Cайт ранги: A A


Янги қонунларга шарҳлар

Меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилди

Меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилди

Истиқлол йилларида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча соҳасини ислоҳ этиш, мулкчиликнинг турли шакллари пайдо бўлиши, саноатни модернизациялаш ҳамда диверсификациялаш, тадбиркорликнинг ривожланиши, янги корхона ва заводларнинг бунёд қилиниши уларда меҳнат қилаётган фуқаролар муҳофазасига бўлган муносабат ва қарашларни ҳам тубдан ўзгартиришни тақозо этмоқда. 1993 йил 6 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунини бугунги бозор иқтисодиётининг замонавий талабларига, жамиятда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш, меҳнат қонунчилиги ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш талабларига мослаштириш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланди. Шу йилнинг 23 сентябрида матбуотда эълон қилинган ва декабрь ойидан кучга кирадиган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунни ана шундай талаб ва эҳтиёжнинг маҳсули сифатида баҳолаш мумкин.

Мазкур қонун мамлакатимизда миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилиши ҳисобга олинган ҳолда, халқаро қонун нормаларига мувофиқ қайта ишлаб чиқилди. Хусусан, уни тайёрлаш жараёнида қатор вазирлик ва идораларнинг, йирик саноат корхоналари, соҳа экспертлари, олимлар, кенг жамоатчиликнинг таклифлари ҳамда халқаро тажрибалар инобатга олинди. Бунда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари ва тавсиялари инобатга олиниб, 20 дан зиёд давлатнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилиги ва тажрибаси ўрганилди.

Янги таҳрирдаги қонунда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, давлат органлари фаолиятини аниқ мувофиқлаштириб бориш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси, Меҳнат, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни муҳофаза этиш соҳасидаги ваколатлари батафсил очиб берилган. Унда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш борасида давлат органларининг ваколатларини аниқ белгилаш, ишчи-хизматчиларнинг меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ манфаатларини ҳимоя қилиш, иш жойларида етарли шароитлар яратиш, иш ўринларининг аттестациясини ўтказиш, меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ташкил этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги талабларни бузганлик учун иш берувчи ва ходимларнинг жавобгарлигини кучайтириш каби масалалар ўз аксини топди.

Мазкур қонунга мувофиқ ташкилотларда энди меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ташкил этилади. Бундай хизмат ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда жорий этилади. Бундан кўзланган мақсад — меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширишдан иборат. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий қилинади.

Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун меҳнатни муҳофаза қилишни мамлакат, тармоқ ва ҳудудлар даражасида тўғри ташкил этилишини таъминлайди. Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажаришда ҳам иш берувчи, ҳам ходимнинг масъулиятини оширади, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларининг олдини олишга хизмат қилади. Бу айниқса,  ходимлар, жумладан, вояга етмаган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Қонунда белгиланган меъёрлар Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партия­си сайловолди Платформасида кўзда тутилган мақсад-вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг экани билан ҳам аҳамиятлидир. Зеро, партия аҳоли турмуш сифати ва қулайликларини ошириш, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлашни кенгайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга кўмаклашишни ижтимоий соҳадаги бош мақсади, деб билади.  Мазкур қонун айни шу маънода электоратимиз вакиллари, умуман, ҳар бир ишчи-ходимнинг хавфсиз, эмин-эркин, хотиржам, иш жойида етарли шароитларда фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Назир СОБИРОВ,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 17204

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.08.2019
Истиқлол юксалишдир

Айни кунларида мамлакатимизда энг улуғ айёмлардан бири — Мустақиллик байрамининг ўзига хос шукуҳи...

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...