Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларни ОАВда ёритилиши

Аҳолининг турмуш даражаси, талаб ва эҳтиёжи парламент аъзолари томонидан изчил ўрганилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари жойларда иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг бориши, аҳоли турмуш даражасини, талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида бўлдилар. Халқ депутатлари Зафаробод тумани Кенгаши сессиясида парламент вакиллари олиб борган ўрганиш натижалари қизғин муҳокама қилинди.


Таъкидландики, ҳудуд ҳаётида эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда ҳали-ҳануз ечимини кутаётган масалалар, фойдаланилмаётган имкониятлар мавжуд. Жумладан, туман саноат корхоналарида ўтган йил ва жорий йилнинг биринчи чорагида экспорт амалиёти белгиланган кўрсаткичга етказилмаган. Бу ерда шу йил 1 апрель ҳолатига кўра, рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 402 та бўлиб, уларнинг 3,4 фоизи бугунги кунда умуман фаолият кўрсатмаяпти.

— Ҳудуд ривожланиш суръатининг сустлашувига сабаб бўлаётган, одамларни ўйлантираётган яна қатор муаммо ва камчиликлар аниқланди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаев. — Тумандаги 13 та мактабгача таълим муассасаси, 18 та умумтаълим мактаби, 4 коллеж, марказий шифохона ва ҚВПлардаги аҳвол билан танишдик. 11 маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, 400 дан зиёд хонадонларга кирдик, бир ярим мингга яқин фуқаролар билан мулоқот қилдик. Ушбу жараёнда кўтарилган 200 дан зиёд турли масалаларнинг 85 таси депутатлар аралашуви билан жойида ечимини топди. Аҳоли мурожаатларининг асосий қисми уй-жой, коммунал соҳа, бандлик, пенсия ва нафақа таъминоти, тиббий муассасалар ҳамда банклар хизматлари билан боғлиқдир.

Хусусан, ҳудуддаги ҚВПларнинг деярли барчасида умумий амалиёт шифокорлари етишмайди. Туман тиббиёт бирлашмасида йигирмага яқин тор доирадаги мутахассисларга ҳамда тез тиббий ёрдам машиналарига эҳтиёж бор. Қишлоқлардаги бирламчи тиббий муассасаларнинг шарт-шароитини қониқарли, дейиш жуда қийин. Уларнинг электр энергияси ва иссиқлик таъминоти ҳам талабга жавоб бермайди. ҚВПларнинг физиотерапия аппаратлари маънан эскирган, лабораториялар иши яхши йўлга қўйилмаган. 

Туман марказий шифохонаси ўрганилганда, айниқса, болалар бўлимида жойлар етишмаслиги, хоналарнинг санитария талабларига жавоб бермаслиги кузатилди. Бундан ташқари, тумандаги олтита дорихонада бўлиши мажбурий ҳисобланган дориларнинг аксарияти йўқлиги, чекланган нархда сотиладиган дори воситалари қимматлиги таассуфли, албатта.

Моддий-техника таъминоти, иситиш тизимига оид муаммолар тумандаги умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларини ҳам четлаб ўтмаган. Зафарободда боғча ёшидаги болаларнинг, бор-йўғи, 15,6 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган.

Қишлоқ ва маҳаллаларни ободонлаштириш ишлари билан танишиш чоғида чиқиндиларни тўплаш шохобчаларининг қурилмагани, инсон саломатлигига, ҳудуд санитария хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатувчи чиқиндилар уюми сони ортгани маълум бўлди. Туман аҳолисининг 30 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмагани яна бир жиддий муаммодир.

Депутат ва сенаторлар Жиззах вилоятининг ушбу туманида Бандлик дастурининг бажарилишини кўриб чиқдилар. Бу борада муайян чора-тадбирлар олиб борилаётганини инкор қилмаган ҳолда, 2017 йил 1 июнь ҳолатига муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 34 нафар йигитнинг 2 нафари, чет элдан қайтган 457 нафар меҳнат мигрантидан 64 нафари ишсиз экани қайд этиб ўтилди.

Сессияда халқ депутатлари Зафаробод тумани Кенгаши фаолияти танқид қилинди. Кенгашда шу пайтга қадар бирорта ҳам қонуннинг ҳудуддаги ижроси кўриб чиқилмагани, доимий комиссиялар ва депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

* * *

Халқ депутатлари Қоракўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси парламент вакиллари томонидан ҳудудда олиб борилган қамровли ўрганиш натижаларига бағишланди.

Ўрганиш жараёнида 14 та давлат органи, 32 та ижтимоий соҳа объекти ва 27 та маҳалла фуқаролар йиғинида учрашувлар, 500 дан ортиқ хонадонларда суҳбатлар ўтказилди. Очиқ амалий мулоқотлардан аён бўлдики, қоракўлликлар ҳам бугунги кунда, асосан, уй-жой, коммунал, бандлик, таълим, пенсия ва нафақа таъминоти, соғлиқни сақлаш, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш, банк-кредит, тадбиркорлик, транспорт ва йўл қурилиши соҳасидаги муаммоларга дуч келмоқда.

Депутатлар ҳамда сенаторлар кўмагида фуқаролар ва тадбиркорларни қийнаётган, ўй-ташвишларига сабаб бўлаётган ўнлаб масалалар тегишли чоралар асосида якунига етказилди. 6 нафар қарияга сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди. Тумандаги 17-сонли мактабгача таълим муассасаси ошхонасида санитария ҳолати яхшиланди. Сайёт қишлоғидаги 51-оилавий поликлиника ходимларининг сўнгги икки ойлик маошлари масаласига аниқлик киритилиб, ижобий ҳал қилинди.

Сессия иштирокчилари ҳудудда туман даражасида кўрилиши лозим бўлган масалалар нисбатан кўплигини алоҳида таъкидладилар. Тадбиркорликни ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан кредит ажратиш, савдо ҳамда маиший хизмат шохобчаларини тўлов терминаллари билан таъминлаш, жойларни ободонлаштириш каби юмушлар ана шулар жумласидандир.

Аҳамиятлиси, ишчи гуруҳлари 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва унга узвий равишда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ушбу олис тумандаги ижросига атрофлича тўхталдилар.

Аниқланишича, Қоракўлда ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектлари сони 2 минг 350 тага етган. Аммо уларнинг сафини янада кенгайтириш, соҳани жадал равнақ топтириш имконияти етарли. Чунончи, ишбилармонларни кинотеатр, сузиш ҳавзаси, кийим тозалаш шохобчалари, меҳмонхоналар хизматини йўлга қўйишга жалб қилиш, уларнинг илғор бизнес ғоялари ҳамда салоҳияти эвазига аҳолига қулайликлар ва янги иш ўринларини яратиш мумкин.

Ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш янада долзарб саналади. Ўтган йили бу борада белгиланган режа 17 фоизга бажарилган, холос. Айни йўналишдаги аҳволни ўнглаш саъй-ҳаракатларини жадаллаштириш ҳаётий заруратга айланган.

Депутатлар Қоракўл туманида барча муҳандислик-коммуникация тармоқларига эга бўлган кичик саноат зонасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўларди, деган таклифни илгари суришди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган сессияларда тегишли қарорлар қабул қилинди.



Кўришлар сони: 1595

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.08.2017
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2017 йил 14-15 август кунлари бўлиб...

14.08.2017
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.  ...

14.08.2017
ЎзМТДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳаларини қатъий ҳимоя қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш»демократик партияси фракциясининг ...