Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Самарқандда туғма нуқсон билан туғилган болалар сони нега кўпайган?

Самарқанд вилоятида тиббий аҳвол қандай? Соғлиқни сақлаш тизимида қандай муаммолар мавжуд? Аҳолини малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш кўлами талаб даражасидами?

Бу саволларга халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида атрофлича жавоб изланди.

Хабарингиз бор, бир қанча вақтдан буён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигидаги депутатлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган Республика ишчи гуруҳи жойларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини чуқур ўрганмоқда. Мазкур ўрганишлар якунлари эса вилоят сессияларида танқидий-таҳлилий муҳокама этилмоқда.

Самарқандда ўтган сессияда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ижобий ишлар эътироф этилган ҳолда, бу борадаги айрим муаммолар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, вилоятда аҳолини патронаж хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш бўйича ишлар талаб даражасида ташкил этилмаётган, аксарият ҳолларда патронаж хизмати фақатгина тегишли хонадон вакиллари билан суҳбатлашишдан иборат бўлиб қолаётгани ва натижада айрим туманларда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпайган. Хусусан, 2018 йилда вилоятда туғма нуқсонлар билан туғилган болалар сони 141 нафарни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 15 нафарга ёки 10,6 фоизга ошган. Айниқса, 7 та туман ва 2 та шаҳарда бу кўрсаткич кўпайган.

Шу билан бирга, сессияда вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами ҳамда стационар даволаш муассасаларининг ўзаро интеграцияси лозим даражада таъминланмаётгани, яъни айрим ҳудудларда тез ёрдам хизматига бўлган чақирувлар ҳақидаги маълумотлар тегишли оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктларига ўз вақтида етказилмаётгани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Бугунги кунда вилоят аҳолисига 17 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 11 та оилавий поликлиника, 43 та қишлоқ оилавий поликлиника, 127 та қишлоқ врачлик пункти, 22 та шифохона, 2 та диспансер ҳамда 31 та вилоят даволаш-профилактика муассасалари тиббий хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, инвестиция дастури доирасида 38 та объектда 73,9 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 18 та тиббиёт муассасалари ҳамда 2 та шифокорлар хизмат уйида 12 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилган. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан манзилли рўйхат асосида 32 та тиббиёт муассасасида 11,8 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. 2018 йилда 86 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг сони 382 тага етган.

Вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши натижасида кадрлар таъминоти 91 фоизни ташкил қилмоқда.

Муҳокамалар жараёнида амалга оширилган бу каби ишлар билан бир қаторда, соҳада қилиниши лозим бўлган қатор вазифалар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш масаласи кўриб чиқилди.

Яхши биласиз, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг ўзлари хизмат кўрсатаётган аҳоли вакиллари олдида ҳисобот бериши ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида тегишли тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш амалиёти жорий этилган эди. Бироқ, 2018 йил давомида Самарқанд вилоятидаги аксарият оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пуктлари раҳбарлари аҳоли олдида бир ёки икки маротаба ҳисобот берган бўлса, айримлари эса, бу масалага деярли эътибор қаратмаган. Шу боис, Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари кўмагида барча шаҳар ва туманларда биттадан оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунтки раҳбарларининг ўзи хизмат кўрсатувчи маҳалла аҳолиси вакиллари олдида ҳисобот бериши намунали тарзда ташкил этилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан уч кун давомида шаҳар ва туманларда, барча тиббиёт муассасаларининг фаолияти бевосита таҳлил этилди, шифокор ва беморлар билан суҳбатлашилди. Маҳаллалардаги 300 дан ортиқ хонадонда бўлиб, оғир ётган беморлар билан бевосита мулоқот қилинди. Уларга тиббий маслаҳатлар берилди, амалий кўмак кўрсатилди. Республика илмий-амалий тиббиёт марказларининг мутахассислари иштирокида тиббий кўриклар ташкил қилинди. 10 дан зиёд беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Умуман олганда, Республика ишчи гуруҳи вилоятда тиббиёт соҳада олиб борилаётган ишлар амарадорлигини оширишда амалий кўмак кўрсатди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни аниқлаш ҳамда келгусида йўл қўйилмаслиги чораларини кўриш масалаларини муҳокама қилишди.

Самарқанд вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифат ва самарадорлигини ошириш, муассасалар моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминоти ва салоҳиятини ошириш, санитар-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда хусусий секторни ривожлантириш чораларини белгилаш масалалари юзасидан ишлаб чиқилган Чора-тадбирлар дастури атрофлича муҳокама этилиб, тасдиқланди.

Мазкур Чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросининг таъминланиши устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича келишиб олинди.


Кўришлар сони: 2230

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.10.2019
Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонида турли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш ва малака...

16.10.2019
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сессиясида “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” мавзусида тақдимот ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, парламентимиз аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти...

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...