Cайт ранги: A A


Янги қонунларга шарҳлар

Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам 3 нафар ходими бўлганда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига эга бўлдилар

Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам 3 нафар ходими бўлганда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига эга бўлдилар

Маълумки меҳнат ҳуқуқи – инсоннинг конституциявий ҳуқуқларидан бири бўлиб, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, муассаса, ташкилотларда, шунингдек айрим жисмоний шахслар ихтиёрида шартнома асосида ишлаётган ходимларнинг меҳнатга оид муносабатларидан келиб чиқадиган нормалар мажмуидир.

Таъкидлаш лозимки, инсоннинг бу борадаги ҳуқуқлари нафақат давлат органлари, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳам самарали ҳимоя қилинади. Мана шундай ташкилотлардан бири бу касаба уюшмаларидир.

Юртимизда фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи ҳамда касаба уюшмалари фаолиятининг кафолатлари Конституция даражасида мустаҳкамланган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг 34-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касаба уюшмаларига уюшиш ҳуқуқи кўрсатилган бўлса, 59-моддада касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ифода этиши ва ҳимоя қилиши белгилаб қўйилган.

Республикамизда касаба уюшмалари фаолиятини у ёки бу даражада тартибга солувчи 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган, Ўзбекистон бу соҳада 17 та халқаро шартномага қўшилган.

Касаба уюшмаларининг фаолияти 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан кейин матнда таянч қонун деб юритилади) билан бевосита тартибга солинади. Бироқ таъкидлаш лозимки, мазкур таянч қонун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси ва бошқа соҳавий қонунлардан олдин қабул қилинганлиги боис, ундаги нормалар бугунги кун талабига, миллий қонунчилигимизга ҳамда меҳнат соҳасидаги халқаро шартномаларга мос келмас эди.

Айнан шунинг учун жорий йилнинг 28 ноябрь куни “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонунни қабул қилиш зарурияти қуйидагилар билан изоҳланади.

Биринчидан, таянч қонундаги тушунча ва сўзлар маънан эскирган эди. Хусусан, унда касаба уюшмалари бирлашган республика уюшмасининг номи “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши” деб номланган эди. Ушбу ташкилотнинг рус тилидаги номида ишлатилган “Совет” сўзи Собиқ Иттифоқ давридан қолган атамаларни эслатиб турарди. Ваҳоланки, мазкур федерация 2014 йилнинг 11 август куни Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтиб, унинг расмий номи “Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси” деб номланди.

Шунга асосан таянч қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, федерациянинг номидан “кенгаш” деган сўз чиқариб ташланди ва ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилган ва юқорида зикр этилган расмий номи қонун билан мустаҳкамланди.

Худди шундай, таянч қонундаги “меҳнаткашлар”, “маъмурият” ва “ишдан бўшатиш” деган сўзлар тегишлича “ходимлар”, “иш берувчи” ва “меҳнат шартномасини бекор қилиш” деган сўзлар билан алмаштирилди. Айтиш жоизки, ушбу сўзлар фақатгина бугунги замонда ишлатиладиган терминлар бўлибгина қолмай, балки уларнинг қонунда белгиланган ҳуқуқий таърифига эга бўлишини ҳамда “ходим” ва “иш берувчи” учун ҳуқуқ ва кафолатларни таъминлайди. Жумладан, Меҳнат кодексининг 14-моддасида ходимга қуйидагича таъриф берилган: “Белгиланган ёшга етган (77-модда) ҳамда иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари бўлиши мумкин”.

Меҳнат кодексининг 15-моддасига мувофиқ қуйидагилар иш берувчилар бўлиши мумкин:

1) корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида;

2) мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар;

3) ўн саккиз ёшга тўлган айрим шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда;

4) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 16-17-моддаларида ходимнинг ва иш берувчининг ҳуқуқлари санаб ўтилган бўлса, 68-691-моддаларида айрим тоифадаги ходимлар учун қўшимча кафолатлар белгиланган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг VI боби 4-параграфи меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласига бағишланган бўлиб, унда меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари, меҳнат шартномаси бекор қилинганда иш ҳақини иш берувчи томонидан тўлаш муддатлари, меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги ва бошқа муҳим қоидалар ўрнатилган.

Бундан кўринадики, таянч қонунда илгари ишлатилган “меҳнаткашлар” ва “маъмурият” сўзларини амалдаги қонунларга мос бўлган сўзлар билан алмаштирилиши, ушбу субъектларнинг қонунларда уларга берилган ҳуқуқлардан ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланишлари учун замин яратади. Шунингдек, “ишдан бўшатиш” сўзини “меҳнат шартномасини бекор қилиш” деган сўзга алмаштирилиши ушбу ҳаракатни фақатгина қонунда белгиланган ҳуқуқий асослар мавжуд бўлгандагида амалга ошириш имконини беради ҳамда бу борада ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди.

Иккинчидан, таянч қонуннинг нормалари соҳани тартибга солувчи бошқа қонун нормаларига номувофиқ, ундаги ҳуқуқий бўшлиқлар эса тегишли соҳадаги ижтимоий муносабатларни тўлиқ тартибга солиш имконига эга эмас эди.

Авваламбор, таянч қонунда касаба уюшмаларига берилган таъриф умумий ва тушунарсиз эди. Хусусан, ушбу таърифда касаба уюшмаларини жамоат ташкилоти эканлиги кўрсатилган бўлсада, айнан қайси шаклда тузилган ташкилот эканлиги кўрсатилмаган эди. Ваҳоланки, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддаси иккинчи қисмига кўра “сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар ташкилотлари, ветеранлар ва ногиронлар ташкилотлари, илмий-техникавий, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-спорт ва бошқа кўнгилли жамиятлар, ижодий уюшмалар, ассоциациялар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари деб эътироф этилади”.

Бундан келиб чиққан ҳолда таянч қонунда касаба уюшмаси тушунчаси янги таҳрирда берилиб, унга кўра “Касаба уюшмаси ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларидаги фаолият турига кўра ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқлари ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун муштарак манфаатлар билан боғланган фуқароларнинг жамоат бирлашмасидир”.

Бундан ташқари, муқаддам таянч қонунда касаба уюшмаларининг фаолиятига хос бўлмаган ҳамда амалдаги қонунларга зид нормалар мавжуд эди. Жумладан, 16-моддада касаба уюшмалари халқ депутатлигига номзодлар кўрсатишда, сайлов мавсумида уларни қўллаб-қувватлашда иштирок этишлари мумкинлиги кўрсатилган эди. Ваҳоланки, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эгадирлар.

Худди шундай, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эса сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эгадирлар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, таянч қонуннинг 16-моддаси янги таҳрирда берилиб, унда касаба уюшмаларининг депутатликка номзод кўрсатиш ва сайлов мавсумида уларни қўллаб-қувватлашда иштирок этиш билан боғлиқ қоидалар чиқариб ташланди.

Таъкидлаш лозимки, таянч қонуннинг 8-моддаси иккинчи қисмида иш жойларининг қисқартирилиши ёки иш шароитининг ёмонлашувига олиб келадиган корхонани ва ундаги таркибий бўлинмаларни тугатиш, ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тегишли касаба уюшмалари камида уч ой олдин хабардор қилиб қўйилган ва улар билан меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этиш юзасидан музокара ўтказилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилган эди. Ваҳоланки, бундай ҳолларда иш берувчи томонидан ходимни огоҳлантириш Меҳнат кодексининг 102-моддасига мувофиқ икки ой олдин амалга оширилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда таянч қонуннинг 8-моддаси икинчи қисмидаги “уч ойлик муддат” “икки ойлик мудат”га алмаштирилди.

Учинчидан, таянч қонун амалиётдан анча орқада қолган ва бугунги кун талабига жавоб бермас эди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорларга бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилди. Натижада, якка тартибдаги тадбиркорлар иш берувчи, улар ёллаган шахслар эса ходим мақомини олишди. Шундан келиб чиққан ҳолда ушбу тадбиркорлик субъектларида ҳам ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган тузилма – касаба уюшмаларини тузишга эҳтиёж вужудга келди.

Бироқ, таянч қонун нормаларининг олдинги таҳрири якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларида касаба уюшмасини тузиш имконини бермас эди. Чунончи, қонуннинг 2-моддасида меҳнаткашлар корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ва бошқа иш жойларида касаба уюшмалари тузишга ҳақли эканлиги кўрсатилган эди. Таянч қонунда касаба уюшмасини тузиш учун ташаббускорлар сонига нисбатан талаб ҳам мавжуд эмас эди. Натижада, касаба уюшмасини тузиш учун “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига мурожаат қилиниб, камида 10 нафар ходимнинг ташаббуси бўлиши талаб этилар эди.

Шунга асосан таянч қонуннинг 2-моддаси матни янги таҳрирда берилиб, унинг иккинчи қисмида: “Ходимлар барча корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади), якка тартибдаги тадбиркорлик ва ўзга меҳнат фаолияти амалга оширилаётган бошқа иш жойларида камида уч нафар ходимнинг ташаббуси билан касаба уюшмаларини тузишга ҳақли” деган қоида ўрнатилди.

Таъкидлаш лозимки, касаба уюшмасини тузиш учун ташаббускорлар сонининг камида уч нафар этиб белгиланиши амалдаги қонунчиликка зид эмас. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг жамоат бирлашмалари тўғрисидаги қонунлари жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий ҳолати асосларини белгилаб берадиган ушбу Қонундан, Қорақалпоғистон Республикасининг жамоат бирлашмалари тўғрисидаги Қонунидан, Ўзбекистон Республикасининг “бошқа қонун ҳужжатларидан” иборат бўлиши мустаҳкамланган.

Бундан ташқари, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси иккинчи қисмида “сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, диний ташкилотлар ҳамда бошқа айрим нодавлат нотижорат ташкилотларини тузишнинг, улар фаолиятининг, қайта ташкил этилиши ва тугатилишининг хусусиятлари махсус қонунлар билан тартибга солинади”. Шундай экан, касаба уюшмалари фаолияти соҳасидаги махсус қонун – бу айнан муҳокама этилаётган таянч қонундир. Шу сабабли таянч қонунда касаба уюшмаларини тузишнинг бошқа қонунларда белгиланганидан ўзгача алоҳида хусусиятлари белгиланиши мумкин.

Айтиш жоизки, бугунги кунда касаба уюшмалари нафақат корхона, ташкилот ёки бошқа иш жойларида, балки турли ишлаб чиқариш-тармоқ принципига кўра ҳам тузилиб амалиётда самарали фаолият юритиб келмоқдалар. Айнан шунинг учун таянч қонуннинг 2-моддасида касаба уюшмалари ишлаб чиқариш-тармоқ принципига кўра тармоқлар ва ҳудудлар даражасида тузилиши мумкинлиги мустаҳкамланди.

Тўртинчидан, инсоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ролини кучайтириш, улар томонидан жамоатчилик назоратини олиб боришнинг ҳуқуқий механизмини белгилаш талаб этилар эди. Шу сабабли таянч қонунда касаба уюшмалари томонидан ўтказиладиган назоратнинг турига аниқлик киритилиб, “назорат” деган сўзлар “жамоатчилик назорати” деган сўзларга алмаштирилди.

Таъкидлаш лозимки, илгари таянч қонунда иш берувчи қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги касаба уюшмасининг тақдимномасини кўриб чиқиш натижаси ҳақида бир ойлик муддат ичида хабар бериши шарт эди. Бугунги кунда эса ушбу муддат тенг ярмига қисқартирилиб, ўн беш кунлик муддат ичида иш берувчи касаба уюшмасига тақдимномани кўриб чиқиш натижаси ҳақида хабар беришга мажбур этиб белгиланди. Бу эса ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида касаба уюшмалари томонидан судларга даъво аризаларини ўз вақтида киритиш учун янада қулай шароит яратади.

Шунингдек, таянч қонуннинг 11-моддасида касаба уюшмалари томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш борасидаги ҳуқуқлари кўрсатилган. Бироқ, судларда буйруқ тартибида иш юритиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, таянч қонунда касаба уюшмаларининг судларга нафақат даъво аризалари билан, балки суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқлари ҳам мустаҳкамланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши фуқароларнинг касаба уюшмаларига уюшиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини ҳеч қандай монеликсиз рўёбга чиқаришга, инсоннинг меҳнат қилиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.


Ж.Ширинов

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси депутати


Кўришлар сони: 10889

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.11.2017
САЛОМ МУРАББИЙ

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ...

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...