Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Касби туманида ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва одамларни қийнаб келаётган муаммолар муҳокама қилинди

Касби туманида ижтимоий-иқтисодий аҳвол  ва одамларни қийнаб келаётган муаммолар муҳокама қилинди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат бошқаруви идоралари раҳбарларининг жойларда халқ билан мулоқот қилиши замирида одамларнинг дарду ташвишларига ечим топиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, барчани ҳаётдан рози қилишдек эзгу мақсад мужассам.

Халқ депутатлари Касби туман Кенгашининг бугун бўлиб ўтган сессиясида мазкур тумандаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва одамларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан республика ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаси муҳокама қилинди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган сессияда республика ишчи гуруҳи аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, тегишли мутасадди вазирлик ва идораларнинг вилоят бошқармалари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди ва раислик қилди.

Йиғилишда республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари натижалари бўйича ҳисоботи тингланди. Туманда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, халқнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида қатор камчиликлар мавжудлиги аниқ мисолларда келтириб ўтилди. Хусусан, ҳисоботда келтирилишича, аксарият маҳаллалар аҳолисини иш ўринлари етишмаслиги, коммунал хизматлар сифатининг пастлиги, йўлларнинг носозлиги, қонунга хилоф қурилишларнинг кўплиги ташвишга солмоқда. Шунингдек, айрим фуқароларнинг атроф-муҳитга зарар етказаётгани, сувларни булғаш ва ифлослантириш ҳолатларини кўплаб содир этаётгани кенг жамоатчиликни жиддий хавотирга солмоқда.

Сессия иштирокчилари таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Обод маҳалла” дастури доирасидаги вазифаларнинг туманда сўзсиз ижро этилишини таъминлашга ҳисса қўшиш вакиллик органлари фаолиятининг ҳам устувор йўналишларидан бири бўлиши зарур. Шунингдек, халққа энг яқин бўғин сифатида маҳалла институти нуфузини янада ошириш бугунги куннинг муҳим талабидир.

Ўз навбатида, сессияда туман хотин-қизлар қўмитаси, маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши мутасаддиларига аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан тарғибот ишларини кучайтириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлар ҳам сессияда ишида ҳар тарафлама таҳлил қилинган масалалардан бири бўлди. Таъкидланишича, туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг 16 фоизи ҳалигача бажарилмаган. 2018 йилда кўп қаватли уйларни таъмирлаш дастурини амалга ошириш учун 1 миллиард 682 миллион сўм режалаштирилган бўлиб, амалда мазкур йўналишдаги ишларнинг 78 фоизи ҳалигача бажарилмаган.

Йиғилишда туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими, қурилиш бўлими мутасаддиларига 2018 йилнинг 30 октябрига қадар тумандаги кўп қаватли уйларни 2018-2019 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини якунлаш юзасидан зарур топшириқлар берилди.

Сессияда қиш мавсуми олдидан коммунал муаммоларни ҳал қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, “Обод қишлоқ” дастури бўйича амалга оширилган ишлар, атроф-муҳит, транспорт ва капитал қурилиш соҳаларида тўпланиб қолган камчиликлар бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Тадбирда, шунингдек, туманда инвестициявий муҳитни яхшилаш, бўш ётган бинолардан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар ҳам танқидий кўриб чиқилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди ва аниқланган муаммо ҳамда камчиликларни тез фурсатда ҳал этиш юзасидан депутатлик назорати ўрнатилди.


Кўришлар сони: 198

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2018
ЕХҲТ парламент ассамблеяси делегацияси билан учрашув

Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсат борасида яқин ва узоқ давлатлар қатори халқаро ташкилотлар билан ҳам...

20.11.2018
Ўзбекистон парламент делегацияси Тожикистонда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги...

20.11.2018
Конституция – бахтимиз қомуси

Конституция қомусий ҳужжат сифатида давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. У давлат тузилиши, унинг...