Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Сув истеъмолчилари уюшмалари фаолияти такомиллаштирилиши зарур

Сув истеъмолчилари уюшмалари фаолияти такомиллаштирилиши зарур

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 29 май ва 4 июль кунлари ўтказилган видеоселектор йиғилишларида қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўза парваришида қолоқликни бартараф этишга қаратилган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни тизимли ташкил қилишга доир қатор муҳим вазифалар белгиланиб, шу асосда кафолатланган пахта ҳосилини яратиш мақсадида жорий йилнинг 5 сентябрига қадар “ҳосилга ҳосил қўшиш зарбдор икки ойлик” эълон қилинган эди. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат гуруҳлар мазкур йўналишда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, жойларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашган ҳолда мамлакатимизнинг барча вилоятларида фаолият олиб бормоқдалар.  

Ушбу вазифалар ижроси доирасида 2018 йил 26 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида ўтказган амалий-семинарда сув истеъмолчилари уюшмалари (СИУ) фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик паталаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Самарқанд вилояти сув хўжалиги бошқармаси мутасаддилари, сув истеъмолчилари уюшмаси вакиллари ҳамда фермерлар қатнашган тадбир аввалида иштирокчилар вилоятнинг қатор туманларида бўлиб, сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда фермер хўжаликларининг сувдан оқилона фойдаланиш борасидаги тажрибаси ҳамда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.

Депутатларнинг жойлардаги фаолиятлари давомида фермер хўжалиги томонидан олинаётган сувни мақсадли, самарали ишлатишга масъул бўлган 5 гектар майдон учун бир нафардан сувчи бўлишини, сувчиларга ҳар бир гектар суғорилган майдон учун белгиланган иш ҳақининг ҳар 5 кунда нақд пулда тўланишини сўзсиз таъминлаш бўйича тижорат банклари, хусусан, “Агробанк” АТБ филиалларининг фаолияти устидан депутатлик назорати ўрнатилмоқда.

Бугунги кунга қадар депутатлар жойларда 13 мингдан ортиқ фермер хўжаликларининг далаларида бўлиб, қишлоқ хўжалиги экинларини туну кун навбатлаб суғориш ишларини ўрганишди. Ишчи, сувчи, механизаторларга яратилган шароитларни яхшилаш юзасидан аниқ чоралар амалга оширилди. Амалий ишлар билан бирга, депутатлар томонидан нафақат тарғибот-ташвиқот, балки қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги муаммоли ҳолатни жойида ўрганиш, парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича ҳудудларда олиб борилаётган ишлар давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда.

Шу билан биргаликда, амалий семинарда депутатларнинг ҳудудлардаги ўрганишлари натижасига кўра, қатор йўналишларда ишларни амалга оширишга зарурат борлиги, соҳага оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришни. даврнинг ўзи тақозо этаётгани таъкидланди. Хусусан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда сувни тежовчи технологияларни жорий этган фермер хўжаликлари учун имтиёзлар фақатгина қонуности ҳужжатларида белгиланган холос. Шу боис “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунида сувни тежовчи технологияларни жорий этган фермер хўжаликларига имтиёз беришнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари акс эттирилиши лозим. Ундан ташқари, 1993 йилда қабул қилинган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунни ҳам бугунги замон талабларига мослаштириш давр талабига айланган.

Амалий семинар давомида сув истеъмолчилари уюшмасининг бугунги кундаги фаолияти муҳокамалар марказида бўлди. Маълумотларга кўра, 2018 йил 1 июль ҳолатига кўра, мамлакатимиздаги фермерларнинг мавжуд 1503 та СИУ олдидаги дебитор қарздорлиги 65,5 млрд. сўмни ташкил этган. Бундай ҳолатлар, табиийки, ғўза парваришида кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда. Таъкидланганидек, бундай уюшмалар сув истеъмолчиларининг манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун ихтиёрий асосда ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Шунга қарамасдан, аксарият сув истеъмолчилари уюшмалари фермер хўжаликлари билан тузилган шартномалар асосида хизмат кўрсатиб келмоқдлар, шу йўсинда нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат солиқ идоралари олдида ҳисобдор бўлиб қолмоқдалар.

Шундан келиб чиқиб, депутатлар СИУ фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, унинг замон талабларига мослаштирилиши зарурлигини қайд этган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Сув истеъмолчилари уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурдилар.

Тадбирда, шунингдек, жойларда мутахассислар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш соҳасида кластер тизимини кенг жорий этилишини ҳисобга олиб, иқтисодий механизмларни янада такомиллаштириш, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини мақбуллаштиришни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Семинар якунида қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўза парваришида қолоқликни бартараф этишга қаратилган бир қатор тавсиялар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1292

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.09.2018
Ўзбекистон-Туркия: Парламент ҳамкорлиги тобора кучаймоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон Туркия билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий...

21.09.2018
Қонунларга киритилаётган ўзгартишлар фуқароларнинг манфаатини ёқлашга, фаоллигини оширишга қаратилди

Киритилаётган ўзгартишларга кўра,  турар жой мулкдорининг оила аъзоси деб эр-хотиннинг ота-онаси,...

21.09.2018
Энергиядан оқилона фойдаланиш масаласи муҳокама марказида

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда муҳандислик коммуникацияларнинг эскириши ва қониқарсиз...