Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Суғориш иншоотлари таъмирланадиган бўлди

Суғориш иншоотлари таъмирланадиган бўлди

Шу йил 29 май куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида сув танқислиги сезилаётган ҳозирги шароитда оби-ҳаётдан омилкорлик билан фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил яратиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама этилган эди. Шу мақсадда бу йилги шароитда ҳар қатраси зар бўлган сувдан ҳар томонлама омилкорлик билан тежаб-тергаб фойдаланишнинг Қашқадарё вилоятидаги ҳақиқий аҳволини ўрганиш ва муаммоларни ўз жойида бартараф этиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдуғани Умиров, Жамшид Пирматовлар бугун   Касби   туманида бўлишди. Фермер хўжаликларини оби-ҳаёт билан таъминлайдиган   сув қурилмалари иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Дарвоқе, бу йил вилоятдаги 514 минг гектар ерда деҳқончилик қилинаяпти. Қишлоқ хўжалик экинларини оби-ҳаёт билан таъминлашда вилоятдаги йирик сув омборларидаги заҳира бунга етарли эмас. Шунинг учун ҳам сув тақчил бўлган бу йилги шароитда вилоятдаги 1000 га яқин артезиан қудуқлари сувларидан ҳам қўшимча манба сифатида кенг фойдаланилади.

– Галдаги вазифа – мавжуд ана шу манбалардаги сувлардан қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда улардан тежаб-тергаб фойдаланишдир, –деди Наримон Умаров касбилик мўл ҳосил яратувчилари билан бўлиб ўтган мулоқотда. – Экинлар оптималдан кам ёки кўп меъёрларда суғорилганда баб-баробар зарарлидир. Шу сабабдан ҳам экинларни фақат белгиланган меъёрлар билан суғориш самаралидир.


Вилоятда шу кеча кундузда 20339 та фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда. Шуларнинг 8058 таси ғўза етиштираётир. 9256 таси эса ғаллачилик билан шуғулланаяпти. Бундан ташқари, вилоятда 673 нафар фермер хўжаликлари 2000 гектардан ортиқ майдонда соя етиштиришмоқда. 5718 нафар фермер хўжаликлари эса 10500 гектар майдонда мева, узум, 701 нафар миришкорлар эса 6,7 минг гектар сабзавот, полиз экинларини парвариш қилишаётир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров бошчилигида депутатлар Қарши Магистрал каналининг бугунги ҳолати билан яқиндан танишдилар. Шу ерда Қарши Магистрал канали мутахассислари каналнинг қўшни Туркманистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи қувурлари аллақачон таъмирталаб бўлиб қолганлигини, бу муаммони бартараф этишда ёрдам беришларини илтимос қилишган эди. Партиядошларимиз бу жумбоқни ўз вақтида ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, мутасадди ташкилотларни жалб этган ҳолда, тегишли вазирликлар билан мулоқотлар олиб бориб, бу йилги сув танқислиги шароитида объектни мукаммал ва тезкор таъмирлаш учун кетадиган
12 миллиард сўм маблағ ажратилишига муваффақ бўлдилар.

– Мен қарийб 35 йил сувчилик касбини улуғлаб келдим, – дейди Қарши туманидаги Бешкент қишлоғида яшовчи кекса миришкор Чори Худоёров. – Бизнинг вилоятимиз республикамизнинг жанубий ҳудуди бўлганлиги учун қишлоқ хўжалиги экинлари асосан сув билан етиштирилади. Шу туфайли ҳам мен “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси депутатларига сув таъминоти билан боғлиқ катта жумбоқни ечишда ёрдам берганликлари учун бутун вилоятимиз сувчилари номидан миннатдорчилик билдираман.

 – Шу кеча кундузда вилоятдаги 152 та СИУларда 948 нафар сув хўжалиги мутахассислари ва ишчилар фаолият олиб боришади, – деди биз билан суҳбатда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. – Биз улар билан юзма-юз мулоқотлар олиб борганимизда сув хўжалиги мутахассислари томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, туман СИУлар фаолиятини тартибга солувчи ҳамда бошқа давлат органлари томонидан уларнинг фаолиятига кўмаклашувчи нормаларни ўз ичига олган ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш лозим. Ушбу хужжатда сув хўжалиги мутахассисларининг таъкидлашича, энг аввало СИУлар томонидан кўрсатилган хизматлар учун ҳақ ундириш тартибини аниқ белгилаш ҳамда бу борада республика бош прокуратураси хузуридаги МИБ томонидан амалий ёрдам кўрсатилишини белгилаш мақсадга мувофиқдир. Биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сув хўжаликларида бўлиб СИУлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганганимизда уларнинг 15,149 миллиард сўм кредитор ва 15,8 миллиард сўм дебетор қарздорликлари мавжудлигини аниқладик. Кредитор қарздорликларнинг асосий қисми электр энергиясидан бўлган қарздорликлар ҳисобига тўғри келмоқда.

Депутатлар ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ аъзолари туман СИУлар фаолиятини тартибга солувчи ҳамда бошқа давлат органлари томонидан уларнинг фаолиятига (ҳуқуқий ёрдам ва қарздорликларни ундиришга)   кўмаклашувчи нормаларни ўз ичига олган ҳуқуқий хужжатни қабул қилиш вақти келганлигини эътироф этдилар.

 Шу куни депутатлар Касби туманидаги Ферузбек Ҳайдаров раҳбарлигидаги “Ҳайдаров Ферузбек Ҳакберди ўғли” фермер хужалиги далаларида ҳам бўлиб, деҳқонларнинг эгилувчан қувурлардан, умуман, сув тежовчи ускуналардан омилкорлик билан фойдаланишаётганининг гувоҳи бўлдилар. Айниқса, эгилувчан қувурлардан фойдаланган ҳолда тунги суғориш кўнгилдагидек ташкил этилаётгани ва миришкорларга кечки вақтда ҳам эгатларга оби ҳаёт оқизишда яратилган шарт шароитлардан қониқиш ҳосил қилдилар.

– Туманимиз дала меҳнаткашлари билан ўтказилаётган учрашувларда қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари ва депутатлар томонидан сувдан оқилона фойдаланиш буйича фермер хўжаликлари ва соҳанинг бошқа масъулларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш буйича керакли тавсия ва маслаҳатлар ҳам берилмоқда, – деди туман ирригация бўлими бошлиғи Фахриддин Раҳматов. – Шунингдек, ғўзани суғориш ишларида оби ҳаётни тежовчи ускуналардан оқилона фойдаланиш, “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги”ни ҳар томонлама намунали ўтказиш юзасидан кўрсатма ва йўл йўриқлар, тушунчалар беришаяпти. Энг муҳими, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун тўғаноқ бўлаётган барча муаммоларни ўз жойида ҳал этишга катта ёрдам кўрсатишаяпти. Биз вилоятимиз қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари бундан жуда ҳам мамнунмиз.


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Касби туманидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида ҳам бўлиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бугунги ҳолати билан танишдилар. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга амалий кўмак кўрсатдилар.

Шунингдек, партиядошларимиз хўжалик ички суғориш тармоқларини ва улардаги гидротехник иншоотларнинг техник ҳолатини яхшилаш, уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ишларини бажаришни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва уни давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилишини таъминлаш юзасидан сув хўжалиги мутасаддилари таклифларини маъқулладилар. Депутатлар вилоятдаги Қамаши, Нишон, Ғузор, Қарши туманларида ҳам бўлиб, қишлоқ хўжалиги тармоқларида сув танқислигини бартараф этиш борасида оби -ҳаётни тежовчи ускуналардан қандай фойдаланилаётганлиги борасидаги ишларни ҳам ўргандилар.

Депутатлар томонидан жорий йилдаги сув танқислиги оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратиш юзасидан вилоят деҳқонлари олдида турган вазифалар, мамлакат миқёсида кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича фермерлар, томорқа ер эгалари ва кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот ташвиқот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ҳудудларда ўрганиш ишлари давом этмоқда.


Кўришлар сони: 3117

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.11.2018
ЎзЛиДеП фракцияси таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Мисол учун, 2018 йилда 9,6 трлн. сўм маблағ мазкур тизимга йўналтирилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан...

17.11.2018
Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил 9 ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

2018 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетидан илм-фанни ривожлантиришга молиялаштирилган 213,3 млрд. сўм...

17.11.2018
2019 йил Бюджетномаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди

Мажлисда қайд этилганидек, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...