Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларни ОАВда ёритилиши

Танқидий-таҳлилий ёндашув асосида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳларининг аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, улар фикрини, қонуний талаб ҳамда эҳтиёжларини яқиндан ўрганиши, ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимини топиши учун навбатдаги ҳудуд этиб, Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани белгиланди.


Айни чоғда қизғин бораётган ўрганишлар давомида асосий эътибор фуқароларни ўйлантираётган масалаларга қаратилмоқда.

Олимкент қишлоғидаги маданият уйи ҳудуддаги пахта тозалаш заводи тасарруфига ўтказилганига бир неча йил бўлди. Қишлоқ кўркига кўрк қўшиб турган, одамларнинг маданий ҳордиқ олишига хизмат қилган, эндиликда эса йил сайин нураб бораётган бинодан фақат мавсумий ишларда фойдаланилади. Бу, табиийки, шу ерлик аҳоли эътирозига сабаб бўлаяпти. Парламент вакиллари ушбу масалани атрофлича ўрганиб, бинони туман маданият бўлимига ўтказиш бўйича халқ депутатлари Оққўрғон тумани Кенгаши сессиясига ҳужжат тайёрлашди.

— Бинонинг маданият масканига айлантирилишидан барча бирдек манфаатдор, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова. — Бугун юртимизда аҳолининг, айниқса, ўсиб келаётган авлоднинг маданий-эстетик савиясини янада ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш долзарб аҳамиятга эга. Қишлоқ жойларда бундай маданият уйларининг кўпайиши айни муддао.

Тумандаги “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинида бешта кўп қаватли тураржой бор. Уларда яшовчи аҳолининг уй-жой мулкдорлари ширкатини тузиш ҳақидаги таклифи турли баҳоналар билан пайсалга солиб келинаётган эди. Ишчи гуруҳи аралашгач, бу ерда йиғилиш ўтказилди, янги тузилма ташкил этилиб, унинг раиси сайланди. Ҳудудни ободонлаштириш, тураржой биноларини таъмирлаш, йўлакчалар қуриш, темир эшикларга кодли қулфлар ўрнатиш учун зарур маблағ мутасадди ташкилот томонидан ажратилди.

Туманда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, хусусан, газ ва электр энергияси таъминотида жиддий камчиликлар мавжуд. Бу, ўз навбатида, жисмоний ва юридик шахсларнинг дебиторлик қарзлари ошиб боришининг сабабларидан бири бўлаётир. Тармоқ мутасаддилари томонидан дебиторлик қарзларини камайтириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмаяпти. Судга киритилган даъво аризалари бармоқ билан санарли миқдорда.

Президентимизнинг жорий йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони шу каби муаммоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутмоқда. Депутат ва сенаторлар хонадонма-хонадон юриб, олиб бораётган суҳбат ва мулоқотларда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламига тушунтирмоқдалар.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликлар ҳам муҳокама қилинди. Туман марказий поликлиникасини янгидан қуриш масаласи 2017 йил Инвестиция дастурига киритилган бўлишига қарамай, қурилиш ишлари ҳанузгача бошланмаган. Таъмирталаб эски бинода катта маблағ эвазига сотиб олинган замонавий асбоб-ускуналардан, жиҳозлардан фойдаланиш имконияти бўлмаяпти. Махсус хоналар хизмати йўлга қўйилмаган.

Туман аҳолисига 12 та қишлоқ врачлик пункти хизмат кўрсатмоқда. Ишчи гуруҳи томонидан Гулистон қишлоғи ҳудудидаги шифо маскани фаолияти  ибратли, деб баҳоланди. Лекин ундан 5 километр узоқликда жойлашган қишлоқ врачлик пунктида эса аҳвол умуман бошқача. Бу ерда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ўта паст. Мутахассислар малакаси талабга жавоб бермайди. 

Мулоқотлар чоғида тумандаги меҳнатга лаёқатлиликни аниқлаш тиббий комиссияси ишидан кўпчилик норози эканини очиқ айтди. Комиссия томонидан ногиронликни аниқлаш, соғломлаштириш чора-тадбирлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Ўрганишлар давомида бандлик, тадбиркорликни йўлга қўйиш, тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳудуд фуқароларининг асосий муаммоларидан эканлиги ойдинлашди. Кўрилган масалаларнинг салмоқли қисми жойида қонуний тартибда якунига етказилган бўлса, қолганини депутатлик сўрови ва парламент назорати орқали ҳал қилиш белгиланди.

Ўрганиш натижалари халқ депутатлари Оққўрғон тумани Кенгаши сессиясида атрофлича кўриб чиқилади.




Кўришлар сони: 2552

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

12.10.2017
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолият олиб бориб, улар...