада кўпайтириш, улар фаолиятини такомиллаштириш аҳолини қулай, сифатли тиббий хизмат билан қамраб олишда муҳим аҳамият касб этади, деган фикрни илгари сурмоқда. Чунончи, Нукус шаҳрида 68 та, Амударё, Беруний, Тўрткўл туманларида 18 тадан хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатаётган бир пайтда Мўйноқ, Қораўзак туманларида 2 тадан, Нукус, Шуманай туманларида атиги 1 тадан, Қонликўл туманида эса, хусусий тиббиёт муассасасининг умуман йўқлиги оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда.

Республика ишчи гуруҳи тизимда учраётган бу каби масалаларни ҳам атрофлича ўрганиб, уларнинг ечимига қаратилган чора-тадбирларни кўрмоқда.

Жасур КЕНГБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Матбуот хизмати ходими


Кўришлар сони: 989

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

12.07.2019
Қонун лойиҳаси нега қайта номланди?

2019 йил 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар...