Cайт ранги: A A


Янги қонунларга шарҳлар

Коррупцияга барҳам беришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Президентимиз “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб алоҳида таъкидлади.

2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни кучга киргани бу борадаги муҳим қадам бўлди.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мазкур қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос яратди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси прокурори Баҳром Қобилов. – Бу давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабат қарор топади.

34 моддадан иборат қонунда, аввало, коррупция билан боғлиқ тушунчалар берилган. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Унга кўра, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, қоррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларидир.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.

Қонунда коррупцияга қарши курашувчи ваколатли органлар тизими келтирилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органларидир. Қонунга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига асосан бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.

Қонунда кўрсатиб ўтилган органларнинг коррупцияга қарши курашиш доирасида амалга оширадиган ишлари аниқлаштирилди. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўз ваколатлари доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тезкор-қидирув фаолиятини, суриштирувни, дастлабки терговни, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича дастлабки терговни амалга оширади.

Қонундан келиб чиқиб коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган давлат органлари ва уларнинг тизимларида коррупцияга қарши курашишга оид фаолият янада такомиллашади.

Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияларни ташкил этиш назарда тутилган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Бундай комиссияни шакллантириш ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади.

Идоралараро комиссия соҳага оид фаолиятни мувофиқлаштириш билан бирга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этади.

Қонундаги эътиборли жиҳатлардан яна бири, коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг иштирок этиши механизмлари белгиланганидир. Зеро, бу институтлар жамиятда жамоат назорати қарор топишида, адолат мувозанати таъминланишида ўзига хос ўрин тутиб келмоқда. Уларнинг жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи коррупция иллатига қарши курашишда иштирок этиши шу йўналишдаги фаолият самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

Коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларда давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш, маъмурий тартиб-таомиллар, давлат харидларини амалга ошириш соҳаларида коррупциянинг олдини олиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси каби масалалар қамраб олинган.

Қайд этиб ўтиш керакки, қонун иқтисодиётимизда муҳим ўрин тутаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини янада кучайтирди. Бу борада маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомиллар соддалаштирилади ва уларнинг тезкорлиги оширилади. Давлат органларининг назорат-текширув вазифалари янада мақбуллаштирилади. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тизими такомиллаштирилиб, уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик чоралари кўрилади. Бу чоралар мамлакатимизда қулай бизнес муҳити мустаҳкамланиши, тадбиркорликка бўлган қизиқиш янада кучайишига кенг йўл очади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга оид меъёрлар белгилангани қонуннинг муҳим жиҳатларидан. Қонунга мувофиқ коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишнинг замонавий шакллари ва услубларидан фойдаланилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилиниши таъминланади.

Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ давлат органлари ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига оид барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу мажбуриятнинг давлат органлари ходимлари томонидан бажарилмаслиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар суднинг қарорига кўра муайян ҳуқуқлардан, шу жумладан, муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Юридик шахслар ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, янги қонун нафақат коррупцияга қарши курашиш механизми мустаҳкамланиши, балки ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаронинг ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан, ҳалол адо этишини талаб этади. Бу мамлакатимизда соғлом муҳит қарор топишига, ижтимоий-сиёсий барқарорлик янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА


Кўришлар сони: 8303

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...