Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларни ОАВда ёритилиши

Парламент аъзолари аралашуви билан муаммолар ҳал бўлди

Парламент аъзолари аралашуви билан муаммолар ҳал бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш мақсадида мамлакатимиз минтақалари бўйлаб яна ишга киришдилар. Айни пайтда бундай тадбирлар Норин туманида ҳам давом этмоқда. Хусусан, парламент аъзолари Хаққулобод шаҳри ҳамда қишлоқларга ташриф буюриб, уч юзга яқин хонадон вакиллари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказди. Шу асосда одамларни ўйлантириб келаётган муаммолар ўрганилаяпти. Эътиборлиси, уларни жойида ҳамда қисқа муддатда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. 

Хўжаобод маҳалласидаги хонадонларга ташриф чоғида олтмиш ёшли  М. Мадмусаева ўз муаммосини билдирди. Ҳозирги пайтда якка-ёлғиз яшаётган онахон ўзига қараб туриш учун жияни Г. Носирова ва унинг турмуш ўртоғини уйига таклиф этганлигини, аммо ана шу қариндошларини  рўйхатга олиш жараёни ҳал бўлмаётганлигини айтди. Ишчи гуруҳи аъзолари таклифи билан муаммо ечимига ҳудуд профилактика инспектори, катта лейтенант Боймирза Матисоқов жалб қилинди. У ички ишлар бўлими мутахассислари билан биргаликда мазкур масалани ҳал этишни ўз зиммасига олди. 

Шу маҳаллада яшовчи Зулфия Бердиқулова эса мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаётган экан. Аён бўлишича, ўрта махсус маълумотга эга бу аёл ўн саккиз йил ҳудуддаги мактабгача таълим муассасасида ишлаган, бироқ фарзанд тарбияси таътилидан сўнг иш жойига қайта олмаган. Ушбу муаммо юзасидан туман халқ таълими муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва методик таъминлаш бўлими раҳбарларидан жавоб талаб қилинди.

Улар кўпи билан уч кунда мактабгача таълим муассасасига ишга жойлаштиришларини маълум қилишди. 

Аҳолининг кундалик турмуши билан боғлиқ бундай масалаларнинг аксарияти жойларнинг ўзида ечиб берилаётганидан одамлар мамнун. Бироқ ҳақли савол туғилади: мураккаб бўлмаган ҳамда маҳаллий бошқарув идоралари ва тегишли тузилмалар раҳбарлари ваколатига кирадиган шу каби вазифаларни ҳал этиш учун Олий Мажлис аъзолари аралашувини кутиб ўтириш шартмиди?

— Туман қишлоқларида бўлган чоғимизда барча маҳалла, корхона, ташкилот ва муассасаларда энг улуғ, энг азиз байрамимизга ҳозирлик қизғин бошлаб юборилганлигига гувоҳ бўлдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Тўхтабоев. — Бундай ободонлаштириш ишларида аҳоли, жумладан, ёшлар фаоллик кўрсатишаяпти. Натижада кўчалар, йўл бўйлари, ҳовлилар саранжом-саришта қилинмоқда.  

Очиқ мулоқот давомида одамлар муаммолардан ташқари, ўз таклиф ва мулоҳазаларини ҳам ўртага ташламоқдалар. Уларнинг кўпчилигини янги меҳнат ўринлари яратиш, ёшлар тарбияси билан боғлиқ масалалар ташкил этади. Масалан, тадбиркор Адҳам Мирабдуллаев асаларичиликни ривожлантириш бўйича бизнес режасига эга. У давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига сафари чоғида ушбу соҳада намойиш қилинган лойиҳалардан ҳайратга тушганлигини билдирди. Бинобарин, у тез кунлар ичида қўшни вилоятга бориб, ҳамкасбларининг иш тажрибасини ўрганиб қайтиш ниятида.

— Парламент аъзоларининг туманимизга ташрифи ишларимизни янада такомиллаштириш, хусусан, депутатлар фаоллигини ошириш бўйича қатор вазифаларни ўртага қўймоқда, — дейди туман Кенгаши депутати Дилфуза Ботирова. — Ўрганишлар якунига бағишланган сессияда шулар юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб оламиз. Бу фаолиятимиз янада самарали бўлишига хизмат қилади.




Кўришлар сони: 2956

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2017
Қозоғистон парламенти аъзолари билан учрашув

2017 йилнинг 26 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Сенати раиси К.Токаев бошчилигидаги парламент...

25.09.2017
Ўзбекистон ва Корея парламентлари Cпикерларининг учрашуви бўлиб ўтди

2017 йилнинг 23 сентябридан 26 сентябрига қадар Ўзбекистонда Корея Республикасининг Миллий Ассамблея...

22.09.2017
Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...