Cайт ранги: A A


Янги қонунларга шарҳлар

Йўл ҳаракати ҳодисаларининг 54,5 фоизи пиёдалар томонидан содир этилмоқда. Янги таҳрирдаги йўл қоидалари ҳақида

Йўл ҳаракати ҳодисаларининг 54,5 фоизи пиёдалар томонидан содир этилмоқда. Янги таҳрирдаги йўл қоидалари ҳақида

Маълумки, мустақиллик йилларида республикамиз иқтисодиётининг барча соҳа ва тармоқлари жадал ривожланиб, халқимизнинг фаровон яшаши, давлатимизнинг обод бўлишига улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Шулар қатори автомобиль транспортлари ишлаб чиқариш соҳасининг ривожланиши ўз навбатида Ўзбекистоннинг жаҳондаги автомобиль ишлаб чиқарувчи етакчи давлатлар сафидан ўрин олишига хизмат қилди. Бугунги кунда Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида турли русумдаги автотранспорт воситалининг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган транспорт воситалари нафақат экспорт товар сифатида аҳамиятли бўлиб, балки ватандошларимизнинг уларга бўлган эҳтиёжи тобора ошиб бораётганлиги ҳам муҳимдир.

Республикамиз йўлларида транспорт воситаларининг кўпайганлиги, ўз навбатида, ўзига ҳос муайян масалаларнинг ечимини талаб этади. Гарчи барча шаҳар ва вилоятларимизда эски йўллар қайта таъмирланиб, транспорт ҳайдовчилари ва йўловчилар учун анча қулайликлар яратилиб, транспорт воситалари ҳаракатланаётган йўлларнинг сифатини ошириш борасида кўпгина амалий ишлар олиб борилаётган, йўловчиларнинг манзилига соғ-саломат етиб боришлари, йўлда керакли шарт-шароитларга эга бўлишлари мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан бир қатор ижобий ва аниқ чора-тадбирлар кўрилаётган бўлса-да, бу борада жиддий муаммолар ҳам юзага келмоқда.

Йўлларда транспорт воситаларининг кўпайиб бораётганлиги натижасида катта-кичик йўл ёки кўча бўлишидан қатъи назар, турли йўл-транспорт ҳодисаларининг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Йўл қоидаси – умр фойдаси, деб бежиз айтилмаган. Зеро, ҳар бир йўловчи ва ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши қанчадан-қанча фалокатларнинг олдини олиши барчамизга маълум. Аммо, афсуски, оддий эҳтиёткорлик қоидаларига ҳар доим ҳам риоя этилавермайди. Оқибатда ҳаракат вақтида мобиль телефонда гаплашиш, мусиқа тинглаш, маст ҳолда бошқариш, тезликни ошириш, пиёдалар томонидан нотўғри ҳаракатланиш кўпгина моддий зарарлар, маънавий йўқотишлар ва инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавф келтириб чиқармоқда.

Бу борада шуни таъкидлаш лозимки, АҚШда ҳар йили ҳаракат вақтида телефонда гаплашиш оқибатида юзага келаётган йўл-транспорт ҳодисаларида икки ярим минг нафар ҳайдовчи ҳаётдан кўз юмиб, 300 мингдан зиёд киши турли даражадаги тан жароҳати олмоқда. Дунё бўйича ҳар куни 3 мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланаётган бўлса, 100 мингга яқин киши турли даражада тан жароҳати олмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари дунёда 1 миллион 300 минг кишининг ҳаётига нуқта қўяди. Бунга яна 20-50 миллион атрофидаги одам тан жароҳати олиши, баъзилари умрбод ногирон бўлиб қолишини ҳам қўшсак, фалокат кўлами янада кенгаяди, жабрланувчиларнинг аксариятини пиёдалар, мотоцикл ва велосипед ҳайдовчилари ташкил этмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг башорат қилишича, 2020 йилга бориб йўллардаги бахтсиз ҳодисалар инсоният ҳалокати, жароҳат олишига сабаб бўлувчи асосий учинчи омилга айланиши мумкин. Бу эса, борада баъзи хасталикларни ҳам ортда қолдиради. “The Wall Street Journal” маълумотига кўра, автоҳалокатларнинг аксарияти Африка ва Ўрта ер денгизи мамлакатларида юз бермоқда. Голландия, Швеция, Буюк Британия каби давлатлар йўл-транспорт ҳодисалари энг кам содир бўлаётган мамлакатлардир. Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Россия, Бразилия, Эрон, Мексика, Индонезия, ЖАР ва Миср мамлакатларида содир бўлган автоҳалокатлар бу борадаги дунё кўрсаткичининг 62 фоизини ташкил этади. Бу эса ҳайдовчи ва пиёдалар масъулиятини янада оширишга, йўл қоидаларига риоя қилиш маданиятини юксалтиришни тақозо этади.

Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларининг такомиллаштирилаётгани фуқаролар манфаатларини муҳофаза қилиш, инсон ҳаётини асрашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. 2013 йил 10 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки, атроф-муҳитни ҳимоя қилишда ҳуқуқий асос бўлмоқда. Мазкур Қонун соҳага оид норматив базани ва халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ишлаб чиқилган. 2011 йил 27 апрелда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинган. Унга кўра, йўл-ҳаракати қоидабузарликларининг аксарияти учун ягона жарима миқдори белгиланган. Шунингдек, қоидабузарликлар учун жарима миқдорлари оширилиб, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш муддатлари узайтирилган. Айримлари учун эса жавобгарлик янада кучайтирилган. Мазкур қонун кучга кирганидан бери йўл-транспорт ҳодисалари, қоидабузарлик йилдан-йилга камайиб бормоқда. Мисол учун, ўтган йилги қоидабузарликларни мазкур қонун қабул қилинишидан олдин, яъни — 2010 йил билан таққослаганда, қарийб 30,2 фоиз камайганини кўриш мумкин. Ўтган йил якуни бўйича амалга оширилган ишларнинг таҳлили мамлакатимиз йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар, пиёдалар айби билан содир бўладиган турли нохуш ҳолатларнинг кўпайишига қарши кураш анча самарали давом этаётганини кўрсатди. Яъни, бу 2013 йил билан солиштирилганда, 2,9 фоизга камдир. Шу билан бирга, қўпол қоидабузарликлар ҳам 3,3 фоиз​га камайди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХ Бош бош​қармаси ҳар йили мунтазам ўтказаётган “Диққат, болалар”, “Таътил”, “Диққат, пиёда”, “Яшил чироқ”, “Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги” каби тадбирлар йўл-транспорт ҳодисалари сонининг камайишига, аҳоли, хусусан, болаларнинг йўл қоидалари борасидаги билимини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

2013 йил 10 апрелдаги Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг ижросини таъминлаш мақсадида 2015 йил 24 декабрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири тасдиқланди.

Ушбу қоидаларга мувофиқ йўл ҳаракати қатнашчиларининг мажбуриятлари кенгайтирилди. Хусусан, ҳаракатланаётган вақтда автомобиль салонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланди, мотоцикл ва мопедда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва йўловчилар махсус мотошлем кийиб, уни қадаб олишлари шартлиги белгилаб қўйилди.

Сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда мажбурий тўхтаган транспорт воситасининг ҳайдовчиси таъмирлаш мақсадида йўлнинг қатнов қисмига чиқишдан олдин нур қайтаргичли махсус жилет кийиб олиш (енгил ва юк автомобили, автобус ва ғилдиракли тракторлар ҳайдовчилари) мажбурийлиги белгиланди.

Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-, видео маҳсулотларни кўриш, радио, аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тергов ва суриштирув органлари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра бевосита пиёдаларнинг айби билан 2014 йил давомида содир этилган 506 та транспорт ҳодисалари натижасида 124 та пиёда ҳалок бўлган, 431 одамга тан жароҳати етказилган. Худди шундай ҳолат 2015 йилда ҳам кузатилган.

Йўл ҳаракати ҳодисаларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ушбу ҳодисаларнинг 54,5 фоизи пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда. Ушбу ҳодисаларга асосан пиёдаларнинг светофор ишораларига, йўл белгиларига, йўл чизиқларининг талабларига риоя этмаслиги, йўлнинг пиёдалар учун таъқиқланган қатнов қисмида бўлиши ва бошқа хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслиги сабаб бўлмоқда.

Ҳозирги кунда аҳоли, айниқса ёшлар томонидан алоқа воситалари, компьютер, аудио-видео техникалардан йўлнинг пиёдалар кесиб ўтадиган ҳамда автомобиль қатнови қисмида фойдаланишлари уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солган ҳолда йўл ҳаракати ҳодисаларининг юзага келаётганлиги кўп учрамоқда.

Шу билан бирга, пассажир транспорти иштирокидаги йўл ҳаракати ҳодисасининг олдини олиш чоралари юзасидан хорижий тажрибани ўрганиш куннинг ёруғ вақтида йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида, мотоцикл ва мопедларда яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши шартлиги юзасидан талабларнинг такомиллашувига хизмат қилди.

Бу борада шуни таъкидлаш лозимки, юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ равишда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг нормаларини янада такомиллаштириш ҳамда йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларнинг самарали олдини олиш учун 2016 йил 23 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.М.Мирзиёев томонидан имзоланиб, кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125, 128, 138-моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, мазкур Кодексда мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига амал қилмаганлик, ҳайдовчиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фавқулодда вазиятда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача билан жиҳозланмаган, ўт ўчиргич, тиббиёт қутичаси, авария ҳолатида тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичли камзул билан бутланмаган транспорт воситасини бошқарганда, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиши, пиёдаларнинг эса, йўлнинг қатнов қисмида, шу жумладан пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши, шунингдек эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқарган ҳолларда йўл ҳаракати қатнашчиларига тегишли маъмурий жавобгарлик чоралари ўрнатилишини назарда тутади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши йўл ҳаракати иштирокчиларининг масъулиятини оширган ҳолда, йўл ҳаракати ҳодисаларининг содир этилишини камайишига ҳамда уларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ойбек МАМАРАХИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик
масалалари қўмитаси аъзоси,

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ
масалалари қўмитаси аъзоси.


Кўришлар сони: 31520

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.08.2019
Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Таълим ва тарбия — бутун жамиятнинг иши

Ҳар бир мамлакатнинг янада тараққий этиши, дунё мамлакатлари орасида етакчи бўлиши инновацион ва...

24.08.2019
Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА: Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи

Дунёда инсон учун энг муҳим иш — фарзандини ўқимишли, зиёли қилиш бўлса, давлат учун энг долзарб...

24.08.2019
Ёрмамат ХОЛИЯРОВ: “Тарбия” фани миллий таълим жараёнида ўқитилиши — энг мақбул йўл

Бу — адолатнинг қарор топгани, таъбир жоиз бўлса, ғалабасидир. Зиёли, ўқимишли инсон элда азиз бўлиши,...