Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Боёвут ва Ховос аҳолисини ўйлантираётган муаммоларга ечим изланди

2018 йил 14 декабрь куни Cирдарё вилоятининг Боёвут ва Ховос туманлари ҳокимликларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов раислигида Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан мазкур ҳудудлардаги ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган сессиялар ўтказилди.

Уларда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлари, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тадбирлар аввалида мазкур ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижроси юзасидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунда юртимизни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун имкониятларни янада кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратиш, ҳудудлар инфратузилмасини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, пировардида оддий одамлар турмуш фаровонлигини яхшилаш кун тартибидаги муҳим вазифалардан бирига айланган.

Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоят ҳудудларида ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш натижаларига кўра, Боёвут туманида 7 та, Ховос туманида 10 та бўш турган бино мавжудлиги аниқланган.

Сессияларда мазкур бўш турган бинолар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ер майдонлари ҳамда улар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳолати юзасидан ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Республика ишчи гуруҳи аъзолари маҳаллаларда уйма-уй юриб, ижтимоий объектларда одамлар билан юзма-юз бўлиб, уларнинг муаммолари билан қизиқдилар. Боёвут туманида аниқланган 7 420 та муаммодан 27 таси, Ховос туманида эса 6 359 та муаммодан 2618 таси жойида ҳал этилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари муаммоларни ўрганиш билан бир қаторда уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда ечими ҳақида ҳам бош қотирдилар. Тадбиркорларни қийнаётган масалалар билан қизиқди. Қаровсиз бинолар, бўш ётган объектлар, фаолияти тўхтаб қолган корхоналардан ижтимоий фойдали мақсадлар йўлида фойдаланишни йўлга қўйиш чораларини кўрмоқда.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши, фуқароларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасидаги ишлар ҳолати ҳам сессияларда кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири бўлди. Бу борадаги ҳолат, айниқса, Ховос туманидаги вазият иштирокчилар диққатини тортди. Туманда меҳнатга лаёқатли 53,8 минг нафар аҳолидан 38,6 минг нафари (71,7 фоизи) иш билан таъминланган. Статистик ҳисоботларда ишсизлар сони 4 400 нафар деб қайд этилган бўлса-да, ўрганиш жарёнида уларнинг сони 15 200 нафар экани аниқланди.

Ишчи гуруҳ томонидан 1 ноябрь куни Боёвут туманида ўтказилган сайёр қабул жараёнида 200 нафардан ортиқ фуқаро муаммо ва таклифлари билан иштирок этди. Уларнинг туман ва вилоят миқёсида ҳал этиш имкони бўлган айрим муаммо ва таклифлари бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.

Сессиялар ишида бугун юртимизда одамларнинг давлатдан рози бўлиб яшаши учун фуқароларни иш билан таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралаётган бир пайтда ҳудудларда ҳам мазкур масалага эътиборни янада кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Мазкур жабҳада олиб борилаётган ишлар ҳолати чуқур таҳлил этилар экан, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар ҳақида ҳам очиқ фикр юритилди. Муаммолар ошкора муҳокама қилинди.  

Сессияларда ҳудудларда аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш, жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ҳам танқидий кўриб чиқилди. Коммунал масалаларни сифатли ва ўз вақтида ҳал қилиш, аҳолини ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, тўлов маданиятини юксалтириш кабилар долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш юзасидан олиб борилган ўрганишлар ҳамда улар ечими бўйича илгари сурилган таклифлар ҳам сессияда атрофлича  таҳлил қилинди. Қайд этилишича, Ховос туманининг “Янгиер” маҳалласида Зарнигор, Умид ниҳоллари, Чинобод, Олтин диёр, Сайилгоҳ, Ифтихор, Висол, Осиё, Табиат ва Нурфайз кўчаларида истиқомат қилувчи аҳоли ичимлик сув билан таъминланмаган. “Шарқобод”, “Ҳуснобод”, “Қаҳрамон” маҳаллалари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Натижада мазкур ҳудудлар аҳолиси сувни қўшни маҳаллалардан ташиб ичади. Айрим маҳаллалар, масалан, “Обод турмуш” маҳалласининг Қаноат, Ёшлик, Чорвадор ва Машъал кўчалари аҳолиси эса табиий газ билан таъминланмагани одамларнинг айниқса совуқ кунлари машаққат билан ҳаёт кечиришига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, сессиялар ишида Олий Мажлис Сенатининг 2018 йил 29 июндаги ҳамда Сенат Кенгашининг 2018 йил 13 августдаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид қарорларининг жойлардаги ижроси ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятнинг шаҳар ҳамда туманларида барча йўналиш бўйича аниқланган муаммолар мутасадди вазирлик ва идоралар, туман масъуллари иштирокида чуқур таҳил қилинди. Ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Муаммоларни бартараф этишнинг аниқ чора-тадбирлари юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Кўришлар сони: 2759

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.07.2019
Депутатлар жариманинг 70 фоизини тўлаш ғоясини илгари сурди

2019 йил 22 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мамлакат...

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...