Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Сайловчилар билан учрашувлар депутатлар фаолиятининг кўзгуси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзолари жойларда сайловчилар билан учрашиб, юзма-юз мулоқотда бўлдилар. Учрашувларда давлатимиз раҳбарининг Ўзбeкистoн Рeспубликaси Кoнституцияси қaбул қилингaнининг 21 йиллигигa бaғишлaнгaн тaнтaнaли мaрoсимдaги “Амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти қуриш — ёруғ келажагимизнинг асосий омилидир” номли мaърузaси мазмун-моҳияти, парламент палаталарининг қўшма мажлисида илгари сурилган Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар, палатанинг қонун ижодкорлиги фаолияти, жумладан, қабул қилинган қонунлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда муҳокама қилинаёт­ган қонун лойиҳаларининг мақсад-вазифалари ва мазкур жараёнларда ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг иштироки каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

108-Хазорасп сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати, ЎзМТДП Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси Сарвар Отамуратов сайловчилар билан бўлган учрашувларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Президентимизнинг Конституция қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси мазмун-моҳияти, қабул қилинган қонунлар ҳамда ЎзМТДП дастурий мақсадларининг ижроси борасида тўхталиб ўтди.

— Президентимиз маърузасида эътироф этилган факт ва маълумотларни эшитган ҳар қандай киши тарихан қисқа муддат ичида барча соҳаларда эришилган натижалардан қувонмаслиги, ғурурланмаслиги мумкин эмас. Маърузада, хусусан, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилганлиги, барча соҳаларда улкан ютуқ ва марралар қўлга киритилганлиги, халқ турмуш даражасини ошириш йўлида ибрат ва эътиборга сазовор натижаларга эришилганлиги алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг маърузаси ҳар бир соҳа вакилига муайян вазифалар қўйиш баробарида алоҳида масъулият, ишонч ва куч-қувват бағишлайди. Жумладан, маърузада мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш жараёнларида сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги, ўз навбатида, ЎзМТДП вакиллари зиммасидаги масъулиятни янада оширади.

Шунингдек, партиямиз фаолиятини янги поғонага кўтариш ва дастурий мақсад-вазифаларимизни тубдан ислоҳ қилишни тақозо қилади.

Таъкидлаш жоизки, ЎзМТДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари партия позицияси, мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда фаолият юритмоқда. Жумладан, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан сессиялар кун тартибига қатор ташаббус-масалалар киритилиб, қарорлар қабул қилинишига эришилмоқда. Партия позициясидан келиб чиққан ҳолда илгари сурилган ташаббуслар сони жорий йилда янада ортди. Биргина Хазорасп тумани мисолида гапирадиган бўлсак, Хоразм вилоятида 2013-2015 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш дастурига мувофиқ, “Хазорасп қалъаси” негизида туристик комплекс ташкил қилиш назарда тутилган. Мазкур масала айнан ЎзМТДП дастурий вазифаларидан эканлиги халқ депутатлари туман кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг ташаббускорлигини оширди, десак муболаға бўлмайди. Депутатлик гуруҳи томонидан туман кенгаши сессиясида “Сулаймон­қалъа” дирекцияси ҳамда Хазорасп музейини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Айни пайтда мазкур масаланинг ижобий ечими юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда, - деди маърузачи.

Қашқадарё вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Улуғбек Муҳаммадиев, Акмал Саидов, Арслон Эшмуродов ва Урал Хаитов сайловчилар билан бўлган учрашувларда давлатимиз раҳбарининг Конституциянинг 21 йиллиги муносабати билан қилган маърузаси мазмун-моҳияти, қуйи палата томонидан қабул қилинаётган қонунлар ҳамда бу жараёнда ЎзМТДП фракциясининг иштироки, парламент назорати каби масалаларга эътибор қаратишди.

Улар фракция фаолиятида Президентимиз томонидан тақдим этилган Концепция­даги вазифаларни амалга ошириш устувор йўналишни ташкил этганлигини алоҳида таъкидлашди. Хусусан, партиямизнинг дастурий мақсад ва ғоялари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фракциямиз аъзолари асосий эътиборни миллий ҳунармандчилик, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, миллий бозорни тараққий эттиришга қаратилган қонунчилик механизмларини мус­таҳкамлашга қаратдилар. Жорий йилда Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонунларнинг 11 таси кучга кирган бўлса, уларни муҳокама қилиш ва такомиллаштиришда ЎзМТДП фракцияси аъзолари фаол иштирок этишга интилишди. Жумладан, бир гуруҳ депутатларнинг қонунчилик ташаббуси асосида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига киритилиб, Сенат томонидан маъқуллангани фаолиятимиз самарасини белгилайди.

33-Пахтакор сайлов округидан сайланган ЎзМТДП фракцияси аъзоси, Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Абдуғафур Маматов Жиззах, Пахтакор ва Зафар­обод туманларида бўлиб, сайловчилар билан мулоқот қилди. Учрашувларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, жамиятни модернизация қилиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз борди. Депутат асосий эътиборни Президентимизнинг Конституция қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросидаги маърузасига қаратди. Шунингдек, учрашувларда парламент қуйи палатасида қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқишдан бошлаб қабул қилишгача бўлган изчил жараён, ЎзМТДП фракциясининг бу борадаги фаолияти юзасидан сайловчиларга маълумот берилди. Бундан таш­қари, учрашувлар мобайнида ЎзМТДП сайлов­олди Платформасида белгиланган вазифаларидан бўлган маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштириш бўйича вилоят­да амалга оширилаётган чора-тадбирлар борасида тўхталиб ўтилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар иштирокида муҳокама этилиб, тегишли тавсиялар берилди.

Сайловчилар билан учрашувларда жойларда аҳолини ўйлантираётган айрим муаммо ва камчиликлар ҳам қизғин муҳокама қилинди. Депутат ўз ваколати ва қонуний имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, уларни бартараф этишга қаратилган таклифларни илгари сурди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жамила Ниёзова Нукус шаҳридаги сайловчилар билан бўлган учрашувларда Президентимиз маърузасида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, ҳар бир соҳа вакили ўз фаолиятини янги поғонага кўтариши лозимлигига эътибор қаратди. Бундан ташқари “2013 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури”нинг ўтган даврдаги ижроси ҳамда “2014 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури”нинг асосий параметрлари тўғрисида атрофлича маълумотлар берди. Шунингдек, маърузачи ўз сўзида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси ислоҳотлар жараёнининг мантиқий ва асосланган давоми эканлигини, мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тизимни янада демократлаштириш ва либераллаштириш, ҳокимият тизимининг очиқлигини таъминлаш, ўзини-ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш учун барча зарур шароитлар яратилганлигини алоҳида таъкидлади.

Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларидаги сайловчилар билан учрашган ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шавкат Болтаев­ Президентимиз Конституциянинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида фарзандларимизнинг ютуқларини юксак баҳолаганига эътибор қаратди. Юртбошимиз раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида келажагимиз эгаларига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик мужассамлигини таъкидлади. Шунингдек, 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб номланиши, шу муносабат билан қабул қилинажак давлат Дастурининг йўналишлари, унда белгиланадиган вазифалар ҳамда унинг ижросида партия ва депутатларнинг иштироки борасида фикр-мулоҳазалар билдирди.

Юзма-юз бўлган мулоқотларда депутат аввалги учрашувлар давомида сайловчилар томонидан билдирилган таклифлар, кўтарилган масалалар бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, экологик муаммолар ва уларнинг ечими, ҳудудни иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш хусусида ўз таклифларини билдирди.

41-Тошбулоқ сайлов округидан сайланган Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Деҳ­қонов Наманган ва Мингбулоқ туманларидаги сайловчилар билан учрашувларда уларни ўйлантираётган муаммолар билан танишди. Шу билан бирга депутат учрашувларда аҳолини қонунчиликдаги янгиликлардан бохабар қилиш баробарида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаларига таклиф ва тавсиялар ҳам олди. Сайловчилар “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” доирасида ҳозирга қадар қабул қилинган ва тайёрланаёт­ган қонун лойиҳалари, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ҳақидаги маълумотларга эга бўлдилар. Учрашувлар мобайнида депутат ўзи аъзо бўлган қўмита фаолияти ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берди.

Шунингдек, 2014 йил давлатимиз раҳбари томонидан “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти, халқ фаровонлигини асосий мақсади қилиб белгилаган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурий ғояларига ҳамоҳанг эканлигини, мазкур йил доирасида қабул қилинажак Давлат дастурида айнан партиянинг мақсад-муддаоларига мос бўлган бир қатор муҳим масалалар ўз аксини топишини таъкидлади.

ЎзМТДП фракциясининг барча аъзолари жойларда ўз сайловчилари билан учрашув ўтказишди. Энг қувонарлиси, учрашувларда сайловчиларнинг фаоллиги кўзга ташланмоқда. Улар томонидан янги қабул қилинажак қонунларга билдирилган ўринли таклифлар, амалдаги қонунларнинг жойларда ижро этилиши юзасидан ўртага ташланган мулоҳазалар, мавжуд муаммоларнинг ҳуқуқий ечимини таъминлаш хусусидаги фикрлар шундан далолатдир.  


Манбаа: http://www.milliytiklanish.uz/

Кўришлар сони: 21293

Депутатлар минбари

Янгиликлар

09.07.2020
Томорқа хизмати кластери ташкил қилиш ишлари қай ҳолатда?

Ҳозирги мураккаб вазият — коронавирус пандемияси шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз да...

08.07.2020
Хусусий бандлик агентликларига ишониш мумкинми? Соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Бандлик. Аслида дунёнинг аксарият мамлакатлари учун ўта долзарб, айниқса, бугунги коронавирус панде...

06.07.2020
Аудиторлик ташкилотлари аудитнинг халқаро стандартлари асосида мустақил аудит ўтказади

Аудиторлик фаолияти мустақиллик, холислик, ҳалоллик, профессионал малакалилик ва махфийлик принципл...