Cайт ранги: A A


Муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари

“АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ (ЯНГИ ТАҲРИР)

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

 

 

АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА

(янги таҳрири)

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади аҳолини иш билан таъминлаш
ва ишсизликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ушбу Қонундагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб келаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилади.

 

3-модда. Ушбу Қонунда фойдаланиладиган асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

аутстаффинг – иш берувчи (юборувчи томон) томонидан ўз ходимларини уларнинг розилиги билан, ушбу ходимларнинг иш берувчиси бўлмаган жисмоний ёки юридик шахсга (қабул қилувчи томонга), ушбу ходимлар томонидан меҳнат шартномаларида кўрсатилган ўз меҳнат функцияларини қабул қилувчи томоннинг манфаатига бошқарув ва назорати остида вақтинчалик бажариши учун юбориш бўйича фаолият;

ишга жойлаштириш бўйича агентлар – Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан аҳолини иш билан таъминлаш ваколати берилган юридик ва жисмоний шахслар;

меҳнат ресурслари баланси – меҳнат ресурслари сони ва таркибини акс эттирувчи кўрсаткичлар, шунингдек уларни иш билан таъминланганларга, ишсизларга ва иқтисодий жиҳатдан фаол бўлмаган аҳолига тақсимланиши;

ишсизлик – ишчи кучининг меҳнат бозорида талаб этилмаган қисми;

вақтинча иш билан таъминланиш – муайян вақт давомида бажариладиган доимий бўлмаган иш;

иш ўринларини ташкил этишга давлат буюртмаси – ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш учун зарур ташкилий-техник хусусиятларни таъминлаган ҳолда, муайян иш ўринларини ташкил этиш бўйича иш берувчиларга бериладиган буюртма;

иш билан таъминланиш – фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган ва уларга даромад (иш ҳақи) келтирадиган ҳар қандай меҳнат фаолияти;

“Бандлик хизмати” АТ – Ўзбекистон Республикаси Бандлик
ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат органларига мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар ҳисобини юритиш бўйича электрон ахборот тизими;

малака – ходим ёки иш изловчига тегишли касб (мутахассислик) бўйича аниқ меҳнат вазифаларини сифатли бажариш имконини берадиган ва зарур бўлган уларнинг тайёргарлик даражаси, билими, кўникмалари ва қобиляти даражаси;

бўш иш ўринлари миллий базаси – Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг онлайн базаси;

касбий малака, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими – таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизими томонидан меҳнат бозорининг малакали ишчиларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжларининг ва малакали ишчи кучини таклиф этишнинг оптимал тарзда мувофиқлаштирилишини таъминловчи ҳуқуқий ва институционал тартибга солиш механизмлари йиғиндиси;

иш билан банд бўлмаган аҳоли – ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, меҳнат органларида иш қидираётган шахслар сифатида ҳисобга қўйилган шахслар;

ҳақ тўланадиган жамоат ишлари – бўлғуси иш берувчилар – маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган, одатда ишсиз фуқаронинг олдиндан касбий тайёргарлигини талаб қилмайдиган, ижтимоий фойдали йўналишга эга бўлган ва уларни вақтинча иш билан таъминлаш учун меҳнат органлари томонидан бериладиган йўлланма бўйича фуқаролар бажарадиган вақтинча меҳнат фаолиятининг турлари;

малакани баҳолаш – ходим ёки иш изловчи малакасининг касбий стандарт қоидалари ёки малака талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш тартиботи;

ишсизлик нафақаси – ишсиз фуқароларни ушбу Қонунда белгиланган миқдорда пул шаклида кафолатланган қўллаб-қувватлаш тури;

ишга жойлаштиришда воситачилик – меҳнат органлари ва хусусий бандлик агентликлари томонидан ишни танлаш ва ишга жойлашишда аҳолига кўмаклашиш;

мақбул келадиган иш – фуқаро бажаришга қодир бўлган, унинг маълумоти йўналиши ва ихтисослиги, малакаси, касбий тайёргарлиги, иш тажрибаси, саломатлиги ҳолатига кўра мувофиқ келадиган, яшаш жойининг ўзгаришини назарда тутмаган, унинг доимий яшаш жойидан узоқ бўлмаган ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақини кафолатлайдиган иш;

пенсияолди ёш – пенсияга чиқишдан аввал белгиланган ёшгача икки йил қолган ёшга тўлиш;

“Ягона меҳнат миллий тизими” дастурий комплекси
иш берувчилар ва ходимларга меҳнат муносабатларини электрон шаклда расмийлаштириш, ишга жойлашишнинг шахсий тарихи, бўш иш ўринлари, ходимларнинг сони ва сифат таркиби тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва сақлаш учун майдончани ифода этувчи меҳнат ва бандлик бозори, меҳнат ресурслари баланси, ташкил этилаётган иш жойлари ҳақидаги холис, мунтазам янгиланиб бориладиган маълумотлар базасини ўз ичига олган электрон ахборот тизими;

касб стандарти – малака, билим ва кўникмалар даражасига, меҳнат мазмуни, сифати ва шароитларига қўйиладиган талабларни белгиловчи, асосий меҳнат вазифалари тавсифи ва уларни бажариш шартларидан иборат стандарт;

мажбурий меҳнат – лавозим мажбуриятларига кирмайдиган ишларни бажариш, шунингдек, бирон-бир жазо ёки зўравонликни қўллашни таҳдид қилган ҳолда меҳнат қонунчилигининг бошқа шаклларини бузиш;

иш ўринларини захирага қўйиш – ташкилот (иш берувчи) томонидан ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган
ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун иш ўринларининг ажратилиши;

ўзини ўзи банд қилиш – расмий меҳнат муносабатларига эга бўлмаган шахсларнинг ходим ёки иш берувчи сифатида тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳасида, шахсий томорқа участкасида ва бандликнинг бошқа шаклларида мустақил равишда ташкил этиладиган меҳнат фаолиятининг тури;

меҳнат ресурслари – меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳамда иш билан таъминланган меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги шахслар;

иш ўринларининг энг кам сони – ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун ташкилотнинг рўйхатдаги ўртача ходимлари сонининг фоизларида туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорлари билан белгиланадиган иш ўринлари сони;

иқтисодий жиҳатдан фаол аҳоли – иш билан таъминланган фуқаролар ва ишсизлар.

 

4-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш

Қуйидаги фуқаролар иш билан таъминланган деб ҳисобланади:

меҳнат шартномаси бўйича ҳақ эвазига тўлиқ ёки тўлиқсиз иш вақти шартларида ишлаётган, шунингдек, тегишли шартнома билан тасдиқланган ҳақ тўланадиган ишга эга, бироқ, касаллик, таътил, ишлаб чиқариш вақтинча тўхтаганлиги муносабати билан вақтинча банд бўлмаган;

ҳақ тўланадиган лавозимга сайланган ёки тайинланган, доимий асосда пул мукофоти эвазига касбий фаолиятни амалга ошириб келаётган;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати тизимида, божхона органларида хизмат ўтаётган;

ўзини иш билан мустақил таъминлаётган, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти, ҳунармандчилик билан, оилавий тадбиркорлик субъектларида банд бўлган, шунингдек, меҳнат даромадини, жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган шахслар;

меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида вақтинча амалга ошираётган фуқаролар;

меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикасида амалга ошираётган чет эллик фуқаролар;

ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларида амалга ошираётган;

шахсий томорқа участкаларида ёки деҳқон хўжаликларида майда товар ишлаб чиқариш ҳамда товарлар ва хизматларни, шу жумладан қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, овчилик, балиқчилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ишларни бажариш билан банд бўлган фуқаролар.

 

5-модда. Ушбу Қонуннинг асосий принциплари

Қуйидагилар ушбу Қонуннинг асосий принциплари ҳисобланади:

тенглик;

ихтиёрийлик;

ижтимоий муҳофаза.

 

6-модда. Тенглик принципи

Давлат меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқини амалга ошириш учун барча фуқароларга уларнинг сиёсий қарашлари, ижтимоий келиб чиқиши, жинси, ирқи, миллати, ёши, тили, тери ранги, мулкий аҳволи ва мансаб мавқеидан, динга муносабати, эътиқодидан, нодавлат ташкилотларига мансублигидан, шунингдек, ходимларнинг ишчанлик жиҳатларига ҳамда улар меҳнатининг натижаларига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлардан қатъи назар, тенг имкониятларни таъминлайди

 

7-модда. Ихтиёрийлик принципи

Унумли ва ижодий меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият, шу жумладан ҳақ тўланадиган ишни бажаришга алоқаси бўлмаган фаолият билан шуғулланиш фуқароларнинг мутлақ ҳуқуқидир.

Ҳар ким иш берувчига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш йўли билан ёки меҳнат органларининг бепул воситачилиги орқали, шунингдек, хусусий бандлик агентликларининг хизматлари воситасида иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида мустақил иш қидириш ва ишга жойлашиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш учун уюшган ҳолда танлаш дастурларини амалга оширувчи меҳнат органлари ёки хусусий бандлик агентликларининг воситачилик хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Давлат ҳар кимга касбга ва ишга эга бўлишда, меҳнат қилиш ва иш билан таъминланиш шарт-шароитларида, меҳнатга ҳақ тўлашда, хизмат поғонасидан юқорилаб боришда тенг имкониятлар таъминланишини кафолатлайди.

Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.

Фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ихтиёрий равишда иш билан банд бўлмаслик, яъни ўз хоҳишига кўра меҳнат фаолиятини ёки бошқа бандлик шаклларини амалга оширмаслик ҳуқуқига эга.

Кишиларнинг ихтиёрий равишда иш билан банд бўлмаслиги уларни жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди.

 

8-модда. Ижтимоий муҳофаза принципи

Ҳар ким меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Давлат қонун ҳужжатларига мувофиқ ишсизлик нафақаси, меҳнат органи таклифига кўра бошқа жойдаги ишга ихтиёрий равишда ўтганлик муносабати билан компенсация, ишсизларга моддий ёрдам ва субсидиялар, шунингдек, меҳнат органлари томонидан янги мутахассисликка ўқиш, касбга қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун тўланадиган грантлар ва стипендиялар тўланишини кафолатлайди.

 

2-боб. Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш

 

9-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Қуйидагилар аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

иш ўринларини яратиш ва аҳолини иш билан таъминлашни рағбатлантириш, шу жумладан доимий иш ўринларини яратишга давлат буюртмасини шакллантириш орқали;

ишсизларни моддий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, ишсизликни камайтириш бўйича чоралар кўриш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш;

ёшларни, айниқса қишлоқ жойларда, умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини, ишга жойлаштиришни таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида замонавий касб - ҳунар ва меҳнат стандартларини жорий этиш, меҳнатни нормалаштириш ва унга ҳақ тўлаш механизмларини такомиллаштириш;

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида гендер тенгликка риоя этишни таъминлаш;

ишга жойлаштириш жараёнига илғор ахборот технологияларини фаол жалб қилиш, бандликка кўмаклашиш бўйича хизматлар бозорида замонавий инфратузилма ва рақобат муҳитини яратиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришда кўмаклашиш, уларни хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш.

 

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида:

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини мувофиқлаштирадаи ва сифатли амалга оширишни таъминлайди;

тармоқлар ва ҳудудлар кесимида янги иш ўринларини яратиш бўйича давлат буюртмасини мувофиқлаштиради;

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида давлат дастурларини тасдиқлайди;

иш қидириш ва иш билан таъминлаш, шунингдек, ишга жойлашишга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг самарали ишлашини таъминлайди;

аҳоли даромадлари ўсишини таъминловчи муносиб, самарали ва унумли бандликни рағбатлантириш чора-тадбирларини амалга оширади;

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинча меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатини тасдиқлайди;

аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишга жойлаштиришнинг илғор шаклларини жорий этиш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ишини мувофиқлаштиради;

меҳнат муносабатларини мустаҳкамлаш, моддий рағбатлантириш механизмларини ва меҳнатни муҳофаза қилиш шароитларини, шунингдек меҳнат соҳидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш чораларини кўради;

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштиради.

 

11-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади (кейинги ўринларда ваколатли давлат органи деб аталади).

Ваколатли давлат органи:

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

аҳоли иш билан таъминлаш соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

аҳоли иш билан таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти ва ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;

меҳнат органларига мурожаат этган ишсизларни ишга жойлаштириш, шунингдек, аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этишга жалб этиш жараёнлари мониторингини амалга оширади;

тармоқлар ва ҳудудлар кесимида янги иш ўринлари яратишга йиллик давлат буюртмасини шакллантиради;

фуқароларни хорижда ишга жойлаштиришда кўмаклашиш, уларни хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини амалга оширади;

аҳолини иш билан таъминлаш масалалари юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва маҳаллий меҳнат органларига услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатади;

ишга жойлашишга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштиради;

илғор ахборот технологияларини ишга жойлаштириш жараёнига жорий этади, Ягона миллий меҳнат тизими ишлашини таъминлайди;

Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестри, Касб стандартлари ва малака талаблари миллий реестри, Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ягона реестри, Ўқитиш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш, шунингдек малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш билан шуғулланувчи юридик шахслар регистрини шакллантиради ва юритади;

ишга жойлашишга кўмаклашиш бўйича хизматлар кўрсатиш бозорида замонавий инфратузилмани ва рақобат муҳитини яратади;

иш билан таъминлаш соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишининг назоратини таъминлайди;

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўяди ва мустаҳкамлайди.

 

12-модда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш шарт-шароитлари мониторинги ва назоратини амалга оширади;

меҳнат мигрантларини жалб қилиш учун ўз мамлакатининг ваколатли органларида расман рўйхатга олинган ёки аккредитациядан ўтказилган хорижий иш берувчилар билан битимлар тузади;

талабгорларни уюшган ҳолда танлаш хизматларини кўрсатиш бўйича хорижий иш берувчилар билан шартномалар тузади;

Меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириладиган давлатда ходимларнинг тегишли тоифаси учун белгиланган иш ҳақидан кам бўлмаган даражада иш ҳақи билан таъминлаш нормаларига риоя этилишини назорат қилади;

ишга жойлаштириладиган давлатда белгиланган муносиб яшаш ва ишлаш шарт-шароитларини таъминлаш нормаларига риоя этилишининг мониторингини амалга оширади.

Меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тартиб-таомилларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таъминланади.

 

13-модда. Ҳудудий меҳнат органларининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Ҳудудий меҳнат органлари:

меҳнат органларига мурожаат этган ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича чоралар кўради;

ишламаётган фуқароларни касбга ўргатиш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш марказлари, бошқа ўқув юртлари ва ташкилотлар билан шартномалар тузади;

ишсизларнинг рўйхатга олинишини таъминлайди ва уларга ёрдам кўрсатади, шу жумладан ишсизлик нафақаларини тайинлаш ва тўлашни амалга оширади;

аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш ҳудудий дастурлари бажарилиши мониторингини амалга оширади;

ташкилотлар учун ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг захирага қўйиладиган энг кам сонини ташкил этиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўриб чиқиш учун киритади, шунингдек, мазкур шахсларни ишга жойлаштириш учун ташкилотларга юборади;

ишсизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига белгиланган тартибда жўнатади;

иш берувчилар, ишсиз шахслар, жисмоний шахслар ва ташкилотларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда субсидиялар белгилайди;

касб-ҳунар таълими муассасаларига, ишсиз шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда грантлар ажратади;

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилади;

ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш хизматларига давлат буюртмаси амалга оширилиши мониторингини ўтказади;

коворкинг-марказлари ва туман (шаҳар) меҳнат органлари ҳузуридаги “Меҳнат гузари” ишсиз аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш маҳалла марказлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

туман (шаҳар) ҳокимларининг иш ўринларини захирага қўйиш бўйича қарорлари бажарилишини назорат қилади.

Меҳнат органлари томонидан аҳолига, ташкилотларга ва бошқа иш берувчиларга кўрсатилаётган хизматлар, шу жумладан меҳнат бозори ҳолати тўғрисида ахборот бериш бўйича хизматлар бепул амалга оширилади.

 

14-модда. Давлат бошқарув органларининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Давлат бошқарув органлари:

меҳнат бозорини шакллантириш ва ривожлантиришни таъминловчи тузилмавий, молиявий, кредит, инвестиция ва солиқ сиёсатини амалга оширишга доир тадбирларни ишлаб чиқади;

иқтисодиёт тузилишини таҳлилий тадқиқ этади, меҳнат бозори ҳолати ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги аҳволни прогнозлаштиради, бу соҳада давлат статистика ҳисоби ва ҳисоботини юритади;

аҳолини иш билан таъминлаш тармоқ дастурларини, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринларини яратиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

фуқароларнинг иш билан таъминланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат томонидан тегишли равишда кафолатланишини, шунингдек, ҳимоя қилинишини таъминлайди;

қўшимча иш жойлари яратилишига, меҳнат шароитлари яхшиланишига кўмаклашади;

белгиланган тартибда касбий стандартлар ва малака талабларини ишлаб чиқади ва рўйхатдан ўтказиш учун киритади.

 

15-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

тегишли ҳудудда аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширади;

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг умумий принциплари амалга оширилишини таъминловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш ҳудудий дастурларини, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринларини яратиш бўйича ҳудудий инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқади ва бажарилишини таъминлайди;

Аҳоли бандлигини ошириш прогноз параметрларининг бажарилишини таъминлайди;

янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигининг ўсишини рағбатлантириш, ишсизликни камайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини ишга жойлаштириш чора-тадбирларини амалга оширади;

янги иш ўринлари яратилишини рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари фаолияти бошқарувини амалга оширади, шу жумладан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларида кредит линияларини очиш чораларини кўради;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ишга жойлаштиришни назарда тутувчи ташкилотларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этади;

оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, шахсий томорқа хўжаликларида майда товар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш, касаначиликни ривожлантиришга кўмаклашади;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш чораларини кўради;

фуқароларни ишга жойлаштириш учун энг кам иш ўринлари сонини белгилайди ёки ишларнинг (касбларнинг) айрим турларини захирага қўяди;

меҳнат бозоридаги вазиятни барқарорлаштиришга, шу жумладан ходимларнинг ишдан оммавий озод этилишининг олдини олиш, устувор ривожланиш ҳудудларини аниқлашга ёрдам берадиган тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.

 

16-модда. Иш берувчиларнинг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштироки

Ўзбекистон Республикасида иш берувчилар аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда қуйидаги йўллар билан иштирок этадилар:

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ишга жойлаштириш учун иш ўринларини захирага қўйиш ва шахсларни захирага қўйилган иш ўринларига жойлаштириш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча иш берувчилар томонидан мажбурий тартибда бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда, шунингдек, ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги ахборотни улар озод этилишидан камида икки ой олдин меҳнат органларига тақдим этиш;

меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи шартнома ва келишувлар шартларини бажариш;

ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун шароит яратиш;

ягона ижтимоий тўловдан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига молиявий ажратмалар ўтказиш;

иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга оширишда иштирок этиш;

меҳнат органлари томонидан юбориладиган ишсиз ва банд бўлмаган шахсларни уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун маблағлар Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан тўлиқ ёки қисман қопланган ҳолда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш.

Бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар иш берувчи томонидан меҳнат органларига электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этилади. Маълумотлар электрон шаклда тақдим этилганда, улар иш берувчининг мансабдор шахсининг рақамли имзоси билан тасдиқланади, ваколатли давлат органининг бўш иш ўринлари миллий базасига электрон шаклда киритилади. Маълумотлар қоғоз шаклда тақдим этилганда, улар иш берувчининг мансабдор шахси томонидан имзоланади. Бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳар бир ҳисобот ойи якуни ҳолати бўйича тақдим этилади.

Бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни яширганлик, уларни ўз вақтида тақдим этмаслик, шунингдек, ҳар бир ходимнинг мўлжалланаётган ишдан озод этилиши тўғрисидаги ахборотни меҳнат органларига тақдим этмаслик учун иш берувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Ходимларни озод этиш тўғрисидаги ахборотда озод этиладиган ходимларнинг шахсий рўйхати, уларнинг касби, мутахассислиги, малакаси ва ҳар бир ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори кўрсатилган ҳолда, шунингдек, ушбу озод этилиш режалаштирилган муддатлар мажбурий тарзда тақдим этилади.

Иш берувчиларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун белгиланган энг кам миқдордан ортиқ қўшимча иш жойларини яратиш, шунингдек, бундай шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш мақсадидаги сарф-харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари, маҳаллий бюджет маблағлари ва бошқа маблағлар ҳисобидан қопланади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг иш жойларини қисқартириш ёки тугатиш касаба уюшмалари қўмиталари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

 

17-модда. Хусусий бандлик ва аутстаффинг агентликларининг аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашишда иштироки

Хусусий бандлик агентликлари аҳолини иш билан таъминлашга қуйидаги хизмат турларини кўрсатиш орқали кўмаклашади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахслар учун иш танлаш;

иш берувчилар учун кадрлар танлаш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш;

ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш.

Хусусий бандлик агентликлари аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар қуйидаги йўналишлар бўйича хусусий бандлик агентликлари билан ҳамкорлик қилади ҳамда уларга кўмаклашади:

иқтисодиёт тармоқларида талаб қилинган касблар ва малакаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини олиш учун танловларда иштирок этишга уларни жалб этиш, шунингдек, аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида бошқа хизматлар кўрсатиш;

хусусий бандлик агентликларига уларнинг сўровлари бўйича бўш ва ташкил этилаётган иш ўринлари, шунингдек, иш қидираётган шахслар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;

Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга, шу жумладан хорижда амалга оширишга уларни жалб этиш;

аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;

аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида ахборот кампаниялари, конференциялар, симпозиумлар, семинарларни биргаликда тайёрлаш ва ўтказиш.

Ваколатли давлат органи Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан хусусий бандлик агентликлари ва бошқа ташкилотларни ишсиз шахсларни, айниқса, ишчи кучи кўп бўлган ва олис ҳудудларда, шунингдек, чет элда ишга жойлаштириш бўйича агентлар сифатида пулли асосда жалб қилишга ҳақли.

Хусусий бандлик агентликлари қонун ҳужжатларини бузганлиги, ваколатли давлат органига маълумотларни тақдим этмаслиги ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлиги, шунингдек, фуқаролар билан тузилган шартнома шартларини бузганлиги учун жавобгар бўлади.

Аутстаффинг фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва ваколатли давлат органи томонидан фаолиятнинг ушбу турини амалга ошириш аккредитациядан ўтган аутстаффинг агентликларига берилади.

Аутстаффинг фаолияти шартнома асосида амалга оширилади, бунда ишлар бажарувчи (юборувчи томон) ўз ходимларини уларнинг розилиги билан, ушбу ходимларнинг иш берувчиси бўлмаган жисмоний ёки юридик шахсга (қабул қилувчи томонга), ушбу ходимлар томонидан меҳнат шартномаларида кўрсатилган ўз меҳнат функцияларини қабул қилувчи томоннинг манфаатига бошқарув ва назорати остида вақтинчалик бажариши учун юборади, буюртмачи эса ишчилар (ходимлар)нинг кўрсатилган хизматлари учун тўловларни тўлаш ва ушбу ходимлар ҳамда Аутстаффинг агентлиги билан тузилган меҳнат шартномаларида белгиланган меҳнат функцияларига мувофиқ фойдаланилади.

 

18-модда. Касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш дастурларида иштироки

 

Касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари:

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва иш берувчиларга аҳолини иш билан таъминлаш ва аҳолининг ижтимоий кафолатларига оид масалалар юзасидан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказиш ҳақида таклифлар киритади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ишга (хизматга) қабул қилиш, меҳнат, ишдан бўшатиш, имтиёзлар ва компенсациялар бериш масалаларида ишчиларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлашга кўмаклашади.

Касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилади, иш билан таъминлаш борасидаги давлат сиёсатини ишлаб чиқишда иштирок этади, ташкилотларда ишдан озод этиладиган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ жамоа шартномасига киритиладиган чора-тадбирларни таклиф этади.

Иш берувчининг ташаббуси билан ходимларнинг сони (штати) ёки меҳнат шароитлари ўзгаришига олиб келадиган тарзда ташкилотни ва унинг таркибий бўлинмаларини тугатиш, ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тегишли касаба уюшмалари камида икки ой олдин хабардор қилинган ҳолда ҳамда улар билан ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан музокаралар ўтказилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.

Касаба уюшмалари аҳолини иш билан таъминлашнинг ҳолати ва аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

 

19-модда. Ишсизларни, шунингдек, ишсизлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини иш билан таъминловчи иш берувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат меҳнат органлари томонидан мақбул келадиган ишни танлаш ва ишга жойлашишга бепул кўмаклашиш, шунингдек, ишсиз шахсларни янги касбга (мутахассисликка) бепул ўқитишни, меҳнат органларида ёки уларнинг йўлланмаси билан бошқа ўқув юртларида стипендия тўлаб қайта тайёрлашни ва малакасини оширишни кафолатлайди.

Ишсиз шахсларга ҳақ тўланадиган жамоат ишлари дастурларида иштирок этиш имконияти тақдим этилади.

Ишсизларни, шунингдек, ишсизлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини иш билан таъминловчи иш берувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан субсидия ва грантлар ажратилади.

Субсидиялар қуйидагиларга ажратилади:

иш берувчиларга – меҳнат органлари йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун;

меҳнат органларида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи ишсиз шахсларга – якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорликка ўқитиш харажатларини тўлаш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови, шунингдек, ваколатли давлат органи қарорига кўра бошқа харажатларни тўлаш учун;

Захирага қўйилган энг кам белгиланган сондан ортиқ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб шахсларни ишга қабул қилган ташкилотларга;

жисмоний шахсларга - шартномалар асосида енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун.

Грантлар қуйидагиларга ажратилади:

меҳнат органларида рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларга - ишсиз ва банд бўлмаган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва бошқа касб-ҳунар таълими муассасаларида касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун;

касб-ҳунар таълими муассасаларига – банд бўлмаган шахсларни, айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун;

касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни молиялаштириш учун.

 

20-модда. Ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш

Ходимлари умумий сони юз кишидан ортиқ бўлган ташкилотдан рўйхатдаги ўртача ходимлар сонининг ўн ва ундан ортиқ фоизи ишдан озод этилиши ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш ҳисобланади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари меҳнат органлари тақдимномалари бўйича ёки мустақил равишда ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш тўғрисидаги қарорни олти ойгача муддатга тўхтатиб қўйиши мумкин, бунда улар ушбу кечиктириш туфайли ташкилотлар кўрадиган зарарни қисман ёки тўлиқ қоплайди.

Меҳнат органлари ишдан оммавий равишда озод этилаётган ходимларга ишга жойлашиш ва бандликни таъминлашда, шу жумладан бепул касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ёрдам беради.

 

3-боб. Иш ўринларини ташкил этишга давлат буюртмаси

 

21-модда. Иш ўринларини ташкил этишга давлат буюртмаси

Иш ўринлари ташкил этишга давлат буюртмасида давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тайёрланган прогноз асосида Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва тармоқларни модернизация қилиш дастурларига (кейинги ўринларда ривожлантириш дастурлари деб аталади) киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган иш ўринлари сони аниқланади.

Келгуси йил учун иш ўринлари ташкил этиш давлат буюртмаси меҳнат ресурсларини жалб этиш эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ҳудудий ва тармоқ ривожлантириш дастурларининг манзилли қисмига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ишсиз ва банд бўлмаган шахсларни ишга жойлаштириш учун шакллантирилади.

Давлат буюртмаси ривожланиш дастурларига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида иш ўринлари яратиш учун зарур бўлган молиялаштириш манбалари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар, жалб этилган хорижий инвестициялар, тижорат банклари кредитлари, ташкилотларнинг хусусий маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан таъминланиши керак.

 

22-модда. Иш ўринларини ташкил этишга давлат буюртмасини шакллантириш

Ташкилотлар ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 октябрига қадар ривожлантириш дастурларини амалга оширишнинг жорий ва истиқболдаги таҳлили натижалари асосида юқори турувчи давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларга иш ўринларини ташкил этиш эҳтиёжининг дастлабки кўрсаткичларини тақдим этади.

Иш ўринлари ташкил этишга эҳтиёжнинг дастлабки кўрсаткичлари:

янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиш ёки мавжуд қувватларнинг кенгайтирилиши;

хизмат кўрсатиш ва сервис, янги турар жойлар қурилиши соҳаларидаги объектлар ҳамда ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларининг ишга туширилиши;

қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажмларининг кенгайтирилиши;

аҳоли тадбиркорлик фаоллигининг ўсиши, янги тадбиркорлик субъектларининг ташкил этилиши;

хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантириш инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши муносабати билан зарур иш ўринларини аниқлаш асосида ҳисоблаб чиқилади.

Давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар иш ўринлари ташкил этиш эҳтиёжларининг дастлабки кўрсаткичлари асосида ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 ноябрига қадар иш ўринлари ташкил этиш давлат буюртмасини белгиланган тартибда кўриб чиқади, тасдиқлайди ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурига киритиш учун ваколатли давлат органи ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига юборади.

Ваколатли давлат органи ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 20 ноябрига қадар иш ўринлари ташкил этиш давлат буюртмаси белгиланган тартибда кўриб чиқилишини ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури лойиҳасига киритилишини таъминлайди.

Ваколатли давлат органи ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 декабридан кечикмай, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

 

23-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан иш ўринлари ташкил этишга давлат буюртмасининг шакллантирилиши

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари иш ўринлари ташкил этишга давлат буюртмасини юқори турувчи инстанцияларга эга бўлмаган ташкилотлар кесимида ҳудудий ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб шакллантиради. Иш ўринлари ташкил этиш эҳтиёжларининг дастлабки кўрсаткичлари ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан шакллантирилади, аниқлаштирилади ва тасдиқланади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан иш ўринлари ташкил этишга давлат буюртмаси тегишли ҳудудда фаолият юритаётган ташкилотларнинг ишлаб чиқариш (товарлар, ишлар, хизматлар) ҳажмлари кенгайтирилиши ва оширилиши учун кадрларга бўлган эҳтиёж таҳлили асосида шакллантирилади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари иш ўринлари ташкил этиш эҳтиёжининг дастлабки кўрсаткичлари асосида ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 ноябрига қадар иш ўринлари ташкил этиш давлат буюртмасини белгиланган тартибда кўриб чиқади, тасдиқлайди ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурига киритиш учун ваколатли давлат органи ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига юборади.

Ваколатли давлат органи ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 20 ноябрига қадар иш ўринлари ташкил этиш давлат буюртмаси кўриб чиқилишини ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури лойиҳасига киритилишини таъминлайди.

Ваколатли давлат органи ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 декабридан кечикмай, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

 

24-модда. Давлат буюртмасига мувофиқ иш ўринларини ташкил қилиш ва кадрлар тайёрлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Иш ўринларини ташкил қилишга давлат буюртмасини олган ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қайтариладиган ссуда ажратилиши мумкин.

Ссуда ваколатли давлат органи томонидан уч йилгача бўлган муддатга Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида берилади.

Ссуда миқдори давлат буюртмаси дастурига мувофиқ яратилган битта иш ўрнига қараб, қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаслиги керак.

Ссуда ажратиш учун ташкилот:

иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси дастури ҳамда бандлик ҳудудий дастурларига киритилган бўлиши;

солиқ қарздорлиги, тижорат банкларининг кредитлари бўйича кечиктирилган қарзлари бўлмаслиги керак.

Ссуда ажратиш тўғрисидаги қарорни тайёрлаш учун ташкилот ваколатли давлат органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ссуда олиш учун ариза;

ссуда берилишининг мақсадга мувофиқлигини техник-иқтисодий асослаш ва унинг қайтарилишининг кафолати;

ссуда қайтарилишини таъминлаш, шу жумладан гаров, кафиллик, банк кафолати ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминлаш турлари.

Ваколатли давлат органи тақдим этилган ҳужжатлар таҳлили асосида ссуда ажратиш ёки уни ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ссуда олишнинг имтиёзли ҳуқуқи банд бўлмаган шахслар учун иш ўринлари ташкил этувчи, шунингдек, ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳудудларда фаолият юритувчи ташкилотларга берилади.

 

4-боб. Меҳнат органлари томонидан ишсизлар ва банд бўлмаган шахсларга кўрсатиладиган хизматлар

 

25-модда. Меҳнат органларига мурожаат этган шахсларга кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари

Меҳнат органларига мурожаат этган шахсларга уларнинг хоҳишига кўра асосий хизматларнинг қуйидаги турлари таклиф этилади:

бандлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, бўш иш ўринлари мавжудлиги, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлашдан ўтиш, малакани ошириш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш;

мурожаат этган шахснинг касбий тайёргарлиги, иш тажрибаси ва меҳнат стажи, ёши, соғлиғига мувофиқ келувчи мақбул ишни таклиф этиш (агар мавжуд бўлса), шунингдек, уюшган меҳнат миграцияси линияси бўйича мақбул келадиган ишни қидириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш;

Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ёки бошқа манбалар ҳисобидан жамоат ишларига йўналтириш;

тадбиркорликка жалб этиш, иш билан мустақил таъминланишни ривожлантириш фаолиятини ташкил этиш орқали бандликка кўмаклашиш;

касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани оширишга йўналтириш;

касбий малакани баҳолаш;

ўзини ўзи банд қилган шахсларга вақтинча меҳнат гувоҳномасини, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишга микрокредитлар олиш учун тавсиялар бериш.

 

26-модда. Фуқароларга хизмат кўрсатувчи меҳнат органлари ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Фуқароларга хизмат кўрсатувчи меҳнат органи ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

меҳнат органига мурожаат этган шахслардан уларнинг аввалги меҳнат фаолияти, маълумоти, оилавий аҳволи, даромад (яшаш учун маблағлар) манбалари билан боғлиқ ҳар қандай маълумотларни ҳамда меҳнат органи томонидан ушбу шахсга нисбатан қабул қилинадиган қарорга таъсир этиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни сўраб олиш;

иш қидираётган шахс томонидан тақдим этилган, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлашга таъсир қилиши мумкин бўлган маълумотларнинг тўғрилиги ва ишончлилигини текшириш;

ўз ваколати доирасида ташкилотлардан, уларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ишсизлик нафақасини олувчи шахсларга тегишли маълумотларни сўраб олиш;

иш билан таъминланмаган аҳоли ҳисобини юритиш мақсадида фуқаро розилиги билан унинг уй хўжалигига ташриф буюриш.

Фуқароларга хизмат кўрсатувчи меҳнат органи ходими:

ишсизларни тезкор ишга жойлаштириш ва уларнинг ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириши;

лавозимини суиистеъмол қилишга қаратилган ноқонуний ва ғаразли ҳаракатларга йўл қўймаслиги;

маслаҳат олиш учун меҳнат органларига мурожаат этган юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатга олиши ҳамда “Бандлик хизмати” АТнинг барча зарур рўйхатга олиш ва ҳисобга олиш бўлимларини ва иш қидираётган фуқаро сўровномасини ўз вақтида ва тўғри тўлдириши;

маслаҳат давомида олинган шахсий маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши, улардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши;

иш қидираётган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар билан белгиланган тартибда мунтазам учрашувлар (мулоқотлар) ўтказиши шарт.

 

27-модда. Маслаҳат бериш бўйича хизматлар

Маслаҳат олиш юзасидан мурожаат этган шахсларга:

тегишли ҳудудда жойлашган ташкилотларда бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги ҳамда бўш (вакант) иш ўринларидаги меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва бошқа шароитлар тўғрисида;

янгидан ташкил этиладиган иш ўринлари ва ҳудудни (яшаш ҳудудини) ривожлантириш дастурлари;

касбга тайёрлаш, қайта тайёрлашдан ўтиш, малакани ошириш имкониятлари ва шартлари;

ишсизларга тақдим этиладиган ижтимоий кафолатлар ва меҳнат қонунчилиги нормалари;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни заҳирага қўйиладиган иш ўринларига жойлаштириш тартиби;

бандликни рағбатлантириш ва банд бўлмаган аҳолини тадбиркорлик билан шуғулланишга жалб этишга йўналтирилган субсидия ва грантлар;

хусусий тадбиркорликни ташкил этиш имкониятлари, стартап-лойиҳалар ва намунавий бизнес-режаларни қўллаб-қувватлаш чоралари;

аҳолини иш билан таъминлашга йўналтирилган лойиҳаларни микрокредитлаш дастури;

хорижда уюшган ҳолда танлаш бўйича вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятлари;

меҳнат органлари томонидан тақдим этиладиган бошқа хизматлар турлари тўғрисида ахборот тақдим этилади.

Маслаҳат учун мурожаат қилган шахсга ўзи қўйган масала бўйича тўлиқ маълумот бериш имкони бўлмаган тақдирда, меҳнат органининг маслаҳат берувчи ходими қайта маслаҳат бериш вақтини белгилаши керак.

 

28-модда. Иш қидираётган ва меҳнат органларида рўйхатдан ўтказиладиган шахсларнинг тоифалари

Меҳнат органига иш қидириш мақсадида мурожаат этган 16 ёшгача бўлган қуйидаги фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар иш қидираётган шахслар сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин:

ишга ва иш ҳақига (меҳнат даромадига) эга бўлмаган шахслар;

меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши мумкин бўлган (меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантирилган) фуқаролар;

тиббий-меҳнат эксперт комиссияси хулосасига кўра, меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятига эга ногиронлиги бўлган шахслар;

ёшидан қатъи назар, меҳнат фаолиятини қайта тикламоқчи (давом эттирмоқчи) бўлган пенсионерлар;

иш жойини ёки касбини ўзгартирмоқчи бўлган меҳнатга лаёқатли фуқаролар;

доимий иш жойига эга бўлишни хоҳловчи, бир марталик, вақтинча ва мавсумий ишларда банд бўлган фуқаролар;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида ва қишлоқ хўжалигида мавсумий ишларда иштирок этишни хоҳловчи фуқаролар;

ишга жойлашишга муҳтож фуқароларнинг бошқа тоифалари.

 

29-модда. Иш қидираётган фуқароларни рўйхатга олиш тартиби

Иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш:

қишлоқ жойларда – комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳудудига бириктирилган меҳнат органи, иш қидираётган шахснинг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ходими томонидан;

агар иш қидираётган шахс меҳнат органи жойлашган аҳоли пункти (шаҳар, шаҳарча, маҳалла) ҳудудида жойлашган бўлса – ишсизларни ҳисобга олиш, ишга жойлаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш сектори ходимлари томонидан амалга оширилади.

Иш қидираётган фуқаролар меҳнат органи ходимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ва шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

меҳнат дафтарчаси ёки меҳнат стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжат (илгари ишламаганлар бундан мустасно);

маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асли ёки нусхаси;

касб ёки касбий малака мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли ёки нусхаси – касбга эга шахслар учун;

иш жойидан охирги 12 ой учун иш ҳақи (меҳнат даромади, пул таъминоти) тўғрисида маълумотнома – илгари ишлаган шахслар, шу жумладан жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун.

Зарурат бўлганда, меҳнат органи мазкур ҳужжатларга қўшимча равишда мурожаат этган фуқаролар тўғрисида, шу жумладан электрон ҳужжат айланмасидан фойдаланган ҳолда қуйидаги маълумотни олиш учун талабнома юборади:

ногиронлиги бўлган шахслар бўйича – тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига тавсия этилган меҳнат хусусияти ва шароитлари тўғрисида хулоса олиш учун;

саломатлиги ҳолатига кўра меҳнат фаолиятида чекловлар мавжуд бўлган шахслар учун – соғлиқни сақлаш муассасаларига тиббий хулосалар ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни олиш учун;

суд қарорига кўра жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун – мазкур муассасаларга озод этилганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун;

қарамоғида фарзандлари бўлган шахслар учун – фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига фарзандларининг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалари нусхаларини олиш учун;

бошқа боқимандалари бўлган шахслар учун – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига мазкур боқимандалар мавжудлиги ҳамда улар томонидан қонунчилик билан белгиланган пенсия ва нафақалар олинмаслиги тўғрисидаги малумотномани олиш учун.

Зарур бўлган ҳолларда, меҳнат органи Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан мурожаат этаётган шахс ҳақиқатан фермер (деҳқон) хўжалиги аъзоси эканлиги тўғрисида малумот талаб этиши мумкин.

 

30-модда. Мақбул келадиган иш

Қуйидаги иш мақбул келадиган иш ҳисобланади:

биринчи марта иш қидираётган, касби (мутахассислиги) бўлмаган шахслар учун – дастлабки касб тайёргарлигини талаб қилмайдиган иш, бундай ишни топиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда эса – ишсизларнинг ёши ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳақ тўланадиган бошқа иш, шу жумладан вақтинча иш;

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун – уларнинг касб тайёргарлигига мос бўлган, ёшини, соғлиғи ҳолатини, меҳнат стажини ва аввалги касби (мутахассислиги) бўйича тажрибасини инобатга олувчи иш.

Қуйидаги ҳолларда иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас, агар:

иш яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ бўлса;

таклиф этилган иш доимий яшаш жойидан анча узоқ бўлса ва жамоат транспортининг оммабоп турида ишга етиб олиш учун зарур бўлган вақт 1 соатдан кўпни ташкил этса;

таклиф этилган ишни рад этиш ишсизнинг соғлиғи ҳолатига, унинг ёшига ва бошқа узрли сабабларга кўра мавжуд монеликларга асосланган бўлса.

Ишсизлик нафақасини олиш даври тугаганидан сўнг касби (мутахассислиги) бўйича иш топиб бериш мумкин бўлмаган тақдирда, ишсизнинг қобилиятини, унинг соғлиғи ҳолатини, олдинги иш тажрибасини ва унинг учун қулай бўлган ўқитиш воситаларини инобатга олган ҳолда, касбини (мутахассислигини) ўзгартиришни талаб қиладиган иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин.

Меҳнат органида иш қидирувчи сифатида рўйхатдан ўтган ҳар бир шахсга ушбу орган ходими томонидан унинг касбий тайёргарлигига, иш тажрибасига ва меҳнат стажига, ёшига ва соғлиғи ҳолатига мос келадиган тегишли иш (агар мавжуд бўлса) таклиф этилади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифасидаги шахслар учун мақбул келадиган иш мавжуд бўш иш ўринлари ёки заҳирага қўйилган (квоталанган) иш ўринлари орасидан қидирилади.

Ишни таклиф этиш ва иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш фақат мақбул келадиган ишга нисбатан амалга оширилади.

Иш қидираётган шахсга мақбул келадиган иш юзасидан ҳар бир таклиф тўғрисидаги маълумотлар “Бандлик хизмати” АТнинг тегишли бўлимларига киритилади.

 

31-модда. Иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш

Меҳнат органларида иш қидируви сифатида рўйхатдан ўтган шахсларни ишга жойлаштириш ташкилотда меҳнат органлари йўлланмаси бўйича амалга оширилади.

Алоҳида ҳолларда иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш маъмурий бўлинишнинг бошқа туманлари ҳудудида жойлашган ташкилотларда, агар ушбу ташкилотлар транспорт жиҳатидан қатнаш қулайлиги доирасида жойлашган бўлса, амалга оширилиши мумкин.

Мақбул келадиган иш юзасидан таклиф сони, даврийлиги ва муддатлари ҳамда иш қидираётган шахсга ишга жойлашиш учун йўлланмалар бериш чекланмайди.

Меҳнат органи доимий равишда мақбул келадиган иш мезонларига мос бўш (квоталанадиган) иш ўринлари юзага келганда, иш қидираётган шахсга у ишга жойлашгунга қадар ёки бошқа сабабларга кўра ҳисобдан чиқарилгунига қадар иш ўринларини таклиф этиши шарт.

 

32-модда. Иш қидираётган шахсларга ишга жойлашишга йўлланма бериш тартиби

Мақбул келадиган иш бўйича бўш иш ўринлари (вакансиялар) мавжуд бўлганда, иш қидираётган шахс ишга жойлашиш таклифига розилик билдирган тақдирда, меҳнат органи ходими унга:

давлат ташкилотларига ҳамда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларга, шунингдек, захирага қўйилган иш ўринларига йўналтирилган ҳолларда эса, ушбу Қонунда белгиланган тартибда нодавлат мулкчилик шаклидаги ташкилотларга, тадбиркорлик субъектларига ишга жойлашишга йўлланма;

нодавлат мулкчилик шаклидаги ташкилотларга, тадбиркорлик субъектларига ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома беради.

Ишга жойлашишга йўлланма ёки ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома (кейинги ўринларда йўлланма деб аталади) “Бандлик хизмати” АТ орқали шакллантирилади ёки комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган ходим томонидан тўлдирилади.

Йўлланма қоида тариқасида, туман (шаҳар) меҳнат органи директори ёки директор ўринбосари томонидан ёки комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган ходим томонидан имзоланади.

Йўлланма иш берувчига электрон кўринишда, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда юборилиши мумкин.

 

33-модда. Меҳнат органлари томонидан йўналтирилган шахсларни ташкилотларда ишга жойлаштириш тартиби

Иш қидираётган ва йўлланма олган шахс уни олган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмай, ишга жойлашиш учун йўлланмада кўрсатилган манзилга мурожаат этиши шарт.

Ташкилот иш қидираётган шахсни йўлланма бўйича ишга қабул қилган ва у билан меҳнат шартномасини тузган тақдирда, йўлланма тақдим этилган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмаган ҳолда меҳнат органи манзили бўйича ушбу шахс ишга жойлаштирилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан бирга йўлланманинг йиртиб олинадиган талонини жўнатиши шарт.

Ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома нодавлат мулкчилик шаклидаги ташкилотга йўналтирилган тақдирда, тадбиркорлик субъектлари ихтиёрий тартибда ва шаклда меҳнат органига ушбу шахс ишга жойлаштирилганлиги тўғрисида хабар беради.

Ишга жойлашишга йўлланма иш берувчига электрон тарзда жўнатилган тақдирда, иш берувчи меҳнат органига йиртиб олинадиган талон ўрнига ишга жойлашганлик тўғрисидаги хабарноманинг электрон шаклини юборади.

Ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома нодавлат мулкчилик шаклидаги ташкилотга электрон тарзда йўналтирилган тақдирда, тадбиркорлик субъектлари ихтиёрий тартибда ва шаклда меҳнат органига ушбу шахс ишга жойлаштирилганлиги тўғрисида ахборот беради.

Ишга жойлашиш рад этилган тақдирда, йиртиб олинадиган талонда рад жавоби сабабининг асоси кўрсатилади ва йиртиб олинадиган талон ушбу йўлланмани берган меҳнат органига тақдим этиш учун иш қидираётган шахсга қайтариб берилади.

Йиртиб олинадиган талон ташкилот раҳбари ёки ташкилотнинг ходимларни бошқариш бўлинмаси бошлиғи (ходими) томонидан имзоланади.

Иш берувчи меҳнат органи томонидан берилган ишга жойлашишга йўлланма бўйича ишга жойлаштиришни рад этганда, иш қидираётган шахс йиртиб олинадиган талонни ушбу йўлланмани берган меҳнат органига ёки комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган ходимга уч кун муддат ичида қайтариб бериши шарт.

Меҳнат органи ходими томонидан ишга жойлаштиришни рад этиш сабаби юзасидан “Бандлик хизмати” АТнинг “Ишга жойлашиш натижаси” устунида тегишли ёзув қайд этилади. Ҳужжатнинг қайтарилган йиртиб олинадиган талони (нусхаси) “Бандлик хизмати” АТнинг тегишли бўлимига қўшиб қўйилади.

Иш берувчилар – нодавлат мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномалар бўйича ишга жойлаштиришни рад этганда, иш берувчи меҳнат органига ишга жойлаштиришни рад этиш сабаблари ҳақида хабардор қилиш (ихтиёрий) тартибда маълум қилади.

Мақбул келадиган иш бўйича таклифлар мавжуд бўлмаган ва иш қидираётган фуқарони ишга жойлаштириш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, мазкур фуқаро ишсиз деб эътироф этилади ва унга ишсизлик нафақаси тайинланади.

 

34-модда. Иш қидираётган шахсларни меҳнат органларида ҳисобдан чиқариш

Иш қидираётган шахсларни меҳнат органларида ҳисобдан чиқариш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

ишга жойлашганда;

банд бўлмаган аҳолини тадбиркорлик билан шуғулланишга жалб этишга йўналтирилган субсидиялар олинганда, шахсий томорқа ерларни ривожлантиришга йўналтирилган субсидиялар олинганда;

Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан микрокредитлар олинганда;

хорижда уюшган ҳолда танлаш бўйича вақтинча меҳнат фаолиятига жалб этилганда;

касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишга йўналтирилганда;

ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинча меҳнат гувоҳномалари берилганда;

пенсия, шу жумладан муддатидан аввал пенсия расмийлаштирилганда;

иш қидираётган шахс доимий яшаш учун бошқа жойга кўчиб ўтганда;

иш қидираётган шахс иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан бошлаб дастлабки 10 кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни икки марта рад этганда ёки мазкур шахс ушбу муддат давомида меҳнат органига узрсиз сабабларга кўра келмаганда;

иш қидираётган шахс мақбул келадиган иш таклифларини мунтазам равишда (икки мартадан кўп) рад этганда;

иш қидираётган шахс мақбул келадиган ишга жойлашиш учун қайта рўйхатдан ўтиш ва йўлланма олишга келишдан қасддан бош тортганда;

ғайриқонуний рўйхатдан ўтиш ҳолати аниқланганда;

иш қидираётган шахсга суднинг озодликдан маҳрум қилиш ёки аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тарзидаги берилган ҳукми қонуний кучга кирганда;

ишсиз муддатли ҳарбий хизматга чақирилганда;

меҳнат органлари томонидан ишсиз ёки иш қидираётган шахс билан иш олиб бориш мумкин бўлмаган бошқа ҳолатлар юзага келганда;

иш қидираётган шахс вафот этганда.

Ишсизлик нафақасини тўлаш даврининг тугаши ёки нафақани тўлашни тўхтатиш иш қидирувчи шахсни меҳнат органида ҳисобдан чиқариш учун сабаб бўлмайди.

Юқорида келтирилган асосларга кўра ҳисобдан чиқарилган, иш қидираётган шахслар улар ҳисобдан чиқарилган вақтдан бошлаб ўттиз календарь кун ўтганидан кейин қайта рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга.

Иш қидираётган шахсни меҳнат органида ҳисобдан чиқариш меҳнат органи раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади, унда иш қидираётган шахсни ҳисобдан чиқариш учун асос, шунингдек, ушбу фуқаро ҳисобдан чиқарилаётган сана кўрсатилади.

Иш қидираётган шахсни меҳнат органида ҳисобдан чиқариш тўғрисида меҳнат органи ходими томонидан “Бандлик хизмати” АТда қайд этилади.

 

35-модда. Бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш учун субсидиялар тақдим этиш

Меҳнат органлари бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш учун субсидиялар тақдим этади, шу жумладан:

иш берувчиларга – меҳнат органлари йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун – ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 баравари миқдорида;

меҳнат органларида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи ишсиз шахсларга – якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шу жумладан штамп ва муҳрлар, электрон рақамли имзо олиш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови бўйича харажатларни тўлаш учун – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари миқдоригача;

ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларидан белгиланган квотанинг энг кам миқдоридан ортиқ шахсларни ишга қабул қилган ташкилотларга – қабул қилинган ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида;

жисмоний шахсларга енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун тўлов амалга ошириш – меҳнат органлари, томорқа ер эгалари ва томорқа ерлар учун моддий ресурслар етказиб берувчилари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 бараваригача бўлган миқдорда.

Субсидияларни олиш учун иш қидираётган шахс ёки меҳнат органлари йўлланмаси бўйича ходимларни ишга қабул қилган иш берувчи туман (шаҳар) меҳнат органига мурожаат қилиши лозим.

Туман (шаҳар) меҳнат органи тақдим этилган аризалар ва тасдиқловчи ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар белгиланган талабларга мувофиқ келган тақдирда, субсидияларни тақдим этиш тўғрисида қарор (буйруқ) қабул қилади.

Субсидиялар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ушбу мақсадларга ажратилган харажатлар сметаси доирасида тақдим этилади.

 

36-модда. Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси

Вақтинча меҳнат гувоҳномаси меҳнатда шахсий иштирок этиш асосида жисмоний ва юридик шахслар учун меҳнат даромадини олишга йўналтирилган хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган ва ўз фаолиятида ёлланма ишчилар меҳнатидан фойдаланмайдиган шахсларга берилади.

Вақтинча меҳнат гувоҳномаси ариза берувчининг хоҳишига кўра, жисмоний шахснинг мурожаати асосида 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга берилади.

Вақтинча меҳнат гувоҳномасини бериш тўғрисидаги ахборот Ягона меҳнат миллий тизимига киритилади, ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотлар базаси (регистр) яратилади ва параллел равишда Ягона меҳнат миллий тизимида шакллантириладиган жисмоний шахснинг шахсий ишга жойлашиши тарихига интеграция қилинади.

Вақтинча меҳнат гувоҳномасининг асл нусхаси ўзини ўзи банд қилган шахсда у пенсия ёшига тўлгунига қадар сақланади, нусхаси эса уни берган меҳнат органида сақланади.

Ташкилотлар томонидан меҳнат гувоҳномасига эга ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди.

Вақтинча меҳнат гувоҳномасини бериш учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланадиган миқдорларда ҳақ ундирилади.

Меҳнат гувоҳномаси амал қиладиган даврда ўзини ўзи банд қилган фуқаро Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсизга тўланадиган ишсизлик бўйича нафақа ва касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида стипендия олиши мумкин эмас.

Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди.

 

37-модда. Ўзини ўзи банд қилган шахсларга вақтинча меҳнат гувоҳномасини бериш тартиби

Вақтинча меҳнат гувоҳномаси меҳнат органлари томонидан ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг аризаси асосида берилади.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинча меҳнат гувоҳномаси меҳнат органлари томонидан улар доимий яшаш жойидан қатъи назар берилади.

Вақтинча меҳнат гувоҳномасини бериш учун ариза ўзини ўзи банд қилган фуқаро томонидан меҳнат органига шахсан тақдим этилиши, вакили орқали, буюртма хат билан ёхуд электрон шаклда меҳнат гувоҳномаларини олиш учун онлайн-майдонча (кейинги ўринларда онлайн-майдонча деб аталади) орқали юборилиши мумкин.

Меҳнат органи уч кун муддатда аризани кўриб чиқади ва ариза берувчини қуйидагилар ҳақида огоҳлантиради:

вақтинча меҳнат гувоҳномасини бериш тўғрисида қарор қабул қилишда – меҳнат гувоҳномаси бериладиган сана ва вақт тўғрисида;

меҳнат гувоҳномаси беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда – рад этиш сабаби тўғрисида.

Меҳнат гувоҳномасини беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилиниши мумкин:

аризада кўрсатилган ишончсиз ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар аниқланганда;

аризада кўрсатилган фаолият турларининг ўзини ўзи банд қилган фуқароларга ушбу фаолият турлари бўйича вақтинча меҳнат гувоҳномалари бериладиган Фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатига мувофиқ эмаслиги;

меҳнат гувоҳномаси бериш учун ариза берилганда ариза берувчи томонидан кўрсатилган муддатга (ойлар сонига) мувофиқ миқдорда меҳнат гувоҳномаси берилганлиги учун белгиланган тўлов тўланганлигини тасдиқлайдиган тўлов ҳужжати нусхасининг ёхуд пул маблағлари тушганлигининг тасдиғи мавжуд эмаслиги.

Тузатилиши мумкин бўлган хатолар аниқланиши оқибатида вақтинча меҳнат гувоҳномасини бериш рад этилган тақдирда, ариза берувчига уч иш куни мобайнида тегишли тузатишларни амалга ошириш имконияти берилади.

 

38-модда. Вақтинча меҳнат гувоҳномаси эгаларига тақдим этиладиган имтиёзлар

Вақтинча меҳнат гувоҳномасида кўрсатилган ўзини ўзи банд қилиш тартибидаги меҳнат фаолиятини амалга ошириш даври пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлинган пайтдан бошлаб ёшга доир, ногиронлик
ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Вақтинча меҳнат гувоҳномасининг амал қилиш даври бу даврда ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолияти амалда бажарилганлиги ёки бажарилмаганлигидан қатъи назар пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Меҳнат органлари тижорат банкларига камида олти ой амал қиладиган муддатга вақтинча меҳнат гувоҳномасини расмийлаштирган ўзини ўзи банд қилган фуқароларга имтиёзли микрокредитлар ажратиш учун тавсиялар беради.

Меҳнат гувоҳномасини расмийлаштирган ўзини ўзи банд қилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги ишсизлар ва банд бўлмаган шахсларни касбга ўқитиш марказларида, бошқа касбга ўқитиш марказларида, шу жумладан нодавлат касбга ўқитиш марказларида қисқа муддатли касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака ошириш, шунингдек, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш курсларида бепул ўқитилади.

Касбга ўқитиш марказларида ўзини ўзи банд қилганларни касбга ўқитишни ташкил этиш ва ўқитиш учун харажатлар Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Меҳнат органлари ўзини ўзи банд қилганларга меҳнат қуролларини (мотокультиваторлар, ўт ўриш ўроқ машиналари, перфораторлар, пайвандлаш аппаратлари, ўсимликларга ишлов бериш қурилмалари, дурадгорлик, чилангарлик ва қурилиш ускуналари ва бошқаларни), алоҳида ҳимоя воситаларини ва иш кийимини имтиёзли асосда бериш пунктларини ташкил этади.

Ўзини ўзи банд қилганларга имтиёзли асосида бериш учун меҳнат қуроллари ва алоҳида ҳимоя Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинади.

 

5-боб. Аҳолининг айрим тоифаларини ишга жойлаштиришдаги кафолатлар

39-модда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар

Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларга (кейинги ўринларда муҳтожлар деб аталади) давлат томонидан қўшимча кафолатлар таъминланади.

Муҳтожлар тоифасига қуйидагилар киради:

ўн тўрт ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар;

умумий ўрта ва касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;

“Меҳрибонлик” уйлари битирувчилари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларида муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

ногиронлиги бўлган шахслар;

пенсияолди ёшидаги шахслар;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;

одам савдоси қурбонлари.

Иш берувчи иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобидан иш ўринларига ишга жойлаштириш учун ҳудудий меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юбориладиган, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни ишга қабул қилиши шарт.

Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз рад этган иш берувчи ва унинг ваколатли шахслари белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Қўшимча кафолатлар қўшимча иш ўринлари, ихтисослаштирилган ташкилотлар, шу жумладан ногиронлар меҳнатидан фойдаланишга асосланган ташкилотни ташкил этиш, иш ўргатишнинг махсус дастурларини ишлаб чиқиш, ташкилотларга ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган тоифадаги фуқароларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чоралар билан таъминланади.

 

40-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун иш ўринларини заҳирага қўйиш

Аҳолининг бандлигига кўмаклашиш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун иш ўринларининг энг кам сони туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан белгиланади, ташкилотлар томонидан эса захирага қўйилади (захирага қўйиладиган иш ўринлари).

Заҳирага қўйиладиган иш ўринларини белгилаш ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони йигирма нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар учун назарда тутилади.

Захирага қўйиладиган иш ўринларининг жами сони туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига мувофиқ ташкилотнинг рўйхатдаги ходимлари ўртача сонининг 7 фоизидан ортиқни (шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун камида 3 фоизни) ташкил этиши мумкин эмас.

Ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони 20 нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳар йили:

1 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда лавозимларни ҳисобга олган ҳолда, келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сонини белгилайди;

15 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда келгуси йил учун иш ўринларининг заҳирага қўйиладиган умумий сони тўғрисидаги маълумотларни туман (шаҳар) меҳнат органига тақдим этади.

Олинган маълумотлар асосида туман (шаҳар) меҳнат органи томонидан заҳирага қўйиладиган иш ўринларини белгилаш тўғрисидаги таклифлар шакллантирилади ва ҳар йили 1 октябрдан кечикмай туман (шаҳар) ҳудудида жойлашган ташкилотлар кесимида тегишли қарор қабул қилиниши учун туманлар (шаҳарлар) ҳокимларига киритилади.

Туман (шаҳар) меҳнат органи томонидан тақдим этилган умумлаштирилган таклифлар асосида туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ҳар йили жорий йилнинг 1 ноябридан кечикмай заҳирага қўйиладиган иш ўринларини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорлари асосида туман (шаҳар) меҳнат органлари жорий йилнинг 15 ноябридан кеч бўлмаган муддатда заҳирага қўйиладиган иш ўринлари сони тўғрисидаги маълумотларни, заҳирага қўйиладиган иш ўринларига қўйиладиган талабларни, рағбатлантириш чораларини, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг иш ўринларини заҳирага қўйиш тўғрисидаги қарорлари бажарилмаганда ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қўлланиладиган санкцияларни ташкилотларга етказади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштиришда уларга қўйиладиган ўзига хос талабларга мувофиқ бўлган меҳнат шароитларини таъминлайдиган иш ўрни ушбу тоифадаги шахслар учун ташкил этилган иш ўрни деб ҳисобланади, шу жумладан:

14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун – болаларни тарбиялаш мажбуриятлари ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ишнинг мослашувчан жадвалига эга бўлган иш ўринлари;

ногиронлиги бўлган шахслар учун – меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ва ходимга соғлиги ҳолатини ва меҳнат фаолиятига тўғри келмайдиган белгиланган қарши кўрсатмалар ҳисобга олинган ҳолда меҳнат операцияларини тўсиқсиз бажариш имконини берадиган иш ўринлари.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар ишга жойлаштирилган иш ўринлари бўлажак даврга заҳирага қўйиладиган иш ўринлари сонини аниқлашда ҳисобга олинади.

Заҳирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш ташкилотлар томонидан туман (шаҳар) меҳнат органининг йўлланмаси бўйича ёки мустақил равишда амалга оширилади.

Заҳирага қўйиладиган иш ўринларига ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, жазони ижро этиш жойларидан озод этилган шахсларнинг ижтимоий мослашув марказлари, кўрсатиб ўтилган шахсларнинг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотлар ҳам уларни туман (шаҳар) меҳнат органларига юбориш йўли билан ишга жойлаштиришга кўмаклашиш мумкин. Туман (шаҳар) меҳнат органлари бундай шахсларни ишга жойлаштиришни таъминлайди.

Бунда кўрсатилган ташкилотлар календарь йил бошланишидан камида беш ой олдин туман (шаҳар) меҳнат органига аниқ ташкилотлар бўйича иш ўринларини заҳирага қўйиш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқига, шунингдек, зарурат бўлганда, туман (шаҳар) меҳнат органидан ҳар бир ташкилот бўйича ташкил этилган иш ўринларининг сони ва хусусияти, заҳирага қўйиладиган бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олиш ҳуқуқига эгадир.

 

41-модда. Заҳирага қўйиладиган иш ўринларини сақлаш шартлари

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари қарорларига мувофиқ ташкил этилган заҳирага қўйиладиган иш ўринлари қисқарган ёки тугатилган ҳолларда, ташкилот туман (шаҳар) меҳнат органларига ахборот тақдим этади.

Технологиядаги, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва меҳнат шарт-шароитларидаги ўзгаришлар, ходимлар сони ўзгаришига олиб келган иш ҳажмларининг қисқариши билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишда, заҳирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштирилган шахслар учун иш ўринлари, агар ушбу шахслар сони ходимлар сони ўзгарган календарь йил учун туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари қарорлари билан белгиланган заҳирага қўйиладиган иш ўринлари сонидан ортиқ бўлмаса, устувор тартибда сақланади.

Олдин ушбу иш ўрнини эгаллаган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси тўхтатилиши муносабати билан заҳирага қўйиладиган иш ўрни бўшаганда, ташкилот ўн кун муддатда янгидан очилган бўш иш ўрни тўғрисида туман (шаҳар) меҳнат органини хабардор қилиши шарт.

Ташкилот туман (шаҳар) ҳокимлари қарорларига мувофиқ иш ўринлари заҳирага қўйиладиган шахслар тоифаларини ишга жойлаштириши шарт.

Ташкилот йил бошланишидан олдин 10 кундан кечикмай, заҳирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 фоизи миқдорида заҳирага қўйиладиган иш ўринлари тайёрлигини таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда меҳнат органларини хабардор қилиши шарт.

Иш ўринларининг қолган қисмини заҳирага қўйиш ташкилот томонидан календарь йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминланади, бу ҳақда туман (шаҳар) меҳнат органи биринчи чорак тамом бўлгандан кейин 10 кундан кечикмай хабардор қилинади.

Ташкилот ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-кунигача туман (шаҳар) меҳнат органига заҳирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш тўғрисида ахборот тақдим этади.

Мавсумий ва вақтинча иш ўринларини заҳирага қўйишга йўл қўйилмайди.

 

42-модда. Иш ўринларини заҳирага қўймаслик ва заҳирага қўйиладиган иш ўрнига ишга жойлаштиришни асоссиз рад этганлик учун жавобгарлик

Туман (шаҳар) ҳокимининг иш ўринларини заҳирага қўйиш бўйича қарорини бажармаслик, шунингдек, заҳирага қўйиладиган иш ўрнига туман (шаҳар) меҳнат органи йўлланмаси бўйича ишга жойлаштиришни асоссиз равишда рад этиш айбдор шахсни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Жавобгарликка тортиш заҳирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини ташкил этиш мажбуриятидан озод этмайди.

 

43-модда. Заҳирага қўйиладиган иш ўринларини ташкил этган ташкилотлар учун имтиёзлар

Захирага қўйиладиган иш ўринларини белгиланганидан ортиқча ташкил этган ташкилотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзлар, шу жумладан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан субсидиялар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ўз ваколатлари доирасида муҳтожлар учун белгиланган сондан ортиқча заҳирага қўйиладиган иш ўринлари ташкил этган ташкилотларга ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш учун нотурар жой биноларини биринчи навбатда ажратиш йўли билан имтиёзлар белгилашлари мумкин.

 

44-модда. Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати сафларидан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар

Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) ходим резервга бўшатилганидан ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) кунидан бошлаб уч ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиш ҳуқуқига эга.

 

Корхона қайта ташкил этилганда ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштиришни унинг ҳуқуқий вориси, корхона тугатилганда эса – маҳаллий меҳнат органи амалга оширади.

Ходимларга ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган кафолатларни бериш мумкин бўлмаган ҳолларда, маҳаллий меҳнат органи ишга жойлаштиришни, зарур ҳолларда эса, касби бўйича бепул ўқитишни таъминлайди.

Ушбу моддада назарда тутилган кафолатлар муқобил хизматга чақирилган ходимларга ҳам татбиқ этилади.

45-модда. Сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган ходимларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар

Давлат органларидаги ёки вакиллик органларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган ходимларга сайлаб қўйиладиган лавозимдаги ваколатлари тугагандан кейин (меҳнат органларига сайлаб қўйиладиган лавозимдан бўшатилган кундан эътиборан уч ойдан кечикмай мурожаат қилган тақдирда) аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаса, аввалгисига тенг иш (лавозим) берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларини ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоларини ваколатлари муддати тугаганидан кейин, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тарқатиб юборилган тақдирда ишга жойлаштириш «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг

16-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади

 

46-модда. Судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган ходимларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар

Судьялик лавозимига сайланганлиги ёки тайинланганлиги туфайли ишдан озод қилинган шахсларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин (меҳнат органларига судьялик лавозимидан бўшатилган кундан эътиборан уч ойдан кечикмай мурожаат қилган тақдирда) судьялик лавозимига сайланишига ёки тайинланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

 

6-боб. Фуқароларни ишсизлар сифатида эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тўлаш

 

47-модда. Фуқароларни ишсизлар деб эътироф этиш шартлари

16 ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, Халқаро меҳнат ташкилоти стандартлари бўйича белгиланадиган (ҳафтасига камида икки соат) ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно), ишга жойлашишда кўмак олиш учун меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган шахслар ишсизлар деб эътироф этилади.

Агар рўйхатга олинган кундан бошлаб дастлабки ўн кун мобайнида иш қидираётган шахсга мақбул келадиган иш таклиф этилмаган бўлса ёки меҳнат органи томонидан ушбу шахсни меҳнат органининг йўлланмаси бўйича ташкилотда ишга жойлаштириш юзасидан рад жавоби олинган бўлса, иш қидираётган шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор меҳнат органи томонидан улар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади.

Иш қидираётган шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор меҳнат органининг буйруғи билан расмийлаштирилади, ушбу буйруқ бир вақтнинг ўзида ишсизлик нафақасини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ ҳисобланади. Буйруқда ишсизлик нафақаси миқдори ва уни ўтказиш санаси кўрсатилади.

Қабул қилинган қарор юзасидан ишсиз деб эътироф этилган фуқаро мазкур қарор қабул қилинганидан кейин икки кун муддатдан кечиктирилмаган ҳолда ёзма равишда (телефон, электрон почта, СМС-тасдиқнома орқали) хабардор этилади.

Бунда ишсиз деб эътироф этилган фуқарога унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, меҳнат органига ёки комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган ходимга қайта рўйхатдан ўтиш учун ташриф буюриши санаси, ишсизлик нафақасини олиш шартлари ва жойи, шунингдек, ишсиз шахс учун зарур бўлган бошқа маълумотлар хабар қилинади.

Иш қидираётган шахс ишсиз деб эътироф этилганда, ушбу ҳолат юзасидан меҳнат дафтарчасига ёзув қайд этилмайди.

Ишсиз фуқаро хизмат кўрсатилганда Иш қидираётган фуқаро сўровномасини ўзининг электрон рақамли имзоси ёки қўлда қўйиладиган имзоси ёхуд хизмат кўрсатилганлиги ҳақида СМС-тасдиқномаси билан тасдиқлайди.

Ишсиз деб эътироф этилган шахслар маслаҳат, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш, шунингдек, меҳнат органларида ишга жойлашиш бўйича бепул хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқига эга.

 

48-модда. Фуқароларни ишсиз деб эътироф этишни рад этиш асослари

Қуйидаги фуқаролар ишсиз деб эътироф этилмайди:

иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган кундан бошлаб дастлабки 10 кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган шахслар;

мазкур муддат давомида мақбул келадиган иш юзасидан таклиф олиш учун узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига (ёки комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган туман (шаҳар) меҳнат органи ходимига) келмаган шахслар;

таълим муассасаларида, уларнинг туридан қатъи назар, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таҳсил олаётган шахслар, таълимнинг сиртқи шаклларида таҳсил олаётганлар бундан мустасно;

ёшидан ва оладиган пенсия туридан қатъи назар, ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар, шунингдек, пенсия қонунчилигига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келган шахслар, ҳатто улар томнидан пенсия расмийлаштирилмаган бўлса ҳам;

бола икки ёшга етгунга қадар уни парвариш қилаётган ишламаётган аёллар;

ишни ўзгартирмоқчи бўлган, бироқ рўйхатдан ўтиш вақтида ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотларда ишловчи ёки штатида ҳисобда турувчи шахслар;

ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазога ҳукм этилган шахслар;

фермер хўжаликлари раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек, давлат ҳокимияти органларида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтган шахслар;

ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг вақтинча меҳнат гувоҳномаларига эга бўлган ўзини ўзи банд қилган шахслар;

деҳқон хўжаликлари аъзолари.

Таклиф этилган ишдан бош тортган кундан ёки мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган кундан бошлаб ўттиз календарь кун ўтганидан кейингина шахс иш қидираётган сифатида қайта рўйхатдан ўтишга ҳақли бўлади.

 

49-модда. Ишсизлар ташрифлари ҳисобини юритиш

Ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақасини олиш даврида ойига камида икки марта меҳнат органларига ташриф буюриши шарт. Ташриф жадвали, санаси ва вақти иш қидираётган шахсларни рўйхатга олишни амалга оширувчи туман (шаҳар) меҳнат органи ходими томонидан ишсизлар меҳнат органига ташриф буюриш қулайлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Ишсиз фуқаро меҳнат органига ташриф буюрганда меҳнат органи ходими:

ишсиз билан ушбу шахснинг мақомини белгилаш ва уни ишга жойлаштиришга таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатларда содир бўлган ўзгаришлар юзасидан суҳбат ўтказади;

ишсизни мавжуд бўш иш ўринлари, касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтиш ва малакасини ошириш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиш имкониятлари ҳақида хабардор қилади;

мақбул келадиган иш мавжуд бўлганда ишга жойлашиш учун йўлланма беради.

Меҳнат органи ишсизларнинг ўз вақтида ташриф буюриш мониторингини амалга оширади.

 

50-модда. Ишсиз шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш кафолатлари

Давлат ишсиз шахсларга қуйидагиларни кафолатлайди:

ишсизлик нафақасини тўлаш;

меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни умумий меҳнат стажига қўшиш;

меҳнат органлари йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани оширишга грантлар тўлаш;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имконияти;

Чиқариб ташланмоқда.

 

бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш учун субсидиялар тақдим этиш;

меҳнат органларининг таклифига биноан ишлаш учун ихтиёрий равишда бошқа ерга кўчиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш.

51-модда. Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда, ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча кафолатлар

Меҳнат шартномаси:

ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли;

технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд ташкилотнинг тугатилганлиги сабабли;

ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли;

шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга қайта тикланиши сабабли бекор қилинган ҳолларда, иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолинади, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган кафолатлар мулкдор ўзгарганлиги сабабли ташкилот раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам татбиқ этилади.

Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб бир ой мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, улар маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома бўйича учинчи ой учун олдинги иш жойларидан ўртача ойлик иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган ходимларга уч ой мобайнида мақбул келадиган иш топиб берилмаган тақдирда, улар ишсиз деб эътироф этилади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган, меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин бир ой ичида маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган ва касби бўйича қайта ўқитилаётган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини ошираётган ходимларга энг кам ши ҳақининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.

Меҳнат органи ташкилотларнинг бошқа ташкилотлардан ишдан озод этилаётган шахсларни ишга қабул қилишда уларнинг ўқишини ташкил этиш харажатларини тўла ёки қисман қоплаши мумкин.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса туфайли ёки ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, касб касаллигига йўлиқиш натижасида ишдан маҳрум бўлган ҳамда ишга жойлашишга ва касбга тайёрлашга ва қайта тайёрлашга, малакани оширишга муҳтож шахслар ишдан озод этилган ходимларга тенглаштирилади.

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд ташкилотнинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган, пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсияга чиқиш учун талаб этиладиган умумий меҳнат стажига эга бўлган шахсларга муддатидан олдин (қонун ҳужжатларида белгиланган умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил олдин) пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилади.

 

52-модда. Меҳнат шартномаси иш берувчининг банкрот бўлиши ёки тугатилиши натижасида бекор қилинганда, ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча кафолатлар

Агар иш берувчи ночор (банкрот) деб топилса, у билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ходимлар иш ҳақи ва ўзларига тегишли бошқа тўловлар хусусида мажбуриятлар бўйича уларнинг талабларини қондириш учун бошқа барча кредиторларнинг эътирозларига нисбатан устувор ҳуқуқдан фойдаланадилар.

Тугатилаётган ташкилотларнинг маблағи бўлмаган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимларга компенсациялар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Ташкилотлар тугатилиши, ходимлар сони (штати) қисқартирилиши муносабати билан ишдан озод этилган, меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин бир ой ичида меҳнат органларида рўйхатга олинган ҳамда касби бўйича қайта ўқитилаётган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини ошираётган ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида стипендия тўланади.

 

53-модда. Ишсизлик нафақалари

Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Ишсизлик нафақаси ишсиз фуқаронинг яшаш жойидаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Ишсизлик нафақасига солиқ солинмайди.

Ишсизлик нафақасини олувчи шахслардан белгиланган тартибда суд қарорларига кўра амалга ошириладиган ушланмаларнинг барча турлари ушлаб қолинади (алиментлар, зарарни қоплаш ва бошқалар).

Ишсизлик нафақаси ишсизлар маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган биринчи кундан эътиборан ҳисобланади ва тўланади.

Ишсизлик нафақаси ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта давомида тўланади.

Жорий ойда ишсизлик нафақаси ўтган ой учун тўланади.

Тўлиқ бўлмаган календарь ойи учун ишсизлик нафақасини тўлашда ишсизлик нафақаси нафақа тўланиши керак бўлган ушбу календарь ойидаги кунлар сонининг тўлиқ календарь ойидаги кунлар сонига мутаносиб миқдорда тўланади.

Ишсизлик нафақасини олиш даврида ишсиз шахс касал бўлган тақдирда, ишсизлик нафақасини ишсизнинг қариндошлари (отаси, онаси, хотини, вояга етган болалари) ёки ишсиз шахснинг белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома бўйича бошқа ишончли шахслари томонидан олинишига йўл қўйилади.

Иш стажини ҳужжат билан тасдиқлаш имкониятига эга бўлмаган шахслар уларга ишсизлик нафақаси тайинланганда ишламаган ва биринчи марта иш қидираётганлар сифатида қаралади.

Ишсизлик нафақасини олиш даврида ишсиз иш қидириши ва ишга ёки касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини оширишга йўлланма олиш учун учун икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органига мурожаат қилиши шарт.

 

54-модда. Ишсизлик нафақаси миқдори

Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун ишсизлик нафақаси олдинги иш жойидаги охирги бир йилги ўртача ойлик иш ҳақига фоиз нисбатида белгиланади.

Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига фоиз нисбатида белгиланади.

Ишсизлик нафақалари қуйидаги миқдорларда тўланади:

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) ўн икки ойлик давр мобайнида маҳрум бўлган ёки охирги ўн йил мобайнида беш йиллик иш стажига эга бўлган шахсларга – олдинги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтида Ўзбекистон Республикасида шаклланган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ва узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган ёки беш йиллик иш стажига эга бўлган шахсларга – қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида;

илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахслар учун – қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг камида етмиш беш фоизи миқдорида.

Ҳарбий хизматдан, Ички ишлар ва Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия органларидан бўшатилиши муносабати билан иш ҳақидан маҳрум бўлган шахслар ушбу модданинг ўнинчи хатбошида назарда тутилган шартлар асосида ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтгандан, малака оширишни тугатгандан кейин қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг биринчи разряди ошганда, ишсизлик нафақаси миқдори ошириш коэффициентига кўпаяди.

Ҳар ой (шу жумладан, ишсизлик нафақаси тўланадиган тўлиқсиз ойлар) учун ишсизлик нафақаси миқдори тўғрисидаги маълумотлар “Бандлик хизмати” АТнинг тегишли бўлимида акс эттирилади.

 

55-модда. Ташкилотлардан бўшатилган шахсларга ишсизлик нафақасини тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари

Ушбу Қонуннинг 50-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида келтирилган асослар бўйича ташкилотлардан бўшатилган фуқаролар учун, агар улар меҳнат шартномаси тугатилганидан кейин бир ой муддатда меҳнат органларида рўйхатдан ўтган бўлса, белгиланган уч ой муддат тугаганидан кейин биринчи кундан бошлаб ишсизлик нафақаси ҳисобланади.

Агар ушбу Қонуннинг 50-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида келтирилган асослар бўйича ташкилотдан бўшатилган ишсиз фуқаро меҳнат шартномаси тугатилганидан кейин бир ой муддатда меҳнат органларида рўйхатдан ўтмаган бўлса, бунда унга уч ойлик давр тугаганидан кейин мақбул келадиган иш берилмага бўлса, у ишсиз мақомига эга бўлади ва унга меҳнат шартномаси тугатилган санадан бошлаб камида икки ой муддатдан кейин ишсизлик нафақаси ҳисобланади.

Ишдан бўшатилаётган ходим келтирилган даврда таклиф этилган мақбул ишни икки марта рад этганда, у ишсиз мақомига эга бўлмайди ва ўттиз календарь кундан сўнг умумий асосларда иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилади.

 

 

56-модда. Меҳнат органларини ишсизлик нафақаси тўлаш шартлари ўзгарганлиги тўғрисида хабардор қилиш

Ишсизлик нафақасини олувчи ишсиз фуқаролар меҳнат органига уч кун муддатдан кечиктирмасдан қуйидагилар тўғрисида хабар бериши шарт:

ишга мустақил жойлашиш (меҳнат шартномасини тузиш);

фермер ёки деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасини фойдаланишга олиш;

тадбиркорлик фаолияти билан ёки ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида бошқа ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан даромад олиш;

тижорат банки, микромолия ташкилоти ёки лизинг компаниясидан кредит ёки лизинг олиш;

касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш курсларига мустақил равишда (меҳнат органлари воситачилигисиз) кириш;

пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлиш;

ҳарбий мажбуриятларни бажариш, ҳарбий хизматга тайёргарлик билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиш;

яшаш жойининг ўзгариши;

ишсизлик нафақаси тўлаш шартлари ўзгаришига сабаб бўладиган бошқа ҳолатлар.

Меҳнат органлари “Ягона меҳнат миллий тизими” дастурий комплексдан ва идоралараро ҳамкорликнинг бошқа шаклларидан фойдаланган ҳолда, ишсизлик нафақасини тўлашнинг ўзгарган шартлари тўғрисида мустақил равишда маълумот олишга ҳақлидир.

 

57-модда. Ишсизлик нафақасини тўлашни бекор қилиш шартлари

Ишсизлик нафақасини тўлаш қуйидаги ҳолатлардан бири юзага келганда бекор қилинади:

ишсиз шахс ишга жойлашганда;

ишсиз шахс таклиф қилинган мақбул ишни икки марта рад этган тақдирда;

фуқаро ишсизлик нафақасини алдов йўли билан олган тақдирда;

ишсизлар ва иш билан таъминланмаган фуқаролар иш билан таъминланмаган аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга, шунингдек, шахсий томорқа ерларни ривожлантиришга йўналтирилган субсидиялар олганда;

Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан микрокредитлар олинганда;

ишсиз шахс ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этаётган бўлса, бундай ишларда иштирок этган даврида;

ишсиз шахс касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ёки малака оширишга юборилган бўлса, стипендия ёки грантлар олган ҳолда касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтиш ёки малака ошириш даврида;

хорижда уюшган ҳолда танлаш вақтинча меҳнат фаолиятига жалб этилганда;

ишсиз шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлганда;

ишсиз шахс суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазога ҳукм этилган тақдирда;

ишсизлик нафақасини олиб турган даврда маҳаллий меҳнат органини хабардор қилмай, вақтинча бажариладиган ишга жойлашган тақдирда;

ишсиз шахс ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасида даволаш курсини ўтаётган бўлса, бундай муассасада бўлган даврида;

вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси олинганда;

ишсиз шахс вафот этган тақдирда.

Қуйидаги ҳолларда ишсизлик нафақасини тўлаш тўхтатиб қўйилади:

Шунингдек, ишсиз шахс меҳнат органига тизимли равишда (икки мартадан кўп) узрли сабабларсиз келмаган ёки белгиланган муддатларда келишдан бош тортган ҳолатда ёхуд ишга жойлашишга йўлланма олиш учун узрли сабабларсиз келмаган ҳолатда, ишсизлик нафақасини тўлаш муддатидан аввал бекор қилиниши мумкин.

Ишсизлик нафақасини тўлаш даврининг тугаши ёки нафақани тўлашни тўхтатиш иш қидирувчи шахсни меҳнат органларида ҳисобдан чиқариш учун асос бўлмайди.

Ишсиз шахснинг касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтиш ёки малакани ошириш таклифини рад этишига мақбул ишни рад этиши сифатида қаралмайди ва ишсизлик нафақасини тўлашни бекор қилишга сабаб бўлмайди.

 

58-модда. Ишсизлик нафақасини тўлашни бекор қилиш асослари

Меҳнат органи раҳбари буйруғи ишсизлик нафақасини тўлашни бекор қилиш учун асос бўлиб, унда ишсизлик нафақасини тўлашни бекор қилиш сабаби ва ишсизлик нафақасини тўлаш бекор қилинган сана мажбурий равишда кўрсатилади.

Ишсизлик нафақасини тўлаш меҳнат органи томонидан тегишли ишончли ахборот олинганидан сўнг бекор қилинади.

Ишсизлик нафақасини тўлашни бекор қилиш ҳақида меҳнат органи ходими томонидан “Бандлик хизмати” АТнинг тегишли бўлимида ва Иш қидираётган фуқаро сўровномасида қайд этилади, унда ишсизлик нафақасини тўлаш бекор қилинган сана, ишсизлик нафақасини тўлашни бекор қилиш сабаби, ишсизлик нафақасини тўлашни бекор қилиш учун асос бўлган буйруқ санаси ва рақами кўрсатилади.

Меҳнат органи томонидан чиқарилган ишсизлик нафақасини тўлашни бекор қилиш тўғрисидаги қарор ишсиз шахсга мажбурий равишда етказилади.

Ҳисобланган, бироқ белгиланган муддатда олинмаган ишсизлик нафақаси ишсиз шахсга келгуси ойда, ушбу Қонунда белгиланган муддатларда тўланади.

 

59-модда. Ишсизлик нафақасининг ортиқча тўланган суммаларини ушлаб қолиш

Ишсизлик нафақасининг ортиқча тўланган суммалари ишсизлик нафақасини олувчидан фақат ортиқча тўлов ҳисоб-китобдаги хато натижасида ёки ишсиз шахс томонидан суиистеъмоллик оқибатида амалга оширилган ҳолдагина ушлаб қолиниши мумкин. Ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш ишсизлик нафақаси кейинги тўланишида амалга оширилади.

Ҳисоб-китобдаги хато натижасида ортиқча тўланган суммани ушлаб қолиш тўғрисидаги қарор ишсизлик нафақаси нотўғри белгиланган миқдорда сўнги тўланган кундан кейин уч ойдан кечиктирмай қабул қилиниши лозим. Ишсиз шахс томонидан суиистеъмоллик натижасида ортиқча тўланган суммани ушлаб қолиш тўғрисидаги қарор ҳар қандай муддатлар билан чекланмаган ҳолда қабул қилинади.

Агар нафақа олувчи ишсиз шахс ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган бўлса ва суд ёки бошқа ваколатли органнинг қарорига кўра унга етказилган зарар қопланган ҳолда аввалги ишига тикланган бўлса, тўланган ишсизлик нафақаси ушбу шахс томонидан тўлиқ миқдорда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ихтиёрий равишда қайтарилади. Ушбу шахс олинган ишсизлик нафақасини ихтиёрий равишда қайтаришни рад этган ҳолатда, тўланган ишсизлик нафақаларининг барча миқдори фуқародан суд тартибида ундирилади.

 

60-модда. Ишсизлик нафақаси тўғри тўланиши юзасидан низоларни ҳал этиш

Ишсизлик нафақаси тайинланишининг тўғрилиги ва муддатлари, шунингдек, унинг миқдори бўйича юзага келадиган низолар юқори ташкилот томонидан, унга рози бўлмаган тақдирда эса – суд тартибида ҳал этилади

 

7-боб. Ишсизлар ва банд бўлмаган фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш

 

61-модда. Ишсизлар ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш

Ишсизларни ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш қуйидаги ҳолларда меҳнат органи йўлланмаси бўйича амалга оширилиши мумкин:

касби (мутахассислиги) мавжуд бўлмаганда;

касб кўникмаларига мос мақбул иш йўқлиги сабабли унинг касбини (мутахассислигини, машғулот турини) ўзгартириш зарур бўлганда;

фуқаро ёки иш қидираётган шахс илгари ўқиган, такомиллаштирилган ёки ўзгартирилган касб талабларига мос келувчи касб кўникамалари мавжуд бўлмаганлиги ёки етарли бўлмаганлиги сабабли малакани ошириши зарур бўлганда;

аввалги касби (мутахассислиги) бўйича иш бажариш қобилияти йўқолганда.

Ишсиз фуқароларни ва иш қидираётган фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги ишсиз фуқароларни ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказларида, шунингдек, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган давлат таълим муассасалари ва нодавлат таълим ташкилотларида амалга оширилади.

Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган, иш қидирётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган фуқаролар, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига мансуб фуқаролар устувор тартибда касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтиш ва малакасини ошириш ҳуқуқига эга.

 

62-модда. Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани оширишга давлат буюртмаси

Ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга давлат буюртмаси (кейинги ўринларда касбга ўқитишга давлат буюртмаси деб аталади) меҳнат органлари томонидан шаклланади.

Касбга ўқитишга давлат буюртмаси қуйидаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда келгуси йилга шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикаси демографик таҳлили ва демографик ривожланиши прогнозлари;

ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳолининг прогноз сони;

малакасини ошириш истагида бўлган ёки касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга, малакасини оширишга муҳтож бўлган, янги малакага эга бўлиш истагида бўлган шахсларнинг прогноз сони;

касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг сони прогноз;

Ўзбекистон Республикасининг уч йиллик даврга мўлжалланган Инвестиция дастурига, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари ҳамда тармоқ модернизациялаш дастурларига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган касбга ўқитиш йўналишлари ва касб-ҳунарлар таҳлили.

 

63-модда. Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани оширишга давлат буюртмаси параметрлари

Касбга ўқитишга давлат буюртмаси параметрлари:

ривожлантириш дастурларига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ёки мавжуд қувватларни кенгайтириш;

хизмат кўрсатиш ва сервис, янги турар жойлар қуриш соҳаларидаги объектлар ҳамда ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини ишга тушириш;

қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш эвазига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришни кенгайтириш, янги боғлар ва токзорларни барпо этиш, чорва моллари сонини кўпайтириш;

аҳолининг тадбиркорлик фаоллигининг ўсиши, янги тадбиркорлик ва ҳунармандчилик субъектларини ташкил этиш, тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари кредитларини ажратиш;

ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун фойдаланилмаётган биноларни инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар асосида “нол” харид қийматида тақдим этиш ҳамда давлат мулкини ижарага бериш орқали инвестиция лойиҳалари ва хусусийлаштирилган ташкилотларни ривожлантириш “йўл хариталари”ни амалга ошириш муносабати билан зарур иш ўринларини аниқлаш асосида ҳисоблаб чиқилади.

Касбга ўқитишга давлат буюртмаси параметрлари ҳудудлар кесимида, касбга ўқитишнинг ҳар бир тури бўйича молиялаштиришнинг прогноз ҳажмлари кўрсатилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан тасдиқланади.

Касбга ўқитишга давлат буюртмаси параметрлари ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Давлат буюртмаси параметрларини жойлаштириш санаси ишсизларни касбга ўқитишга танловни эълон қилиш санаси ҳисобланади.

 

64-модда. Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани оширишга давлат буюртмасининг шакллантирилиши

Меҳнат органлари ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 октябрига қадар келгуси календарь йилига мўлжалланган ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитишнинг прогноз эҳтиёжини шакллантиради ва Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаларига тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 ноябрига қадар келгуси календарь йилига мўлжалланган касбга ўқитишга давлат буюртмаси ҳажми ва йўналишларига эҳтиёжни шакллантиради ва ваколатли давлат органига тақдим этади.

Ваколатли давлат органи ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 декабрига қадар ишсизлар сони, меҳнат бозорининг жорий ҳолати ва истиқболлари ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг молиялаштириш ҳажмлари таҳлили асосида ҳудудлар ва касбга ўқитиш турлари кесимида касбга ўқитишга давлат буюртмаси параметрларини шакллантиради.

Ушбу Қонунга мувофиқ меҳнат органларида рўйхатдан ўтган ва ишсиз деб эътироф этилган шахс касбга ўқитишга грант олишни рад этиши мумкин, бунда ушбу ҳолат ишсизлик нафақасини тўлашни бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

 

65-модда. Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишга давлат буюртмасининг маълумотлар базасини шакллантириш

Меҳнат органлари касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани оширишга давлат буюртмасининг маълумотлар базасини шакллантиради ва уни мунтазам янгилаб боради.

Касбга ўқитишга давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга ошириш “Ягона меҳнат миллий тизими” ахборот тизими билан интеграция қилинган тегишли электрон платформа ва дастурий таъминот орқали бажарилади.

Мазкур электрон платформа ва дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва мунтазам қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

66-модда. Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишга давлат буюртмаси грантларининг турлари ва миқдорлари

Касбга ўқитишга давлат буюртмаси қуйидаги турлар бўйича шакллантирилади:

узоқ муддатли ўқитиш – ўқув жараёни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таркибига кирувчи ҳудудий касб-ҳунарга ўқитиш марказларини (кейинги ўринларда касбга ўқитиш марказлари деб аталади) ҳар бирининг белгиланган қувватига мувофиқ юкланмаси ҳисобидан келиб чиқиб, сақлаш ва моддий-техник ривожлантириш учун тўлов амалга оширилган ҳолда 30 ҳафтадан 40 ҳафтагача давом этади;

ўрта муддатли ўқитиш – ўқув жараёни 1 нафар ўқувчига касбга ўқитиш марказида касбга тайёрлашдан ўтиши учун касбга ўқитиш ўртача харажатларининг кўпи билан 75 фоизи ҳисобидан грантлар ажратилган ҳолда 5 ҳафтадан 25 ҳафтагача давом этади;

қисқа муддатли ўқитиш – ўқув жараёни 1 нафар ўқувчига касбга ўқитиш марказида касбга тайёрлашдан ўтиши учун касбга ўқитиш ўртача харажатларининг кўпи билан 10 фоизи ҳисобидан грантлар ажратилган ҳолда 4 ҳафтагача давом этади;

иш берувчи ҳудудида ўқитиш – ўқув жараёни иш берувчида бир вақтнинг ўзида олиб бориладиган меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлиб, 1 нафар ўқувчига иш берувчида келгусида ишга жойлаштирилган ҳолда касбга тайёрлашдан (стажировкадан) ўтиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг кўпи билан 4 баравари ҳисобидан грантлар ажратилган ҳолда 25 ҳафтагача давом этади;

мақсадли ўқитиш – ўқув жараёни ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган миқдорлар ва ҳажмларда касбга ўқитиш марказларида касбга тайёрлашдан ўтиш бўйича тўлиқ курс ҳақи тўланган ҳолда 4 ҳафтагача давом этади.

Касбга ўқитиш марказларида бир нафар ўқувчига сарфланадиган харажатлар (кейинги ўринларда касбга ўқитиш ўртача харажатлари деб аталади) касбга ўқитишга давлат буюртмасини шакллантириш учун тўлов қиймати ва молиялаштириш ҳажмларини белгилаш мезонлари ҳисобланади.

 

67-модда. Узоқ муддатли касбга ўқитиш

Узоқ муддатли ўқитиш тарзидаги касбга ўқитишга давлат буюртмаси меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ва касбга ўқитиш марказлари томонидан амалга оширилади.

Касбга ўқитиш марказларини сақлаш ва моддий-техник ривожлантириш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Узоқ муддатли ўқитиш касбга ўқитиш марказлари томонидан таълим тизимида қабул қилинган ўқув йили даврида ташқил этилади.

 

68-модда. Ўрта муддатли касбга ўқитиш

Ўрта муддатли ўқитиш тарзидаги касбга ўқитишга давлат буюртмаси ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ва касбга ўқитиш марказлари томонидан амалга оширилади.

Ўрта муддатли ўқитиш касбга ўқитиш марказлари томонидан улар мустақил равишда белгилаган даврларда меҳнат органлари билан келишилган ҳолда ташкил этилади.

Меҳнат органлари касбга ўқитишнинг тегишли йўналишлари бўйича гуруҳлар шаклланишига қараб, тасдиқланган касбга ўқитишга давлат буюртмаси ҳажмлари доирасида, шунингдек, фуқаролар ва иш берувчилар эҳтиёжлари таҳлили, касбга ўқитиш марказлари таклифлари асосида ўрта муддатли ўқитиш учун грант ажратиш ҳақида тўғридан-тўғри тўрт томонлама шартномалар тузади.

Меҳнат органлари, меҳнат органларида рўйхатдан ўтган ва ишсиз деб эътироф этилган шахс, касбга ўқитиш маркази ҳамда ўз зиммасига тегишли жисмоний шахсни ишга жойлаштириш (ишга қабул қилиш) мажбуриятини олган иш берувчи ўрта муддатли ўқитиш учун грант ажратиш тўғрисидаги шартнома тарафлари сифатида иштирок этади.

Шартномалар молия йили доирасида тузилади, меҳнат органларининг касбга ўқитишга давлат буюртмасини амалга ошириш учун харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги бўлинмалари томонидан рўйхатга олинади.

Тегишли жисмоний шахсни ишга жойлаштириш мажбуриятини олган ва тўрт томонлама шартнома имзолаган иш берувчи зиммасига ушбу шахсни диплом олганидан сўнг ишга жойлашиш учун мурожаат этган кундан бошлаб 15 иш куни мобайнида тўғридан-тўғри ишга жойлаштириш (ишга олиш) мажбурияти юклатилади.

Меҳнат органларида рўйхатдан ўтган, ишсиз деб эътироф этилган ва шартнома тарафи сифатида иштирок этаётган шахс меҳнат даромадини олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширишни ҳамда вақтинча меҳнат гувоҳномасини камида 12 ой муддатга олишни ўз зиммасига олган тақдирда, иш берувчи шартнома тарафи сифатида иштирок этмаслигига йўл қўйилади.

Ушбу моддада назарда тутилган нормани бажармаслик меҳнат органига тўланган грантнинг тўлиқ суммасининг қайтарилишини назарда тутади. Сумма қайтарилмаган ёки кечиктириб қайтарилган ҳолатда, тўлов муддати кечиктирилган ҳар бир кун учун грант суммасининг 0,5 фоизи миқдорида, бироқ умумий сумманинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида пеня ҳисобланади.

Касбга ўқитиш якунларига кўра, ушбу Қонунда белгиланган тартибда Малакани баҳолаш марказида имтиҳонни муваффақиятли топширган ва Малака паспортини олган шахслар ушбу моддада назарда тутилган мажбуриятлардан озод этилади. Мазкур норма шунингдек, иш берувчининг мажбуриятларига нисбатан татбиқ этилади.

 

69-модда. Қисқа муддатли касбга ўқитиш

Қисқа муддатли ўқитиш тарзидаги касбга ўқитишга давлат буюртмаси меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ва касбга ўқитиш марказлари, шу жумладан белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари томонидан амалга оширилади.

Меҳнат органлари касбга ўқитишнинг тегишли йўналишлари бўйича гуруҳлар шаклланишига қараб, қисқа муддатли ўқитиш учун грант ажратиш ҳақида тўғридан-тўғри уч томонлама шартномалар тузади.

Меҳнат органи, меҳнат органларида рўйхатдан ўтган ва ишсиз деб эътироф этилган шахс, касбга ўқитиш маркази қисқа муддатли ўқитиш учун грант ажратиш тўғрисидаги шартнома тарафлари сифатида иштирок этади.

 

70-модда. Иш берувчида касбга ўқитиш

Иш берувчида касбга ўқитиш ўқув жараёнини бевосита ташкилотда ташкил этиш орқали амалга оширилади.

Иш берувчи ўқишни ўтказиш учун масъул шахсларни белгилайди, ўқув дастурини, шунингдек, ўқиш ҳамда ишлаб чиқариш амалиёти ўтказиладиган жойни тасдиқлайди.

 

71-модда. Мақсадли касбга ўқитиш

Мақсадли касбга ўқитиш ваколатли органи ёки давлат ҳокимиятининг бошқа органи, хўжалик бирлашмаси ёки кадрларни мақсадли тайёрлашга манфаатдор ташкилот буюртмаси бўйича амалга оширилади.

 

72-модда. Касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малака ошириш даврида тўланадиган стипендияларнинг миқдори

Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида фуқароларга, қоида тариқасида, 26 календарь ҳафтасигача бўлган муддатга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўланади.

Стипендия қуйидаги миқдорларда тўланади:

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) ўн икки ойлик давр мобайнида маҳрум бўлган ёки охирги ўн йил мобайнида беш йиллик иш стажига эга бўлган шахсларга – олдинги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;

узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки беш йиллик иш стажига эга бўлган шахсларга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида;

илгари ишламаган шахсларга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг етмиш беш фоизи миқдорида.

Тўланадиган стипендиялар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Стипендия тўлаш тўғрисида маълумотлар “Бандлик хизмати” АТ ва Иш қидираётган фуқаро сўровномасида кўрсатилади.

 

8-боб. Касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш миллий тизими

 

73-модда. Касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг асосий вазифалари

Қуйидагилар Касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;

ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишга давлат буюртмасини шакллантириш ва жойлаштириш;

малакани баҳолаш марказларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсизлар ва банд бўлмаган фуқароларнинг касбий малакасини баҳолаш ва тасдиқлаш;

малакани баҳолаш марказлари томонидан малака паспортининг берилишини таъминлаш;

малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрини яратиш ва ишлашини таъминлаш;

ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳоли ўртасида ўз малакаси даражасига эга бўлиш ва уни тасдиқлаш афзалликлари юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш.

 

74-модда. Касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш миллий тизими иштирокчилари

Ваколатли давлат органи Касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш миллий тизими фаолиятини мувофиқлаштиради.

Қуйидагилар Касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг иштирокчилари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш;

касбий малакалар ва билимлар бўйича тармоқ кенгашлари;

Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси;

касбга ўқитиш марказлари;

малакани баҳолаш марказлари;

таълим муассасалари;

иш берувчилар;

ишчи-ходимлар ва иш изловчилар.

касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш миллий тизимида иштирок этиш ихтиёрий ҳисобланади.

 

75-модда. Касбий малакалар ва билимлар ривожлантириш бўйича кенгаш

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш (кейинги ўринларда Касбий малакалар бўйича кенгаш деб аталади):

касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш миллий тизими иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштиради;

касб стандартлари ва малака талабларини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун тавсия этади;

ишсиз фуқароларни ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш ҳамда малакани баҳолаш марказларини кўриб чиқади ва аккредитациядан ўтказиш учун тавсия этади;

касбий малакалар ва билимлар бўйича тармоқ кенгашларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади;

малакани баҳолаш марказлари томонидан тегишли малакалар бўйича касбий малакалар ва билимлар баҳолаш учун баҳолаш воситалари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради;

малакани баҳолаш марказлари фаолияти мониторинги ва назоратини амалга оширади;

касбга касбга ўқитиш марказлари ва малакани баҳолаш марказлари аккредитациясини бекор қилиш, тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Касбий малакалар бўйича кенгаш таркибига давлат бошқарув органлари, касаба уюшмалари, бирлашмалар, компаниялар, ассоциациялар ва ташкилотлар вакиллари ҳамда илмий ҳамжамият вакиллари киради.

Касбий малакалар бўйича кенгаш таркибига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган хорижий экспертлар ҳамда хорижий компаниялар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам кириши мумкин.

Касбий малакалар бўйича кенгаш аъзолари унинг фаолиятида бепул асосда иштирок этади. Касбий малакалар бўйича кенгаш турли, шу жумладан хорижий экспертларни ишга шартнома асосида жалб этиши мумкин.

касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш тўғрисида низомга ва унинг фаолияти Регламенти Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан тасдиқланади.

Касбий малакалар бўйича кенгаш фаолиятининг молиявий таъминоти Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ваколатли давлат органи Касбий малакалар бўйича кенгаш ишчи органи вазифаларини бажариш учун масъул бўлинмани белгилайди.

 

76-модда. Касбий касбий малакалар ва билимлар бўйича тармоқ кенгашлари

касбий малакалар ва билимлар бўйича тармоқ кенгашлари (кейинги ўринларда тармоқ кенгашлари деб аталади) жисмоний шахсларнинг, шу жумладан ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолининг малакасини касбий фаолиятнинг муайян турлари бўйича мустақил, профессионал баҳолаш учун тармоқ бирлашмалари, компаниялар ва ташкилотлар томонидан ташкил этилади.

Тармоқ кенгашлари ўз ваколатлари доирасида:

ишсиз фуқароларни ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш ҳамда малакани баҳолаш марказларини кўриб чиқади ва аккредитациядан ўтказиш учун тавсия этади;

касб стандартлари ва малака талабларини қабул қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун кўриб чиқади ҳамда ваколатли органга киритиш учун тавсия этади;

баҳолаш воситаларини ишлаб чиқиш методикасини тасдиқлайди ва унинг малакани баҳолаш марказлари томонидан бажарилишини назорат қилади.

Тармоқ кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги қарор Касбий малакалар бўйича кенгаш томонидан қабул қилинади. Тармоқ кенгашлари таркибига касаба уюшмалари (уларнинг бирлашмалари), таълим, илмий ва бошқа ташкилотлар вакиллари мажбурий тартибда киритилади.

Тармоқ кенгашига касбий фаолиятнинг бир неча турлари бўйича ваколат берилишига йўл қўйилади. Бир неча тармоқ кенгашларига битта ва шундай касбий фаолият тури бўйича ваколатлар берилишига йўл қўйилмайди.

Тармоқ кенгаши фаолиятининг молиявий таъминоти, шу жумладан кенгаш фаолиятида иштирок этиш доирасида кенгаш аъзолари ҳамда жалб этилган экспертлар меҳнатига / хизматларига ҳақ тўлаш тармоқ бирлашмасининг ёки ҳузурида кенгаш ташкил этилган бошқа ташкилотнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

77-модда. Касбга ўқитиш марказлари

Ушбу қонунда белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган, мустақил юридик шахс сифатида ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси сифатида ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган таълим муассасалари касбга ўқитиш марказлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўйсунувидаги ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказлари аккредитациядан ўтказилмайди.

Касбга ўқитиш марказлари фаолиятини ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитишга давлат буюртмаси доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, шунингдек, ўзини ўзи молиялаштириш асосида амалга оширади.

Ўқиш учун тўлов миқдори касбга ўқитиш марказлари томонидан мустақил равишда белгиланади.

 

78-модда. Ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказларида ўқитиш жараёнини ташкил этиш

Ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказларида ўқитиш шартнома асосида амалга оширилади.

Ўқитиш шартномасида ўқитиш амалга ошириладиган касб (мутахассислик) номи, ўқиш бошланиши ва тугаш санаси, жойи, тўлиқ ўқиш курсининг нархи ва шартноманинг бошқа муҳим шартлари кўрсатилади.

Шартномага касбга ўқитишнинг таклиф этилаётган курси, шу жумладан ўқиш санаси ва жойи, ўқув жараёнининг режими ва бошқа ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, Касбга ўқитиш марказининг банк реквизитлари тўғрисида ахборот илова қилинади.

Касбга ўқитиш марказига қабул қилиш Марказ директори буйруғи билан расмийлаштирилади.

Касбга ўқитиш марказларидаги ўқув дастурлари таълимнинг дуаллик тамойиллари ҳамда касб-ҳунар таълимининг илм ва ишлаб чиқариш билан ўзаро алоқасини таъминлаш асосида амалга оширилади.

Касбга ўқитиш марказларида ишсизлар ва банд бўлмаган фуқаролар тоифасидаги ўқувчилар, қоида тариқасида, ўқув курслари бўйича гуруҳларга, ўқиш йўналиши бўйича эса – бўлимларга бирлашади.

Ўқув дастурлари, ўқиш муддатлари, ўқув жараёни ва ишлаб чиқариш амалиёти сифатини назорат этиш муддатларининг аниқ мазмуни Касбга ўқитиш маркази томонидан мустақил равишда тасдиқланади.

Меҳнат органлари мониторинг мақсадларида касбга ўқитиш марказларидан улар фойдаланадиган ўқув дастурларини талаб қилиб олишга ҳақли.

 

79-модда. Якуний малака имтиҳонлари ва малака даражаларини бериш тартиби

Ишсизлар ва банд бўлмаган шахслар касбга ўқитиш марказларида ўқиш якунлари бўйича якуний малака имтиҳонлари ўтказилади.

Малака имтиҳонларини ўтказиш учун иш берувчилар, ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, касбга ўқитиш марказларининг раҳбарлари, ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари таркибидан малака комиссиялари тузилади.

Якуний малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Якуний малака имтиҳонини муваффақиятли топширганларга:

узоқ муддатли ва ўрта муддатли ўқишни тугатганларга – қайта тайёрлаш ва касбга ўқитиш тўғрисида давлат намунасидаги дипломлар;

қисқа муддатли ўқишни тугатганларга – қисқа муддатли курсларни ўтаганлиги тўғрисида сертификатлар берилади.

Касбга ўқитиш марказларида ўқиш якунлари бўйича якуний малака имтиҳони ўрнига шартнома асосида жалб этилган Малакани баҳолаш маркази мутахассислари томонидан ишчиларга малака разрядини ва малака тоифасини бериш бўйича имтиҳон ўтказишга йўл қўйилади.

Бунда Малакани баҳолаш маркази томонидан ўтказилган малака имтиҳонини муваффақиятли топширганларга ишсизларни ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказларида қайта тайёрлаш ва касбга ўқитишдан ўтганлиги тўғрисида давлат намунасидаги дипломлар, қисқа муддатли курсларни ўтаганлиги тўғрисида сертификатлар ва малака паспортлари берилади.

Марказдаги ўқишни тугатганлиги тўғрисидаги диплом ўрта махсус
ва касб-ҳунар тўғрисидаги дипломга тенглаштирилади ва ундан меҳнат фаолиятида фойдаланиш мумкин, шу билан бирга у таълимнинг кейинги турини давом эттириш учун асос бўлмайди.

 

80-модда. Малакани баҳолаш марказлари

Малакани баҳолаш марказлари жисмоний шахсларнинг касбий малака, билим ва кўникмаларини мустақил баҳолашни амалга оширади.

Малакани баҳолаш марказлари мустақил юридик шахс ёхуд юридик шахснинг алоҳида таркибий бўлинмаси сифатида ташкил этилади.

Малакани баҳолаш марказлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

штатида (ўриндошлик бўйича йўл қўйилади) олий маълумотли ва ариза берувчи малакани баҳолашга даъво қилаётган йўналишларнинг ҳар бири бўйича камида 3 йиллик амалий иш стажига эга бўлган, шунингдек, Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курсларидан ўтган камида бир нафар ходимнинг бўлиши;

тасарруфида хўжалик юритиш, тезкор бошқариш ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосда моддий-техник базага, шу жумладан ариза берувчи малака, билим ва кўникмаларни баҳолашга даъво қилаётган йўналишларнинг ҳар бири бўйича малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш учун баҳолаш воситаларига эга бўлиши;

ўз фаолияти тўғрисида ишончли ахборот тақдим этиши керак.

Малакани баҳолаш марказлари:

талабгорларга малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш қоидалари ва тартиботи тўғрисида зарур ахборотни тақдим этади;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолашни ташкил этади ва ўтказади ҳамда малака имтиҳонини ва зарур ҳолларда, малака синов ишини ўтказиш орқали касб стандартлари талабларига мувофиқлигини текширади;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш натижалари тўғрисида маълумотларни шакллантиради, Касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ малака паспортини беради;

берилган малака паспортлари тўғрисидаги маълумотларни Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига киритади.

Олий маълумотга эга ва Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курсларидан ўтган шахс Малакани баҳолаш маркази директори бўлиши мумкин.

Малакани баҳолаш марказининг ташкилий тузилмасига эксперт малака комиссияси мажбурий равишда киритилиши лозим.

Малакани баҳолаш марказларининг фаолияти:

муассислар маблағлари;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолашни ўтказиш учун амалга ошириладиган тўлов;

ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитишга давлат буюртмаси доирасида ажратиладиган маблағлар;

ихтиёрий хайриялар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мақсадли бадаллари, ҳомийлар маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Малака, билим ва кўникмаларни баҳолашни ўтказиш учун амалга ошириладиган тўлов миқдори малакани баҳолаш марказлари томонидан мустақил равишда белгиланади ва нарса билан равишда чекланмайди.

Малакани баҳолаш марказлари ўзлари берадиган билимга эгалик тўғрисидаги сертификатлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган хорижий давлатларда тан олиниши учун малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш ваколатига эга органлар ёки тегишли хорижий давлатларнинг иш берувчилари билан ҳамкорлик битимлари тузади.

 

 

81-модда. Малакани баҳолаш марказларини аккредитациядан ўтказиш тартиби

Малакани баҳолаш марказлари ўз фаолиятини амалга ошириш учун ваколатли давлат органида аккредитациядан ўтади.

Битта малакани баҳолаш марказини касбий фаолиятнинг (касбнинг) бир неча турлари бўйича аккредитациядан ўтказишга йўл қўйилади.

Малакани баҳолаш марказларини аккредитациядан ўтказиш ёки аккредитациядан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор Касбий малакалар бўйича кенгаш тақдимномасига биноан ваколатли орган томонидан қабул қилинади.

Аккредитацияга даъво қилувчи ариза берувчи Касбий малакалар бўйича кенгашга қуйидагиларни тақдим этади:

буюртманома;

штатида ва/ёки фуқаролик ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида ариза берувчи ўқитишни амалга оширишга ёки малака, билим ва кўникмаларни баҳолашга даъво қилаётган йўналишларнинг ҳар бири бўйича олий маълумотли мутахассиснинг (мутахассисларнинг) мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

тасарруфида хўжалик юритиш, тезкор бошқариш ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосда малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш учун баҳолаш воситалари, шунингдек, малака имтиҳонини ташкил этиш ва ўтказиш учун мўлжалланган моддий-техник база мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Аккредитация олиш учун буюртманома Касбий малакалар бўйича кенгаш томонидан ариза ва аккредитация олиш учун тақдим этиладиган зарур ҳужжатлар тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.

Аккредитация олиш тўғрисидаги буюртманомани кўриб чиқиш учун тўлов кунида Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммалари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига ўтказилади.

Касбий малакалар бўйича кенгаш тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун давомида ариза берувчини қабул қилинган қарордан хабардор қилиши шарт.

Аккредитация чекланмаган муддатга берилади.     

Ваколатли орган:

юридик шахс томонидан тегишли тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилса;

юридик шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар бўлса;

юридик шахс ушбу Қонунда назарда тутилган талаблар ва шартларга мос келмаса, юридик шахсни аккредитациядан ўтказишни рад этишга ҳақли.

Аккредитациядан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги хабарнома асосланган бўлиши керак ва ариза берувчига рад этиш сабаблари ва юридик шахс кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Аккредитациядан ўтказишни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

Аккредитациядан ўтказиш рад этилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим қайтарилмайди.

Ҳужжатлар юридик шахснинг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган санадан бошлаб беш иш куни ичида ваколатли орган томонидан такроран кўриб чиқилади. Юридик шахснинг аризасини такроран кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

Қайта кўриб чиқиш натижаларига кўра аккредитациядан ўтказиш рад этилган ҳолатда, аккредитация олиш учун талабнома кейинги ҳар бир кўриб чиқилиши учун юридик шахсдан ушбу Қонунда назарда тутилган тўлов ундирилади.

Юридик шахснинг аризасини такроран кўриб чиқишда аккредитациядан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада аввал кўрсатилмаган янги асослар бўйича аккредитациядан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Аккредитациядан ўтказишни рад этишга асос бўлган сабабларни бартараф этиш учун берилган муддат ниҳоясига етгач, юридик шахснинг аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги аризаси янги тақдим этилган ҳисобланади.

Ариза берувчи ваколатли орган қароридан норози бўлган, аккредитациядан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек, ишчи орган мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

 

82-модда. Малакани мустақил баҳолаш тартиби

Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш:

иш изловчи ташаббусига кўра – иш изловчи маблағлари ҳисобидан;

иш берувчи йўлланмасига кўра – иш берувчи маблағлари ҳисобидан;

хусусий бандлик агентлиги томонидан хизматлар кўрсатилиши доирасида – хусусий бандлик агентлиги маблағлари ҳисобидан;

Касбга ўқитиш маркази томонидан хизматлар кўрсатилиши доирасида – Касбга ўқитиш маркази маблағлари ҳисобидан ўтказилади.

Малакани баҳолашдан ўтиш учун Малакани баҳолаш марказига талабгор (иш берувчи, хусусий бандлик агентлиги, Касбга ўқитиш маркази) томонидан бевосита ёки почта алоқаси орқали ёки умумий фойдаланиладиган ахборот-коммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

малака имтиҳонида иштирок этиш тўғрисида ариза;

паспортнинг ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг нусхаси;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш учун хизматларга ҳақ тўланганини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

зарурат бўлса ва бу қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, касбий фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга тегишли рухсат тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхалари.

Ариза ва у билан топшириладиган ҳужжатлар тўплами Малакани баҳолаш марказида улар топширилган кундан бошлаб ўн йил мобайнида сақланади.

Малака имтиҳонини топширишни рад этиш тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Малакани баҳолаш маркази ариза берувчини беш иш куни мобайнида ҳужжатлар кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги, малака имтиҳонини ўтказиш санаси, жойи, вақти ва тартиби тўғрисида хабардор этади.

Малака имтиҳонига узрли сабабга кўра (касаллик ёки ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа ҳолатлар) келмаган талабгор Малакани баҳолаш маркази томонидан белгиланган муддатда малака имтиҳонини қайта топширишга киритилади.

Малака имтиҳонига узрли сабабсиз келмаган ҳолатда, ушбу талабгор учун малака имтиҳони бекор қилинади, илгари амалга оширилган тўлов қайтарилмайди.

Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш воситалари ҳамда баҳолаш усуллари, шу жумладан қўлланиладиган моддий-техник ресурслар ва онлайн-синов ўтказиш учун дастурий таъминот ваколатли орган ёки Касбий малакалар бўйича кенгаш ёхуд тармоқ кенгаши томонидан белгиланади.

 

83-модда. Малакани мустақил баҳолаш натижалари

Малакани баҳолаш натижалари беш балли тизим бўйича баҳоланади.

Агар талабгор малакани баҳолашдан ўтиш якунларига кўра учдан ортиқ балл олса, унга уч кун муддат ичида малака паспорти, учдан кам балл олса, талабгор учун тавсияномаларни ўз ичига олувчи малакани баҳолашдан ўтганлик тўғрисида хулоса берилади.

Малакани баҳолаш натижалари баённома билан расмийлаштирилади.

Малакани баҳолаш маркази томонидан малака имтиҳонидан ўтиш якунлари бўйича қабул қилинган қарорлардан норози бўлган шахслар улар малака имтиҳонидан ўтиш натижалари тўғрисида хабардор қилинган санадан бошлаб ўн календарь кун давомида ваколатли органга ёки Касбий малакалар ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгашга ёзма шикоят беришга ҳақли.

Малака имтиҳонини ўтказиш натижалари ва билимга эгалик тўғрисидаги сертификатни бериш билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Берилган малака паспортлари тўғрисидаги маълумотлар Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига киритилади.

 

84-модда. Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестри

Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестри ваколатли давлат органи томонидан юритилади.

Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрининг электрон платформаси, шунингдек, малакани баҳолаш марказлари фаолиятининг дастурий таъминоти Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилади ва кузатиб борилади.

Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

тартиб рақами;

идентификация рақами (автоматик ҳосил бўладиган ноёб рақам);

талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (талабгорнинг рухсати билан);

талабгорнинг паспорт маълумотлари;

малака, билим ва кўникмалар баҳоланган касб (мутахассислик) (ёки тегишли чет тили);

малака, билим ва кўникмалар баҳоланган касб (мутахассислик) коди (чет тилини билиш бўйича имтиҳон топширилган ҳолатлар бундан мустасно);

тегишли касб (мутахассислик) бўйича малака, билим ва кўникмаларни ёки чет тилини баҳолаш;

хорижий давлатнинг қонун ҳужжатлари базавий асосларини билиш даражасини баҳолаш – мавжуд бўлганда;

хорижий давлат маданий-этник асосларини билиш даражасини баҳолаш – мавжуд бўлганда;

Малакани баҳолаш маркази номи ва жойлашган жойи (почта манзили);

телефон (факс) рақами;

ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

имтиҳон топшириш санаси ва вақти;

аккредитация берилган сана ва аккредитация рақами.

Ваколатли орган Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига жойлаштириш учун талаб қилинган ахборот турларини кенгайтириши мумкин.

Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестридаги ахборот ваколатли давлат органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.

Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига фақат ушбу Қонун билан назарда тутилган тартибда олинган малака паспортига эга шахслар тўғрисида маълумот киритилади.

Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестри касблар (мутахассисликлар), чет тили турлари ва бошқа белгилар бўйича ажратилиши мумкин.

Ваколатли орган шундай тартиб белгилаши мумкинки, унга мувофиқ малакани баҳолаш марказлари электрон имзодан фойдаланган ҳолда, ҳимояланган тарзда кириш орқали Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига талаб этилган маълумотларни мустақил равишда киритиши мумкин.

Малакани баҳолаш марказларининг аккредитациясини тўхтатиш, тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган тақдирда, ваколатли орган Малакани баҳолаш маркази томонидан малака тўғрисида берилган аккредитация муддати тўхтатилган, тугатилган ёки бекор қилинган паспортга эга талабгор(лар)нинг малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолаш натижаларини Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестридан чиқариб ташлашга ҳақли.

Ваколатли орган тегишли Малакани баҳолаш маркази томонидан талабгорлар малакаси, билими ва кўникмаларига берилган баҳо сифатини, шу жумладан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан учинчи томонни жалб қилган ҳолда текширишга ва шундан сўнг Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрида шахсни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

 

85-модда. Аккредитациядан ўтган ташкилотлар регистри

Ваколатли орган томонидан Ўқитиш, малакани ошириш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш билан шуғулланувчи юридик шахслар регистри (кейинги ўринларда Регистр деб аталади) юритилади ва долзарблиги таъминланади.

Регистр ахборот-маълумотнома тусидаги вақти-вақти билан янгиланадиган маълумотлардан иборат бўлган автоматлаштирилган тизим ҳисобланади ҳамда ўқитиш, малакани ошириш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг давлат ҳисобини таъминлайди.

Регистрни юритиш учун бевосита аккредитациядан ўтган ташкилотдан олинадиган маълумотлардан, ваколатли орган маълумотларидан, шунингдек, зарур бўлган ҳолларда, солиқ органлари, давлат мулки бошқаруви органлари ва бошқа давлат органлари маълумотларидан фойдаланилади.

Регистрда жойлаштирилган ахборот барчанинг фойдаланиши учун очиқ ҳисобланади ва ваколатли органнинг расмий веб-сайтида очиқ тарзда эълон қилинади.

 

86-модда. Сифатга ҳамда белгиланган талаблар ва шартларга риоя этилишини назорат қилиш

Меҳнат органлари касбга ўқитиш марказлари ва малакани баҳолаш марказлари томонидан ушбу Қонунда назарда тутилган талаблар ва нормаларга риоя этилишини назорат қилади.

Касбга ўқитиш марказлари ва малакани баҳолаш марказлари ҳар ой меҳнат органларига ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган шакллар бўйича ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Ваколатли давлат органи касбга ўқитиш марказлари ва малакани баҳолаш марказларининг сифатга ва шартларга риоя этишини назорат қилишда ўз ваколати доирасида:

ўқитиш ва баҳолаш сифати бўйича талабларга риоя этилишини текшириш;

муайян малакани баҳолаш марказида малака паспортини олган шахслар билимлари даражасини саралаб текшириш;

текширувлар ўтказишда юзага келадиган масалаларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан тушган шикоятларга доир зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширувлар натижалари асосида далолатномалар (маълумотномалар) тузиш, уларда қоидалар бузилган аниқ ҳолатларни кўрсатиш;

аниқланган қоидабузарликларни касбга ўқитиш марказлари ва малакани баҳолаш марказлари томонидан бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш учун етарли бўлган муддатларни белгилаш;

қонун ҳужжатлари бузилган ҳолатлар бўйича қарорлар қабул қилиш ва судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Малакани баҳолаш маркази томонидан белгиланган талаблар ва шартлар бузилганлиги аниқланганда, шунингдек, аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида ваколатли давлат органининг кўрсатмалари улар томонидан бажарилмаган ҳолларда ваколатли давлат органи малакани баҳолаш маркази аккредитациясини тўхтатиб туриши мумкин.

Малакани баҳолаш марказлари аккредитациянинг амал қилиши тўхтатилган даврда фаолият олиб борган, шунингдек, сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда аккредитация олинганлиги аниқланган ҳолатларда ваколатли давлат органи малакани баҳолаш марказлари аккредитациясини бекор қилади. Аккредитацияни бекор қилиш, шунингдек, суднинг қарори бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.

 

87-модда. Миллий ва тармоқ малака доиралари

Миллий малака доираси кадрлар тайёрлаш дастурлари ва касб-ҳунарга ўқитиш натижаларига қўйиладиган талабларнинг малака даражалари ягона шкаласини белгилайди.

Миллий малака доираси Касбий малакалар бўйича кенгаш қарори билан тасдиқланади.

Миллий малака доираси саккизта малака даражаларини ўз ичига олади ва ҳар бир малака даражаси учун касбий фаолиятни амалга ошириш учун талаб қилинадиган кўрсаткичлар – билим, маҳорат ва кўникмалар, шахсий ва касбий билим ва кўникмалар, шунингдек, малакага эришиш йўллари аниқланади.

Миллий малака доираси асосида давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар ваколатли давлат органи, иш берувчилар бирлашмалари билан ҳамкорликда тегишли малака даражаларининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи тармоқ малака доираларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Тармоқ малака доираларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби Касбий малакалар бўйича кенгаш томонидан белгиланади.

 

88-модда. Касб стандартлари

Касб стандартлари кадрларни баҳолаш, аттестациядан ўтказиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун асос сифатида ишлаб чиқилади.

Касб стандартлари лойиҳалари:

давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва илмий татбиқ этиш ташкилотлари томонидан – Ҳукумат қарори билан тасдиқланадиган режа-жадвалга мувофиқ;

ваколатли орган белгилаган ташкилотлар томонидан – Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ваколатли органнинг буюртмасига мувофиқ;

иш берувчилар бирлашмалари, касаба уюшмалари, касб-ҳунар ассоциациялари, илмий ташкилотлар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан – ташаббус тартибида ишлаб чиқилади.

Касб стандартларини ишлаб чиқиш ваколатли давлат органи томонидан мувофиқлаштирилади.

 

 

89-модда. Касб стандартларини ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш тартиби

Касбий малакалар бўйича кенгаш касб стандартлари лойиҳаларини келишиш, ушбу лойиҳалар бўйича хулосаларни кўриб чиқиш ва тайёрлашда иштирок этадиган томонларни белгилайди.

Ишлаб чиқувчи томонидан ваколатли органга тушунтириш хати ва касб стандартини ишлаб чиқувчи ташкилот тўғрисида маълумотлар илова қилинган ҳолда касб стандарти лойиҳаси тақдим этилади.

Ваколатли орган:

касб стандарти лойиҳасини аввал белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатдан ўтган шундай касб стандарти мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) юзасидан текширади;

касб стандарти лойиҳасини ўзининг расмий веб-сайтида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштиради;

касб стандарти лойиҳасининг экспертизасини шу жумладан, Касбий малакалар бўйича кенгашга шартнома асосида жалб этилган экспертлар ёрдамида амалга оширади;

ижобий хулоса олинган тақдирда, касб стандарти лойиҳасини эксперт хулосаси билан биргаликда Касбий малакалар бўйича кенгашга кўриб чиқиш учун йўналтиради;

касб стандарти тасдиқланганидан сўнг уни Касб стандартлари миллий реестрида давлат рўйхатидан ўтказади;

касб стандарти лойиҳаси маъқулланганидан сўнг уч иш куни давомида тегишли ахборотни ишлаб чиқувчига йўналтиради;

кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида лойиҳа рад этилганлиги тўғрисида рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқувчини ўн иш куни ичида ёзма шаклда хабардор этади.

Агар ҳар қандай босқичда касб стандарти лойиҳасини кўриб чиқишда бартараф этиладиган камчиликлар мавжуд бўлса, ишчи орган ўн календарь кун ичида ишлаб чиқувчига қайта ишлаш учун фикр билдиради ва тавсиялар беради.

Қайта ишланган касб стандартининг лойиҳаси ишлаб чиқувчи томонидан қайта киритилади ва ваколатли орган томонидан қайта киритилган ҳужжат сифатида кўриб чиқилади.

Касб стандарти Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан Касбий малакалар бўйича кенгаш хулосаси асосида тасдиқланади.

Касб стандарти мазмуни (макети) ва уни расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар Касбий малакалар бўйича кенгаш томонидан тасдиқланади.

 

90-модда. Касб стандартини қайта кўриб чиқиш

Касб стандартларини қайта кўриб чиқиш ваколатли орган томонидан беш йилда камида бир марта амалга оширилади.

Қуйидагилар касб стандартини мажбурий равишда кўриб чиқиш ва уни алмаштириш учун асос ҳисобланади:

ходимнинг меҳнат вазифалари, малакаси, билими ва кўникмалари ўзгаришига сабаб бўлган ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда сезиларли ўзгаришлар, янги технологиялар ва ташкилий-техник тадбирларни жорий этиш;

меҳнат шарт-шароитларига нотўғри белгиланган талабларни аниқлаш;

иш берувчилар ва ходимлар касб стандартини қайта кўриб чиқиш ёки алмаштириш юзасидан асосланган таклифлар билан мурожаат этиши.

Касб стандартини қайта кўриб чиқиш (алмаштириш) бўйича ишларни бажаришга иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари мутахассислари жалб этилади.

 

91-модда. Касб стандартлари миллий регистри

Касб стандартлари миллий регистри ваколатли орган томонидан юритилади.

Касб стандартлари милий регистрининг (кейинги ўринларда Регистр деб аталади) электрон платформаси, шунингдек, малакани баҳолаш марказлари фаолиятининг дастурий таъминоти Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилади ва кузатиб борилади.

Регистр иқтисодий фаолият турлари бўйича касб стандартларини таснифлаш асосида юритилади.

 

9-боб. Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати амалга оширилишини молиялаштириш

 

92-модда. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда Бандликка кўмаклашиш жамғармаси деб аталади) юридик шахс ташкил этмасдан республика ва маҳаллий даражада тузиладиган давлат мақсадли жамғармаси ҳисобланади.

Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари унинг мустақил балансида акс эттирилади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ғазначалик бошқармалари томонидан очиладиган ғазна ҳисоб рақамида тўпланди.

Қуйидагилар Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

ягона ижтимоий тўловдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига бириктирилган бинолар, иншоотлар ва хоналарни реализация қилишдан тушадиган, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тўлиқ ҳажмда Бандликка кўмаклашиш жамғармасига йўналтириладиган маблағлар, баҳолаш ва реализация қилишга сарфланадиган амалдаги харажатлар бундан мустасно;

меҳнат гувоҳномаларини бериш учун тўловни ундиришдан тушган тушумларнинг бир қисми;

барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига таъсисчи томонидан белгиланадиган миқдорда тўлангандан кейин Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўйсунувидаги ташкилотларда қоладиган соф фойданинг бир қисми;

қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда меҳнат дафтарчалари бланкаларини реализация қилишдан олинадиган даромадлар;

Бандликка кўмаклашиш жамғармасининг бўш маблағларини тижорат банкларига ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Бандликка кўмаклашиш жамғармасини молиялаштиришга йўналтириладиган бюджет ажратмаларининг ҳажми ҳар йили аниқлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий параметрларида тасдиқланади.

Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди ва молиявий йил давомида қайта кўриб чиқилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларини тасарруф этувчилар ҳисобланади.

Ваколатли давлат органи Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг ижро этувчи органи вазифаларини амалга оширувчи масъул бўлинмани белгилайди.

Ваколатли давлат органи ва меҳнат органлари Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан қатъиян мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун жавобгар бўлади.

Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

 

93-модда. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан фойдаланиш йўналишлари

Бандликка кўмаклашиш жамғармасининг маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:

меҳнат органлари таклифига биноан ишлаш учун бошқа жойга ихтиёрий равишда кўчиб кетиши муносабати билан ишсизлик бўйича нафақалар, компенсациялар, моддий ёрдам тўлаш;

меҳнат органларида иш қидираётган ва ишсиз мақомига эга шахс сифатида рўйхатдан ўтган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни молиялаштириш, шу жумладан грантлар ва стипендиялар ажратиш;

Ҳукумат қарорлари асосида бир марталик нафақалар тўлаш;

ишсизларга муддатидан олдин пенсиялар тайинланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг харажатларини қоплаш;

ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш бўйича хизматларга бўлган давлат буюртмасини молиялаштириш, кейинчалик хусусий бандлик агентликларига, ишсизларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш марказларига ҳамда малакани баҳолаш марказларига ҳақ тўлаш;

меҳнат органлари ва идоравий мансуб ташкилотлар, вақтинча бир марталик иш билан таъминлаш марказлари, ишсиз фуқароларни ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш ҳамда малакани баҳолаш марказлари, ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув марказлари учун бинолар ва хоналарни қуриш, таъмирлаш, капитал таъмирлаш, қайта ихтисослаштириш, моддий-техник таъминлаш, сақлаш, шунингдек, харид қилиш;

коворкинг-марказларни, “Маҳалла гузари” ишсиз шахсларнинг бандигини қўллаб-қувватлаш маҳалла марказларини ташкил этишни ва сақлашни молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар тоифалари меҳнатидан фойдаланиш учун ихтисослаштирилган иш ўринларини яратишга доир тадбирларни қисман молиялаштириш;

ахборот-маълумот ва реклама-ноширлик ишларини амалга ошириш;

бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, нормалаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари бўйича норматив-методик ва йўриқнома материаллар ишлаб чиқилишини молиялаштириш;

республика ва ҳудудий даражаларда ижтимоий ўрганишлар ўтказиш, аҳолининг айрим гуруҳлари ўртасида бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси масалалари бўйича сўровнома ўтказиш;

банд бўлмаган аҳолига ишга жойлаштириш ёрдамини кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

меҳнат бозоридаги вазият кескин бўлган туманлар ва шаҳарларда аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишни молиялаштириш;

маслаҳатлар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиш, мақолалар, рисолалар, қўлланмалар ва бошқа ахборот материалларини тайёрлаш ва эълон қилиш бўйича хизматларга ҳақ тўлаш;

ишга жойлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш, бўш иш ўринлари ва банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш соҳасида ахборот-компьютер тизимлари ва технологияларини яратиш, ривожлантириш ва техник қўллаб-қувватлаш;

меҳнат органларининг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппаратининг моддий-техник базасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг идоравий мансуб ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмалари балансида турган бинолар ва иншоотларни сақлаб туриш, эксплуатация қилиш, қуриш ва таъмирлаш, уларни зарур инвентар, шу жумладан жиҳозлар, алоқа, компьютер ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимларини Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курсларида ўқитишни, малакасини оширишни ва стажировкасини ташкил этиш ва ўтказиш;

Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курсларини сақлаб бориш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шу жумладан дастурий таъминот ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимларининг ҳам мамлакат ичига, ҳам ташқарисига сафар қилиши билан боғлиқ харажатларни тўлаш;

аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни, шунингдек, хорижга ишга юборилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ишга жойлаштирилишини ва ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш масалалари бўйича халқаро лойиҳалар ва шартномаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

халқаро ва миллий анжуманлар, форумлар, танловлар семинарлар ва тренинглар ўтказиш, мукофотлар таъсис этиш, халқаро ва хорижий ташкилотлар, хорижий ҳукуматлар, давлат органлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этиш учун меҳнат органлари ходимларини хорижга юбориш, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юкланган вазифалар ва функциялар билан боғлиқ масалалар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва миллий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича касб стандартлари ва малака талабларини ишлаб чиқишни молиялаштириш;

Ходимлар меҳнатини рағбатлантириш ва меҳнат органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармасини шакллантириш, шу мақсадларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварақларига тушадиган маблағларнинг 20 фоизини йўналтириш;

вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан ва бошқа молиявий воситалардан олинадиган даромадларнинг 50 фоизини Ходимлар меҳнатини рағбатлантириш ва меҳнат органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармасига ажратиш;

тижорат банкларида очиладиган кредит линиялари бўйича ресурслар жойлаштириш, кейинчалик банклар томонидан янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш учун кредитлар ажратиш;

меҳнат органларида рўйхатга олинган, тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳлаётган ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун сарфланадиган харажатларни тўлашда бир марталик субсидиялар бериш;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб шахсларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни захираланган ва белгиланган энг кам сондан ортиқ ишга қабул қилган ташкилотларга бир марталик субсидиялар бериш;

меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб ходимларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни касбга ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун иш берувчиларга бир марталик субсидиялар бериш;

жисмоний шахсларга енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун субсидиялар тақдим этиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорда уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш;

ишсизлар ва банд бўлмаган шахсларни касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш учун грантлар ажратиш;

бандликка кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз шахсларни, айниқса, кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизларни касбга ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун касб-ҳунар таълими муассасаларига грантлар ажратиш;

касбга ўқитиш марказларида, коллежларда ва олий таълим муассасаларида касбга ўқитишга, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва ходимларини ҳамда томорқа ер эгаларини агротехнологиялар, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик соҳасига қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун грантлар ажратиш;

меҳнат бозоридаги вазият кескин бўлган ҳудудларда иш ўринларини ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларининг устав фондини шакллантириш (кўпи билан 50 фоиз);

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган ставка бўйича иш ўринлари ташкил этиш учун давлат буюртмасини олган ташкилотларга ва тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ташкил этиш учун ссудалар тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирлар.

 

94-модда. Янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари

Янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида давлат муассасалари шаклида ташкил этилади.

Қуйидагилар ҳудудий жамғармалар маблағларини шакллантирувчи манбалар ҳисобланади:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадларининг прогноз параметрларини ошириб бажаришдан ҳар ойда тушадиган 40 фоизгача бўлган миқдордаги даромадлар;

маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари ҳамда беғараз ёрдами;

хайрия қилувчилар – жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг белгиланган тартибда тақдим этиладиган маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

95-модда. Янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари маблағларидан фойдаланиш йўналишлари

Ҳудудий жамғармалар маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:

барқарор иш ўринларини, айниқса қишлоқ жойларда ташкил этишни назарда тутувчи тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини кредитлар билан қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларида кредит линиялари очиш;

ишчи кучи кўп бўлган ҳудудларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи ташкилотларни ташкил этиш, бунда ҳудудий жамғармаларнинг ташкил этилган ташкилотлардаги улушини хусусий шерикларга кейинчалик реализация қилиш шартини назарда тутиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарорлари бўйича иш ўринлари ташкил этишга ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш.

Ҳудудий жамғармалар маблағларининг камида 50 фоизи асосан тижорат банкларида кредит линияларини очиш ва кейинчалик мазкур банклар томонидан республика туманлари ва шаҳарларида янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик ва мини-лойиҳаларни амалга ошириш учун микрокредитлар ажратиш мақсадида йўналтирилади.

Микрокредитлар кичик тадбиркорлик субъектларига, фермер ва деҳқон хўжаликларига, оилавий тадбиркорлик субъектларига қуйидагилар учун ажратилади:

шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида иссиқхоналар ташкил этиш, уруғликлар, кўчатлар, чорва моллари ва паррандалар, қишлоқ хўжалиги инвентари ва ускуналари, суғориш мосламалари (насослар, артезиан қудуқлар ва бошқалар) харид қилиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш учун замонавий мини-ускуна ва хомашё харид қилиш;

хизмат кўрсатиш соҳасида, айниқса, маиший, таъмирлаш, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган ташкилотларни ташкил этиш ва жиҳозлаш;

қишлоқ туманларида, айниқса, хотин-қизлар ўртасида касаначиликни ривожлантириш;

туман ва шаҳарларнинг ишлаб чиқариш ихтисослашуви, мавжуд минерал хомашё, ер, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ресурсларни ҳисобга олган ҳолда бошқа йўналишларни ривожлантириш.

 

96-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси

Ишсизлар ва банд бўлмаган шахслар йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, йўл ва уй-жой-коммунал инфратузилма объектларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шаҳар ва туманларни ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ташкил этиш ва бошқа ижтимоий фойдали йўналишлар доирасида ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этишини молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси (кейинги ўринларда Жамоат ишлари жамғармаси) ташкил этилади.

Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

жамоат ишларини бажаришни ташкил этиш бўйича харажатларни молиялаштириш учун Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг, ҳомийлик жамғармаларининг ва бошқа хорижий донорларнинг ихтиёрий хайриялари;

асосий воситалар, мини-ускуналар ва инвентарлар ижарасидан олинадиган даромадлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Жамоат ишларини молиялаштиришга йўналтириладиган бюджет ажратмаларининг ҳажми ҳар йили белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий параметрларида тасдиқланади.

Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди ва молиявий йил давомида қайта кўриб чиқилмайди.

Жамоат ишлари жамғармасининг Васийлик кенгаши (кейинги ўринларда Жамғарма Кенгаши деб аталади) Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.

Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси (кейинги ўринларда Ижро этувчи дирекция деб аталади) томонидан бошқарилади.

Жамғарма маблағларининг шаклланиши ва келиб тушиши прогнози ҳисобини юритиш ва ҳисоботини тузиш Дирекция томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Васийлик кенгаши таркиби, шунингдек, Ижро этувчи дирекция тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.

 

97-модда. Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари

Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан қуйидагиларни молиялаштиришда фойдаланилади:

жамоат ишларига жалб этилган ишсизлар ва банд бўлмаган шахслар меҳнатига ҳақ тўлашни;

жамоат ишларида фойдаланиш учун мўлжалланган асосий воситалар, мини-ускуналар ва инвентарларни харид қилиш, шу жумладан уларни жамоат ишларида иштирок этувчи, бир марталик, вақтинча ва мавсумий ишлар билан шуғулланувчи шахсларга ижара асосида бериш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартларида аҳолини иш билан таъминлашни назарда тутувчи бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни;

жамоат ишларини бажариш учун хавфсизлик техникаси воситалари ва махсус кийим харид қилишни;

қишлоқ, коммунал хўжалиги, йўл-транспорт соҳасида ва бошқа соҳаларда инфратузилмани ташкил этиш бўйича ишларни амалга ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича чораларни рағбатлантиришга қаратилган субсидиялар ва грантларни;

Жамғармани сақлаш, жумладан, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларни, алоқа ва ахборот компьютер технологиялари воситаларини сақлаш, хўжалик ва бошқа харажатларни;

жамоат ишларини, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириш бўйича ташкилотлар ташкил этиш, шунингдек устав фондида иштирок этиш орқали уларнинг фаолиятига кўмаклашишни;

жамоат ишларини амалга ошириш масалалари бўйича ахборот материалларини, кўргазмали ахборотларни тайёрлаш, маълумотларни оммавий ахборот воситаларида жойлаштиришни;

маблағларни тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган 50 фоизи миқдоридаги даромадлардан Ходимлар меҳнатини рағбатлантириш ва меҳнат органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармасига ажратмаларни.

Жамоат ишлари жамғармаси ходимларига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва модий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, “Жамоат ишлари хизматлари” МЧЖ, тадбиркорлик субъектлари, бошқа ташкилотлар буюртмачи-иш берувчи – жамоат ишлари ташаббускори бўлиши мумкин.

Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари қолдиқлари кейинги молия йилига ўтказилади ва кейинги йилга маблағлар ажратилаётганда инобатга олинади.

 

98-модда. Жамоат ишларига жалб этилаётган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби

Жамоат ишларига жалб этилаётган жисмоний шахслар Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинадилар.

Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган жамоат ишларига жалб этиладиган жисмоний шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш шаклида олинган даромадлар ягона ижтимоий тўловга тортилмайди.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган банд бўлмаган шахслар билан ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиш учун муддатли меҳнат шартномалари камида икки ҳафтага, бироқ олти ойдан кўп бўлмаган муддатга, истисно ҳолларда эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда 11 ойгача муддатга тузилади.

Бюджет ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (шу жумладан, жамоат ишчилари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича), шунингдек, кўп квартирали уйларда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари (туташ ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сақлаш бўйича) томонидан ташкил этиладиган жамоат ишларида жамоат ишларига меҳнат органининг йўлланмаси бўйича жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади.

Жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳар ойда тўланадиган ҳақ бюджет ташкилотлари тегишли лавозимларидаги ходимларнинг меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдорига тенг миқдорда белгиланади.

Бунда жамоат ишлари қатнашчилари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кўп бўлиши мумкин эмас, кейинчалик меҳнат органлари томонидан йўналтирилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 фоиз миқдорда қопланади.

Тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бундан мустасно) томонидан ташкил этиладиган жамоат ишлари билан боғлиқ меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича харажатларнинг кўпи билан 50 фоизи Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳар ойда тўланадиган ҳақ миқдори меҳнат шартномаси асосида белгиланади. Бунда жамоат ишларига жалб қилинган бир нафар шахс меҳнатига тўланадиган ҳақнинг Жамоат ишлари жамғармаси томонидан қопланадиган ҳар ойлик миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан ошмаслиги керак.

Зарур бўлган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири меҳнатга ҳақ тўлашнинг Жамоат ишлари жамғармаси томонидан қопланадиган ҳар ойлик миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг тўрт баравари миқдоригача этиб белгилаши мумкин.

Ишсиз шахсларга ишсизлик нафақасини тўлаш жамоат ишларида қатнашаётган даврларида тўхтатилади ва жамоат ишлари тугаган кундан бошлаб тикланади.

 

99-модда. Жамоат ишларини ташкил этиш йўналишлари

Жамоат ишлари қуйидаги йўналишларда ташкил этилади:

шаҳарлар, туман, аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш (кўкаламзорлаштириш, тозалаш, оқлаш, маданий объектлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ва ариқларни тозалаш ва бошқалар);

уй-жой фонди объектларини, уй-жой коммунал ва бошқа инфратузилма объектларига туташ ҳудудларни таъмирлаш ва уларнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш;

кўчалар, йўллар ва пиёдалар юриш йўлакларини таъмирлаш;

қишлоқ хўжалиги ишлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаш;

ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, беморлар ва бошқаларни парваришлаш;

саноат тармоқлари ва хизматлар кўрсатиш соҳаси ташкилотларидаги ишлар;

объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳамда оммавий байрам ва маданий тадбирларни ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш бўйича ишлар.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қарорларига мувофиқ жамоат ишларининг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Жамоат ишларининг таклиф қилинаётган турлари жамоат ишларини бажараётган шахсларнинг касбий маҳоратини, иш тажрибасини, ёшини, жинсини ва бошқа хусусиятларини, иш вақти ва меҳнатни муҳофаза қилиш учун зарур шароитларни ҳисобга олиши керак.

 

100-модда. Жамоат ишларини ташкил этиш тартиби

Буюртмачи - иш берувчилар меҳнат органлари билан биргаликда жамоат ишлари турлари ва ҳажмини белгилайди.

Буюртмачи - иш берувчилар меҳнат органларига жамоат ишларини амалга оширишга буюртма тақдим этади.

Меҳнат органлари буюртмачи - иш берувчилардан жамоат ишларини амалга оширишга буюртма қабул қилади ва буюртмачи - иш берувчилар буюртмаларига мувофиқ ишчи кучига бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда, ишсиз ва иш изловчи шахслар рўйхатини шакллантиради.

Жамоат ишлари жамғармаси иш берувчилар буюртмалари асосида маблағларни меҳнат органларининг ғазначилик ҳисоб - рақамларига ўтказади.

Бир вақтнинг ўзида меҳнат органлари жамоат ишларини бажарадиган фуқаролар рўйхатини илова қилган ҳолда, буюртмачи - иш берувчилар билан жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича шартномалар тузади.

Меҳнат органлари буюртмачи - иш берувчи билан шартнома тузганидан сўнг иш билан банд бўлмаган шахсга ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун йўлланма беради.

Жамоат ишларини ташкил этиш даврида буюртмачи - иш берувчи қонунчиликка мувофиқ меҳнат муҳофазаси талабларига мос шароитларни таъминлайди.

Жамоат ишларига йўналтирилган шахсларга иш ҳақини тўғри ҳисоблаш, бажарилган жамоат ишларининг амалдаги ҳажмлари ҳисобини юритиш, шунингдек, жамоат ишлари ҳақини тўлаш харажатларини қоплашга йўналтирилган Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан жавобгарлик буюртмачи - иш берувчига юкланади.

Меҳнат органлари жамоат ишлари бажарилишини ҳар ойда бир марта жойига бориб ўрганиш орқали мониторингини амалга оширади ва тегишли мониторинг далолатномасини расмийлаштиради.

Жамоат ишларини ўтказишни бузиш ҳолатлари аниқланган ҳолатда, далолатнома расмийлаштирилади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли чоралар кўрилади.

Буюртмачи - иш берувчи ҳар ойда меҳнат органларига жамоат ишлари амалга оширилганлигини, ишлаган вақт ҳисобини ва жамоат ишларига йўналтирилган шахсларга иш ҳақи ҳисобланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.

Меҳнат органлари тасдиқловчи ҳужжатларни олганидан кейин ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига жамоат ишларини бажарган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича қопланадиган суммани тўлаш учун тўлов ҳужжатларини юборади.

Жамоат ишларини бажарувчи фуқаролар билан иш берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси тузади. Ихтиёрийлик асосида бригадаларга бирлашган фуқаролар томонидан комплекс жамоат ишларини ёки уларнинг алоҳида турларини амалга оширишда шартномада томонларнинг мажбуриятлари, ишнинг ҳажми ва бажариш муддатлари, меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлаш шакллари назарда тутилади.

Жамоат ишларида қатнашган давр меҳнат стажига қўшилади. Жамоат ишларида қатнашган фуқароларда пенсия таъминоти ва вақтинча ишга яроқсизлик бўйича нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Меҳнат органлари томонидан буюртмачи иш берувчиларга Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилинган асосий воситалар, мини-ускуналар ва инвентарлар жамоат ишларини ташкил қилиш учун ижарага берилади.

 

101-модда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси деб аталади) юридик шахс мақомига эга.

Қуйидагилар хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси даромадлари манбалари ҳисобланади:

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тузилган лицензия битими доирасида фуқароларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга юборувчи ташкилотларнинг 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини заҳиралаш, бунда заҳираланган сумма сарфлаб юборилган тақдирда маблағларни тўлдириш, шунингдек, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқи учун лицензиянинг амал қилиши тугатилган ва бекор қилинган тақдирда, маблағларни қайтариш шарти белгилаб қўйилади;

бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига ва бошқа молиявий воситаларда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг Кузатув кенгаши Жамғарма олий бошқарув органи ҳисобланади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси томонидан бошқарилади.

Кузатув кенгаши таркиби, Ижро этувчи дирекция тузилмаси ва ходимлари сони Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан назорат Кузатув кенгаши ва ваколатли давлат органига юкланади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига маблағлар тўлиқ ва ўз вақтида тушишини назорат қилиш, шунингдек, маблағларни шакллантириш ва уларнинг Жамғармага тушишини прогноз қилиш бўйича ҳисобни юритиш ва ҳисобот тузиш Ижро этувчи дирекция томонидан амалга оширилади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик Ижро этувчи дирекцияга юкланади.

 

102-модда. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга ва таҳқирланишга дучор бўлган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларисиз, маблағларсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, тиббий хизмат кўрсатиш;

ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда, республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келишни ташкил этиш;

меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган ҳолда танлаш доирасида хорижга ишга юборилган ва ишга жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида ушбу мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган (депортация қилинган) фуқароларни шунингдек, келишилган меҳнат шароитлари чет эллик иш берувчилар томонидан таъминлаб берилмаган фуқароларни тўланган маблағлар ушбу фуқаролар ҳисобидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан қайтариш;

республика ҳудудларида хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни кетишдан олдин мослаштириш, касбга тайёрлаш, чет тилларга ўқитиш ва чет тилларни билишини имтиҳон қилиш, уларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш;

Хорижда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш;

фуқароларни хорижда ишга уюшган ҳолда жойлаштириш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича қонуний меҳнат миграциясининг олдини олишга қаратилган ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг ҳар бир йўналиши бўйича харажатлар лимитлари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланади.

 

10-боб. Ўзбекистон республикаси фуқароларининг чет элдаги меҳнат фаолияти

 

103-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга доир ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, мустақил иш қидириш ва ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

 

104-модда. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш соҳасида кўрсатиладиган хизматлар

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларга хорижда ишга жойлашиши учун қуйидаги хизматларни кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширади:

вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига темир йўл чипталарини, авиачипталарни харид қилишда ва бошқа транспорт-логистика масалаларини ҳал қилишда кўмаклашиш;

хорижда ишга жойлашиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашиш, шу жумладан вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кетишдан олдин мослаштириш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларга чет тилларни, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқаришда меҳнатни ҳимоя қилиш қоидаларини ўргатиш;

хусусий ва юридик шахслар буюртманомалари бўйича иш жараёнига жалб этилмаган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги транспорт воситаларини жалб қилиш орқали транспорт хизматларини кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва чет эл фуқароларини меҳмонхоналарга жойлаштириш бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатиш.

 

105-модда. Хорижга кетаётган фуқароларни ишга жойлаштириш ва уларнинг касбий малакасини тасдиқлаш бўйича юридик шахслар фаолияти

Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида аккредитациядан ўтиш асосида хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини, жумладан, касбий кўникмаларга эга бўлиш ва хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқлаш бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

 

106-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган ҳолда танлаш

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган ҳолда танлаш – хорижий иш берувчилар ва (ёки) уларнинг хорижий ишчиларни ишга жойлаштириш соҳасида фаолият кўрсатувчи ваколатли хорижий ташкилотларининг буюртманомалари бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришни таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган тадбирлар мажмуидир.

Уюшган ҳолда танлаш Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фуқаролар бандлигининг бошқа шаклларига нисбатан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг уствор шакли ҳисобланади.

Фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш учун уюшган ҳолда танлаш Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш учун юбориш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар (юборувчи ташкилотлар) томонидан амалга оширилади.

Юборувчи ташкилот талабгорларни танлашни амалга оширади ҳамда уларнинг ўқув-тайёргарлик, мослаштириш тадбирларидан дастлабки тарзда ўтказилишини таъминлайди, шу жумладан:

хорижий иш берувчи билан тузиладиган меҳнат шартномаси лойиҳаси, яшаш ва меҳнат шароитлари билан таништиради;

талабгорни тиббий кўрикдан ўтказади;

чиқиш визасини олиш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашади;

ишга жойлаштириладиган давлат тилини, анъаналари ва қонун ҳужжатларини ўргатиш, хавфсизлик техникаси, диний экстремизм ва терроризмнинг, таносил касалликлари ва ОИВ-инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича қисқа муддатли курслар ўтказади;

талабгорлар ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилиш жараёнини ташкил этади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Хориждаги иш берувчилар реестри юритилади, ушбу Реестр Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

Хорижий иш берувчи талаб қилинган ижтимоий ва маиший шарт-шароитларни, меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини таъминламаса ёки иш берувчи меҳнат мигрантини ишга жойлаштиришни рад этса, юборувчи ташкилот талабгорни бошқа хорижий иш берувчида ишга жойлаштириш бўйича шошилинч чоралар кўради.

Талабгорни аввал келишилган талабларга мувофиқ ишга жойлаштириш имкони бўлмаса, юборувчи ташкилот унинг ўз ватанига қайтарилишини таъминлаши шарт.

Юборувчи ташкилот томонидан мазкур мажбурият бажарилмаган тақдирда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги талабгорни Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида юборувчи ташкилотнинг заҳираланган маблағлари ҳисобидан ўз ватанига қайтариш юзасидан шошилинч чоралар кўради.

 

107-модда. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширгандан сўнг қайтган фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш

Меҳнат органлари хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширгандан сўнг қайтган фуқароларни улар хорижда олган касбий малака, билим ва кўникмаларни ҳисобга олган ҳолда, уларга ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган хизматларни кўрсатиш орқали ишга жойлашишга кўмаклашади

 

108-модда. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатлари ишга жойлаштириладиган давлатда:

Ўзбекистон Республикаси Консуллик муассасаларидаги ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хориждаги ваколатхоналари;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг давлат ва нодавлат хорижий шериклари;

юборувчи ташкилотлар;

нодавлат нотижорат ташкилотлари;

бошқа ташкилотлар томонидан ҳимоя қилинади.

Давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатларга юбориш масалалари бўйича халқаро шартномаларда назарда тутилган мажбуриятларга мувофиқ хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.

 

11-боб. Чет эл фуқароларининг ўзбекистон республикасидаги меҳнат фаолияти

 

109-модда. Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш

Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқароси иш берувчининг республикада хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланишга берилган рухсатномасига асосан фақат меҳнат фаолияти ҳуқуқини берадиган тасдиқнома мавжуд бўлган ҳолдагина, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёлланиб ишлаши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш рухсатномалари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан берилади.

Иш берувчилар томонидан Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини рухсатнома олмай жалб қилиш тақиқланади.

Рухсатнома иш берувчига унда қатъий кўрсатилган чет эл фуқароларининг сони ва мутахассисликлари (лавозимлари) учун бир йил муддатга берилади. Бунда иш берувчи томонидан сўралаётган чет эл фуқароларининг сони ва мутахассислиги (лавозимлари) унинг ишчи кучига бўлган амалдаги эҳтиёжига мос келиши керак. Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасдиқнома олмасдан меҳнат фаолиятини амалга ошириши тақиқланади.

 

110-модда. Меҳнат органларининг хориждан ишчи кучини жалб қилишни тартибга солиш ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ваколатлари

Меҳнат органлари тармоқлар ва ҳудудлар реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш мониторингини амалга оширади.

Ушбу Қонун талабларига риоя этилиши Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан қоидабузарликлар тўғрисида маълумотлар, шу жумладан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахбороти, жисмоний ҳамда юридик шахслар мурожаатлари мавжуд бўлганда текширилади ва назорат қилинади.

Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзларига юкланган вазифа ва функцияларга мувофиқ:

иш берувчилар тақдим этилган рухсатномалар ва (ёки) тасдиқномалар шартларига, шунингдек, меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлиги, иш берувчининг фуқаролик мажбуриятини мажбурий суғурталаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишини;

чет эл фуқароларининг касб ва малакаси мос келишини текширади.

Меҳнат органлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда юқори малакали ва малакали мутахассислар даромадларидан тўланадиган солиқлар суммаларини ҳар чоракда текширади.

Иш берувчилар ва (ёки) чет эл фуқаролари тақдим этилган рухсатномалар ва (ёки) тасдиқномалар шартларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини бузганлиги аниқланса, аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида меҳнат органлари томонидан тегишли кўрсатмалар юборилади.

Кўрсатмаларда аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш муддатлари, уларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақт кўрсатилиши керак.

Рухсатномалар ва (ёки) тасдиқномалар амал қилиши меҳнат органлари томонидан иш берувчилар ва (ёки) чет эл фуқароларига берилган кўрсатмаларда кўрсатилган муддатларда аниқланган ҳуқуқбузарликлар бартараф этилмаган ҳолларда тугатилади.

 

111-модда. Юқори малакали ва (ёки) малакали мутахассисларни Ўзбекистон Республикасида ишга жойлаштиришнинг алоҳида тартиби

Рўйхати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро тан олинган 1000 олий таълим муассасалари рейтингига кирадиган олий таълим муассасасини битирган, талаб қилинган мутахассислик ёки дипломидаги мутахассислик бўйича камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлган ва Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятига жалб қилиш шартларида йилига 60 минг АҚШ доллари эквивалентидаги суммадан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи (мукофот пули) олиши назарда тутилган чет эл фуқароси юқори малакали мутахассис ҳисобланади.

Олий маълумотга, талаб қилинган мутахассислик ёхуд дипломидаги мутахассислик бўйича камида 5 йиллик тажрибасига эга бўлган ва Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятига жалб қилиш шартларида йилига 30 минг АҚШ доллари эквивалентидаги суммадан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи (мукофот пули) олиши назарда тутилган чет эл фуқароси малакали мутахассис ҳисобланади.

Юқори малакали ва (ёки) малакали мутахассисларни жалб этишда иш берувчи томонидан рухсатномани олиш талаб этилмайди.

Юқори малакали ва (ёки) малакали мутахассисларга тасдиқнома соддалаштирилган тартибда берилади.

 

112-модда. Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби татбиқ этилмайдиган чет эл фуқаролари

Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби қуйидаги чет эл фуқароларига татбиқ этилмайди:

Ўзбекистон Республикаси Ташки ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтказилган хорижий давлатларнинг доимий ваколатхоналари, халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходимлари, шунингдек, дипломатик мақомга эга бўлган бошқа шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси илтимосномаларига кўра, туризм соҳасидаги ишларга уч ойгача бўлган муддатга жалб қилинадиган мутахассислар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ёки ташкил этилаётган қўшма корхоналар ёки фирмаларнинг таъсисчилари ёки пайчилари ҳисобланадиган ва уч ойгача муддатга келадиган фуқаролар;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро битимларига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон ҳудудидаги муассасаларда ишловчи фан ва маданият арбоблари;

Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг дастурлари доирасида таътил вақтида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган талабалар;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган матбуот вакиллари;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида аккредитациядан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, халқаро ва хорижий нодавлат (ҳукуматга қарашли бўлмаган) нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ҳамда филиалларининг ходимлари;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан аккредитация қилинган хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналари ходимлари;

Ўзбекистон Республикаси академиялари, олий таълим ва касб-ҳунар таълими муассасаларида маърузалар ўқиш ва бошқа ишлар учун жалб қилинган маърузачилар ва йўриқчилар;

Президент мактабларига ва бошқа умумий таълим муассасаларига ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш учун таклиф этилган мутахассис ва ўқитувчилар;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ишга жойлаштиришнинг бошқа тартиби белгиланган шахслар.

 

113-модда. Иш берувчига Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаларни бериш тартиби

Рухсатномалар ва (ёки) тасдиқномалар олиш учун иш берувчиларнинг тақдим этилган ҳужжатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва улар бўйича холис қарор қабул қилишни таъминлаш мақсадида Ташиқ меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарининг буйруғи билан комиссия тузилади.

Электрон шаклда рухсатнома олиш учун иш берувчи Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) ёки хориждан ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган тасдиқномаларни олиш учун онлайн-майдончада рўйхатдан ўтади.

Ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари марказлари ариза тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат ичида аризани Агентликка юборади. ЯИДХП ёки онлайн-майдонча орқали мурожаат этилганда ариза автоматик тарзда Агентликка юборилади.

Аризани кўриб чиққанлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Аризани кўриб чиқиш учун йиғимлар суммалари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди ва қуйидаги тартибда тақсимланади:

20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси шахсий хисобварағига ўтказилади;

10 фоизи “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКнинг махсус ҳисобварағига ўтказилади;

қолган маблағлар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг банк ҳисобварағига ўтказилади.

ЯИДХП ёки онлайн-майдонча орқали мурожаат этилганда, 10 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси шахсий хисобварағига ўтказилади, 10 фоизи “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКнинг махсус ҳисобварағига ўтказилади, қолган маблағлар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг банк ҳисобварағига ўтказилади.

Ташқи миграция агентлиги ариза тушган кундан бошлаб ўн беш иш куни давомида иш берувчи томонидан сўралаётган чет эл фуқаролари сони ва мутахассисликларининг (лавозимларининг) унинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжига мувофиқлигини ўрганади, Давлат хизматлари марказларига (ўзи келиб мурожаат қилганда) ёки иш берувчига ЯИДХП или онлайн-майдонча орқали қабул қилинган қарор тўғрисида электрон шаклдаги хабарномани, жумладан, рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, рухсатнома бериш учун йиғим миқдори кўрсатилган ҳолда юборади.

Қуйидагилар рухсатнома беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:

аризада ишончсиз маълумотларни кўрсатиш;

иш берувчи томонидан сўралаётган чет эл фуқаролари сони ва мутахассисликларининг (лавозимларининг) унинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжига мос келмаслиги;

чет эл фуқаролари меҳнат шартномаси бўйича ишга белгиланган тартибда рухсатномалар ва тасдиқномалар олмай қабул қилинган ҳолатлар мавжуд бўлиши.

Рухсатнома беришни бошқа сабабларга кўра рад этиш тақиқланади.

Иш берувчи рухсатнома бериш тўғрисида хабар келгандан кейин беш иш куни ичида рухсатнома берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида йиғим тўлайди.

Агентлик рухсатнома расмийлаштирилган кунда уни Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилганда) ёки иш берувчига (электрон шаклда мурожаат қилганда) ЯИДХП ёки онлайн-майдонча орқали юборади. Давлат хизматлари маркази рухсатнома келгандан кейин бир соат ичида рухсатномани унга ўз муҳрини қўйган ҳолда иш берувчига беради.

 

114-модда. Иш берувчига Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаларнинг амал қилишини тугатиш

Иш берувчига Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

иш берувчи рухсатноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилса;

иш берувчи - юридик шахс тугатилса – тугатилган вақтдан бошлаб ёки қайта ташкил этиш натижасида унинг фаолияти тўхтатилганда – қайта ташкил этилган вақтдан бошлаб, янги юзага келган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган санада янги ташкил этилаётган юридик шахсларда айнан битта ҳаракат ва (ёки) фаолиятни амалга ошириш учун рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат бўлганда, унинг қайта тузилиши, шунингдек, қўшилиши бундан мустасно;

тадбиркорлик субъекти бўлган жисмоний шахс - иш берувчи давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилса;

жисмоний шахс - иш берувчи вафот этса, белгиланган тартибда меҳнат лаёқати чекланса, меҳнатга лаёқатсиз деб топилса;

аниқланган қоидабузарликлар меҳнат органларининг иш берувчиларга берилган кўрсатмаларида кўрсатилган муддатларда бартараф этилмаса;

рухсатноманинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатлар иш берувчи томонидан суд белгилаган муддатда бартараф этилмаса;

Агентликнинг рухсатнома бериш тўғрисидаги қарори ноқонунийлиги аниқланган бўлса;

рухсатноманинг амал қилиш муддати тугаган бўлса.

Рухсатноманинг амал қилиш муддати рухсатнома олиш учун белгиланган тартибда узайтирилади.

Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш учун иш берувчи рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан йигирма иш куни олдин мурожаат қилади.

 

115-модда. Чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни бериш тартиби

Иш берувчи тасдиқнома олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат қилади. Иш берувчи тасдиқномани электрон шаклда олиш учун ЯИДХП ёки онлайн-майдончада рўйхатдан ўтади.

Аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Аризани кўриб чиқиш учун йиғимлар суммалари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди ва ушбу Қонун 113-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган тартибда тақсимланади.

Ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари марказлари ариза тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат ичида аризани Агентликка ва тегишли ҳудудий меҳнат органига юборади.

ЯИДХП ёки онлайн-майдонча орқали мурожаат этилганда, ариза автоматик тарзда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва тегишли ҳудудий меҳнат органига юборилади.

Ҳудудий меҳнат органи ариза келган кундан бошлаб беш иш куни ичида:

иш берувчи томонидан кўрсатилган бўш иш жойлари учун маҳаллий ишчи кучи борлигини ҳисобга олиб, чет эл фуқароларини жалб қилиш мақсадга мувофиқлигини ўрганади;

ЯИДХП ёки онлайн-майдонча орқали Агентликка чет эл фуқароларини жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосани электрон шаклда юборади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ариза тушган кундан бошлаб
ўн беш иш куни ичида:

иш берувчи томонидан жалб қилинаётган чет эл фуқаролари сони
ва мутахассисликларининг (лавозимларининг) унинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжига мувофиқлигини ўрганади;

Давлат хизматлари марказларига (ўзи келиб мурожаат қилганда) ёки иш берувчига ЯИДХП или онлайн-майдонча орқали қабул қилинган қарор тўғрисида электрон шаклдаги хабарномани, жумладан, рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рухсатнома бериш учун йиғим миқдори кўрсатилган ҳолда юборади.

Иш берувчи тасдиқнома бериш тўғрисида хабар келгандан кейин беш иш куни ичида тасдиқнома бериш учун куйидаги миқдорларда йиғим тўлайди:

юқори малакали мутахассислар, шунингдек, Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассислар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида;

малакали мутахассислар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида;

ватандошлар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида;

бошқа чет эл фуқаролари учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида.

Тасдиқнома бериш учун йиғим тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Агентлик рухсатнома расмийлаштирилган кунда уни Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилганда) ёки иш берувчига (электрон шаклда мурожаат қилганда) ЯИДХП ёки онлайн-майдонча орқали юборади. Давлат хизматлари маркази рухсатнома келгандан кейин бир соат ичида рухсатномани унга ўз муҳрини қўйган ҳолда иш берувчига беради.

 

116-модда. Чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани беришни рад этиш тартиби ва асослари

Қуйидагилар тасдиқнома беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:

аризада ишончсиз маълумотларни кўрсатиш;

тегишли ҳудудий меҳнат органининг чет эл фуқароларини жалб қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосасининг мавжудлиги;

жалб қилинаётган чет эл фуқаролари сони ва мутахассисликларининг (лавозимларининг) ишчи кучига иш берувчининг эҳтиёжига мос келмаслиги;

жалб қилинаётган чет эл фуқаролари меҳнат шартномаси бўйича ишга белгиланган тартибда тасдиқномалар олмай қабул қилинган ҳолатлар мавжуд бўлиши.

Тасдиқнома беришни бошқа сабабларга кўра рад этиш тақиқланади.

 

117-модда. Чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларнинг амал қилишини тугатиш

Чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

чет эл фуқароси тасдиқноманинг амал қилиш муддатини тугатиш ҳақида ариза билан мурожаат қилса;

иш берувчи - юридик шахс тугатилса – тугатилган вақтдан бошлаб ёки қайта ташкил этиш натижасида унинг фаолияти тўхтатилганда – қайта ташкил этилган вақтдан бошлаб, янги юзага келган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган санада янги ташкил этилаётган юридик шахсларда айнан битта ҳаракат ва (ёки) фаолиятни амалга ошириш учун рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат бўлганда, унинг қайта тузилиши, шунингдек, қўшилиши бундан мустасно;

тадбиркорлик субъекти бўлган жисмоний шахс - иш берувчи давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилса;

жисмоний шахс - иш берувчи вафот этса, белгиланган тартибда меҳнат лаёқати чекланса, меҳнатга лаёқатсиз деб топилса;

аниқланган қоидабузарликлар меҳнат органларининг чет эл фуқароларига берилган кўрсатмаларида кўрсатилган муддатларда бартараф этилмаса;

тасдиқноманинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатлар чет эл фуқаролари томонидан суд белгилаган муддатда бартараф этилмаса;

Агентликнинг тасдиқнома бериш тўғрисидаги қарори ноқонунийлиги аниқланган бўлса;

тасдиқноманинг амал қилиш муддати тугаган бўлса.

Иш берувчи билан шартнома муддатидан олдин бекор қилинса, юқори малакали ва малакали мутахассислар ўттиз иш куни давомида янги иш берувчини топишга ҳақли.

Бу давр мобайнида уларга аввал берилган тасдиқномалар, визалар ва яшаш гувоҳномаларининг амал қилиши сақлаб қолинади. Тасдиқноманинг амал қилиш муддатини узайтириш учун иш берувчи тасдиқноманинг амал қилиш муддати тугашидан йигирма иш куни олдин мурожаат қилади.

 

118-модда. Юқори малакали ва малакали чет эл мутахассисларига, чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни бериш

Тасдиқномалар юқори малакали ва малакали мутахассислар учун меҳнат шартномалари амал қиладиган муддатга, бироқ уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга чексиз марта узайтириш имконияти билан, аммо ҳар бир ҳолатда бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.

Юқори малакали ва малакали мутахассислар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўриндошлик бўйича ишлаш учун тасдиқнома олмай ўриндошлик асосида ишлаш ҳуқуқига эга.

Бошқа чет эл фуқаролари учун тасдиқномалар меҳнат шартномаси амал қиладиган муддатга, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга чексиз марта узайтириш имконияти билан, аммо ҳар бир ҳолатда бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.

 

119-модда. Иш берувчига Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар ва чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни бериш учун йиғим

Рухсатнома ва тасдиқномани бериш учун йиғимлар суммалари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди ва қуйидаги тартибда тақсимланади:

50 фоизи Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига йўналтирилади;

50 фоизи Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг банк ҳисобварағига ўтказилади.

 

12-боб. Меҳнат бозори ва аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги инфратузилмани ривожлантириш бўйича ахборот технологиялари

 

120-модда. Фан ютуқлари, замонавий технологиялар ва ахборот тизимларидан фойдаланиш

Электрон меҳнат дафтарчаси ва электрон меҳнат шартномасини жорий этиш мақсадида ваколатли давлат органи “Ягона меҳнат миллий тизими” дастурий комплексини юритади.

“Ягона меҳнат миллий тизими” дастурий комплекси иш берувчилар, ходимлар ва бошқа манфаатдор шахслар фойдаланиши мумкин бўлган меҳнат бозори ва бандлик тўғрисидаги маълумотлар базасидан иборат.

 

121-модда. Жисмоний шахсларнинг меҳнат стажини электрон ҳисобга олиш

Меҳнат стажи (шу жумладан лавозим мавқеи, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврлари, меҳнат таътилидаги ва узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган даврлар) ҳақидаги маълумотлар ҳар бир жисмоний шахс бўйича иш берувчилар томонидан меҳнат органларига тақдим этилади.

Фуқароларга меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича давлат интерактив хизмати Давлат интерактив хизматлари кўрсатишнинг ягона портали орқали кўрсатилади.

 

122-модда. Электрон меҳнат дафтарчаси

Ходимнинг электрон меҳнат дафтарчаси ишга қабул қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлардан иборат қоғоз ҳужжат шаклидаги меҳнат дафтарчасининг модификацияланган шакли ҳисобланади.

Электрон меҳнат дафтарчаси солиқ тўловчилар бўлган жисмоний шахсларнинг умумреспублика маълумотлар базасида сақланувчи ходим тўғрисидаги шахсий маълумотлар файли ҳисобланади.

Меҳнат органлари тегишли давлат органларидан жисмоний шахслар тўғрисидаги шахсий маълумотларни, шу жумладан иш ҳақи тўғрисида шахсий маълумотларини олишда учинчи шахс ҳисобланмайди.

 

123-модда. Электрон меҳнат дафтарчасига киритиладиган маълумотлар

Электрон меҳнат дафтарчаси қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади:

ходимнинг паспорт маълумотлари ва унга киритилган ўзгартиришлар;

солиқ тўловчининг идентификация рақами ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи рақами;

мавжуд касб-ҳунар таълими, шу жумладан белгиланган тартибда олинган ўқишни тугатганлик тўғрисидаги гувоҳномалар рақамлари;

иш жойи ва лавозими (касби) кўрсатилган ҳолда ишга қабул қилинган санаси, меҳнат шартномани ўзгартириш ва тугатиш тўғрисидаги маълумотлар.

Электрон меҳнат дафтарчасига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар иш берувчининг ёки унинг ваколатли шахсининг электрон имзоси билан тасдиқланади.

Электрон меҳнат дафтарчасидага ёзувлар иш берувчилар томонидан белгиланган тартибда бериладиган меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотлар билан тенг кучга эга.

Электрон меҳнат дафтарчасини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ходим яшаш жойидан қатъи назар, исталган меҳнат органининг исталган бирида унинг электрон меҳнат дафтарчасига киритилган барча маълумотларни белгиланган тартибда тасдиқланган қоғозда чоп этилган шаклини бепул асосда олиш ҳуқуқига эга.

Ишга биринчи марта қабул қилинган (ишга қабул қилинишидан аввал меҳнат стажига эга бўлмаган) ходимларнинг меҳнат дафтарчасини юритиш фақат электрон меҳнат дафтарчаси шаклида амалга оширилади.

 

124-модда. Электрон меҳнат шартномаси

Меҳнат масофали шаклда ташкил этилган тақдирда иш берувчи билан ходим ўртасида меҳнат шартномаси ташкилотнинг рўйхатдан ўтган сайтида тарафларнинг электрон имзоси билан тасдиқланган ҳолда электрон матн файли шаклида тузилиши мумкин.

Меҳнат шартномасини электрон шаклда тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

125-модда. Ўзбекистон Республикасининг аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишининг давлат томонидан назорат қилиниши

Ўзбекистон Республикасининг аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишининг давлат томонидан назорат қилиниши Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, прокуратура органлари ва касаба уюшмалари томонидан амалга оширилади.

Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат назорати қуйидагиларга нисбатан амалга оширилади:

белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган, фуқаролар билан меҳнат муносабатларига киришган давлат органлари ва муассасалари, юридик шахслар, жисмоний шахслар;

уй хўжалигини юритиш бўйича шахсий хизмат кўрсатиш ва ёрдам бериш мақсадида фуқаролар билан меҳнат муносабатларига киришган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобланмайдиган жисмоний шахслар;

иш берувчилар билан меҳнат муносабатларига киришган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.

 

126-модда. Ўзбекистон Республикасининг аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикасининг аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган жисмоний ва юридик шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

 

127-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги 616-I-сон Қонуни (янги таҳрири) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 97-модда; 1999 й., 1-сон, 20-модда; 5-сон, 124-модда; 9-сон, 229-модда; 2000 й., 5-6-сон, 153-модда; 2001 й., 5-сон, 89-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 25-26-сон, 225-модда; 2009 й., 52-сон, 553-модда; 2013 й., 41-сон, 543-модда; 2014 й., 4-сон, 45-модда; 2016 й., 52-сон, 597-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 729-I-сон Қонунининг II қисми (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, 1-сон, 20-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 772-I-сон Қонунининг III қисми (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, 5-сон, 124-модда);

4) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 82-II-сон Қонунининг IV қисми (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, 5-6-сон, 153-модда);

5) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 21 июндаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-36-сон Қонунининг 1-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 25-26-сон, 225-модда; 2007 й., 52-сон, 533-модда);

6) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-238-сон Қонуни 1-моддаси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 52-сон, 553-модда);

7) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги ЎРҚ-355-сон Қонунининг 2-моддаси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 41-сон, 543-модда; 2016 й., 3(I)-сон, 32-модда);

8) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-365-сон Қонунининг 2-моддаси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 4-сон, 45-модда);

9) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-416-сон Қонунининг 4-моддаси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 52-сон, 597-модда);

10) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январдаги “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-456-сон Қонунининг 3-моддаси;

11) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-486-сон Қонунининг 1-моддаси;

12) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 октябрдаги “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ЎРҚ-501-сон Қонунининг 30-моддаси;

13) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 майдаги “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-536-сон Қонунининг 1-моддаси.

 

128-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

129-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

ушбу Қонунга зид бўлган Ҳукумат қарорларини бекор қилсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

130-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ушбу Қонуннинг 123-моддаси олтинчи қисми 2020 йилинг 1 январидан бошлаб кучга киради.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...