Cайт ранги: A A


Янги қонунларга шарҳлар

Замонавий профессионал журналистика: Цензурага йўл қўйилмайди

Бугунги шиддатли ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этаётганини ахборотлар оқимининг тезлигида яққол кўриш мумкин. Журналистлар ўз ишини бажараяпти, яъни ОАВ учун хабарлар, материаллар тўплаяпти, таҳлил этаяпти ҳамда тарқатаяпти. Хўш, айни вақтда уларнинг фаолияти қандай ҳимоя этилмоқда? Нега оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилаяпти? Яқинда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзратиш ва қўшимчалар мазкур оғриқли муаммоларга нечоғли барҳам беради? Мухбиримиз бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Расул КУШЕРБАЕВнинг фикрлари билан қизиқди.

  — Мамлакатимизда демократик принципларга мос кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда замонавий профессионал журналистиканинг муҳим ўрни бор. Соҳадаги мавжуд тартиб-таомилларни соддалаштириш, қонунчиликни доимий такомиллаштириб бориш ҳаётий зарурат бўлиб, бу тизим фаолиятини янада кучайтиришда долзарб аҳамият касб этади.  

 “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда ушбу соҳа вакилларининг мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада халқаро  ҳуқуқ нормалари ва хорижий давлатларнинг қонунчилиги чуқур таҳлил этилди ва таққосланди. Айни чоғда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Австрия, Россия, Латвия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон каби давлатларнинг мазкур йўналишдаги қонунчилик тажрибаси инобатга олинди. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси мутасадди давлат органлари вакиллари, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, олимлар ва журналистлар билан кенг муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Қонунда, энг аввало, журналист тушунчасига таъриф берилди. Яъни журналист — оммавий ахборот воситалари учун меҳнатга оид ёки бошқа шартномавий муносабатлар асосида хабарлар ва материалларни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ҳамда тарқатишга доир фаолиятни амалга оширувчи шахс сифатида белгиланди. Аввалги таҳрирдаги тушунчада эса журналист ОАВда хизмат қиладиган шахс бўлиши шартлиги ифодаланганди ва бу бугунги кун талабларига жавоб бермасди.

Шунингдек, Қонунда ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиш мақсадида журналистларнинг ҳуқуқлари акс этди. Оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмаслиги, ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган материаллар олдиндан келишиб олинишини, уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд нашрдан бутунлай олиб ташланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги ўз ифодасини топди. Айтиш мумкинки, бу ОАВ вакиллари ўз фаолиятида ҳанузгача учраётган айрим муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.   

Бундан ташқари, унда ушбу соҳанинг сирини ошкор этмасликка доир журналистнинг мажбуриятлари белгиланди. Ушбу тамойил фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Аёнки, бугун ахборот оқими кучайиб бормоқда. Шуни инобатга олиб, мазкур ҳуқуқий ҳужжатда журналистнинг профессионал этика қоидалари институти киритилиб, бунда журналист шахси ва хулқ-атворига қўйиладиган талаблар мажмуи белгиланди. Бу ўринда журналистларнинг этика қоидалари мустақил равишда журналистлар бирлашмалари ёки таҳририятлар томонидан жорий этилиши мумкинлиги назарда тутилиб, ихтиёрийлик принципи амалда ўз аҳамиятини йўқотмаётганини ҳам келтириб ўтиш керак.

Журналистни аккредитация қилиш масаласи айни вақтда долзарб бўлиб, Қонунда аккредитацияланган журналистнинг ҳуқуқлари ва аккредитациялаш тартиби аниқлаштирилди. Шу билан бирга, унда журналистнинг оммавий ахборот воситаларида ахборотни тарқатиш борасида жавобгарликдан озод этилишининг аниқ механизм ва мезонлари акс этди. Мисол учун, бу маълумотлар расмий хабарлардан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ёки расмий статистика ҳисоботларидан, ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари орқали, шунингдек, уларнинг расмий веб-сайтларидан олинган бўлса журналист жавобгар бўлмайди.  

Бир сўз билан айтганда, мазкур Қонун давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг очиқлигини таъминлаш, профессионал журналистларнинг фаолияти давомидаги эркинлиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда жамоатчилик олдидаги касбий нуфузини оширишга хизмат қилади.

Зиёда АШУРОВА ёзиб олди. 


Кўришлар сони: 1917

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2018
Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамланиш — эътибор марказида

2018 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Европада Хавфсизлик...

25.09.2018
Унумдорлик меҳнат муҳофазаланган жойда бўлади

Юртимизда меҳнат муҳофазаси — энг кўп эътибор қаратилаётган масалалардан бирига айланмоқда. Иш жойларида...

25.09.2018
Мавсумий ишлар ихтиёрийлик касб этмоқда

АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан 2018 йил 20 сентябрь куни эълон қилинган болалар меҳнатининг ёмон...