Cайт ранги: A A


НОРМА ИЖОДКОРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ АМАЛДА

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам

Ҳуқуқ нормалари кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Улар қанча пишиқ, ҳаётий аҳамият касб этса, шунча тўғри ва равон ишлайди. Ҳар бир ижтимоий муносабатнинг қонун нормалари билан тартибга солиниши ҳуқуқий давлатнинг асосий белгисидир. Мукаммал, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ҳаётга татбиқ этиш жамият юксалишини таъминлаш йўлидаги муҳим вазифадир. Шу нуқтаи назардан, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан норма ижодкорлиги фаолиятига доимий ва алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 8 августдаги Фармони билан Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинган эди. Концепция мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятининг янги даврини бошлаб берди, десак айни ҳақиқатдир. Чунки, узоқ йиллар давомида шаклланган амалиёт бугунги кунда жамиятнинг ўсиб келаётган талабларига мутлақо жавоб бермаётган, эътибордан четда қолиб кетган эди.

Эндиликда Концепция асосида қонун ижодкорлиги жараёни мутлақо янгича моҳият касб этмоқда. Ижтимоий муносабатларнинг аввалги ўзини оқламаган тарқоқ ҳолда тартибга солиш амалиётига бутунлай барҳам берилмоқда.

Бу 2019 йил 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича Комиссиянинг навбатдаги йиғилишида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.


Қонунчилик палатаси Спикери раислигида ўтган мажлисда депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, илмий-эксперт доира вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши Давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалар асосида мамлакатимизда сифатли қонунчилик базасини яратиш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлади.

Парламент вакиллари томонидан норма ижодкорлиги соҳасидаги олиб борилаётган ишлар алоҳида эътиборга молик. Яқинда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди. Ҳозирда ушбу лойиҳанинг Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёргарлик ишлари ўз якунига етмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан илгари сурилган «Қонунлар ёпиқ эшиклар ортида қабул қилинмайди» деган олижаноб ғоянинг ижобати ушбу қонун лойиҳаси бўйича муҳокамаларга
илмий-эксперт доира вакиллари, амалиётчи ҳуқуқшунослар жалб қилинишида ҳам ўз аксини топди.


Мазкур қонун лойиҳасида эндиликда қонун хужжатларини қабул қилишнинг асослари ва тартиби, қонуности хужжатларни тартибга солиш доираси аниқ белгиланмоқда. Унга кўра, қонун билан тартибга солинадиган масалалар бўйича қонуности ҳужжатларни қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Йиғилишда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш бўйича Ягона услубиёт қоидаларининг амалиётда қўлланилиши натижалари ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, узоқ йиллар давомида шаклланган амалиётни «қолипдан» чиқариш осон иш эмас. Норма ижодкорлигининг замонавий, илғор тамойилларини жорий этиш бугунги давр талаби. Таҳлилларга кўра, ҳуқуқий экспертизага келиб тушган 1 806 та ҳужжатдан 930 тасининг Ягона услубиёт қоидалари талабларига жавоб бермагани аниқланган. Мазкур ҳолат Ягона услубиёт қоидаларининг юридик мақоми билан боғлиқдир.

Шу сабабли, вужудга келаётган кўплаб муаммоларга чек қўйиш мақсадида ушбу ҳужжатни «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасига илова сифатида қонун билан тасдиқлаш комиссия аъзолари томонидан маъқулланди.

Комиссия йиғилишида айрим мунозарали масалалар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, қонун лойиҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларини бекор қилишга оид масалалар ҳақида гап борган. Бироқ ушбу қарорларни бекор қилишнинг аниқ механизми белгиланмаган.

Яна бир муҳим масала. Қонун лойиҳасида конституциявий қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг алоҳида тури сифатида кўрсатиб ўтилмоқда. Ўринли савол туғилади: конституциявий қонун тушунчасини алоҳида бўрттириб кўрсатиш қанчалик мақсадга мувофиқ? Аксарият ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳар қандай масалалар юзасидан қонун қабул қилиниши мумкин бўлиб, улар алоҳида турларга бўлинмайди. Қолаверса, қонун лойиҳасида конституциявий қонун ва қонуннинг фарқлари оддий ва аниқ-равшан белгиланмаган.

Қизғин баҳс-мунозаралар, ўзаро тортишувлар асосида кечган комиссия йиғилишида экспертлар фикри яна бир бор таҳлил қилиниб, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида инобатга олиниши лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича ишларни янада кучайтириш юзасидан комиссиянинг олдидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.


Кўришлар сони: 1132

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...