Cайт ранги: A A


НОРМА ИЖОДКОРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ АМАЛДА

Қонун ижодкорлиги фаолияти тобора халқчил ва ҳаётий аҳамият касб этмоқда

Қонун ижодкорлиги фаолияти тобора халқчил ва ҳаётий аҳамият касб этмоқда

Ҳар бир фуқаро ҳар куни бирон-бир ҳуқуқ нормасига тўқнаш келади. Ҳуқуқ нормалари қанчалик самарали бўлса, ҳаёт ва турмуш фаровонлиги ошади. Ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта тайёрланган қонунларда ҳаётий ва халқчил тамойиллар устувор аҳамият касб этса, уни амалиётга татбиқ қилиш ҳам самарали кечади. Аксинча, амалга оширишнинг аниқ механизмига эга бўлмаган, фақатгина умумий масалаларни ҳал этадиган қонун ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради.

Жараён

Ўтган йили Президентимизнинг Фармони билан Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинган эди. Бу эса норма ижодкорлиги фаолиятида янги даврни бошлаб берди.

Юртбошимизнинг ушбу тарихий Фармони бугунги кунда юртимизда барча соҳада олиб борилаётган шиддатли, энг асосийси, халқимизни рози қилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг. Очиғини айтиш керакки, мазкур ҳужжат узоқ йиллар давомида шаклланган норма ижодкорлиги фаолиятига баҳо берибгина қолмай, мавжуд муаммолар, шу жумладан, кўпгина масалалар ва уларнинг оқилона ечимини топиб берди.

Хусусан, илгари қонунлар ижтимоий муносабатларнинг энг умумий жиҳатларини тартибга солар, ҳукумат ва идоравий ҳужжатларнинг қонунга нисбатан юридик кучи камроқ бўлса-да, айнан улар қонунларни ишлаш механизмини белгилаб бераётган ҳамда ҳаракатга келишини таъминлаётган эди. Амалиётда эса ҳуқуқий бўшлиқнинг асосий қисми ижро ҳокимияти ҳужжатлари билан тўлдириларди.

Эндиликда концепцияда соҳада тўпланиб қолган муаммоларни тўлиқ бартараф этиш, жумладан, қонунчилик базасини тизимлаштириш, тўғридан-тўғри амал қилиш механизмларига эга қонунларни қабул қилиш, ҳар бир қонун ҳужжати баҳосини аниқлаш механизмларини жорий этиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳамда 2019 йилга мўлжалланган Давлат дастурида  қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, тўғридан-тўғри амалиётда қўлланадиган қонунлар қабул қилиш лозимлигини таъкидлаган эди.

Шундан келиб чиқиб, парламентнинг қуйи палатаси томонидан норма ижодкорлиги бўйича илғор тажрибага эга 20 дан ортиқ ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Жанубий Корея ва Туркия амалиёти ҳамда замонавий илм-фан ютуқлари чуқур ўрганилди ва таҳлил қилинди. Уларнинг ижобий ютуқлари асосида бугунги кунда самарали, халқчил қонунларни ишлаб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Фаолиятда нима ўзгарди?

Қонун ижодкорлиги ўзига хос мураккаб усул ва воситалар мажмуидан иборат бўлиб, жамиятда ҳуқуқ нормасига бўлган эҳтиёжни аниқлашдан то тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга кириб, ижроси мониторингини амалга оширишгача бўлган барча жараённи қамраб олади.

Айтиш жоизки, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланишида қонунчиликнинг мақбуллиги, мукаммаллиги, халқчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Қисқача айтганда, жамият ва давлат тараққиёти қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатига боғлиқдир.

Шу сабабли, парламент фаолиятида ишлар янгича ёндашув асосида ташкил этилмоқда. Жумладан, қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилиши натижасида, агар 2015 йилда депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида бор-йўғи 8 та, 2016 йилда 11 қонун лойиҳаси киритилган бўлса, 2017 йилда 27 та, 2018 йилда 23 та ва жорий йилнинг ўтган даврида 17 тани ташкил этди. Миллий парламентимизда бундай кўрсаткич аввал бўлмаган.

Яна бир муҳим жиҳат. Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган қонун лойиҳалари сони ўрта ҳисобда қарийб 2,8 бараварга ошди. Агар 2016 йилда қуйи палата 49 та қонун лойиҳасини кўриб чиққан бўлса, 2018 йилда бу рақам 135 тани ташкил этди. Ўтган давр мобайнида палатага киритилган 68 та қонун лойиҳаси қайта ишланиб, 60 — 85 фоиз ўзгартирилди.

Парламентда тўғридан-тўғри амалиётда қўлланадиган қонунларни тайёрлашга жиддий киришилди. 2018 йилдаги “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”, “Уруғчилик тўғрисида”, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”, 2019 йилдаги “Қурол тўғрисида”, “Туризм тўғрисида”, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, концепция ижроси доирасида жорий йилнинг 26 март куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан 2 та муҳим ҳужжат қабул қилинди.

Хусусан, шу вақтга қадар қонун ва қонуности ҳужжатлари тарқоқ ҳолда юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириб келинган бўлса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, уларга илова қилинаётган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти тасдиқланиши билан бу муаммолар ўз ечимини топди. Айни пайтда мазкур услубиёт норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нафақат техник жиҳатларини, балки уларда акс этиши зарур бўлган таркибий қисмларни, шунингдек, ҳужжатга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материаллар мазмунига қўйилган талабларни ҳам аниқ белгилаб берди.

Қабул қилинган яна бир муҳим ҳужжат, бу — тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларда тизимлаштирилиши ва унификация қилиниши лозим бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича “Йўл харитаси”дир. Унда аксарият қонуности ҳужжатларини яхлит қонун шаклига келтиришга қаратилган 60 га яқин қонунларни қабул қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. “Йўл харитаси”да ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштирган ҳолда 2019 йилда 25 та, 2020 йилда 19 та ва 2021 йилда 17 та қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш назарда тутилган. Хусусан, Соғлиқни сақлаш, Инвестиция, Экология кодексларини ва бошқа муҳим қонунларни қабул қилиш назарда тутилди. Биргина мисол, “Адвокатлик фаолияти ва адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан адвокатура институтига оид 2 та қонун ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари тизимлаштирилади. Ўтган вақт давомида Сайлов кодекси, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, “Йўл харитаси”да умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқартириш каби муҳим масалалар ҳам қамраб олинган. Шу асосда 200 га яқин қонунлар ва 500 дан зиёд қонуности ҳужжатлари тизимлаштирилади.

Концепциянинг том маънодаги «юраги»

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепциясининг том маънодаги “юраги” ҳисобланган ҳужжат, шубҳасиз, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонундир.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, 2012 йилда қабул қилинган, 7 боб, 44 моддадан иборат амалдаги қонун норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли ташкил этиш ҳамда тўғридан-тўғри амал қилиш механизмларига эга эмас. Масалан, бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, келишиш ва қабул қилиш масалалари 10 га яқин турли юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда. Биргина 2008 — 2017 йилларда 8 мингдан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинган бўлса, уларнинг ярми бекор қилинган, хусусан, 2017-2018 йилларда қарийб 900 дан зиёд ҳужжатлар тўлиқ ёки қисман бекор қилинган.

Куни кеча “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди ва маъқулланди. Соҳага оид барча қонуности ҳужжатларини тизимлаштирган қонун лойиҳаси 9 боб ва 67 моддадан иборат бўлиб, қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган янги тартиб ва қоидалар билан янада такомиллаштирилди.

Хусусан, эндиликда қонун ҳужжатларини қабул қилиш асослари ва тартиби, қонуности ҳужжатларининг тартибга солиш доираси аниқ белгиланмоқда. Унга кўра, қонун билан тартибга солинадиган масалалар бўйича қонуности ҳужжатларини қабул қилишга йўл қўйилмаслиги қатъий мустаҳкамланмоқда.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида жамоатчилик фикрини ўрганишга алоҳида эътибор берилаётир. Эндиликда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари, мажбуриятларига дахлдор, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига, атроф-табиий муҳитга таъсир қилувчи лойиҳалар бўйича мажбурий жамоатчилик муҳокамаси ўтказилади.

Лойиҳада иқтисодий, молиявий, илмий, лингвистик экспертизаларни ўтказиш механизмлари, коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш тартиби ҳам қонун даражасида мустаҳкамланяпти.

Тан олиб айтиш керакки, ҳозирги кунда қонун ҳужжатларининг мамлакат иқтисодиёти, фуқароларнинг ҳаёти ва турмуш тарзи ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фаолияти ва ишбилармонлик муҳитини тартибга солишдаги таъсирчанлиги тўлиқ баҳоланмаган. Бу эса  фуқаролар ва тадбиркорларга ўзини оқламаган молиявий харажатлар, давлат ва унинг органлари олдида асоссиз мажбуриятларни келтириб чиқармоқда.

Шу боис норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишни режалаштириш, ишлаб чиқиш босқичларида уларнинг таъсирини мажбурий баҳолашни назарда тутувчи принципиал янги тизим жорий этилаётир. Унга асосан, эндиликда ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ижро этилиши, содда қилиб айтганда, “неча пулга тушиши” таҳлил қилинади.

Қонун лойиҳасида қатор янгиликлар бўлиб, уларнинг барчаси пировард мақсад — амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашни такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга, тадбиркорлик субъектларининг кафолатлари, ҳимояси ва қўллаб-қувватлашини таъминлаш, уларнинг фикрларини тўлақонли ҳисобга олиш ва “Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун” принципини ҳар томонлама рўёбга чиқаришга қаратилган.

«Mening fikrim» махсус веб-портали халқимизга нима бермоқда?

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши лозим, деган олижаноб ғояни илгари сурган эди. Қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида 2018 йилнинг 20 апрелида “Mening fikrim” махсус веб-портали ишга туширилди. Парламент ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти веб-порталнинг модератори этиб белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, “Mening fikrim” веб-портали орқали мурожаатни юбориш ва уни кўриб чиқишнинг жуда ҳам содда ва халқчил тартиби йўлга қўйилди. Биргина 2018 йилда веб-порталга фуқаролар томонидан 2 мингга яқин жамоавий мурожаатлар келиб тушган бўлса, жорий йилнинг шу даврида улар сони 3,5 мингтани ташкил этди.

Дастлаб мурожаатлар тааллуқлилигига кўра, Олий Мажлис палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан кўриб чиқилган бўлса, Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси асосида ваколатли органлар доираси кенгайтирилди. Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг 2019 йил 2 февралдаги қўшма қарори билан “Mening fikrim” веб-порталида мурожаатларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган давлат органлари қаторига Вазирлар Маҳкамаси ҳам киритилиши фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Бу мурожаатларда кўзда тутилган таклифларнинг аксарият қисмини ижро ҳокимияти органларига тааллуқли масалалар ташкил этганлиги билан изоҳланади. Келиб тушган мурожаатлар, асосан, таълим, қурилиш, тадбиркорлик, туризм, cоғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик каби соҳаларга оид масалалардир. Улар асосида етарли овоз тўплаган 200 дан зиёд жамоавий мурожаатлар веб-порталга жойлаштирилди.

Мурожаатларнинг амалий ифодаси сифатида жорий йилда Навоий шаҳрида Тошкент ахборот технологиялари университетининг филиали очилди, сиртқи таълим шаклида ўқиётган талабаларнинг тўлов-контракт суммаларини камайтириш тўғрисидаги мурожаатлар юзасидан Ҳукумат томонидан фуқароларнинг таклифлари инобатга олиниб, ижобий қарорлар қабул қилинди.

Айни пайтда вақтни тескари ҳисобловчи светофорларни ўрнатиш ҳақидаги мурожаат юзасидан қабул қилинган қарор йўл-транспорт ҳодисалари сони камайишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, хусусий автотранспорт воситаларининг ойналарини қорайтиришга рухсат берилиши транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ва йўловчилари учун қулай шарт-шароитлар яратган бўлса, автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизими бекор қилиниши ортиқча оворагарчиликнинг олдини олишга замин яратди.

Эътиборлиси шундаки, веб-порталга келиб тушган мурожаатларнинг долзарблиги инобатга олиниб, овоз тўплаш жараёни якунланмасдан ҳам ҳаётга татбиқ этиб борилмоқда. Юртимизнинг ҳар бир масканида давлатимизнинг улкан байроғини ўрнатиш, велосипедлар учун махсус йўлак ташкил қилиш, Олий Мажлис палаталарининг мажлисларини жонли эфирда намойиш қилиш, архив ҳужжатлари бўйича хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, мактаблар ва бошқа турдаги таълим муассасалари олдига тезликни чекловчи йўл белгиларини мажбурий ўрнатиш, валютага оид муносабатларни такомиллаштиришга доир 30 дан ортиқ мурожаатлар шулар жумласидандир.

Замонавий АКТ имкониятлари

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган эди. Шу мақсадда жорий йилнинг 1 январь куни Интернет жаҳон ахборот тармоғида пилот лойиҳаси сифатида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими — “projekt.gov.uz” синов тариқасида ишга туширилди.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида 20 дан зиёд илғор мамлакатлар тажрибаси ўрганилди.

Бинобарин, Ягона электрон тизимни тўлиқ ишга тушириш ва унинг имкониятларини ошириш мақсадида Ҳукуматнинг 2019 йил 8 апрелдаги қарорига асосан, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ягона электрон тизимда келишилмоқда. Ўтган қисқа фурсатда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро органларининг 2 500 нафарга яқин ходимлари Ягона электрон тизимга электрон рақамли имзо орқали уланди.

Илгари биргина норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишда ташкилий ишларни бажариш учун бир неча ҳафта ёки ой талаб этилган бўлса, бугунги кунда бундай ишлар ягона тизим орқали тезкорлик билан амалга оширилмоқда.

Ўтган олти ой мобайнида Ягона электрон тизим орқали 1300 дан ортиқ лойиҳалар келишилди, 500 дан зиёди бўйича ҳуқуқий экспертиза хулосалари олинди, 300 дан кўпроқ ҳужжатлар Ҳукуматга киритилди. Айни пайтда 1 200 дан зиёд ҳужжат лойиҳалари келишиш жараёнида экани мазкур тизимнинг самарали фаолият кўрсатаётганидан далолат беради.

Яна бир муҳим жиҳат. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизими — lex.uz мамлакатимизда 2000 йилда жорий этилган бўлиб, 2007 йилда расмий ишга туширилган, 2016 йилда Миллий базага қонун ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилди.

Илгари Миллий базани шакллантириш, ҳужжатларга юридик ишлов бериш, айрим ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Миллий базада расмий эълон қилиш муддатлари бузилар эди. Бунинг асосий сабаби келиб тушаётган қонуности ҳужжатлари баъзиларида имловий, услубий хатолар, давлат ва рус тили матнларида бир-бирига зид жиҳатлар борлиги эди.

Бу борада ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан Миллий базани 2019-2020 йилларда ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Унда Миллий базани ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, техник мустаҳкамлаш истиқболлари белгилаб берилди.

Бу ишлар ўз самарасини узоқ куттириб қўймади. Қисқа фурсат ичида Миллий базанинг 21 қонунчилик соҳаси каталоглари шакллантирилди. Қабул қилинган қонун ҳужжатлари доимий тарзда Миллий базага бир иш кунида киритилмоқда. Ҳар йили ўртача мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига жойлаштирилган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги ҳаволаки нормалар, шарҳлар тақдим этиб бориляпти.

Ҳаволаки нормалар ва шарҳлар уларнинг долзарблиги, қонунчиликдаги ўзгаришлар, шунингдек, қонунчиликдаги янги ҳужжатларнинг акс этиши асосида янгилаб борилмоқда. Жумладан, Жиноят кодекси, Ер кодекси, Оила кодекси, шунингдек, янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексига шарҳлар бутунлай янгиланди.

Ҳозирги пайтда Миллий базада 20 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўлиб, улар инглиз тилига таржима қилинмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Туризм тўғрисида”ги ва “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг инглиз тилидаги таржимаси жойлаштирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига жойлаштирилган ҳужжатларнинг лотин алифбосидаги матнларини ҳам базага киритиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб, 5 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лотин алифбосида эълон қилинди.

Умуман, концепцияни ҳаётга изчил татбиқ этиш қонун ҳужжатларини тизимлаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, муҳими, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминлашга замин яратмоқда.

Валишер ДАВЛЯТОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари

институти бўлим бошлиғи


Кўришлар сони: 1092

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...