Cайт ранги: A A


Муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси

Лойиҳа

Ўзбекистон Республикасининг

ҚОНУНИ

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги

Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар

киритиш ҳақида

 

 

Қонунчилик палатаси томонидан _______________ қабул қилинган

 

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги
618–I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 9, 328-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 5, 124-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, № 12, 473-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 4, 224-модда) ўзгартиш
ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).

 

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган
ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 Лойиҳа

 Ўзбекистон Республикасининг

ҚОНУНИ

 Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида

(янги таҳрири)

 

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу Қонуннинг мақсади ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъи назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек, динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш мақсадида ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Асосий тушунчалар

 

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

конфессия – муайян диний таълимот доирасидаги диний эътиқоднинг ўзига хос бўлган, шунингдек ушбу эътиқодга риоя қилувчиларнинг бирлашмаси;

диний мазмундаги материаллар – турли динларнинг асослари, тарихи, мафкураси, таълимоти ва шарҳлари ҳамда маросимларини ўтказиш амалиётини, шунингдек алоҳида шахсларнинг, тарихий фактлар ва ҳодисаларнинг диний ўрни нуқтаи назаридан баҳосини акс эттирувчи китоб, брошюра, журнал, газета, варақа, бошқа босма нашрлар, белгилар, рамзлар, аудиовизуал асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзмалари, мультфильмлар ва бошқалар), электрон ахборот ташувчилари (дискетлар, CD, DVD дисклари, ўрнатилган ва олинадиган хотира карталари, Интернет тармоғида жойлаштирилган материаллар ва бошқалар);

миссионерлик – мақсадли мафкуравий таъсир ўтказиш орқали шахсни (бир гуруҳ шахсларни) ўз диний бирлашмаси аъзолигига киритиш учун тегишли диний бирлашманинг диний қарашларини сингдириш ва тарқатишга қаратилган фаолият;

прозелитизм – бошқа динга эътиқод қилувчиларни ўзи эътиқод қиладиган динга ўтказишни мақсад қилган диний ташкилотларнинг миссионерлик фаолияти шаклларидан биридир;

ноқонуний диний фаолият – диний ташкилотнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан ёки фаолият кўрсатиш ҳудудидан ташқарида диний фаолият юритиши, хусусий тартибда диний таълим фаолият билан шуғулланиш;

диний таълим – маълум бир конфессияга тааллуқли бўлган диний билимларни ўқитиш;

диний ташкилот – белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган фуқароларнинг биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, маросимларни адо этиш мақсадида тузилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган кўнгилли бирлашмаси (диний жамиятлар, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар), ҳамда диний таълим муассасаси ва диний ташкилотнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи;

диний ташкилотнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи (марказий бошқарув органи) – бир конфессияга мансуб бўлган маҳаллий диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта маъмурий-ҳудудий бирликларида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида) белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган маҳаллий диний ташкилотлар томонидан тузилган Ўзбекистон Республикаси бўйича ягона диний бирлашма;

маҳаллий диний ташкилот – Ўзбекистон Республикасининг тегишли туман (шаҳар)и ҳудудида доимий яшаётган, ўн саккиз ёшга тўлган эллик нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ташаббуси билан тузилган, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ёки шаҳар ҳудудида фаолият кўрсатувчи диний бирлашма;

диний таълим муассасаси – муайян конфессияга мансуб ибодат қилувчилар (руҳонийлар) ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун марказий бошқарув органи томонидан таъсис этилган муассаса.

 

4-модда. Виждон эркинлиги ҳуқуқи

 

Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

 

5-модда. Виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий принциплари

 

Виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

тенглик;

қонун устуворлиги;

диний ташкилотлар фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлиги;

диннинг давлатдан ажратилганлиги.

 

6-модда. Тенглик принципи

 

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга мансублигидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга мансублиги кўрсатилишига йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонунда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

 

7-модда. Қонун устиворлиги принципи

 

Диний ташкилотлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ўзларининг уставлари қоидаларига риоя этади.

 

8-модда. Шаффофлик ва очиқлик принципи

 

Диний ташкилотлар ўз фаолиятини давлат органлари ва ижтимоий муассалар билан ҳамкорлида очиқ ва шаффоф амалга оширади.

 

9-модда. Диннинг давлатдан ажратилганлиги принципи

 

Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотлар ва давлат органлари фаолияти ўзаро аралашмаслик асосида амалга оширилади.

Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ақидапарастлик ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Давлат конфессияларнинг тинч-тотувликда яшашига кафил бўлади.

Давлат диний ташкилотлар зиммасига ўзининг ҳеч қандай вазифасини бажаришни юкламайди, уларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди. Диний ташкилотлар давлат вазифаларини бажармайди. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятини молиялаштирмайди ҳамда диндорларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга йўл қўймайди.

Ўзбекистон Республикасида диний моҳиятдаги сиёсий партия ва бошқа жамоат бирлашмаси, республикадан ташқарида тузилган диний партияларнинг филиаллари ва бўлимларини тузишга ҳамда уларнинг фаолият юритишига, диний ташкилотларнинг сиёсий партия ва бошқа жамоат бирлашмаларининг сиёсий мақсадларни назарда тутувчи фаолиятида иштирок этишига, шунингдек уларга молиявий ёки бошқа кўмак кўрсатишига йўл қўйилмайди.

 

10-модда. Виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

 

Қуйидагилар виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда фуқаролар ва диний ташкилотларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароитларни таъминлаш;

фуқароларнинг диний мансублигидан қатъи назар, улар учун тенг шароитларни яратиш;

конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш;

жамиятда диний бағрикенгликни шакллантириш;

жамиятда дунёвий ва диний компонетларнинг мақбул мувозанатини ушлаб туриш;

фуқаролар ва диний ташкилотлар томонидан диний соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларига риоя қилинишини таъминлаш;

жамоат тартибига, фуқароларнинг соғлиғига ва аҳлоқига таҳдид қилувчи турли диний ғоя ва қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш.

 

11-модда. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш хусусиятлари

 

Ўзбекистон Республикасида жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш мақсадида қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

диндан конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартириш, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитетига путур етказиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, урушни, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилиш, фуқароларнинг соғлиғи ва аҳлоқига зарар етказиш, фуқаровий тотувликни бузиш, бўҳтон, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатиш, аҳоли орасида ваҳима чиқариш ҳамда шахс, жамият ва давлатга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланиш;

ноқонуний диний фаолият ҳамда диний ташкилотларнинг жиноий ва бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи фаолияти;

вояга етмаган болаларни ўз хоҳишига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ихтиёрига зид тарзда диний ташкилотларга жалб этиш;

жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни бузишга кўмаклашувчи миссионерлик ва прозелитизмнинг ҳар қандай кўринишлари;

хусусий тартибда диний таълим бериш, бундан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўзларининг болаларига диний амалиёт ва одоб-аҳлоқ асосларини ўқитиши мустасно.

 

12-модда. Таълим тизими ва дин

 

Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилган.

Таълим тизимининг ўқув дастурларига (диний таълим муассасалари бундан мустасно) диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар таъминланади.

Ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга.

 

13-модда. Диний маросим ва ибодатлар

 

Диний маросим ва ибодатлар диний ташкилотлар жойлашган жойдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг хоҳишига кўра уларнинг уйларида ўтказилади.

Касалхоналарда, госпиталларда, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида, ички ишлар органларининг реабилитация марказларида диний маросим ва ибодатлар шу ерда жойлашган фуқароларнинг илтимосларига биноан ўтказилади.

Ибодатхоналар биноларидан ташқарида ўтказиладиган оммавий диний маросим ва ибодатлар қонун билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Диний ташкилотлар эътиқод қилувчилардан мажбурий пул йиғимлари ва тўловларни ундиришга, шунингдек уларга нисбатан шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи чораларни қўллашга ҳақли эмас.

 

14-модда. Диний мазмундаги материаллар

 

Жисмоний ва юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорловчи ғояларнинг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган диний экспертизанинг ижобий хулосаси олингандан сўнг амалга оширилади.

2-боб. Диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги ваколатли органлар

 

15-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний соҳадаги ваколатлари

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади):

ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ диний соҳадаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат ва жамоат хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунларни қўллашда изчил ва ягона амалиётни таъминлаш чораларини амалга оширади;

давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлайди;

давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини мувофиқлаштиради ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни амалга оширади;

давлат сиёсатида рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини ифодалайди;

диний таълим муассасалари фаолияти лицензияланишини ташкил этади, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади, лицензиялар реестрини юритади;

диний ташкилотларнинг, шу жумладан, диний таълим муассасаларининг фаолиятига (ўқув жараёни ва дастурларига, ўқув-тарбиявий ишларга, фанлар бўйича ўқув режаларига, диний мавзудаги илмий-тадқиқот ишларига) мувофиқлаштирувчи амалий ёрдам кўрсатади, уларга ушбу фаолиятни амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий, услубий кўмак кўрсатади, уларнинг ўз фаолияти билан боғлиқ ўтказадиган тадбирларида иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги зиёрат жойларига боришини, шу жумладан, Ҳаж ва Умра ибодатини амалга оширишни, фуқароларни диний таълим муассасаларида таълим олиши, малакасини ошириши ва тажриба алмашиши учун чет элларга юборилишини, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни диний таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни, халқаро диний анжуманлар ўтказилишини ташкил қилади;

республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний мазмундаги материалларни экспертизадан ўтказади ва ушбу фаолиятни мувофиқлаштиради;

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, Қўмита бошқа ваколатларни амалга ошириши мумкин.

 

16-модда. Адлия органларининг диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари

 

Адлия идоралари:

диний ташкилотларни рўйхатга олиш ва диний ташкилотлар реестри юритилишини (бундан буён матнда реестр деб юритилади) амалга оширади;

чет эл фуқаролари бўлган диний ташкилотлар ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларини аккредитациядан ўтказилишини таъминлайди;

диний ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатлари ва устав фаолиятига риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга оширади;

диний ташкилотлар фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш масалалари бўйича давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

диний эркинликни таъминлаш соҳасида ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича тарғибот тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказишда иштирок этади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, адлия органлари бошқа ваколатларни амалга ошириши мумкин.

 

17-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг диний соҳадаги ваколатлари

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

диний соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

ижтимоий-маънавий соҳа барқарорлигини таъминлаш, жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

муайян ҳудудда давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлигини таъминлайди;

 

виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси бажарилишини ташкил этади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бошқа ваколатларни амалга ошириши мумкин.

 

 

3-боб. Диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг фаолиятини ташкил этиш асослари

 

18-модда. Диний ташкилот ва унинг ҳуқуқий мақоми

 

Диний ташкилот ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари ва ўз уставига мувофиқ амалга оширади.

Диний ташкилот рўйхатга олингандан сўнг юридик шахс мақомига эга бўлади.

 

19-модда. Диний таълим муассасаси

 

Диний таълим муассасаси рўйхатдан ўтиб, тегишли лицензия олганидан сўнг ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритади.

Фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ мажбурий умумий-ўрта ёки ўрта махсус таълим олганларидан сўнг диний таълим муассасаларига қабул қилинади.

Диний ўқув юртларида диний фанлардан таълим берадиган шахслар профессионал диний таълимга эга бўлиши керак.

 

20-модда. Диний ташкилотнинг ҳуқуқлари

 

Диний ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ибодат қилиш ёки диний маросимлар ўтказиш учун мўлжалланган жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш;

ушбу Қонунда белгиланган тартибга мувофиқ, диний таълим муассасаларини ташкил этиш;

шартнома асосида тақдим этилган бино ва мулклардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;

фаолиятига доир масалалар юзасидан тадбирлар ўтказиш;

уставда кўрсатилган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш;

диний экспертизанинг ижобий хулосасини олгач, диний буюмлар, адабиётлар ва диний мазмундаги бошқа материалларни тайёрлаш, олиб чиқиш ва олиб кириш;

зиёратларни ташкил этиш ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа диний тадбирларда иштирок этиш мақсадида халқаро алоқаларни ўрнатиш;

мавжуд дафн этиш жойлари ва қабристонларни таъмирлаш ва янгиларини ташкил этиш бўйича таклифлар киритиш.

Диний ташкилот қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

 

 

21-модда. Диний ташкилотлар фаолияти кафолатлари

 

Давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари ёки уларнинг мансабдор шахсларининг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан улар юқори турувчи давлат органига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилади.

 

22-модда. Диний ташкилотнинг мажбуриятлари

 

Диний ташкилот қуйидагиларга мажбур:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун, бошқа қонун ҳужжатлари ва ўз устави қоидаларига қатъий риоя қилиш;

диний ташкилот жойлашган давлат муҳофазасидаги моддий маданий мерос объектларини сақлаш, архитектура ёдгорликларини тиклаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари асосида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

ташкил этиладиган тадбирлар (конференциялар, семинарлар, тренинглар, учрашувлар, акциялар, давра суҳбатлари, учрашувлар, симпозиумлар ҳақида, бундан диний ибодат, анъана ва маросимлар кўринишидаги тадбирлар мустасно) бўйича ташкилий масалаларни маҳаллий ҳокимият органлари билан ўз вақтида ҳал қилиш мақсадида Қўмитани хабардор қилиш;

бошқарув органининг таркиби ўзгарганда, қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ, ҳар йили 1 февралга қадар рўйхатдан ўтказувчи органга ўтган йилдаги фаолияти бўйича ҳисоботни тақдим этиш.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, диний ташкилот бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

23-модда. Диний ташкилотнинг мулки

 

Диний ташкилотларнинг мулкида ўзининг фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган, ўз маблағлари ҳисобига сотиб олинган ёки яратилган, фуқаролар, юридик шахслар эҳсон қилган (васият қилиб қолдирган) ёхуд давлат томонидан берилган, худди шунингдек чет элда жойлашган ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда олинган бинолар, иншоотлар, ибодат қилиш анжомлари, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва хайрия иншоотлари, пул маблағлари ва бошқа мол-мулк бўлиши мумкин.

Диний ташкилотнинг эгалик ҳуқуқи қонун билан ҳимоя қилинади.

24-модда. Давлат мулки бўлган мол-мулкдан фойдаланиш

 

Диний ташкилот ўз эҳтиёжлари учун давлат органлари томонидан шартнома асосида бериладиган бинолар ва мол-мулкдан фойдаланишга ҳақли.

Диний ташкилотга моддий маданий мерос обектларини фойдаланиш учун бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Диний ташкилот учун ер ажратиш ва диний бинолар қуриш Қўмита билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

25-модда. Диний ташкилотнинг хайрия фаолияти

 

Диний ташкилот хайрия фаолиятини бевосита ёки хайрия жамғармалари таъсис этиш орқали амалга оширишга ҳақли.

Давлат диний ташкилотларнинг хайрия фаолиятини, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга молик маданий-маърифий дастур ва тадбирларни амалга оширишда кўмаклашади ва уларни қўллаб-қувватлайди.

Диний ташкилот диний тадбирларни ўтказишга ва ўз фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамда уставда кўрсатилган бошқа вазифаларни бажаришга кўнгиллиларни жалб этиш ҳуқуқига эга.

 

26-модда. Диний ташкилотда меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар

 

Диний ташкилотда меҳнат шартномалари (контрактлари) бўйича ишлаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари татбиқ этилади.

 

27-модда. Диний ташкилотга солиқ солиш

 

Диний ташкилот бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ҳамда йиғимларни тўлайди, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган имтиёзлардан фойдаланади.

 

4-боб. Диний ташкилотни тузиш тартиби

 

28-модда. Диний ташкилотни тузиш

 

Диний ташкилот марказий бошқарув органи, диний таълим муассасаси ёки маҳаллий диний ташкилот кўринишида тузилиши мумкин.

 

29-модда. Диний ташкилотга раҳбарлик қилиш

 

Тегишли диний маълумотга эга бўлган шахслар диний ташкилотнинг раҳбари бўлиши мумкин.

Чет эл фуқароси бўлган диний ташкилотнинг раҳбари ёки ходими қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида аккредитациядан ўтказилади.

 

30-модда. Диний ташкилотнинг таъсис ҳужжати

 

Диний ташкилотни тузиш ташаббускорлари томонидан тасдиқланган устав диний ташкилотнинг таъсис ҳужжати ҳисобланади.

Диний ташкилотнинг устави қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

диний ташкилотнинг номи, тури, жойлашган жойи, диний эътиқоди;

мақсади, вазифалари ва фаолиятининг асосий турлари;

бошқарув органларининг тузилиши ва ваколатлари, уларни шакллантириш тартиби ва ваколат муддати;

пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни шакллантириш манбалари, уларни тасарруф этиш юзасидан раҳбар органларининг ваколатлари;

уставга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби;

қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

диний ташкилот тугатилганда унинг мол-мулкини тасарруф этиш тартиби;

диний ташкилот фаолиятига тааллуқли бошқа маълумотлар.

Диний ташкилот уставининг талаби диний ташкилотнинг ўзи, уни тузиш ташаббускорлари ва қатнашчилари (аъзолари) учун мажбурийдир.

Марказий бошқарув органлари мавжуд бўлган диний ташкилотларнинг уставлари мазкур бошқарув органлари билан келишилган бўлиши керак.

 

5-боб. Диний ташкилотни рўйхатдан ва қайта рўйхатдан

ўтказиш тартиби

 

31-модда. Давлат хизматларини кўрсатиш

 

Давлат хизматлари, шу жумладан диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш адлия органларининг электрон тизими орқали амалга оширилади.

Электрон тизимга кириш электрон рақамли имзо ёки шахсни идентификациялаш имконини берувчи бошқа воситалар орқали амалга оширилади.

Мурожаат қилувчи электрон тизимга киргандан сўнг, ўзининг шахсий кабинетида тегишли мурожаат турини танлайди, маълумотларни босқичма-босқич киритади ва ҳужжатларни тизим орқали юборади.

Электрон тизимда шакллатирилган ёки адлия органлари томонидан юборилган электрон ҳужжатларда матрицали штрих код (QR-код) ва идентификация рақамлари бўлади. Бунда, электрон ҳужжат тўғрисидаги маълумотларни унда кўрсатилган идентификация рақамини электрон тизимнинг махсус бўлимига киритиш орқали олиш мумкин.

Электрон тизимнинг ишлаш тартиби, маълумотлар тури ва уларнинг шакллари, шунингдек электрон ҳужжатлар намуналари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

 

32-модда. Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказувчи органлар

 

Марказий бошқарув органларини ва диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, маҳаллий диний ташкилотларни эса тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказувчи органлар деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

 

33-модда. Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ тўловлар

 

Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунида белгиланган миқдорда бож ундирилади.

 

34-модда. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар

 

Рўйхатдан ўтказувчи органга диний ташкилотни ташкил этиш бўйича таъсис йиғилиши (конференцияси) ўтказилган кундан бошлаб олти ой мобайнида уни рўйхатдан ўтказиш учун электрон мурожаат юборилади.

Мурожаатга қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари илова қилинади:

а) марказий бошқарув органи учун:

таъсис йиғилишининг (конференциясининг) марказий бошқарув органини ташкил этиш, унинг уставини тасдиқлаш ва бошқарув органларини сайлаш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган қарори;

марказий бошқарув органининг давлат тилидаги устави;

марказий бошқарув органининг таъсисчилари ва унинг бошқарув органи аъзолари тўғрисидаги маълумотлар;

марказий бошқарув органи раҳбарининг диний маълумотга эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;

Қўмитанинг розилик хати;

б) диний таълим муассасаси учун:

марказий бошқарув органининг ваколатли бошқарув органининг диний таълим муассасасини ташкил қилиш, уставини тасдиқлаш ва бошқарув органларини сайлаш (тайинлаш) бўйича маълумотларни ўз ичига олган қарори;

диний таълим муассасасининг давлат тилидаги устави;

диний таълим муассасасининг бошқарув органи аъзолари тўғрисидаги маълумотлар;

Қўмитанинг розилик хати;

в) маҳаллий диний ташкилот учун:

диний ташкилот тузиш ташаббускорлари бўлган ўн саккиз ёшга тўлган камида эллик нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари имзоларини ўз ичига олган ҳужжат;

таъсис йиғилишининг диний ташкилотни ташкил этиш, унинг уставини тасдиқлаш ва бошқарув органларини сайлаш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган қарори;

диний ташкилотнинг давлат тилидаги устави;

диний ташкилотни тузиш ташаббускорлари ва унинг бошқарув органи аъзолари тўғрисидаги маълумотлар;

диний ташкилот раҳбарининг диний маълумотга эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;

Қўмитанинг розилик хати;

жойлашган ери диний ташкилотнинг почта манзили сифатида фойдаланилиши мўлжалланаётган кўчмас мулкнинг шаҳарсозлик нормалари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва санитария-гигиена нормалари талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалар илова қилинган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари) кафолат хати.

 

35-модда. Қайта ташкил этиш йўли билан тузилган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар

 

Қайта ташкил этиш йўли билан тузилган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатга ушбу Қонуннинг 34-моддасида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари илова қилинади:

қайта ташкил этилаётган диний ташкилотга маълум бўлган барча кредиторларга ёзма равишдаги хабарнома ва қайта ташкил этиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида берилган эълон;

қайта ташкил этилаётган диний ташкилотнинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари, шу жумладан томонлар даъволашаётган мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидалар кўрсатилган топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси;

қайта ташкил этилаётган диний ташкилотнинг муҳри ва штампи йўқ қилинганлиги тўғрисидаги далолатнома.

Диний ташкилотни бошқа юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига қайта ташкил этишга йўл қўйилмайди.

 

36-модда. Диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш

 

Уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда қайта рўйхатдан ўтказилади.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача назарда тутилмаган бўлса, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш талаблари диний ташкилотни қайта рўйхатга олишга қўлланилади.

 

37-модда. Диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш бўйича мурожаат

 

Агар уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлса, диний ташкилот бошқарув органи томонидан тегишли қарор қабул қилинганидан кейин бир ой муддат ичида рўйхатдан ўтказувчи органга қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза юборилади.

Бунда, мурожаатга қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари илова қилинади:

уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар матни ёки уставнинг янги таҳрири;

диний ташкилот ваколатли бошқарув органининг уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори;

диний ташкилот муҳри ва штампи йўқ қилинганлиги тўғрисидаги далолатнома – диний ташкилот номи ёки рўйхатдан ўтказувчи орган ўзгарса.

Диний ташкилот қайта ташкил этилиши муносабати билан қайта рўйхатдан ўтказилган тақдирда ушбу моддада назарда тутилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари илова қилинади:

қайта ташкил этилаётган диний ташкилотга маълум бўлган барча кредиторларга ёзма равишдаги хабарнома ва қайта ташкил этиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида берилган эълон;

қайта ташкил этилаётган диний ташкилотнинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари, шу жумладан томонлар даъволашаётган мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидалар кўрсатилган топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси;

қайта ташкил этилаётган диний ташкилотнинг муҳри ва штампи йўқ қилинганлиги тўғрисидаги далолатнома.

Янги рўйхатдан ўтказувчи орган электрон тизим орқали аввалги рўйхатдан ўтказувчи органдан рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари тўпламини талаб қилиб олади.

Агар диний ташкилотнинг почта манзили, банк реквизитлари ва бошқарув органининг таркиби ўзгарганда, бир ой муддатда электрон тизим орқали ўзгариш учун бунга асос бўлган ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилган ҳолда рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилади.

 

38-модда. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқиш

 

Мурожаат қилувчи электрон сўровнома шакллантирилишини якунлаб, электрон тизим томонидан автоматик тарзда белгиланадиган божни тўлайди.

Бож тўлови амалга оширилганидан сўнг, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқиш босқичига ўтади.

Агар мурожаатда тўғрилаш мумкин бўлган хатолар мавжуд бўлса ёки мазкур Қонунга биноан талаб қилинадиган ёхуд мурожаатчи ҳавола қилаётган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан мурожаатчига беш иш куни давомида хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим қилиш имкониятини беради. Рўйхатдан ўтказуви орган мурожаатчининг илтимосномасига кўра, ушбу муддатни беш иш кунидан кам бўлмаган муддатга узайтириши мумкин.

Рўйхатдан ўтказувчи орган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги ва уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан текширишга ҳақли.

 

39-модда. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари

 

Тақдим этилган ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қуйидаги муддатларда кўриб чиқилади:

диний ташкилотни рўйхатга олиш учун – мурожаат тақдим этилган кундан бошлаб бир ой ичида;

диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш учун – мурожаат тақдим этилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида.

 

40-модда. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари

 

Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан хулоса шаклида қуйидаги қарорлардан бири қабул қилади:

диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш;

диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этиш.

Рўйхатдан ўтказиш тўғрисида хулоса тузилган тақдирда уч иш куни мобайнида рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан:

диний ташкилот ҳақида маълумотлар реестрга киритилади;

давлат солиқ инспекцияси ва статистика органларида диний ташкилотларни ҳисобга қўйиш амалга оширилади;

электрон тизимда диний ташкилотнинг шахсий кабинети яратилади;

диний ташкилотнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида электрон гувоҳнома шакллантирилади;

электрон гувоҳнома ва устав диний ташкилотнинг электрон тизимидаги шахсий кабинетига юборилади.

Диний ташкилотнинг қайта рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги янги электрон гувоҳномада қўшимча маълумотлар сифатида диний ташкилот ҳақидаги олдинги маълумотлар, шу жумладан, номи, рўйхатдан ўтказувчи орган, рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш санаси кўрсатилади.

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ўзгариши сабабли диний ташкилот қайта рўйхатдан ўтказилган тақдирда, янги рўйхатдан ўтказувчи орган электрон тизим орқали олдинги рўйхатдан ўтказувчи органга бу ҳақда рўйхатдан ўтказишга оид маълумотларни кўрсатган ҳолда хабар беради.

Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида хулоса тузилган тақдирда, мурожаатчининг электрон тизимдаги шахсий кабинетига қарор қабул қилингандан кейин бир иш куни мобайнида рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда хабарнома юборилади.

Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишнинг рад этилиши рад этиш сабаблари бартараф этилган ҳолда ҳужжатларни такроран тақдим этишга тўсқинлик қилмайди.

 

41-модда. Диний ташкилотни рўйхатга олишни рад этиш учун асослар

 

Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин, агар:

диний ташкилотни тузиш конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартириш, Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, яхлитлиги ва хавфсизлигига путур етказиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, уруш, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этиш, фуқароларнинг соғлиғи, маънавияти ва ахлоқига қасд қилиш мақсадига эга бўлса;

диний ташкилотни тузишнинг қонунда белгиланган тартиби бузилган бўлса ёки тақдим этилган ҳужжатларда қонун ҳужжатларига номувофиқликлар бўлса;

тузилаётган ташкилот диний ташкилот сифатида эътироф этилмаса;

тақдим этилган таъсис ҳужжатларида атайин нотўғри маълумотлар келтирилганлиги аниқланса.

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.

 

42-модда. Диний ташкилотларнинг реестри

 

Рўйхатдан ўтган диний ташкилот электрон тизимда юритиладиган ва танишиш учун очиқ бўлган реестрга киритилади.

 

Реестрда қуйидагилар кўрсатилади:

диний ташкилотнинг номи ва унинг қайси конфессияга мансублиги;

диний ташкилот жойлашган жойи ва унинг почта манзили;

диний ташкилот фаолият кўрсатадиган ҳудуд;

таъсисчилар тўғрисидаги (фамилияси, исми, отасининг исми) маълумотлар, алоқа маълумотлари;

бошқарув органининг номи ва почта манзили, алоқа маълумотлари;

диний ташкилот рўйхатдан ўтказилган сана ва бошқалар.

 

6-боб. Диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш

 

43-модда. Диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш

 

Диний ташкилотнинг фаолияти, агар у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларини бузса, суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Диний ташкилот томонидан қонун ҳужжатлари бузилган, шунингдек, устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда прокуратура органлари ёки рўйхатдан ўтказувчи орган кўрсатилган қоидабузарликлар тўғрисида ушбу диний ташкилотнинг раҳбар органларига тақдимнома киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, диний ташкилотнинг фаолияти прокуратура органлари ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг тақдимномаси асосида суднинг қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилиши мумкин.

 

44-модда. Диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш оқибатлари

 

Диний ташкилотнинг фаолияти суднинг қарори билан белгиланган муддатга тўхтатиб қўйилган тақдирда унинг жамоат фондлари муассиси сифатидаги ҳуқуқлари тўхтатиб қўйилади, унга тадбирлар ташкил этиш, банк омонатларидан фойдаланиш тақиқланади, бундан хўжалик фаолияти, меҳнат шартномалари, ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ва жарималар тўлашга доир харажатлар мустасно.

Агар диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйишнинг суд томонидан белгиланган муддати мобайнида у ўз фаолиятининг тўхтатилишига сабаб бўлган қоидабузарликларни бартараф этса, ушбу муддат тугаганидан сўнг диний ташкилот ўз фаолиятини қайтадан бошлаши мумкин.

Диний ташкилот кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этмаган тақдирда ушбу диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш тўғрисида судга тақдимнома киритган орган бу ташкилотни тугатиш тўғрисида судга тақдимнома киритиши мумкин.

 

45-модда. Диний ташкилотни тугатиш тартиби

 

Диний ташкилотни тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ҳамда диний ташкилотнинг устави асосида амалга оширилади.

Диний ташкилот ўз ташаббусига кўра унинг юқори органи қарорига биноан ихтиёрий ёки ушбу Қонуннинг 44-моддаси учинчи қисмига асосан суд тартибида тугатилиши мумкин.

Диний ташкилотни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган диний ташкилотнинг ваколатли органи ёки суд тугатувчини – тугатиш комиссиясини ёки жисмоний шахсни тайинлайди ҳамда тугатиш муддатини белгилайди.

Диний ташкилотнинг ваколатли органи томонидан диний ташкилотни тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, уч иш куни мобайнида электрон тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга диний ташкилотни тугатиш ҳақида унинг юқори органи томонидан қабул қилинган қарор илова қилинган ҳолда тугатувчи ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.

Диний ташкилот суд томонидан тугатилган тақдирда, тугатувчи суднинг қарорини электрон тизим орқали олгандан кейин уч иш куни мобайнида унинг электрон нусхасини рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этади.

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг тугатувчига нисбатан эътирози бўлмаса, у тугатувчи ҳақидаги маълумотлар ҳамда диний ташкилотни тугатиш тўғрисидаги қарорни олгандан сўнг икки иш куни мобайнида реестрга диний ташкилотнинг тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади ҳамда бу ҳақда электрон тизим орқали диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги давлат солиқ инспекцияси ва статистика органларини, кўчмас мулк ва автотранспортга бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчи органлар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бўйича ваколатли давлат органини хабардор қилади.

Мазкур Қонунда диний ташкилотни тугатишга оид ҳуқуқий муносабатлар тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда нодавлат нотижорат ташкилотларига оид қонун ҳужжатлари қўлланилади.

 

46-модда. Реестрга диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида ёзув киритиш

 

Реестрга диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида ёзув киритиш учун тугатувчи томонидан электрон тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат тақдим этилади.

Мурожаатга қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади:

диний ташкилотнинг тугатилганлиги тўғрисида даврий босма нашрда берилган эълон;

белгиланган тартибда тасдиқланган тугатиш баланси;

диний ташкилотнинг барча ҳисобварақлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкнинг маълумотномалари;

кредиторларнинг талаблари тўлиқ қондирилгандан кейин ортиб қолган мол-мулкнинг тасарруф этилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатлар;

муҳр ва штамплар йўқ қилинганлиги ҳақида далолатнома;

барча лицензиялар ва рухсатномаларнинг асл нусхалари (агар мавжуд бўлса);

тегишли давлат солиқ инспекциясининг солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлик йўқлиги тўғрисидаги маълумотномаси;

диний ташкилот қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати мавжуд эмаслиги ҳақида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бўйича ваколатли давлат органининг хабарномаси;

диний ташкилот ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома.

Бунда, ҳужжатларнинг асли рўйхатдан ўтказувчи органга икки иш куни мобайнида тақдим этилади.

Тугатувчининг мурожаати олингандан кейин беш иш куни мобайнида рўйхатдан ўтказувчи орган диний ташкилот тугатилганлиги ҳақида реестрга ёзув киритади.

Агар ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати тақдим этилмаган ёки улар зарур тартибда расмийлаштирилмаган бўлса, шунингдек тақдим этилган ҳужжатларда атайин нотўғри маълумот келтирилганлиги аниқланса, реестрга ёзув киритилиши рад этилиши мумкин.

Реестрга ёзув киритиш рад этилган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган электрон тизим орқали рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда тугатувчига хабарнома юборади.

Реестрга ёзув киритиш ҳақидаги қарор рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбарининг хулосаси шаклида расмийлаштирилади.

Диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида реестрга ёзув киритилгандан кейин рўйхатдан ўтказувчи орган икки иш куни мобайнида:

электрон тизим орқали диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида тугатувчини, давлат солиқ инспекцияларини ва статистика органларини хабардор қилади;

диний ташкилотга берилган лицензия ва рухсатномаларни (улар мавжуд бўлган тақдирда) уларни берган органларга топширади.

Диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида реестрга ёзув киритилгандан эътиборан диний ташкилот тугатилган деб ҳисобланади.

 

47-модда. Фаолиятини тугатган диний ташкилотнинг мол-мулкини тасарруф этиш

 

Диний ташкилотнинг фаолияти тугатилгандан кейин унга фойдаланиб туриш учун берилган мол-мулк аввалги эгаларига қайтарилади.

Диний ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда, унга қарашли мол-мулкни тасарруф қилиш унинг устави ва қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Кредиторларнинг талабларини қондириш учун ундириш қаратилиши мумкин бўлмаган ибодатга оид мол-мулк рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳуқуқий ворислари бўлмаган мол-мулк давлат мулки ҳисобига ўтади.

 

7-боб. Якунловчи қоидалар

 

48-модда. Низоларни ҳал этиш

 

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятини таъминлаш соҳасида келиб чиқадиган низолар суд тартибида ҳал қилинади.

 

49-модда. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2020
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи муҳокама қилинди

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, барча соҳада инновацион технология ва илғор ғояларни қўллаш,...

18.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Имтиёзли кредитлар ёшларнинг таълим олишини кафолатлайди

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қара...

17.09.2020
Коронавирус пандемиясига қарши кураш масалалари Туркий тилли давлатлар Парламентлари муҳокамасида

Коронавирус бугун инсоният саломатлигига жиддий хавф солаётган касаллик бўлиб қолмоқда. Маълумотларга...