Cайт ранги: A A


Янги қонунларга шарҳлар

Ички ишлар органларининг фаолияти, ваколатлари ва ҳуқуқий кафолатлари

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд хуқуқ
масалалари қўмитаси аъзоси,

Ойбек МАМАРАХИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик
масалалари қўмитаси аъзоси


Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма беш йиллик тараққиёти мобайнида мамлакатимизда қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим бўғини бўлган ички ишлар органлари тизимини чуқуқр ислоҳ қилиш борасида улкан таъбир жоиз бўлса, асрларга таътигулик ишлар амалга оширилди. Жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқ-тартиботни сақлашнинг замонавий восита ва усулларидан фойдаланишга асосланган жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимга асос солинди. Амалга оширилган бу демократик ислоҳотлар натижаси бугунги турмуш ободлиги, юрт осойишталигига, тунларимиз ҳадик-хавотирларсиз, сокин, кунларимиз тинч, осуда, мусаффо осмон остида ўтишига мустаҳкам замин яратилди.
Шуни такидлаш лозики, куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.М.Мирзиёев томонидан имзоланган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бу борада амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларимизнинг узвий давомидир. Чунончи, мазкур қонун саккизта боб ва 49 та моддани ўз ичига олиб, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг фаолиятини тартибга солишдан иборатдир. Унда ички ишлар органларининг асосий ҳуқуқ, мажбурият, бурч ва эркинликлари белгилаб қўйилган . Шу билан бир қаторда Ички ишлар органларининг асосий вазифалари этиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат эканлиги белгилаб берилган.
Янги қабул қилинган қонунга асосан, ички ишлар органлари фаолиятни ўз ваколатлари доирасида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади: фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш; жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш; тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, жиноят ишлари бўйича суриштирув ҳамда дастлабки терговни ўтказиш; жиноятчилик ва терроризмга қарши курашиш, шу жумладан террорчилик ҳаракатларига чек қўйишда ҳамда гаровга олинганларни озод қилишда иштирок этиш йўли билан курашиш, шунингдек одам савдосига қарши курашиш; ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахсларни аниқлаш; эҳтиёт чораларини, жиноий жазони ва жиноий-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини ижро этиш, шунингдек шахсларни қидириш; маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, маъмурий жазоларни қўллаш тўғрисидаги қарорларни ижро этиш; йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш; паспорт тизими талабларининг бажарилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ва унга кириш учун зарур бўлган ҳужжатларни, доимий ва вақтинча яшаш учун рухсатномаларни беришга ҳамда расмийлаштиришга доир ишларни, паспорт тизимига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилишни амалга ошириш; фуқаровий ва хизмат қуролларининг ҳамда улар ўқ-дориларининг, саноат учун мўлжалланган портловчи материалларнинг, шунингдек пиротехника буюмларининг, гиёҳвандлик воситаларининг, психотроп моддаларнинг ва улар прекурсорларининг муомалада бўлиши соҳасида назорат қилиш; ёнғин хавфсизлигини таъминлаш; эксперт-криминалистика фаолиятини амалга ошириш; давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш; лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шунингдек лицензия ва рухсат этишга оид талабларга ҳамда шартларга риоя этилишини назорат қилиш; ҳарбий-сафарбарлик ишларини ва фуқаро муҳофазаси тадбирларини амалга ошириш; қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир ишларда иштирок этиш.

Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофликдан иборат.
Ички ишлар органлари ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширади.
Ички ишлар органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Ички ишлар органларининг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чекловчи фаолияти, агар қонуний мақсадга эришилган бўлса ёки ушбу мақсадга фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш орқали эришиб бўлмаслиги ёки эришилмаслиги кераклиги аниқланса, дарҳол тўхтатилади.
Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт.
Ички ишлар органи ходимининг ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талабларини, шу жумладан қонунга риоя этиш, ҳужжатларни, текширувлар материалларини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, мутахассис ажратиш, ички ишлар органига келиш ҳамда аниқланган қонунбузарликлар хусусида тушунтиришлар бериш тўғрисидаги, қоидабузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги қонуний талабларини барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Шунингдек мазкур қонунда ички ишлар органлари ходимларининг махсус унвонлари белгилаб берилган. Жумладан, сафдорлар таркиби – сафдор; сержантлар таркиби – кичик сержант, сержант, катта сержант; офицерлар таркиби: кичик офицерлар таркиби – лейтенант, катта лейтенант, капитан; катта офицерлар таркиби – майор, подполковник, полковник; генераллар таркиби – генерал-майор, генерал-лейтенант, генерал-полковник.
Янги қонунга мувофиқ, ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мажбурий тартибда махсус касбий тайёргарликдан ёки қайта тайёргарликдан ўтади.
Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасалари, шунингдек бошқа таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг тингловчилари ва курсантлари ички ишлар органларида хизматда деб ҳисобланади, чет эл фуқаролари бундан мустасно.
Мазкур қонунда ички ишлар органлари ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари ҳам белгилаб берилган. Бунга мувофиқ, ички ишлар органи ходими давлат органи вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади ҳамда у хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиққа бўйсунади.
Қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким ички ишлар органи ходимининг қонуний фаолиятига аралашиш, ички ишлар органи ходимини қонун билан ички ишлар органлари зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. Қонунга зидлиги аниқ бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда ички ишлар органи ходими уни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга ва қонунга амал қилиши шарт.
Ички ишлар органи ходими ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти ҳақида бирор-бир тушунтириш беришга, шунингдек бундай ишлар ва материалларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ишлар ҳамда материалларни танишиб чиқиш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан бошқача тарзда тақдим этишга мажбур эмас.
Ички ишлар органларининг ходимлари ўзига нисбатан қабул қилинган қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан юқори турувчи мансабдор шахсларга, прокурорга ёки судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Мазкур қонуннинг тўла кучга кириши учун амалдаги бир қатор қонун ости ҳужжатларини унинг нормаларига мувофиқлаштириш лозим бўлади. Шу жиҳатдан мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга кириши учун олти ойлик муддат белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонуннинг ҳаётимизга жорий этилганлиги мамлакатимизда уюшган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш баробрарида ички ишлар органлари мақоми ҳамда нуфузини мустаҳкамлашга, улар фаолиятида қонунийликни таъминлашга, ички ишлар ходимларнинг ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни ижро этиш бўйича масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.


Кўришлар сони: 28832

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.06.2019
Шифо – ўринлари қачон тартибга келади?

Тадбирда ушбу масалалар мисолар орқали таҳлил қилинди. Хусусан, Наманган шаҳридаги биргина 300 та...

17.06.2019
Ўзбекистон — Германия: парламентлараро муносабатлар мустаҳкамланмоқда

2019 йил 17 июнь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик ...

14.06.2019
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси зиммасидаги вазифаларни қай даражада уддаламоқда?

Жорий йилнинг 14 июнь куни Ўзбекистон Републикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ...