Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларни ОАВда ёритилиши

Одамлар биздан рози бўлсин!

Одамлар биздан рози бўлсин!

Қўшработ туманида аҳоли вакиллари билан фаол мулоқот олиб бораётган депутатимиз – Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаров шундай дейди:

 – Жонли мулоқотлар мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш чоралари ҳамда келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар хусусида етарли тасаввур бермоқда. Қўшработда ҳам ечимини кутаётган масалалар оз эмас экан. Хусусан, Боғичиғатой, Болғали, Чорлоқ қишлоқларида бўлганимизда ичимлик суви ва томорқа майдонларини суғориш учун сув танқислиги, йўлларнинг яроқсиз аҳволдалигига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, 2- ва 76-умумтаълим мактабларида спорт залларининг йўқлиги ўқувчиларни ва ота-оналарни ўйлантираяпти. Бу қишлоқлардан нафақат шаҳарга, балки туман марказига бориш мушкуллигини инобатга оладиган бўлсак, жамоат транспорт қатнови борасидаги оғриқли муаммони ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Шунингдек, мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар тумандаги айрим ҚВПларда сезилмаётгани ачинарли. Чунончи, “Бойпурушлим” қишлоғида бўлганимизда ҚВПлар тугатилиб, ўрнида оилавий поликлиникалар ташкил этилиши белгиланган, амалда эса олдинга силжиш йўқ. Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Бу қишлоқларнинг ҳар бирида юзлаб хонадонлар, уларда ҳам умидли ёшлар улғаяётганини ҳисобга олсак, мавжуд муаммоларни ечимини ортга суриш керак эмас. Қолаверса, айрим қишлоқларда тадбиркорлик билан шуғулланаётганларининг камлиги электр энергиясидаги мунтазам узилишлар, сувнинг етишмаслиги, йўлларнинг яроқсизлиги, транспорт қатновининг йўлга қўйилмагани каби муаммоларга бориб тақалади. Биз муаммолар ечими борасида аниқ тадбирлар устида ишлаяпмиз.

Бундай кўнгилсиз ҳолатлар бизни янада фаолроқ бўлиб, кўпроқ ишлашга ундайди. Бунинг учун, аввало, фаолиятимизни ислоҳотлар талабига мослаштиришимиз зарур. Қолаверса, энди депутат, раҳбар ёки оддий фуқаро сифатида юртимга, одамларга қандай нафим тегаяпти деган ҳақли саволларни бериб, ўз ишимизни жиддий таҳлил этишимиз керак. Бу йўлда изланишдан тўхтамаслигимиз, бизга ишонаётган сайловчилар ишончини фақат ва фақат амалий ишларимиз билан оқлашимиз лозим.

Ойбек ЭГАМОВ,  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Бандлик масаласи ҳамон долзарблигича қолаётир. Бу масалага ёндашувда асосий эътиборни ҳарбий хизматдан қайтган, норасмий тарзда ишлаётган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг бандлигини таъминлашга қаратяпмиз. Олайлик, Балиқчи туманида ўтган беш йил ичида 645 нафар йигит ҳарбий бурчини ўтаб қайтган. Улардан 21 нафари ҳарбий билим юртларида, 236 нафари олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда, 44 нафари институтларга кириш учун тайёрланяпти, 148 нафари эса хусусий секторларда фаолият олиб бормоқда ва ҳоказо. Ачинарлиси, 24 нафари хорижда. Уларни қайтариш ва иш билан таъминлаш учун зарурий режалар ишлаб чиқиш чоралари кўрилмоқда. Биз мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда хусусий секторлардаги 148 нафар ҳамда ҳарбийдан қайтиб кириш имтиҳонларига тайёрланаётган 44 нафар абитуриентнинг бандлигини таъминлашга эришишимиз керак. Бу борада айни кунга қадар қатор ижобий натижаларни қайд этдик. Масалан, Ўртақўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи И. Аҳмаджонов ҳарбий хизматни ўтаб қайтганидан буён ишсиз экан. У ҳудуддаги “Охунжон ота” фермер хўжалигига шартнома асосида ишга жойлаштирилди. Б. Алманов эса “Ўрмонбек даласи” фермер хўжалигида иш болади.

Абдуллажон ҲАМРАҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси епутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Учрашувларда аҳоли ўз шахсий муаммосидан кўра жамоатчилик эътиборидаги масалалар билан мурожаат қилаётгани кишини қувонтиради. Масалан, Балиқчи туманининг “Муқанна” маҳалласи аҳолиси иккиламчи экин парваришида сув етишмаслиги муаммоси билан мурожаат қилишди. Ҳудуддаги 40 та хўжаликда яшайдиган фуқаролар томорқасидаги биринчи ҳосил йиғиштириб олинмоқда. Аммо иккинчи экин учун суғоришга кетадиган сувнинг жуда катта қисми фермер хўжаликлари дала майдонларига етказилиб берилмоқда. Муаммо қишлоқ ва сув хўжалиги туман бўлими мутасаддилари билан ҳамкорликда ҳал этилди. Шунингдек, шахсий томорқа ривожи ҳам диққат эътиборимизда турибди. Чунки, жойларда бу борада жонланишлар сезилмоқда. Чароғон маҳалласида яшовчи Н. Ҳайитов шахсий томорқасидаги 2 сотих ерга лимонарий қилишда турли тўсиқларга дуч келаётган экан. Ҳамжиҳатликда муаммони ҳал қилдик: “Халқ банки”нинг туман бўлими билан имтиёзли кредит учун шартнома имзолаган бўлса-да, маб­лағни керакли ҳисоб-рақамга ўтказиб беришни пайсалга солаётган экан. Муаммо ўша жойдаёқ ечилди.

Парламент вакиллари Риштон туманидаги хонадонларга ташриф буюриб, аҳолини ўйлантираётган масалаларга жойида ечим излашяпти.

– Одамлар бугун кимга қандай масала билан мурожаат этишни билади. Бу эса биз, депутатлар зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқда. Негаки, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётибди. Шундай экан, биз кўтарилаётган муаммога беэътибор бўлмасдан, унинг ечими учун барча чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур. Йўқса, энг аввало электорат ишон­чини йўқотамиз, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзоси Мавлуда Хўжаева. – Энди бевосита аҳоли томонидан кўтарилган муаммо ва камчиликлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар томонидан шу кунга қадар юздан зиёд масала кўтарилди. Мазкур масалалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, улар асосан уй-жой-коммунал, соғлиқни сақлаш, транспорт ва йўл қурилиши, банк-кредит, аҳоли бандлиги, тадбиркорлик, таълим, пенсия ва нафақа таъминоти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, экология ва атроф-муҳит, савдо ва маиший хизмат, маданият ва спорт, интерактив давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда пластик карточкалар орқали тўловларни амалга ошириш каби соҳаларга тааллуқлидир. Юқорида қайд этилган масалалардан 182 таси депутатлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида жойида ўз ечимини топди. Мисол учун, Бешкапа, Пастки Бешкапа, Булоқбоши, Пастки Булоқбоши ҳудудида фаолият юритувчи 11 та тадбиркорлик субъекти тўлов терминаллари билан таъминланди. Худди шу ҳудудларда яшовчи 4 та фуқарога жами 22 млн. сўм миқдорида кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, “Мевазор” МФЙ ҳудудига қарашли Тинчлик кўчасига асфальт ётқизиш ишлари бошланди. Бундай ҳаётий мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Муҳими, мавжуд муаммолар амалий ечим топаяпти. Жараён тўхтаб қолмаслиги учун эса, депутатлик назоратини янада кучайтиришимиз лозим.

Кези келганда бевосита электорат билан боғлиқ муаммоларни ҳам тилга олиб ўтиш жоиз. Риштон туманида 2016 йилда 451 та кичик бизнес субъекти давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, улардан 18 таси умуман фаолият кўрсатмаган бўлса, 45 тасининг фаолияти тугатилган. Табиийки, иш ўринлари ҳам қисқарган. Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида хусусий секторнинг улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда бундай ҳолатларнинг учраши ижобий ҳол эмас, албатта. Шундан келиб чиққан ҳолда фракциямиз аъзолари партиямиз электорати манфаатларига дахлдор бўлган мазкур масалани атрофлича ўрганиб, фаолияти тугатилган тадбиркорлик субъектларини қайта тиклаш, уларга кўмак беришга бел боғлаб, зарур чора-тадбирларни олиб боришмоқда.



Кўришлар сони: 113

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.06.2017
Давлат органлари фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари...

23.06.2017
Муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни ...

23.06.2017
Ихтисослаштирилган тиббий хизматлар халққа янада яқинлашади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш...