Cайт ранги: A A


Янги қонунларга шарҳлар

Қонун билан ов қилиш ва балиқ овлаш жойлари мақоми қатъий белгиланди

Қонун билан ов қилиш ва балиқ овлаш  жойлари мақоми қатъий белгиланди

Жорий йилнинг 19 сентябрида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни тасдиқланиб, матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида барқарор ривожланишни таъминлашга, атроф муҳитни муҳофаза қилишга, табиий ресурслардан, шу жумладан биологик ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган изчил ижтимоий-иқтисодий ва экологик сиёсатни амалга ошириб келмоқда.

Маълумки, ҳайвонот дунёси биосферанинг таркибий қисми, экологик тизим занжирининг ажралмас бўлаги ва табиатда модда алмашинуви жараёнининг зарурий компоненти ҳисобланиб, табиий жамоаларнинг фаолият кўрсатишини, табиий муҳитнинг бошқа элементлари – тупроқ унумдорлиги, ўсимлик қопламининг шаклланиши, сувнинг биологик хоссалари ва бошқа сифати ҳолатларини таъминлаб беради.

Ҳозирда Ўзбекистон фаунаси таркиби 15 миндан зиёд умуртқасиз ҳайвонлар, 709 турдаги умуртқали ҳайвонлар (шу жумладан, 109 турдаги сут эмизувчилар, 470 турдаги қушлар, 64 турдаги судралиб юрувчилар, 63 турдаги балиқлар ва 3 турдаги амфибиялардан иборат бўлиб, Ўзбекистон Қизил китобига жами 184 турдаги ҳайвонлар киритилган.

«Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, кейинги ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ўз миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ва ушбу соҳада халқаро муносабатларга интеграллашув мақсадида бир қатор муҳим халқаро экологик ҳужжатларга қўшилди.

Ўзбекистон Республикасининг юқорида қайд этилган конвенцияларга ва бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилиши, шунингдек мазкур соҳада давлатлараро келишувларнинг имзоланиши биологик ресурсларни муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш ва такрор етиштириш масалаларини хал этишда муҳим роль ўйнади.

Бундан ташқари, мазкур Қонун қабул қилингандан кейинги ўтган давр мобайнида биологик ресурсларни, шу жумладан ҳайвонот дунёсини сақлаш ва улардан самарали фойдаланишга йўналтирилган ушбу соҳага оид 31 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва идоравий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу билан биргаликда, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг бажарилишини ва амалдаги қонун нормалари доирасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш натижалари қонунчиликнинг ҳозирги кундаги ривожланиши ва халқаро шартномаларнинг қоидаларини инобатга олган ҳолда янги ҳуқуқий нормаларни қабул қилиш зарурати мавжудлигини ҳам кўрсатди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 2015 йил 23 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаларида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва ташкилий-ҳуқуқий ишлари дастурига мувофиқ, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Экология ва атроф муҳитнги муҳофаза қилиш масалалари ва Аграр ва сув ҳўжалиги масалалари қўмиталари ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (янги таҳрирда) ишлаб чиқиш устида муаян ишларни амалга оширилди.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида халқаро конвенция ва битимлар, шунингдек ушбу соҳадаги халқаро ташкилотларнинг, Европа Иттифоқининг ҳуқуқий ҳужжатлари, АҚШ, Германия, Хитой, Япония Россия, Беларусь, Эстония Молдова каби давлатларнинг соҳага оид қонунчилик амалиёти ўрганилди.

Янги таҳрирдаги “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун нормаларида мавжуд халқаро талаблар, ҳуқуқни қўллаш амалиётида фойдаланилаётган, қонуности ҳужжатларида белгиланган ҳамда замон талабига жавоб берадиган қоидалар инобатга олинди ҳамда қонунчилик техникасидан келиб чиққан ҳолда унинг тузулмаси такомиллаштирилиб, аввалги Қонун 41 та моддадан иборат бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Қонун 6 та боб, 53 та моддадан иборат тарзда баён этилди.

Қабул қилинган Қонунда, биринчи навбатда Қонунда фойдаланилган тушунча ва атамаларни турлича изоҳ этилишини истисно этиш ҳамда қонун ҳужжатида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўллаш мақсадида 3-моддада «ёввойи ҳайвонлар», «ёввойи ҳайвонларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари», «зоология коллекцияси», «ҳайвонот дунёси», «ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш», «ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар» деган асосий тушунчалар берилди.

Қонунинг 4-моддаси билан ҳайвонот дунёси умуммиллий бойлик бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш лозимлиги ва у давлат томонидан муҳофаза қилиниши, табиий эркинлик ҳолатида яшаётган, шунингдек табиий яшаш муҳитига чиқариб юборилган ёввойи ҳайвонлар давлат мулки ҳисобланиши билан биргаликда, ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқинликда сақланаётган ва (ёки) етиштирилган ёввойи ҳайвонлар юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги янги нормалар киритилди.

Қонунга кўра, ёввойи ҳайвонлар, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари ва зоология коллекциялари ҳайвонот дунёси объектлари ҳисобланиб, юридик ва жисмоний шахслар ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар бўлиши мумкин.

Қонунинг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасини тартибга солиш” деб номланган 2-бобида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсати ва бошқарувнинг асосий йўналишлари, давлат бошқарувини амалга оширувчи органларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг  ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида ваколатлари аниқ белгилаб қўйилди.

Қонуннинг 13 ва 14-моддаларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашда иштирок этиши ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашда иштирок этиши бўйича нормаларнинг белгилаб қўйилиши ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишнинг илмий асосларини янада кучайтиришга ва соҳасига оид чора-тадбирларини амалга оширишга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ҳужжатнинг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш” деб номланган бобининг тегишли 15-23-моддалари билан ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларнинг аниқ йўллари, ҳайвонот дунёси объектларини давлат ҳисобига олиш ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш, ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри юритиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини муҳофаза қилиш ва уларни табиий яшаш муҳитидан ажратиб олиш, ёввойи ҳайвонларни, шунингдек уларнинг қисмларини, яшаш фаолияти маҳсулотларини, зоология коллекцияларини, ўлжаларни ва тулумларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, ҳайвонот дунёси мониторинги, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги назоратни амалга ошириш тартиби белгиланган.

Қонуннинг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид талаблар” деб номланган 4-бобида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид асосий талаблар, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни келишиб олиш масаласи, ҳайвонот дунёсининг ҳолатига таъсир кўрсатадиган фаолиятга доир талаблар, хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида ёввойи ҳайвонлар касалликка чалинишининг ҳамда нобуд бўлишининг олдини олиш, уларнинг яшаш муҳитини, урчиш жойларини ва  кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолиш чоралари ва талаблари, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат экологик экспертизаси объектларини аниқлаштирувчи моддалар баён этилган.

Қонуннинг “Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш. Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш турлари ва усуллари” деб номланган боби моддалари нормаларида ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш тартиби, ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш турлари ва усуллари, ов қилиш ҳамда ов қилишни амалга ошириш шартлари, балиқ овлаш ва балиқ овлашни амалга ошириш шартлари, ов қилиш ва балиқ овлаш жойлари мақоми, овчилик ва балиқ овлаш хўжалигини юритиш тартиби, ёввойи ҳайвонларни янги жойларга кўчириш, иқлимга мослаштириш ва чатиштириш тартиби, ҳайвонот дунёси объектларидан маданий-маърифий, тарбиявий ва эстетик мақсадларда, илмий ва назорат ишларини амалга ошириш учун, ёввойи ҳайвонлар яшаш фаолиятининг фойдали хусусиятларидан ҳамда ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлаш, ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш, зоология коллекцияларини ташкил этиш, ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишни чеклаш ва тақиқлаш, махсус фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш, ғайриқонуний равишда тутилган ёввойи ҳайвонларни, уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини, уларни ғайриқонуний равишда тутиш қуроли ва воситаларини олиб қўйиш шартлари мустахкамланди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунини амалиётга тадбиқ этилиши мамлакатимиз ҳудудларида ёввойи ҳайвонларнинг хилма-хиллигини сақлаб қолиш ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларни янада кенгроқ ҳал этишга, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилиб,  юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши бўйича жавобгарлигини ошириш имконини беради.

Содиржон Джакбаров 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси

депутати


Кўришлар сони: 23267

Депутатлар минбари

Новостная лента

22.08.2019
Миллий ахборот маконини ривожлантиришда журналистика соҳасининг устувор вазифалари муҳокама этилди

Қайд этилганидек, миллий ахборот соҳасининг либераллаштирилиши аҳолининг медиа саводхонлигини оширишга,...

21.08.2019
Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ислоҳотлар халқимизга нима беряпти?

Шу ўринда бир маълумот. Юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало гўшт, сут ва қишлоқ...

21.08.2019
Истиқлол юксалишдир

Айни кунларида мамлакатимизда энг улуғ айёмлардан бири — Мустақиллик байрамининг ўзига хос шукуҳи...