Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларни ОАВда ёритилиши

Аҳолини ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш — долзарб масала

Аҳолини ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш — долзарб масала

Чироқчи, Қамаши, Қарши... Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига Қашқадарё вилоятидан сайланган депутат ва сенаторларимизнинг иш дафтарига ана шу туманларда халқ билан мулоқот ўтказилгани, муаммолар аниқланиб, ҳал қилишга кўмак берилаётгани алоҳида битиб қўйилган. Ўз навбатида, учрашувлар, одамларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари иш жараёнида асқотяпти. Энди навбат Деҳқонобод туманига келди...

Уч-адоғи кўзга илинмайдиган қирлар, тоғ чўққиларига қараб интилган йўл маржондек сочилган қишлоқларга элтади. Ёнингиздан оғир юк вагонларини тортиб, чуқур жарликлар узра тикланган кўприклар ва ялтираб турган темир излардан Сурхондарё вилоятига ўтиб бораётган поезд ҳавас ва ифтихор туйғуларини қўзғайди.

Беихтиёр яқин тарихимизга хаёл олиб қочади. Эсимда, саксонинчи йилларнинг бошида вилоят газетасида ишлар эдим. Деҳқонобод туманининг юксак тоғлар бағридаги «Бошчорбоғ» хўжалигига бир шикоятни текширишга боргандим. Барчага маълум эдики, ўша йилларда воҳанинг энг кўп шикоят ва аризалари айнан шу хўжаликдан ёзилар, бунга иш ўрни етишмаслиги-ю ўзаро тортишувлар сабаб бўларди. Биргина шу эмас, туманнинг кўплаб қишлоқларида муаммолар қалашиб ётарди. Иқтисодиёт нуқул тоғ-тошдан иборат адирлардаги ғалла ва чорвага қараб қолган, саноат мутлақо йўқ эди. Туман бюджетига катта-катта маблағлар ўтказиб туришга мажбур бўлинарди.

— Бу бизнинг ўтмишимиз, — дейди ўзаро суҳбатда ЎзХДП туман кенгаши раиси Ашур Норбоев. — Истиқлол туфайли ўта мураккаб шароитда темир йўл тортилди. Сал ўтмай, йирик калий заводи қурилди. Минг­лаб иш ўринлари ташкил топди. Тадбиркорларимиз юзлаб кичик корхоналарни барпо этишди. Эндиликда фарзандларимиз замонавий мактаб ва коллежларда таълим олишмоқда.

— Мен кўнглимга қувонч бағишлаган бир воқеани айтайми? — суҳбатга кўшилади Ғузор сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатимиз Комила Каромова. — 69-мактаб фаолияти билан танишдим. Билим масканига Жовли Ўтаев раҳбарлик қилаётган экан. Барча фанлар бўйича таълим яхши. Айниқса, интернет орқали Россияда математика ва рус тили фанлари бўйича ўтган олимпиадада 1-9 синф ўқувчилари яхши қатнашишибди. Натижасини биласизми?.. Қаранг, 69 ўқувчи халқ­аро олимпиаданинг дипломи билан тақдирланибди. Бу ютуқ ва тажрибани ўрганса арзийди.

— Биласизми, Комилахон, бир воқеа эсимга тушди, — дейман суҳбатга аралашиб. — Ўтмишда энг кўп шикоят ёзиладиган, узоқ тоғлар бағридаги Бошчорбоғ қишлоғи ёшларининг анчаси коллежларни битириб, калийли ўғитлар заводида ишлаётган экан. Заводнинг қарийб 400 метр чуқурликдаги конига тушиб борганимда, шу қишлоқдан чиққан ёшлар бемалол меҳнат қилишаётганига гувоҳ бўлдим. Улар билан суҳбатлашдим. Нима демоқчиман?.. Нолишдан натижа чиқмайди. Ўсадиган эл фарзандлари тақдири учун қайғуради, тарбиялайди.

— Тўғри айтдингиз, — дея фикрини давом эттиради Комила Каромова. — 420 ўқувчи таълим олаётган 1-мактаб жойлашган катта йўл қисмида светофор йўқ экан. Бу болаларнинг ҳаракатланиши учун ноқулайлик туғдирмоқда. Ички ишлар бошқармаси билан боғланиб, муаммони ҳал қилиб беришга ваъда қилдим. Ҳудуддаги 3-мактабгача тарбия болалар муассаси фаолияти билан ҳам танишдим. Биноси таъмирталаб, шароити яхши эмас. Жами 110 болага мўлжалланган боғчани замон талаблари асосида таъмирлаш ва жиҳозлаш зарурияти туғилаяпти.

Айни пайтда туманда 130 минг аҳоли истиқомат қилмоқда. Бугун аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш тадбирлари амалга ошаяпти. Бу масала йил бошида туман Кенгашининг сессиясида муҳокама қилинган эди. Жами 28 депутатнинг 12 таси ЎзХДП­дан сайланган. Улар ҳам сессия қарорини бажариш учун фаол ҳаракат қилишмоқда. Аммо жойларда муаммолар сақланиб қолаяпти.

— Деҳқонобод қишлоғидаги поликлиника бўлими иши билан танишдик, — дейди Комила ­Каромова. — Бош шифокор Аҳрор Мўминов 17 минг 546 кишига хизмат кўрсатишларини гапириб берди. Жами 18 нафар патронаж ҳамшира меҳнат қилаяпти. Нималар етишмайди? Тиббий ускуналар эски. Ҳомиладор аёлларни кўрикдан ўтказиб боришда қийинчиликлар кузатиляпти. Оддий биохимиявий таҳлил учун кўп тармоқли поликлиникага бориш керак.

— Борни бор, йўқни йўқ, деймиз, — дейди Деҳқонобод туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Абдумалик Эгамбердиев. — Жами 280 ўринли марказий шифохонамиз 2013 йилда таъмирланган, аммо канализация ишламайди, иш сифатсиз бажарилган. Камчиликларнинг ўзимизга боғлиқларини ҳал этишга ҳаракат қилаяпмиз. Тоғли шароит бўлгани учун бизга 4 та янги «УАЗ» машинаси керак. Мамлакатимизда ҳар 10 минг кишига 26 врач тўғри келаётган бўлса, туманимизда бу кўрсаткич 7 нафарни ташкил қилади.

 Депутатимиз «Пахтачи» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Хумдон қишлоғида бўлганида, Келдиёр Ҳайитов ичимлик суви тармоғига қувур кераклигини айтди. Яна шу қишлоқда футбол майдони қуриш масаласи ҳам бор экан. Депутатимиз бу масалаларни туман ҳокими олдига қўйишга ваъда берди.

Депутатни ўйлантирган масала — биринчи гуруҳ ногирони Султонмурод Усмоновнинг аризаси бўлди. Маълум бўлишича, бундан 5 йил бурун унинг ўғли машинада бир аёлни уриб кетиб, автоҳалокат содир қилибди. Ўзаро келишиб, аёлнинг даволаниши учун анча маблағ тўплаб беришибди. Орадан шунча йил ўтгач, ўша аёл яна маблағ талаб қилаётган экан. «ҳуқуқ тартибот идоралари орқали бу масала адолатли ечимини топади», — деди депутат.

— Ўнлаб хонадонларда бў­либ, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик, — дейди Комила Каромова. — Анчадан буён кейинга суриб келинаётган «Оқсув — Деҳ­қонобод» сув қувурини тортиб келиш, 18 миллион кубометргача сув сиғдирадиган сунъий омборни тозалаш, ишга тушириш учун пухта лойиҳа ва маблағ керак. Булар ҳудуд аҳолисини сув билан таъминлаш учун ниҳоятда муҳим.

 Партиямиздан сайланган парламент Қонунчилик палатаси депутатлари Феруза Эшматова ва Саттор Раҳматов ҳам аҳоли билан учрашиб, жойлардаги ҳақиқий аҳволни атрофлича ўрганмоқда. Зеро, ҳақиқий мулоқот халқ кўнглини билишдан бошланади.

Юнус УЗОҚОВ


Кўришлар сони: 4379

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.12.2017
Конституция — ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асоси

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан Конституция қаб...

06.12.2017
Депутатлар янги шароитларда ОАВни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Ҳаракатлар стратегиясида ҳозирги вақтда Ўзбекистонни изчил тараққий эттиришнинг белгилаб берилиши жу...

06.12.2017
Эътироф ва рағбат

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги...