Cайт ранги: A A


Муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ “НОШИРЛИК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ҚОНУНИ

 

 

 

Ноширлик фаолияти тўғрисида

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ноширлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида Ўзбекистон Республикасининг ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

нашрнинг чиқишига доир маълумотлар – нашрни тавсифловчи, уни расмийлаштириш, истеъмолчиларни хабардор қилиш, библиографик ишлаш ва статистик ҳисобга олиш учун мўлжалланган маълумотлар жами;

ноширлик фаолияти – ноширлик маҳсулотини нашрга тайёрлаш тадбирлари ва тарқатишни амалга ошириш бўйича ташкилий, ижодий, ишлаб чиқариш ва бошқа тадбирлардан иборат тадбирлар жами;

ноширлик маҳсулоти – чоп этиш ва муқовалашнинг матбаачилик технологиялари ёки визуаллаштирувчи дастурий-технологик воситаларни қўллаш орқали нашриёт асл нусхасига мувофиқ тайёрланган маҳсулот.

нашриёт асл нусхаси – моддий ташувчида матн ёки тасвир кўринишида қайд этилган маълумот, шунингдек, таҳририят-ноширлик жиҳатидан ишлов берилган, ноширлик маҳсулоти тайёрлаш учун мўлжалланган матнли, безакли, аралаш оригиналлар, оригинал макетлар.

нашр адади – битта оригинал (электрон техник ускуналар ёрдамида қайта ишлаб чиқаришга мўлжалланган электрон ташувчидаги маълумот ёзуви)дан чоп этиш, босиш, нусха кўчириш йўли билан тайёрланган айнан битта маҳсулот нусхаларининг умумий сони;

 

таҳририят-ноширлик жиҳатдан ишлов бериш – муаллифга (тузувчи, таржимонга) буюртма асосида ношрга тушган ёки ўзи тавсия қилган материални нашрга тайёрлаш учун ношир томонидан муаллиф билан биргаликда илмий, адабий, техник нуқтаи назардан мукаммаллаштириш;

мутолаа маданияти – китобхонлик ваколатини ошириш ва китобхонлар фаоллиги ўсиши ҳисоби ахборот саводхонлигининг асоси сифатида аҳолининг китобхонлик салоҳиятини шакллантириш.

4-модда. Ноширлик фаолиятининг асосий принциплари

Қуйидагилар ноширлик фаолиятининг асосий принциплари ҳисобланади:

цензурага йўл қўйилмаслиги;

китобхонликни оммалаштириш ва қўллаб-қувватлаш;

муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

ноширлик фаолияти эркинлиги суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик.

5 -модда. Цензурага йўл қўйилмаслиги принципи

Нашр этишга тайёрланган қўлёзма ва материалларнинг цензура қилинишига йўл қўйилмайди.

6-модда. Китобхонликни оммалаштириш ва қўллаб - қувватлаш принципи

Ноширлар, ноширлик маҳсулотини тайёрловчилар ва тарқатувчилар китобхонлик маданиятини оширишга ва китобни оммалаштиришга ҳар томонлама кўмаклашадилар.

Китобхонликни оммалаштириш ва қўллаб-қувватлаш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

китобхонликни тарғиб қилиш ва ижтимоий аҳамиятга молик зарур адабиётлардан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш учун қулай ахборот маконини шакллантиришга кўмаклашиш;

адабиётнинг энг сара намуналарини кенг омма эътиборига ҳавола этиш;

жамоатчилик онгида китобнинг қадри ҳамда аҳамияти тўғрисида барқарор тасаввурларни шакллантириш, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

аҳолининг барча қатламини фаол китобхонликка жалб этиш.

7-модда. Муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципи

Муаллифлик ҳуқуқи объектларига нисбатан бўлган ҳуқуқлар мутлақ ҳуқуқлар ҳисобланади.

 

Ноширлик фаолиятида муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий вазифаси муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши курашишдан иборатдир.

8-модда. Ноширлик фаолияти эркинлиги суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик

Қуйидаги мазмундаги ноширлик маҳсулотларини нашр қилиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди:

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;

уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш;

давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни, уларнинг муқобиллари ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

парнографияни тарғиб қилиш;

мамлакатдаги хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асосларини, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни бузишга даъват қилиш, шу жумладан, Ўзбекистон ҳақида нотўғри маълумот тарқатиш ва ўзбек халқининг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатиш.

Фуқароларнинг, шунингдек, юридик шахсларнинг шаънини ва қадр-қимматини каситувчи, мазмунига кўра уларнинг шахсий ҳаётига аралашиш сифатида баҳоланиши мумкин бўлган нашрларни тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.

9-модда. Муаллифлик нашрлари

Юридик ва жисмоний шахслар ўз қўлёзмаларини ва бошқа материалларни, агар улар қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга зид бўлмаса, ўз маблағлари ҳисобига нашр қилиш, тарқатиш ҳуқуқига эгадирлар.

10-модда. Нашрнинг чиқишига доир маълумотлар

Босиб чиқариладиган барча турдаги ноширлик маҳсулотлари халқаро ва миллий стандартларга, ноширлик соҳасидаги техник регламентларга мувофиқ нашрнинг чиқишига доир маълумотларга эга бўлиши лозим.

Нашрнинг чиқишига доир маълумотлар таркибиги қуйидагилар киради:

халқаро стандарт китоб рақами (ISBN);

муаллифнинг (ҳаммуаллиф, тузувчи, таржимоннинг) исми;

нашрнинг номи;

таржима ёки қайта чоп этиш қайси нашр асосида амалга оширилгани ҳақидаги маълумот;

таснифлаш индекслари (УЎК ва КБК);

муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш белгиси;

нашр амалга оширилган жой;

ноширнинг номи;

нашр чоп этилган йил;

тиражи;

босма табоғи ва шартли нашр табоғи ҳажми;

нашр теришга берилган ва чоп этишга рухсат этилган саналар ҳақидаги маълумот;

қоғоз бичими, табоқ улуши;

асосий матнда фойдаланилган шрифт гарнитураси;

буюртма рақами;

матбаа маҳсулотини тайёрловчи ҳақида маълумот ва унинг почта манзили.

11-модда. Хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган ёки давлат сирларига эга бўлган ҳужжатларни нашр қилиш

Хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган ёки давлат сирларига ёхуд қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган бошқа маълумотларга эга бўлган ҳужжатларни нашр қилиш қоидалари ва шартлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

 

2- боб. Ноширлик фаолияти соҳасининг давлат
томонидан тартибга солиниши

12-модда. Ноширлик фаолияти соҳасининг давлат томонидан тартибга солиниши

Ноширлик фаолияти соҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва ноширлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан тартибга солинади.

13-модда. Ноширлик фаолияти соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ноширлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

ноширлик фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ноширлик фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

нашрларнинг мажбурий нусхалари берилиши тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14-модда. Ноширлик соҳасида махсус ваколатли давлат органининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ноширлик соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Махсус ваколатли давлат органи:

ноширлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ноширлик фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ноширлик фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқади;

нашриётлар томонидан ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши мониторингини олиб боради;

ноширлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади;

ноширлик фаолиятини лицензиялайди;

ноширлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиради, халқаро ташкилотларнинг ушбу йўналишдаги ишларида иштирок этади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.

Махсус ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15-модда. Ноширлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Ноширлик фаолияти давлат томонидан:

болалар адабиётларини чоп этишга ихтисослашган ноширлик фаолиятини амалга оширишда солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш;

имтиёзли кредитлар бериш ҳисобига нашриётларнинг молиявий ва моддий-техника базасини мустаҳкамалаш;

ижтимоий муҳим адабиётларни нашр этиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига қўшимча молиявий маблағлар ажратиш;

қонун ҳужжатлари, давлат ва тармоқ дастурларини бажариш мақсадида кутубхоналар фондини бутлашга мўлжалланган босма маҳсулотларни нашр қилишга давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш;

республикада миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналари таржимасини ташкил қилиш ва сифатли нашр этишни молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш;

танловлар ўтказиш йўли билан мақсадли фондлар ҳисобига ноширларни ва адибларни молиявий рағбатлантириш чораларини амалга ошириш;

ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга инвестициялар жалб этиш ҳамда янги кутубхона ахборот ресурс фондларини яратиш ва мавжудларини тўлдириб бориш.

Ноширлик фаолияти давлат томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан ҳам қўллаб-қувватланиши мумкин.

 

3-боб. Ноширлик фаолияти субъектлари

16- модда. Ноширлик фаолияти субъектлари

Қуйидагилар ноширлик фаолияти субъектлари ҳисобланади:

нашриёт (ношир);

ноширлик маҳсулотини тайёрловчи;

буюртмачи;

тарқатувчи.

Ноширлар лицензия олгандан сўнг ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.

17-модда. Нашриёт (ношир)

Нашриёт (ношир) ноширлик асл нусхаларини нашрга тайёрлаш ва ишлаб чсиқаришни амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

Нашриёт (ношир) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ноширлик маҳсулотини чоп этиш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

талаб қилинган мавзуларда бадиий, бадиий-публицистик, ижтимоий-сиёсий, ўқув ва илмий тусдаги адабиётларни яратиш билан боғлиқ буюртмаларни қабул қилиш ва жойлаштириш;

муаллифлар билан муаллифлик шартномаларини тузиш;

хорижий жисмоний ва юридик шахслар билан муаллифлар ўртасида уларнинг асарларини ўз розиликлари билан бошқа мамлакатларда ва хорижий муаллифларнинг асарларини Ўзбекистон Республикасида фойдаланиш бўйича муаллифлик шартномаларини тузишда воситачи сифатида иштирок этиш;

нашр этилган илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини белгиланган тартибда давлат, жамоатчилик ҳамда халқаро мукофотларга тавсия этиш;

ноширларнинг халқаро ташкилотлари фаолиятида иштирок этиш, ўзининг ноширлик маҳсулотларини миллий ва халқаро танловларда, кўргазмалар, ярмаркаларда намойиш этиш;

ноширлик маҳсулотининг тайёрловчиси ва тарқатувчиси сифатида фаолият юритиш.

Нашриёт қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Нашриёт (ношир):

ноширлик маҳсулотларини давлат стандартларига (техник регламентлар) мувофиқ тайёрлаши;

ноширлик фаолиятини тартибга солувчи муллифлик ҳуқуқига оид қонун ҳужжатлари, давлат ва давлатлараро стандартлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиши;

умуминсоний эзгу қадриятларнинг қарор топишига, илм-фан, маданиятнинг ривожланишига, жамият маънавий эҳтиёжларининг қондирилишига кўмаклашиши;

чоп этилган нашрлар ҳақидаги ахборотларни белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.

Нашриёт (ношир) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

18-модда. Ноширлик маҳсулотини тайёрловчи

Нашрларни чоп этиш ва кўпайтиришни амалга оирувчи юридик шахс ёки юридик шахсининг таркибий бўлинмаси, ёхуд якка тартибдаги тадбиркор ноширлик маҳсулотини тайёрловчи ҳисобланади.

Ноширлик маҳсулотини тайёловчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган ихтисослашувга биноан юритиш;

маҳаллий ва хорижий муаллифларнинг ноширлик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича шартномалар тузиш;

ўз маҳсулотини тайёрлаш, унинг тиражини белгилаш, шунингдек, сотиш бўйича буюртмалар қабул қилиш.

Ноширлик маҳсулотини тайёрловчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ноширлик маҳсулотини тайёрловчи:

муаллифлик ҳуқуқлари соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаши;

ноширлик асл нусхасининг аниқ кўпайтирилишини таъминлаши;

нашр ҳар бир нусхасининг белгиланган сифат талабларига мувофиқлигини таъминлаши шарт.

Тайёловчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

19-модда. Буюртмачи

Ноширлик маҳсулотларига буюртмаларни жойлаштирувчи жисмоний ёки юридик шахслар буюртмачи ҳисобланади.

Буюртмачилар-ноширлик маҳсулотларига таҳрир-ноширлик жиҳатидан ишлов бериш, чоп этишга тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатиш, шунингдек, ноширлик маҳсулотини тайёрловчига – босиб чиқариш ва ададини тайёрлаш учун қуйидаги материалларни тақдим этиш мумкин:

беллетристик, ижтимоий-сиёсий, реклама, ахборот, ўқув, илмий ва техник мазмундаги асарлар;

мурожаатлар, лекциялар, нутқлар, маърузалар;

матнли ва матнсиз мусиқий асарлар;

драматик, мусиқий-драматик асарлар;

амалий санъат асарлари;

фотосуратлар, расмлар, хариталар, тарҳлар, эскизлар;

таржималар, аннотациялар, шарҳлар, қисқача шарҳлар, асарларнинг асл мазмунига зарар етказмайдиган бошқа ишланмалар, эркин асарлар яратилишига асос бўлиши мумкин бўлган фольклор ишланмалари;

альманахлар, антологиялар, энциклопедиялар, маълумотномалар ва бошқа тўпламлар;

бошқа асарлар.

Буюртмачи ноширлик маҳсулотининг тилини, ҳажмини, тиражини, шунингдек, уни сотиш ва тарқатиш тартибини белгилаш ҳуқуқига эгадир.

Жойлаштирилган буюртмаларни амалга ошириш шартлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларига мувофиқ муаллиф (ҳаммауллиф) ёки буюртма объектининг эгаси бўлган шахс, буюртмачи, нашриёт (ношир), ноширлик маҳсулотини тайёрловчи ва тарқатувчи ўртасида тузиладиган шартномага кўра белгиланади.

Буюртмачи тузилган шартномаларга мувофиқ ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни белгиланган муддатларда бажаришга мажбурдир.

Буюртмачи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

20-модда. Ноширлик маҳсулотини тарқатувчи

Ноширлик маҳсулотини сотиш ва (ёки) тарқатишни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс ноширлик маҳсулотини тарқатувчи ҳисобланади.

Тарқатувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ноширнинг лицензияси нусхасини талаб қилиш;

ноширлик маҳсулотининг чакана ва улгуржи олди-соттисини амалга ошириш;

ўз ишлаб чиқариш режаларини мустақил шакллантириш, ўз фаолияти кўламини белгилаш, ноширлик маҳсулотларини мавзу йўналишлари бўйича танлаш;

юридик ва жисмоний шахслардан ноширлик маҳсулотини тарқатиш бўйича буюртмалар олиш, буюртмаларни ноширлар, ноширлик маҳсулотини тайёрловчилар билан келишиш;

хорижий ноширлар, ноширлик маҳсулотини тайёрловчилар ёки ноширлик маҳсулотини тарқатувчилар билан ноширлик маҳсулотларини олиб кириш ёки олиб чиқиш бўйича ишлаб чиқариш муносабатларини ўрнатиш.

Тарқатувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ноширлик маҳсулотини тарқатувчи:

ноширлик маҳсулоти ношир билан тузилган шартнома асосида белгиланган муддатда ва сифатли етказиб берилишини таъминлаши;

муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун талабларига қатъий риоя қилиши шарт.

Тарқатувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Тарқатувчи ноширнинг тегишли ноширлик маҳсулотини келишилган муддатларда ва белгиланган ҳажмда қабул қилиб олади.

21-модда. Ноширлик маҳсулотини тарқатиш тартиби

Ноширлик маҳсулоти ношир, ноширлик маҳсулотининг тайёрловчиси, муаллиф томонидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар ўртасида тузилган шартномалар асосида ҳам тарқатилади.

 

Ноширлик маҳсулотини тарқатишга фақат ношир ёки унинг номидан иш кўрувчи ишончли вакилнинг рухсати билан йўл қўйилади.

Ноширлик маҳсулоти шартнома асосида тарқатилади.

 

4-боб. Ноширлик фаолиятини лицензиялаш

22-модда. Лицензия талаблари ва шартлари

Қуйидагилар ноширлик фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

ноширлик фаолияти соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив-техник ва бошқа талабларга мажбурий риоя қилиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўладиган тегишли моддий-техник база, ускуналар ва бошқа техник воситаларнинг мавжудлиги;

ноширлик фаолиятини лицензияда кўрсатилган ихтисослик бўйича амалга ошириш;

юридик шахснинг штатлар жадвалида камида битта гуманитар (нашриётнинг ихтисослашувига кўра техник ёки табиий) фанлар соҳасида таҳсил олган олий маълумотли, нашриёт ишида камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлган ходимнинг мавжудлиги;

нашриёт-матбаа ижроси сифатининг амалдаги талаблар ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш;

муаллифлик ҳуқуқига риоя қилиш;

лицензиат томонидан маҳсулотнинг тайёрланган нусхалари номларининг (шу жумладан, ушбу маҳсулот таркибига киритилган асарларнинг номини ҳам), тайёрланган нусхалар сонини, шунингдек, лицензиат ёки буюртмачининг ушбу нашрни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда ҳисобини юритиш (лицензиат томонидан муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилиши).

Юридик шахслар ҳам лицензияга талабгор бўлиши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда лицензия олиш талаб қилинмайди:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, марказий муассасалар, судлар, прокуратура органлари томонидан расмий материаллар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари ва бошқа ҳужжатларни нашр этишда;

ташкилотлар, таълим ва илмий муассасалар томонидан ўз фаолияти учун зурур бўлган ва оммавий равишда тарқатишга ёки қўлёзма ҳуқуқида кўпайтиришга мўлжалланмаган материалларни нашр этишда;

оммавий ахборот воситалари таҳририятлари томонидан босма оммавий ахборот воситалари чоп этилганда.

 

23-модда. Лицензия олиш учун зурур бўладиган ҳужжатлар

Лицензия олиш учун талабгор қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) лицензия олиш тўғрисида қуйидагилар кўрсатилган ариза:

юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисобварағининг рақами;

лицензия олишга талабгор бўлган юридик шахс раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар;

лицензия берилаётган фаолият тури;

ихтисослашуви;

молиявий манбалари;

б) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

в) лицензия талабгори томонидан аризани кўриб чиқиш учун белгиланган йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

г) лицензия берилаётган фаолият турини амалга ошириш учун зарур бўладиган моддий-техник база, ускуналар ва бошқа техник воситаларнинг мажудлиги ҳақидаги маълумотлар.

д) юридик шахс муҳаррирининг тегишли олий маълумотга ҳамда нашриёт ишида камида 3 йиллик иш тажрибасига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Лицензия талабгоридан ушбу Қонунда назарда тутилмаган бошқа ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар махсус ваколатли давлат органига бевосита почта алоқаси орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлигини маълум қилиш шарти билан тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Лицензия олиш тўғрисидаги аризада талабгор электрон манзилининг кўрсатилиши унинг берилган аризаси юзасидан қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарни ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга рози эканлигини ифодалайди.

Лицензия олиш учун махсус ваколатли давлат органига жўнатилган ҳужжатлар рўйхат асосида қабул қилинади ва унинг нусхаси ариза берувчига ҳужжатлар ушбу орган томонидан қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда юборилади (тақдим этилади).

Махсус ваколатли давлат органига лицензиялаш учун бошқа ташкилотлар томонидан бериладиган ҳужжатларни олиш зарур бўладиган ҳолларда лизензиялаш “ягона дарча” тамойили орқали соддалаштирилган тарзда амалга оширилади, бунда махсус ваолатли давлат органи ушбу ҳужжатларни тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз мустақил равишда олади.

Лицензия талабгори нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

24-модда. Лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун йиғим

Лицензия талабгорининг аризасини кўриб чиқилганлиги тўлов кунида қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблашнинг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим суммаси махсус ваколатли давлат органининг ҳисобрақамига ўтказилади.

Лицензия олишга талабгор ўзининг аризасидан воз кечган ҳолларда тўланган йиғим унга қайтариб берилмайди.

25-модда. Аризаларни кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш

Лицензия бериш тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш учун махсус ваколатли давлат органида доимий ишчи гуруҳ ташкил этилади. Ишчи гуруҳнинг шахсий таркиби махсус ваколатли давлат органи раҳбари томонидан тасдиқланади.

Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор талабгордан ариза қабул қилинган кундан бошлаб 20 кундан ошмаган муддатда қабул қилинади.

Махсус ваколатли давлат органи қабул қилинган тегишли қарор ҳақида лицензия талабгорини қарор қабул қилинганидан кейинги уч кун ичида хабардор қилади.

Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома талабгорга ёзма (ёки электрон) шаклда банк ҳисобварақларининг реквизитлари, давлат божини тўлаш муддатлари кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади).

Қуйидагилар лицензия бериш рад этилиши учун асос ҳисобланади:

талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг талаб даражасида тайёрланмаганлиги;

лицензия талабгори тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ эмаслиги.

Бошқа сабабларга кўра, шу жумладан, лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги туфайли лицензия беришнинг рад этилишига йўл қўйилмайди.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги қарор, шунингдек, махсус ваколатли давлат органи раҳбарининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолларда рад этиш тўғрисидаги хабарнома лицензия талабгорига ёзма шаклда рад этиш сабаблари, лицензия талабгори қайд этилган камчиликларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддатлар аниқ кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатлар камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мувофиқ бўлиши керак.

Талабгор томонидан лицензия беришни рад этишга сабаб бўлган камчиликлар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан ариза барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этилган кундан бошлаб 10 кун муддатдан ошмаган вақт ичида қайта кўриб чиқилади.

Талабгорларнинг аризаларини қайта кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

26-модда. Лицензияни расмийлаштириш

Лицензия бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, рақами ва ҳимоя даражасига эга бўлади. Лицензия бланкаларининг намуналари махсус ваколатли давлат органи томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда махсус ваколатли давлат органининг буюртмасига мувофиқ тайёрланади.

Ноширлик фаолиятини амалга ошириш бўйича лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

Ноширлик фаолиятини амалга ошириш учун намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

Лицензиялар лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар тақдим этилганидан ва лицензия битимлари тузилганидан кейин уч кун муддатда берилади.

 

Агар лициензиат лицензия бериш тўғрисидаги хабарнома жўнатилгандан (топширилгандан) сўнг уч ой муддат мобайнида давлат божини тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатни махсус ваколатли давлат органига тақдим этмаса ёки лицензия битимини имзоламаса, махсус ваколатли давлат органи лицензияни бекор қилиш ҳақида қарор қилиш ҳуқуқига эгадир.

27-модда. Лицензия битими

Лицензия битими махсус ваколатли давлат органи ва лицензиат ўртасида тузилади.

Лицензия битимида қуйидагилар қайд этилиши керак:

лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиат олдига қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

томонларнинг лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун жавобгарлиги;

лицензиатнинг лицензия битими талаблари ва шартларини бажариши юзасидан махсус ваколатли давлат органи томонидан назорат амалга оширилиши тартиби.

Лицензия битими икки нусхада тайёрланади, унинг бир нусхаси – лицензатда ва иккинчиси махсус ваколатли давлат органида бўлади.

28-модда. Давлат божини тўлаш тартиби

Ноширлик фаолиятини амалга ошириш бўйича лицензия олиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Болалар адабиётини, норматив маълумотномаларни, илмий-техник адабиётларни, шунингдек, ногиронлар учун мўлжалланган маҳсулотларни нашр этишга ихтисослашган нашриётлар белгиланган давлат божи миқдорининг 50 фоизини тўлайди.

Давлат божи республика бюждетига ўтказилади.

29-модда. Лицензияларни қайта расмийлаштириш, дубликат бериш

Лицензиат - юридик шахснинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтгандан кейинги бир ой ичида махсус ваколатли давлат органига лицензияни қайта расмийлаштириш учун аризани юқоридаги маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар билан бирга тақдим этиши лозим.

Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни аввал берилган лицензия асосида амалга оширади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда махсус ваколатли давлат органи лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришларни киритади. Лицензия махсус ваколатли давлат органи томонидан лицензияни қайта расмийлаштириш ҳақидаги ариза қабул қилгандан кундан бошлаб беш кун мобайнида қайта расмийлаштирилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда талабгорнинг лицензия олиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш учун олинадиган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси махсус ваколатли давлат органининг банк ҳисоб рақамига ўтказилади.

Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган лицензиянинг ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.

Лицензиянинг дубликати берилаётганда талабгорнинг лицензия олиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси махсус ваколатли давлат органининг банк ҳисоб рақамига ўтказилади.

30-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва бекор қилиш

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва бекор қилиш махсус ваколатли давлат органи томонидан “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади.

Махсус ваколатли давлат органининг қарори бўйича судга шикоят қилиниши мумкин. Суд томонидан махсус ваколатли давлат органининг қарори асоссиз деб топилса, махсус ваколатли давлат органи лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорини қоплаш учун жавоб беради.

31-модда. Лицензиялар реестри

Махсус ваколатли давлат органи нашриётлар лицензияси реестрини юритади.

32-модда. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш

Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда махсус ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан режали текшириш ўтказиш;

лицензиатлар томонидан лиценция талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари мавжуд бўлганда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя этишлари юзасидан режадан ташқари текширувлар ўтказиш;  

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан текшириш ўтказиш жараёнида юзага келадиган масалалар бўйича зарур маълумотларни лицензиатдан сўраш ва олиш;

текширишлар натижаси асосида лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилмаганлиги ҳақидаги аниқ ҳолатларни кўрсатган ҳолда далолатнома (маълумотнома) тузиш;

лицензиатга аниқланган тартиббузарликларни, камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар юкловчи қарорлар чиқариш, бундай камчиликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

ноширлик фаолияти билан лицензиясиз шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари аниқланганда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда чора кўриш учун мутасадди ташкилотларга белгиланган тартибда кўрсатмалар юбориш.

 

5-боб. Ноширлик соҳасидаги ҳалқаро ҳамкорлик қилиш

33-модда. Халқаро ҳамкорлик қилиш

Ноширлик фаолияти соҳасидаги ҳалқаро ҳамкорлик халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари доирасида амалга оширилади.

Қуйидагилар ноширлик соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

янги технологияларни жорий этиш йўли билан нашриёт-матбаа мажмуасининг моддий-техника базасини мутаҳкамлаш, бунинг учун хорижий инвестицияларни жалб этиш;

маҳаллий ноширлик маҳсулотини хорижда тарқатиш бўйича тармоқни ва тегишли равишда хорижий ноширлик маҳсулотларини Ўзбекистонда тарқатиш тармоғини ташкил этиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг маданий, илмий ва маърифий эҳтиёжларини қондириш.

34-модда. Хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш

Ноширлик фаолияти субъектлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларга мувофиқ хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда ноширлик-матбаа корхоналари ва китоб савдоси корхоналарини ташкил этиши мумкин.

35-модда. Ноширлик маҳсулотларини олиб чиқиш ва олиб кириш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан бошқа давлатларга ноширлик маҳсулотларини олиб чиқиш, шунингдек, бошқа давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ноширлик маҳсулотларини олиб кириш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, хорижий давлатлар ҳудудида амал қилувчи қонунларга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

 

6-боб. Якунловчи қоидалар

36-модда. Низоларни ҳал этиш

Ноширлик фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

37-модда. Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун жавобгарлик

Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун муаллиф, ношир (нашриёт раҳбари), ушбу маҳсулот тайёрланиши учун масъул бўлган шахс, бундай шахслар бўлмаганда эса – тайёрловчи жавобгар бўлади.

Стандартга риоя қилиш талаблари бузилиши, ушбу Қонунда назарда тутилган нормалар ва қоидаларга риоя этмаслик қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

38-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги 274-I-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 9-сон, 137-модда; 2003 й., 1-сон, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 18-сон, 233-модда);

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида”ги 275-I-сон Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й.,
9-сон, 138-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-447-II-сон Қонуни (Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 1-сон, 8-модда) XII-бўлими.

4) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-352-II-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Ахборотномаси, 2013 йил, 4-сон, 98-модда)
16-моддаси.

39-модда. Ушбу Қонун ижросини таъминлаш, унинг моҳияти ва мазмунини етказиш, тушунтириш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, унинг моҳияти ва мазмуни кенг жамоатчиликка етказилиши ва тушунтирилишини таъминласин.

40-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органларининг ушбу Қонунга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишини таъминласин.

41-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.09.2019
Халқаро шартномаларнинг ижроси ўз вақтида бажариляпти

Тадбирда халқаро шартномалар нормаларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, турли соҳалардаги...

20.09.2019
Депутатлар Фарғонада тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

Сессия ошкора, қизғин мунозаралар ва ишчанлик руҳида ўтди. Унда туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлик...

20.09.2019
Қабул қилинган қонун ҳақида мутухассисларнинг фикри қандай?

Куни кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, ...