Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларни ОАВда ёритилиши

Тўрақўрғонда ўз ишига масъулиятсиз раҳбарлар кескин танқид қилинди

Тўрақўрғонда ўз ишига масъулиятсиз раҳбарлар кескин танқид қилинди

Халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан шу йилнинг 1-9 апрель кунлари мазкур туманда ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. 

Сессияда атрофлича муҳокама қилинган масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ишчи гуруҳ раҳбари, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Нодиржон Мухторовнинг таҳлилий маърузаси тингланди.


Эътироф этиш жоизки, Наманган вилоятидан сайланган қуйи парламент депутатлари ва сенаторлар Тўрақўрғондаги ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ўн кун давомида туман аҳолиси билан бевосита уйма-уй юриб, очиқ мулоқотлар ўтказишди. Бундан ташқари, парламент вакиллари фуқароларимизнинг тўкин ва фаровон турмуш кечиришига қаратилган бир қатор долзарб ижтимоий масалаларни (таълим, маданият, спорт, тиббиёт, бандлик, коммунал, экология каби соҳалар), тадбиркорлик, аҳолига савдо ва бошқа хизматларни кўрсатиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг фаолиятини яқиндан ўрганилди.

Халқимизни рози қилишдек эзгу мақсадларни ўзида акс этган самимий мулоқотларда аҳоли томонидан 485 та турли йўналишдаги муаммолар кўтарилиб, уларнинг 215 таси депутатлар ва сенаторлар ташаббуси билан ўз жойида ҳал қилинди. 200 таси эса туман ҳокимлиги орқали туманнинг тегишли мутасадди ташкилотларига ижро учун юборилиб, улар томонидан ҳал этилди, вилоят даражасидаги айрим муаммоларнинг эса вилоят ташкилотлари ҳамкорлигида ечилишига эришилди. Шу билан бирга республика даражасидаги 50 тага яқин муаммо алоҳида ажратиб олиниб, уларни парламент назоратининг турли шакллари орқали бартараф этиш, тегишли давлат бошқаруви органларига парламент ва депутатлик сўровлари юбориш, парламент эшитувларини ташкил этишга қаратилган аниқ мақсадли ва манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 

Таъкидланганидек, ўрганишлар якуни туманда ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар талайлигини кўрсатиб берди. Жумладан, туманда 2017 йилнинг 1 апрель ҳолатига рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 857 та бўлиб, шундан 97 таси турли сабабларга кўра ишламаяпти. Оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари ерларидан оқилона фойдаланиш етарли даражада йўлга қўйилмаган. Бугунги кунда туманда атиги 6 нафар оилавий тадбиркор ва 36 нафар ҳунарманд фаолият юритмоқда холос.

Туман ҳудудидаги 4 та деҳқон бозори, 1 та универсал бозор ва деҳқон бозори таркибида 2 та деҳқон бозори ва 2 та ҳайвон бозорлари фаолияти бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Автотураргоҳлар мавжуд эмас. Пул тушумлари мехназмлари тўлиқ йўлга қўйилмаган, бозор ташқариси ва ичида савдогарлар мустақил тарзда расталар ўрнатиб, йўлларга чиқиб кетган.
    
Аҳоли хонадонларига кредит ажратиш бўйича тарғибот олиб борилаётганлигига қарамасдан айрим банк мутахассислари томонидан фуқароларга кредит ажратиш жараёни етарли тушунтирилмаганлиги, уларни кредит олишга қизиқтира олмаслик ҳолатлари учрамоқда. Масалан, “Агробанк” туман филиалига бириктирилган 7979 та хонадондан 313 тасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги билдирилган холос. Қолаверса, фуқаролар томонидан имтиёзли кредит олиш учун мурожаат этиб талаб қилинадиган хужжатлар тўплами банк филиалига тақдим этилган бўлсада, турли сабаблар билан уларнинг мурожаатлари ҳафталаб, айрим ҳолларда ойлаб кўрилмаслиги тўғрисида шикоятлар келиб тушди.

Туманда фуқароларни ишга жойлаштириш борасида ҳам жиддий муаммолар кўзга ташланди. Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишчи комиссияси фаолияти талаб даражасида эмас. Бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходимларининг ишсизликни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрмаганлиги оқибатида бандлик дастури ижроси тўлақонли бажарилмаган. 

Ўрганиш давомида соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар борлиги аниқланди. Аксарият қишлоқ врачлик пунктларида умумий амалиёт шифокорлари етишмайди. Умуман олганда, ҳозирги вақтда тиббиёт муассасаларида 134 врач-мутахассис, шу жумладан 50 нафар умумий амалиёт шифокорига эҳтиёж мавжуд.  

Шунингдек, таҳлил давомида мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежларидаги мавжуд ҳолат, қишлоқларда тиббий хизмат кўрсатиш даражасига оид оғриқли ҳолатлар, дорихоналардаги нарх-наво, аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш бўйича ҳақли эътирозлар, автомобиль йўлларининг сифати, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишнинг аянчли даражаси сингари муаммолар ошкора ўртага ташланди.

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф-тавсиялар берилиб, туман ҳокимининг ўринбосарларидан, вилоят “Сувоқова” корхонаси, “Миллий банк” ва “Агробанк” туман филиаллари, туман ободонлаштириш бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази, давлат солиқ инспекцияси раҳбарларидан юксак масъулият билан ёндадиш талаб қилинди.

Воҳиджон Имомназаров, 
ЎзМТДПдан сайланган халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгаши депутати, “Тўрақўрғон ғишт қурилиш” МЧЖ директори:

- “2017 - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да инсон манфаатларини таъминлаш, элимиз фаровонлигини юксалтириш ва халқимизни бугунги ва эртанги ёруғ кунларимиздан рози бўлиб тўкин ҳаёт кечиришини таъминлаш, аҳолининг келажакка бўлган ишончини ошириш ҳар қачонгидан-да устувор аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан олганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида туманларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этиши ҳам айни шу эзгу мақсадга қаратилган.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимга асос солинди. Президентимизнинг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган ҳаётбахш сўзлари бугун биз барча даражадаги депутатларнинг чекка қишлоқ ва маҳаллаларгача кириб бориб, юзага келган реал вазият, аҳолининг турмуш шароити билан яқиндан танишишга, муаммоларни бартараф қилиш бўйича тегишли чораларни кўришга чорламоқда. Хусусан, аҳоли хонадонларидаги очиқ мулоқотларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган бир қатор масалаларга ижобий ечим топилмоқда.

Сессияда туман ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев, туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Баҳромжон Абдувалиев, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Боймирза Усмонов, туман прокурори Абдулатиф Солиев сўзга чиқиб, ўрганиш давомида қайд этилган камчиликларни ўнглаш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

Сессияда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев сўзга чиқиб, тумандаги барча даражадаги мутасаддилар ва депутатларнинг масъулиятини ошириш, халқимизнинг тинчлиги ҳамда саломатлигини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсатиш, таълим, айниқса мактабгача таълим муассасаларига бўлган эътиборни кучайтириш, ҳарбий хизматдан қайтган ёшларни ишга жойлаштириш, аҳоли мурожаатлари ва улар томонидан кўтарилаётган ҳар қандай масалага асло бепарво бўлмаслик лозимлигини таъкидлади.


Кўришлар сони: 528

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2017
Геодезия ва картография миллий маркази раҳбарининг ахбороти эшитилди

26 май куни Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда...

26.05.2017
Қуйи палата қўмиталарида давлат бюджети ижроси масаласи муҳокама қилинмоқда

26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган...

26.05.2017
2016 йилда ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 24,1 фоизи соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган

Ўзбекистон халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳисобот даврида тасдиқланган кўрсаткичлар...