Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Наманганда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат аҳволи қай даражада?

Наманганда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат аҳволи қай даражада?

Бугунги кунда Наманган вилоятида 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 14 та оилавий поликлиника, 62 та қишлоқ оилавий поликлиника, 75 та қишлоқ врачлик пункти, 16 та шифохона, 2 та диспансер ҳамда 36 та вилоят даволаш-профилактика муассасалари аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтда бу борада вилоятда кўрсатилаётган хизматнинг сифати ва ундан аҳолининг розилиги қай даражада?   

Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг 1 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида ана шу масалага асосий эътибор қаратилди.  

Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган Республика ишчи гуруҳининг вилоятда ўтказган ўрганишлари якунлари вилоятда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганиш якунлари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, вилоятда инвестиция дастури доирасида 22 та объектда 59,5 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 15 та тиббиёт муассасаларида 8 млрд. 263 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилган. 2018 йилда 47 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг сони 321 тага етган.

Вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши натижасида кадрлар таъминоти 90,2 фоизга етган.

Бу ўз навбатида вилоят аҳолисининг малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ҳамда улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Муҳокамалар жараёнида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада қилиниши лозим бўлган қатор вазифалар ҳамда ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар ва камчиликлар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, вилоятда аксарият худудларимиз учун хос бўлган аҳолини патронаж хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш бўйича ишлар талаб даражасида ташкил этилмаётганлиги, аксарият ҳолларда патронаж хизмати фақатгина тегишли хонадон вакиллари билан суҳбатлашишдан иборат бўлиб қолаётганлиги ва натижада айрим туманларда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпайганлиги таъкидланди.

Масалан, 2018 йилда вилоятда туғма нуқсонлар билан туғилган болалар сони 190 нафарни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 21 нафарга ёки 11,1 фоизга ошган. Айниқса, вилоятдаги 5 та туман ва 1 та шаҳарда бу кўрсаткич ошганлигини кўриш мумкин.

Шу билан биргаликда, сессияда вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами ҳамда стационар даволаш муассасаларининг ўзаро интеграцияси лозим даражада таъминланмаётганлиги, яъни айрим ҳудудларда тез ёрдам хизматига бўлган чақирувлар ҳақидаги маълумотлар тегишли оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктларига ўз вақтида етказилмаётганлигига ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг ўзлари хизмат кўрсатаётган аҳоли вакиллари олдида ҳисобот бериши ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида тегишли тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботларида сусткашликлар мавжуд. 2018 йил давомида вилоятдаги аксарият оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пуктлари раҳбарлари аҳоли олдида бир ёки икки маротаба ҳисобот берган бўлса, айримлари эса бу масалага деярли эътибор қаратмаган.

Сессияда Республика ишчи гуруҳи вакили, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Баситханованинг ишчи гуруҳи томонидан вилоятда олиб борилган ўрганишлар натижалари юзасидан ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, жойларда аҳоли билан ўтказилган учрашувлар ва мулоқотлар давомида аҳоли Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган ишлар натижаси эътироф этилмоқда.

Шунингдек, Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан шаҳар ва туманларда, қарийб 3 кун давомида барча тиббиёт муассасаларининг фаолияти бевосита таҳлил этилди, шифокор ва беморлар билан суҳбатлашилди. Бундан ташқари, маҳаллалардаги 250 дан ортиқ хонадонларда бўлишиб, ётиб қолган беморлар билан бевосита мулоқот қилдилар, уларга тиббий маслаҳатлар берилди ва амалий кўмак кўрсатилди. Республика илмий-амалий тиббиёт марказларининг мутахассислари иштирокида тиббий кўриклар ташкил қилинди. 12 нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Умуман олганда, Республика ишчи гуруҳи вилоятда тиббиёт соҳада олиб борилаётган ишларни таҳлил этиб, самарадорлигини оширишда амалий кўмак кўрсатди.

Шунингдек, сессияда Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни аниқлаш ҳамда келгусида уларга йўл қўйилмаслик чораларини кўриш масалаларини муҳокама қилишди.

Наманган вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифат ва самарадорлигини ошириш, муассасалар моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминоти ва салоҳиятини ошириш, санитар-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда хусусий секторни ривожлантириш чораларини белгилаш масалалари юзасидан ишлаб чиқилган Чора-тадбирлар дастури атрофлича муҳокама этилиб, тасдиқланди.

Мазкур Чора-тадбирлар дастурда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросининг таъминланиши устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича келишиб олинди.

Сессия якунида халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1193

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.04.2019
Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолати қандай?

Бугунги кунда республикамиз бўйича 7 104 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда....

20.04.2019
Гулистонда энг замонавий, намунали поликлиника қуриладиган бўлди

Депутатларнинг Гулистон шаҳридаги ўрганишлари жараёнида тиббиёт муассасаларининг дислокацияси нотўғри...

19.04.2019
Жанубий Корея Республикаси Президенти парламент аъзолари олдида нутқ сўзлади

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 2019 йил 19 апрель...