Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Соғлом овқатланиш масаласи — депутатлар таҳлилида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларда аҳолининг соғлом овқатланиши ва соғлом турмуш тарзини юритиш, тиббиёт муассасаларида фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати атрофлича ўрганилиб, унинг натижалари шу кунларда ҳудудларда ўтказилаётган маҳаллий Кенгашлар сессияларида атрофлича кўриб чиқилмоқда.  

Чунончи, селектор тарзида ўтказилган халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг сессиясида таъкидланганидек, вилоятда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, дори воситалари таъминоти ва бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар бажарилган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган етти ойида республика ихтисослашган тиббиёт марказлари шифокорлари бир нечта туман ва шаҳарларда бўлиб, кўплаб фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишди, малакали муолажа тадбирлари ташкил этилди.

Кун тартибидаги мазкур масала бўйича ўз ечимни кутаётган айрим муаммо ва камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, вилоят соғлиқни сақлаш тизимида шифокорларнинг етишмаслиги, айниқса, қишлоқ оилавий поликлиникалари врачлар билан тўлиқ таъминланмагани энг ўткир масалалардан бири бўлиб турибди. Айни чоғда тиббиёт олий ўқув юртларига жорий йилги қабулда Сирдарё вилояти учун ҳам квоталар белгилангани ушбу муаммо ечимида муҳим омил бўлгани эътироф этилди.

Қуйи палатанинг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари А. Пардаевнинг ахборотида соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича вилоятда кўплаб тарғибот-тушунтириш тадбирлари ташкил этилгани баробарида ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам борлиги аниқлангани қайд этилди. Хусусан, давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан 2018 йилнинг етти ойида 446 та умумий овқатланиш шохобчаларида ўтказилган мониторингга кўра, 1075 нафар ходимдан 310 нафари тиббий кўрикдан ўтмаганлиги маълум бўлди. Айни чоғда баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари дўконлари, деҳқон бозори, умумий овқатланиш шохобчаларида санитария-гигиена, сақлаш қоидаларининг бузилиши каби бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётганига мисоллар келтирилди. 

Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ушбу масаланинг бугунги кунда долзарблиги таъкидланиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, жорий йилнинг 6 ойида вилоят тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли ўртасида 35 мингтага яқин соғлом турмуш тарзи бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилган.

Бироқ ҳозирги вақтда вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларига қарашли 628 та ошхоналарнинг 50 фоизи таъмирталаб, 26 таси фойдаланишга яроқсиз ҳолатида, 326 та мактабда ошхоналар фаолият кўрсатмаяпти, 148 та мактаб ошхоналарини таъмирлаш 2019-2021 йилларга мўлжалланган манзилли дастурга киритилган.

Айни пайтда вилоят бўйича рўйхатга олинган 13278 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг овқатланиши белгиланган меъёрларга тўғри келмайди. Яъни кунлик меъёрларда белгиланган ёғ, углевод, оқсил таркибларининг номутаносиблиги мавжуд.

Маҳалла фаоллари томонидан эса аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни ташкил этиш борасида жорий йилнинг 7 ойи давомида 5 минг 600дан зиёд тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилиб, 21 мингга яқин аҳоли қамраб олинган, холос.

Сессияда ҳудудда соғлиқни сақлаш тизимидаги, айниқса, аҳоли репродуктив саломатлиги бўйича олиб борилаётган ишлар, кўрсатилаётган тиббий хизматлар, тиббиёт ходимларининг беморларга бўлган муносабатлари талаб даражасида эмаслиги, фуқаролар мурожаатларига юзаки ёндашилаётгани танқид қилинди. Айни чоғда ушбу йўналишда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш, аҳолига тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш ҳамда тиббий хизматлар сифатини ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг сессиясида вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Сессияда аҳолининг соғлом овқатланиши ва соғлом турмуш тарзини юритиш борасида ҳудуддаги тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, таълим муассасалари, жамоат ҳамда бошқа ташкилотлар фаолиятини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди. Амалга оширилаётган ижобий ишлар ва кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда бу борада ҳанузгача ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, Термиз шаҳридаги 24-мактабгача таълим муассасаси ошхонаси 2015 йилда бузилиб, қайта қурилмагани сабабли, 280 ўринли муассаса ошхонаси болалар гуруҳида мослаштирилган бинога кўчирилган. Бу эса умуман санитария қоидаларига жавоб бермаслиги таъкидланди. Термиз туманидаги 1-мактабгача таълим муассасаси ошхонасига эса ичимлик суви тармоғи уланмаган, сув ташиб келтирилади. Худди шу каби камчиликларни мазкур тумандаги 12-МТМда ҳам учратиш мумкин. Вилоятдаги мавжуд 852 та умумтаълим мактабларининг 452 тасида ошхона ва буфетлар йўқлиги эса ташвишланарли ҳолатдир.

Сессияларда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

                                                                          

А. ШЕРНАЗАРОВ,

А. МУҲАММАДИЕВ


Кўришлар сони: 488

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.09.2018
Демократия ахборот очиқлиги демакдир

2018 йил 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

14.09.2018
Етим болалар ҳуқуқлари қандай таъминланади?

Юртимизда бола ҳуқуқларини таъминлашда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, етим болалар ҳуқуқларини...

14.09.2018
Сайёрамиз бошпанасини асрашга ҳар бир мамлакат масъул

Тадбирда қайд этилганидек, 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул...