Cайт ранги: A A


Муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ “ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ (ЯНГИ ТАҲРИРИ)

Лойиҳа

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

ҚОНУНИ

 

 

Таълим тўғрисида

(Янги таҳрири)

 

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

 

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида фуқароларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини
ва таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принципларини белгилаш ҳамда ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқини таъминлашдан иборат.

Қонуннинг асосий вазифалари:

таълим тизимининг ишлаши ва ривожланиши учун ҳуқуқий кафолатлар ва механизмларни яратиш;

таълим олиш жараёнида таълим олувчилар учун тенг имкониятлар яратиш ва шаффофликни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси таълим тизимини халқаро таълим стандартлари даражасигача такомиллаштириш;

таълим соҳасида давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатларини белгилаш ва улар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш;

таълим соҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини ҳамда уларнинг ўзаро муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш.

 

2-модда. Таълим соҳасидаги қонун ҳужжатлари

 

Таълим соҳасидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида таълим соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Асосий тушунчалар

 

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат аккредитацияси – давлат таълим муассасалари ва нодавлат таълим муассасалари ҳамда таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига, шунингдек, ўқув дастурларига жавоб беришининг давлат томонидан эътироф этилиши ҳамда уларнинг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни топшириш ҳуқуқини беришдан иборат жараён;

давлат таълим муассасаси – фаолияти давлат томонидан тартибга солинадиган, таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари асосида таълим-тарбия беришни кафолатлайдиган муассаса;

давлат таълим стандартлари – давлат томонидан таълим мазмуни
ва сифатига қўйиладиган талаблар мажмуи;

давлат таълим талаблари – таълим мазмуни ва уни амалга ошириш шарт-шароитларига, тузилмасига ҳамда таълим олувчиларнинг интеллектуал, илмий, касбий сифатларига қўйиладиган меъёрлар ва талаблар мажмуи;

давлат-хусусий шериклик – давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлиги;

етакчи классик олий таълим муассасаси – давлат томонидан ўрнатиладиган мезонларга (фаолияти давомийлиги, йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда талабалари сони, таълим турлари, илмий-педагогик мактабнинг шаклланганлиги ва бошқалар) тўлиқ жавоб берадиган олий таълим муассасаси;

икки томонлама диплом (Double Diploma) – иккита таълим муассасаси (улардан бири хорижий) ўртасида тузилган икки томонлама битим асосида амалга оширилган таълимни тасдиқловчи ҳужжат;

инклюзив таълим – умумий таълимни ривожлантириш жараёни бўлиб, болаларнинг ҳар қандай камситилишини истисно қиладиган, барча болаларга тенг муносабатда бўлишни таъминлайдиган таълим шакли;

касбий таълим – таълим олувчиларнинг мутахассисликлар (касблар)га доир касбий компетенцияларини шакллантиришга йўналтирилган узлуксиз таълим тури;

компетенция – мавжуд билим, кўникма ва малакаларни кундалик фаолиятда қўллай олиш қобилияти;

кредит тизими – таълим олувчиларнинг билимини баҳолашда ўқув юкламаси ҳажмини шартли бирликларга ўтказиш ва жамлаш орқали амалга ошириладиган ўқитиш тизими;

кўникма – муайян вазифани бажариш учун эгалланган қобилият;

мактабгача таълим – мактабгача ёшдаги болаларни интеллектуал, одоб-ахлоқ жиҳатдан, эстетик ва жисмоний ривожлантириш, таълим-тарбия бериш ва умумий ўрта таълимга тайёрлашга йўнатирилган узлуксиз таълим тури;

мактабдан ташқари таълим –ўқувчиларнинг қизиқишлари ва қобилиятларини ривожлантириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича таълим-тарбия фаолиятига йўналтирилган таълим тури;

малака – касбий тайёргарлик талабларининг муайян даражасига мувофиқлиги;

малака амалиёти – ўқув жараёнининг бир қисми бўлиб, назарий билимларни мустаҳкамлаш, ўқув режалари ва ўқув фанлари дастурларининг маълум қисмидаги мавзу бўйича материаллар тўплаш, амалий кўникма
ва уқув ҳосил қилиш жараёни;

малака талаблари – узлуксиз таълим тегишли босқичи битирувчисининг умумий билим ва касб тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаблар;

масофавий таълим – таълим олишнинг усулларидан бири бўлиб, дарс машғулотларининг Интернет ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда масофадан туриб амалга оширилиши;

нодавлат таълим муассасаси – ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан бериладиган лицензия асосида таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурлари асосида таълим-тарбия беришни кафолатлайдиган нотижорат ташкилот;

нодавлат таълим ташкилоти – ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан бериладиган лицензия асосида таълим фаолияти юритувчи нодавлат таълим муассасаси ва таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;

олий таълим – аниқ олий таълим йўналиши ва мутахассисликлар бўйича таълим олувчиларни касбий фаолиятга тайёрлашга йўналтирилган узлуксиз таълим тури;

олий таълимдан кейинги таълим – жамиятнинг олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган узлуксиз таълим тури;

олий таълим муассасаси – олий таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини юритадиган, йўналишларга мувофиқ илмий-тадқиқот, илмий-услубий, инновацион ва бошқа ишларни амалга оширадиган таълим муассасаси;

педагогик фаолият – таълим жараёнида педагог ходим ва таълим олувчининг ўзаро ҳамкорлигига асосланган таълим олувчини ўқитиш, тарбиялаш ва ривожлантиришга йўналтирилган фаолият тури;

педагогик технология – муайян лойиҳа асосида ташкил этиладиган, аниқ мақсадга эришишга йўналтирилган, таълим натижасини кафолатлайдиган педагогик жараён;

педагог мақоми – педагогнинг таълим тизимидаги касбий фаолияти давомида кенг жамоатчилик ўртасида эга бўлган обрў-эътибори, нуфузи, мавқеи, шунингдек педагог ходимлар учун белгиланган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар, шу жумладан меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий кафолатлар, компенсациялар, чекловлар ва жавобгарлик мажмуи;

педагог ходим – педагогик фаолиятни амалга оширувчи ва таълим олувчиларга таълим-тарбия бериш мажбуриятини бажарувчи жисмоний шахс;

саводхонлик – ўқиш ва ёзишни билиш ҳамда ҳисоб-китоб амалларини бажара олиш;

стипендия – таълим олувчилар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланадиган пул миқдори;

тарбия – аниқ мақсад ҳамда ижтимоий-тарихий тажриба асосида ёш авлодни ҳар томонлама камол топтириш, тарбияланувчиларнинг онги, хулқ-атвори ва дунёқарашини ривожлантиришга йўналтирилган тизимли жараён;

таълим – таълим олувчиларга чуқур назарий билим, амалий кўникма ва малакалар бериш, уларда умумтаълим ва касбий компетенцияларни шакллантириш, билиш қобилияти ва дунёқарашини шакллантиришга йўналтирилган тизимли жараён;

таълим бериш – таълим дастурлари асосида таълим олувчиларда билим, малака ва кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган тизимли жараён;

таълим босқичи – таълим турлари бўйича тегишли таълим дастурининг якунланганлигини белгиловчи босқич;

таълим дастури – таълим ҳажми ва мазмунини, битирувчилар умумий тайёргарлигининг зарурий ва етарли даражасини, кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилишни ҳамда баҳолаш даражаларини белгилайдиган меъёрлар ва талаблар мажмуи;

таълим дастурларини амалга оширишнинг тармоқ шакли – таълим фаолиятини олиб борувчи бир неча ташкилотларнинг (шу жумладан, ҳорижий ташкилотларнинг), зарур ҳолларда бошқа ташкилотларнинг ресурсларидан фойдаланилган ҳолда таълим олувчиларга таълим дастурларини ўзлаштиришга имконият яратиш;

таълим кампуси – ўқув бинолари, илмий-тадқиқот институт (марказ)лари, ишлаб чиқариш мажмуалари ва технопарклар, таълим жараёни иштирокчилари турар жойлари, лабораториялар, ахборот-ресурс марказлари (кутубхоналар), спорт иншоотлари, умумий овқатланиш объектлари ва бошқаларни ягона ҳудудга бирлаштирган мажмуа;

таълим ташкилотлари – давлат таълим муассасалари ва нодавлат таълим ташкилотлари;

таълим ташкилотлари аттестацияси – давлат таълим муассасалари ва нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини баҳолашда давлат назоратининг асосий шакли ҳисобланиб, уларда кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатининг давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ҳамда ўқув дастурларига мувофиқлигини аниқлашдан иборат жараён;

таълим олувчи – таълим хизматлари олиш ҳуқуқига эга бўлган таълим дастурларини ўзлаштирувчи жисмоний шахс;

таълим олувчиларнинг билими сифатини текшириш – таълим олувчиларнинг ўқув дастурларини ўзлаштириш даражасини аниқлаш;

таълим сифати – таълим олувчилар тайёргарлигининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқлик даражаси;

таълим сифатини назорат қилиш – ўқитиш мазмуни ва натижаларининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқлигини текшириш жараёни;

таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари – таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ваколати берилган вазирлик ва идоралар;

таълим тизими мониторинги – таълим жараёнини унинг кутилган натижага мувофиқлигини аниқлаш мақсадида доимий кузатиб бориш жараёни;

таълим тури – таълим тизимининг алоҳида таркибий қисми;

таълим фаолияти – таълим дастурларида назарда тутилган натижаларга эришиш учун таълим ташкилотчилари, педагог ходимлар, ишлаб чиқариш усталари, ўқув-ёрдамчи ходимлар томонидан кетма-кет амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуи;

таълим хизмати – истеъмолчиларнинг шахсий, жамоавий, ижтимоий эҳтиёжларини қондириш ва ривожлантириш мақсадида умумий ҳамда касбий билим бериш, малака ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган жараёнлар мажмуи;

таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар – асосий фаолияти билан бир қаторда қўшимча фаолият сифатида лицензия асосида, таълим хизматларини амалга оширувчи тижорат ташкилотлари;

фуқаролар - Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар;

ўқитишнинг меъёрий муддатлари – таълим олувчилар томонидан ўқув режалари ва ўқув фани дастурлари ўзлаштирилиши учун белгиланган муддатлар;

ўқув дастури – ўқитиш тизими доирасида муайян ўқув фанларини мажбурий ўзлаштиришни назарда тутадиган, олинадиган билимлар, кўникмалар, малакаларнинг мазмуни ва ҳажмини, уларнинг мавзулар, бўлимлар ва даврлар бўйича тақсимланишини белгилайдиган ҳужжат;

ўқув-илмий-ишлаб чиқариш мажмуалари – таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзаро ҳамкорлиги ва ташаббуси асосида ташкил этиладиган тузилма;

ўқув йили – таълим ташкилотларида бир таълим курсини якунлашга мўлжалланган ўқув фаолияти даври;

ўқув режаси – таълим фаолияти турлари, ўқув фанлари ва курсларининг таркиби, уларни ўрганишнинг изчиллиги ва соатлардаги ҳажмини белгилайдиган норматив ҳужжат;

ўқув-тарбия мажмуаси – турли таълим дастурларини амалга оширадиган таълим муассасалари бирлашмаси;

ўқув фани дастури – муайян фан бўйича таълим мазмуни, унинг таълим олувчилар томонидан ўзлаштирилишининг энг мақбул усуллари, ахборот манбалари кўрсатилган норматив ҳужжат;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим – умумтаълим дастурларини ўзлаштириш асосида ижтимоий ҳаёт учун зарур билимлар, кўникмалар ва малакаларни эгаллаш, компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган узлуксиз таълим тури;

университет 3.0 – таълим, илмий-тадқиқот ва уларни тижоратлаштиришни амалга оширадиган олий таълим муассаса;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш – хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат эгасига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим олиш ва (ёки) касбий фаолият юритиш учун рухсат бериш мақсадида ваколатли давлат органлари томонидан хорижий давлатларда олинган таълим малакасининг расман тасдиқланиши;

экстернат  – таьлим дастурларини мустақил ўрганишни ўз ичига олган, давлат аккредитациясига эга бўлган давлат таълим муассасаларида аттестациялар ва якуний давлат аттестациясини топширишни талаб этадиган таълим олиш шакли.

 

4-модда. Таълим соҳасида давлат сиёсатининг асосий принциплари

 

Таълим Ўзбекистон Республикаси ижтимоий тараққиёти соҳасида устувор деб тан олинади.

Таълим соҳасида давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

таълим ва тарбиянинг уйғунликда олиб борилиши;

таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик хусусиятга эга эканлиги;

таълимнинг узлуксизлиги, узвийлиги ва изчиллиги;

12 йиллик (6 ёшдан 7 ёшгача болаларни бир йил давомида умумий ўрта таълимга тайёрлаш ҳамда ўн бир йиллик умумий ўрта ва ўрта махсус) таълимнинг мажбурийлиги;

таълим тизимининг дунёвий хусусиятга эга эканлиги;

давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;

таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;

билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;

инсоннинг бутун ҳаёти давомида таълим олиши;

жамиятда педагог ходимлар ижтимоий ҳимоясининг кафолатланганлиги;

таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш.

 

5-модда. Таълим олиш ҳуқуқининг давлат томонидан

                кафолатланиши

Давлат жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси, ижтимоий мавқеидан қатъий назар, ҳар кимга таълим олишда тенг ҳуқуқларни кафолатлайди.

Давлат таълим олиш ҳуқуқини қуйидагилар орқали таъминлайди:

таълим ташкилотларини ривожлантириш;

таълим ташкилотларида инновацион фаолиятни ва таълим дастурларини инновацион технологиялар ёрдамида амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;

етакчи классик олий таълим муассасалари мақомини белгилаш ва уларни қўллаб-қувватлаш;

ишлаб чиқаришдан ажралган (кундузги) ва ажралмаган ҳолда (сиртқи, кечки, масофавий, дуал) таълим олишни ташкил этиш;

кадрлар тайёрлаш ва таълимга оид давлат дастурлари асосида ўқитиш;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълимни бепул олиш;

оилада ёки ўзи мустақил равишда билим олган, шунингдек, мажбурий умумий ўрта таълимни тўлиқ олмаган фуқароларга аккредитациядан ўтган давлат таълим муассасаларида экстернат тартибида аттестациядан ўтиш ҳуқуқини бериш;

таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш бўйича давлат буюртмаларини меҳнат бозорининг талабларига мувофиқ шакллантириш.

Хорижий мамлакатларнинг фуқаролари Ўзбекистон Республикасида халқаро шартномаларга ва қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар таълим олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга.

 

2-боб. Таълим тизими ва турлари

 

6-модда. Таълим тизими

 

Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва таълим дастурларини ёки улардан бирини амалга оширувчи таълим ташкилотлари;

якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахслар (репетиторлик);

таълим тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган тадқиқот ишларини бажарувчи илмий-педагогик муассасалар;

таълим соҳасида давлат бошқаруви органлари ҳамда уларга идоравий мансуб ташкилотлар.

Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими ягона ва узлуксиздир.

 

7-модда. Таълим турлари

 

Ўзбекистон Республикасида таълим қуйидаги турларда амалга оширилади:

мактабгача таълим;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;

касбий таълим;

олий таълим;

олий таълимдан кейинги таълим;

кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

мактабдан ташқари таълим.

 

8-модда. Мактабгача таълим

 

Мактабгача таълим бола шахсини соғлом ва етук, умумий ўрта таълимга тайёрланган тарзда шакллантириш мақсадини кўзлайди. Бу таълим етти ёшгача оилада ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида олиб борилади.

Давлат томонидан молиялаштириладиган давлат мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчилари субсидиялаштирилган таълим олиш ҳуқуқига эга бўлади ва фақат номинал тўловни амалга оширади.

Мактабгача таълим қуйидагиларни таъминлайди:

болаларнинг маънавий, ақлий ҳамда жисмоний ривожланишини мустаҳкамлаш ва сақлаш;

имконияти чекланган болаларни даволаниш ва коррекция қилиш, шунингдек, замонавий инклюзив мактабгача таълим учун соғлом муҳит яратиш;

мактабгача таълим мазмунини белгилаш;

болаларни Ватанга муҳаббат, оилага, халқ анъаналари ва урф-одатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ўзига ва атроф муҳитга онгли муносабатни шакллантириш;

бола шахсини шакллантириш, унинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш;

боланинг ижтимоий мослашувини ва таълим олишни давом эттиришга тайёргарлигини таъминлаш;

оиланинг ижтимоий-педагогик патронажини амалга ошириш.

6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларга тегишли таълим дастури бўйича мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим-тарбия берилиши мажбурий бўлиб, у умумий ўрта таълимга тайёрлаш бўғини (0-синф) ҳисобланади.

9-модда. Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим

 

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим (I-XI синфлар) босқичлари:

бошланғич таълим (I-IV синфлар);

таянч ўрта таълим (V-IX синфлар);

ўрта (X-XI синфлар) ва ўрта махсус таълим, (академик лицейлар ва бошқалар).

Умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

Бошланғич таълим умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олиш учун зарур бўлган саводхонлик, билим ва кўникма асосларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантиришга қаратилади.

Таянч ўрта таълим билимларнинг зарурий ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, таълим дастури мазмунига мос қобилият ва амалий кўникмаларни ривожлантиради.

Ўрта ва ўрта махсус таълим, умумтаълим дастурларини ўзлаштириш асосида ўқувчиларда ижтимоий ҳаёт учун зарур билим, кўникма ва малакаларни эгаллаш, компетенцияларни шакллантириш, касб-ҳунар кўникмаларининг ўзлаштирилишини таъминлашга ёрдам беради.

Умумий ўрта таълим берувчи таълим ташкилотларининг X-XI синфлари ўқувчиларига касбий таълим бериш учун ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилади.

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим бериш умумий ўрта таълим ташкилотларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактабларда, ихтисослаштирилган спорт, санъат ва маданият мактаб-интернатларида, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида, академик лицейларда, гимназияларда узлуксиз ва ўн бир йиллик муддатда амалга оширилади.

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим бериш нодавлат таълим ташкилотлари томонидан тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Академик лицей камида икки йиллик ўрта махсус таълим ташкилоти бўлиб, ўқувчиларнинг интеллектуал қобилиятларини жадал ўстиришни, мустақил танқидий фикрлашни, чуқур, шахсга йўналтирилган, табақалаштирилган ҳамда касб-ҳунарга йўналтирилган билим олишни таъминлайди.

Болаларнинг қобилияти, истеъдодини ривожлантириш учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар ташкил этилиши мумкин.

Жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсони бўлган, шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтож болалар ихтисослаштирилган таълим ташкилотларида, умумий ўрта таълим ташкилотларида инклюзив шаклда ёки уйда якка тартибда таълим оладилар.

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида синфлар (гуруҳлар)даги таълим олувчилар сони 35 нафардан ортиқ бўлмаслиги лозим.

 10-модда. Касбий таълим

Касбий таълим ихтиёрийлик асосида касб-ҳунар мактабларида, кўп тармоқли коллежларда ва олий мактабларда ҳамда ушбу йўналишдаги таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Касбий таълим эгалланган касблар ва мутахассисликлар бўйича ишлаш ҳуқуқини берадиган бошланғич касбий таълим, ўрта касбий таълим ва ўрта махсус касбий таълимни беради.

Касб-ҳунар мактаблари, кўп тармоқли коллежлар ва олий мактаблар ҳамда ушбу йўналишдаги таълим ташкилотлари таълим жараёни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда давом этадиган, ўқувчиларнинг танланган касблар ва мутахассисликларни эгаллаб олишини, амалий кўникма ва малакасини чуқур ривожлантирилишини таъминлайди.

Касб-ҳунар мактабларида касбий таълим IX синф битирувчилари ҳисобидан икки йиллик қисқартирилган умумтаълим фанлари дастурлари билан биргаликда бепул амалга оширилади.

Олий мактабларда бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган бошланғич бакалавриат (associate degree) таълим дастурлари амалга оширилиши мумкин.

Бошланғич бакалавриат таълим дастурлари битирувчилари олий таълим ташкилотларида ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга.

Касбий таълим давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Фуқаролар иккинчи ва ундан кейинги касб-ҳунар таълимини шартнома асосида олишга ҳақлидирлар.

11-модда. Олий таълим

Олий таълим олий маълумотли кадрлар тайёрлашни таъминлайди.

Олий маълумотли кадрлар тайёрлаш олий таълим ташкилотларида (университетлар, академиялар, институтлар ва бошқа олий таълим муассасаларида) умумий ўрта маълумотга (ўн бир йиллик таълим) ёки ўрта махсус маълумотга (тўққиз йиллик ўрта таълим ва икки йиллик ўрта махсус таълим) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига (тўққиз йиллик умумий ўрта таълим ва уч йиллик ўрта махсус ёки уч йиллик касб-ҳунар коллежи) эга бўлган фуқаролар учун амалга оширилади.

Олий таълим икки босқичга, давлат томонидан тасдиқланган намунадаги олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар билан далилланувчи бакалавриат ва магистратурага эга.

Бакалавриат олий таълим йўналишларидан бири бўйича пухта билим берадиган, ўқиш муддати камида уч йил бўлган таянч олий таълимдир.

Магистратура аниқ мутахассислик бўйича бакалавриат негизида камида бир йил давом этадиган олий таълимдир.

Тиббиёт соҳасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашда унинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинади.

Фуқаролар иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни шартнома асосида олишга ҳақлидирлар.

 

12-модда. Олий таълимдан кейинги таълим

 

Олий таълимдан кейинги таълим олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида, ҳамда ушбу йўналишдаги бошқа таълим ташкилотларида (таянч докторантура, докторантура, мустақил изланувчилик) олиниши мумкин.

Илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, илмий даража ва илмий унвонлар бериш тартиби, шунингдек, ҳарбий, тиббий ва бошқа махсус таълим ташкилотларида олий таълимдан кейинги таълим олишнинг хусусиятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Олий таълимдан кейинги таълимда ўқиш муддати олий таълим негизида уч йилгача давом этади.

 

13-модда. Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини

                 ошириш

 

Кадрлар малакасини ошириш касбий билим ва амалий кўникмаларни замонавий талаблар асосида чуқурлаштириш ҳамда янгилаб боришни таъминлайди, шунингдек, ходимларнинг тоифа, даража, разряд ва лавозимлари ўсишига хизмат қилади.

Кадрларни қайта тайёрлаш илмий-техник тараққиёт, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳадаги таркибий ўзгаришларни инобатга олган ҳолда ҳамда фуқароларнинг шахсий эҳтиёжларидан келиб чиқиб касбий фаолиятнинг қўшимча турларини амалга ошириш учун зарур ҳажмдаги билим ва кўникмаларни эгаллашни таъминлайди.

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

14-модда. Мактабдан ташқари таълим

 

Болалар ва ўсмирларнинг эҳтиёжларини қондириш, уларнинг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш учун давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, бошқа юридик ва жисмоний шахслар маданий-эстетик, илмий, техникавий, спорт ва бошқа йўналишларда мактабдан ташқари таълим ташкилотларини ташкил этишлари мумкин.

Мактабдан ташқари таълим узлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми сифатида болалар ва ўсмирларнинг, шунингдек, ҳамда жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг истеъдоди ва қобилиятини ривожлантириш, уларнинг манфаатлари, маънавий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган.

Мактабдан ташқари таълим ташкилотларига болалар, ўсмирлар ижодиёти саройлари, уйлари, клублари ва марказлари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, студиялар, ахборот-кутубхона, соғломлаштириш муассасалари ва бошқа таълим ташкилотлари киради.

Мактабдан ташқари таълим бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

15-модда. Оиладаги таълим ва мустақил равишда таълим олиш

 

Давлат оилада таълим олишга ва мустақил равишда таълим олишга кўмаклашади. Болаларни оилада ўқитиш ва уларнинг мустақил равишда таълим олиши тегишли таълим дастурлари бўйича амалга оширилади. Таълим олувчиларга ваколатли давлат муассасалари томонидан методик, маслаҳат ёрдамлари ва бошқа йўсинда ёрдам кўрсатилади.

Оилада ва мустақил таълим олиш тартиби ҳамда таълим олувчилар тоифаси таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари томонидан белгиланади.

Оилада ва мустақил таълим олган шахсларга давлат намунасидаги ҳужжат бериш тегишли давлат таълим муассасаларида, тасдиқланган дастурларга мувофиқ экстернат тартибида амалга оширилади.

Оиладаги таълим ота-оналар (қонуний вакиллар) ёки уларнинг қонуний вакиллари билан таълим ташкилотлари ўртасида таълим олувчи, оила ва жамият манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тузилган шартнома асосида олиб борилади.

Мустақил равишда таълим олиш шахснинг касбий, ақлий, маънавий ва маданий даражасини мустақил равишда ривожлантиришга ёрдам берадиган, шахс томонидан якка тартибда амалга ошириладиган таълим шаклидир.

 

16-модда. Катта ёшдагилар таълими

 

Катта ёшдагилар таълими замонавий тезкор ривожланаётган жамиятда инсонни ижодий фаолият ва шахсий эҳтиёжлар учун зарур бўлган билим ва кўникмалар мажмуаси билан таъминлайди.

Катта ёшдагилар таълими инсоннинг индивидуал шахс сифатида бутун умри давомида узлуксиз ривожланишини таъминлашга ёрдам беради.

Катта ёшдагилар учун таълим дастурларининг мазмуни қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу таълимни олиб борувчи таълим ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

 

17-модда. Махсус таълим

 

Мудофаа, хавфсизлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда диний соҳа фаолияти хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ушбу йўналишда мутахассисларни тайёрлаш ва таълим жараёнини ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

3-боб. Таълим тизимини бошқариш

 

18-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

                  таълим соҳасидаги ваколатлари

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини белгилайди;

таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органларига раҳбарлик қилади;

таълимни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

таълим соҳасидаги давлат органлари билан нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиради;

таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан, педагог ва илмий кадрларни аттестациядан ўтказиш, нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш, таълим ҳужжатларига апостиль қўйиш тартибини белгилайди;

таълим ташкилотларига педагог ходимларни ишга қабул қилиш ва фаолиятини баҳолаш тартибини белгилайди;

хорижий давлатларнинг таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар беради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ хорижий мамлакатларда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартибини белгилайди;

халқаро дастурлар ва тадқиқотларда Ўзбекистон Республикасининг иштирокини таъминлайди, таълим тизимини халқаро ҳамжамиятга интеграциясини белгилайди;

давлат намунасидаги маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни тасдиқлайди ва уларни бериш тартибини белгилайди;

таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди;

давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасасининг ректори (хорижий олий таълим муассасаси филиалининг маҳаллий ректори ёки директори, ижрочи директори)ни бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбарининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади ва уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини белгилайди;

таълим олувчиларни аккредитация қилинган бир таълим ташкилотидан бошқасига ўтказиш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибини белгилайди;

таълим ташкилотлари рейтингини аниқлаш тартибини белгилайди;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди;

меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб кадрлар тайёрлашни прогнозлаштириш ишларини олиб боради;

таълим муассасаларининг асосий моддий-техник, инфратузилмавий ва параметрик талабларини белгилайди;

дарсликлар, ўқув қўлланмаларини яратиш ва нашр этиш тартибини, таълим муассасаларига етказиб бериш ва фойдаланишга қўйиладиган талабларни белгилайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

19-модда. Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг

                  ваколатлари

 

Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари:

таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва методик масалаларда уларга раҳбарлик қилади;

тегишлилиги бўйича давлат таълим стандартлари, давлат таълим стандартларининг асосий қоидалари, касбий таълимнинг касблар ва мутахассисликлари бўйича таълим стандартлари ҳамда олий таълимнинг таълим соҳалари бўйича давлат таълим стандартларини тасдиқлайди;

меҳнат бозорини зарур бўлган кадрлар билан таъминлаш учун касб-ҳунар таълимининг касблари ва мутахассисликлари ҳамда олий таълимнинг билим ва таълим соҳаларини, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини белгилайди;

давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ҳамда мутахассисларнинг билим савияси ва касб тайёргарлигига қўйилган талабларнинг таълим ташкилотлари томонидан бажарилишини таъминлайди;

ўқитишнинг илғор шакллари ва янги педагогик технологияларни, таълимнинг техник ва ахборот воситаларини ўқув жараёнига жорий этади;

таълим ташкилотларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ҳисобга олган ҳолда таълим дастурларини мунтазам такомиллаштириб боради;

ўқув адабиётларини тайёрлаш ва уларни нашр этишни ташкил қилади;

таълим олувчиларнинг ўзлаштиришини баҳолаш, якуний давлат аттестацияси ва давлат таълим муассасаларида экстернат тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди ҳамда экстернат асосида таълим олувчилар тоифасини белгилайди;

бўйсунувидаги давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасасининг ректори (хорижий олий таълим муассасаси филиалининг маҳаллий ректори ёки директори, ижрочи директори)ни давлат олий таълим муассасасининг ректорини тайинлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

педагог ходимлар ва раҳбарларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этади;

таълим ташкилотларида моддий-техник ресурслардан самарали фойдаланиш борасида талабларни ишлаб чиқади ва ягона ёндашувни таъминлайди;

таълим соҳасига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

20-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим

                  соҳасидаги ваколатлари

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

таълим ташкилотлари фаолиятининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига мувофиқлигини таъминлайди;

республика даражасидаги ташкилотларга идоравий мансуб бўлган таълим муассасаларидан ташқари давлат таълим муассасаларини ташкил этади, қайта ташкил этади, тугатади, уставларини рўйхатга олади;

ўз ҳудудларидаги давлат таълим муассасаларини ваколатлари доирасида молиялаштириш миқдорларини ва имтиёзларни белгилайди;

таълим ташкилотларини ривожлантириш масалалари юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилади, таълим ташкилотларига халқаро ҳамкорликни амалга оширишга кўмаклашади;

болалар ва ёшларга муносиб таълим ва тарбия берилиши, қобилиятлари шакллантирилиши ва намоён бўлиши учун яшаш жойларида зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича дастурлар ишлаб чиқади;

таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

21-модда. Таълим ташкилотларини бошқариш

 

Таълим ташкилотлари ушбу Қонунга, бошқа қонун ҳужжатларига ва ўз уставига (таъсис ҳужжатига) мувофиқ демократик тамойиллар асосида бошқарилади.

Таълим ташкилотини унинг раҳбари бошқаради.

Таълим ташкилотлари фаолиятини бошқаришда жамоатчилик вакилларининг фикрлари ҳам инобатга олиниши мумкин.

Таълим ташкилотларида қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият кўрсатадиган жамоатчилик бошқаруви органлари ташкил этилиши мумкин.

Таълим ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда таълим олувчилар, ота-оналар (қонуний вакиллар) ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин.

Меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб таълим жараёнини бошқаришда, давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва ўқув фани дастурларини ишлаб чиқишда, шунингдек, таълим ташкилотларида мутахассисларни сифатли тайёрлашда кадрлар истеъмолчилари ҳамда васийлик (кузатув) кенгашларининг фикрлари инобатга олиниши мумкин.

Мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида таълим жараёнини бошқаришда ота-оналар қўмиталарининг фикри инобатга олиниши мумкин.

 

22-модда. Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари билан

                   нодавлат таълим ташкилотлари ўртасидаги ўзаро

                   муносабатлар

 

Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари нодавлат таълим ташкилотлари томонидан таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилади.

Нодавлат таълим ташкилотлари таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган тақдирда аккредитация қилган орган уларнинг фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатиб қўйишга ҳақлидир.

 

4-боб. Таълим фаолияти ва уни ташкил этиш

 

23-модда. Таълим ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми

 

Таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари, шу жумладан, хорижий таълим ташкилотлари филиаллари юридик шахс мақоми билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

Нодавлат таълим ташкилотлари белгиланган тартибда лицензия олган пайтдан бошлаб таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Таълим ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган устав ва (ёки) бошқа таъсис ҳужжатлари асосида фаолият кўрсатади.

Таълим ташкилотлари аттестация натижаларига биноан давлат аккредитациясидан маҳрум этилиши мумкин.

Таълим ташкилотлари ўқув-тарбия ва ўқув-илмий-ишлаб чиқариш мажмуаларига ва уюшмаларга бирлашишга ҳақли.

Таълим ташкилотларида уларнинг таълим ва тарбия фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотлар, жумладан, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар ташкил этилишига ва фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

 

24-модда. Таълим ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил

                  этиш ва тугатиш

 

Давлат ўрта махсус, касбий таълим ва олий таълим муассасалари мамлакатда малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ва ҳудудлар ривожланиши истиқболларига мувофиқ идоравий бўйсунишидан қатъий назар таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг мурожаатлари асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ташкил этилади.

Иқтисодиётни малакали кадрларга ҳамда аҳолини олий таълим олишга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида мамлакат ҳудудида хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари, марказлари, кампуслари ва бошқа шаклдаги ваколатли бўлинмалари ташкил қилиниши мумкин. Таълим, илмий, молиявий ва хўжалик фаолиятини юритиш мақсадида уларга Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳуқуқлари – юридик шахс мақоми берилади.

Хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари, марказлари, кампуслари ва бошқа шаклдаги ваколатли бўлинмалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда халқаро шартнома ва битимлари асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ташкил этилади.

Хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари, марказлари, кампуслари ва бошқа шаклдаги ваколатли бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Хукумати ва давлат бошқаруви оганлари томонидан моддий, молиявий, ташкилий ва бошқа мажбуриятлар олинмаган тақдирда лицензиялаш тартиби асосида ташкил этилади.

Касбий таълим ва олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш касбий таълим ва олий таълим муассасаларини ташкил этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бошқа таълим турларида халқаро шартномалар ва келишувларга биноан хорижий мамлакатларнинг ўқув дастурлари асосида таълим бериладиган халқаро таълим муассасалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилиши мумкин.

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш давлат таълим муассасалари қуйидаги тартибда:

вазирликлар ва идораларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган мурожаатларига асосан олий таълим муассасалари ҳузурида, шунингдек, вазирликлар ва идораларга бевосита бўйсунувчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасалари ва уларнинг филиаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

олий таълим муассасалари таркибига кирувчи малака ошириш факультетлари ва курслари вазирликлар ва идораларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган қарорлари билан ташкил этилади.

Республика ва маҳаллий бўйсунувдаги давлат таълим муассасалари (умумий ўрта, мактабдан ташқари ва бошқалар):

республика бўйсунувидаги умумий ўрта таълим муассасалари, мактаб-интернатлар, мактабдан ташқари ва бошқа таълим муассасалари мос равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда вазирликлар ва идоралар томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси бўйсунувидаги таълим муассасалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйсунувидаги давлат таълим муассасалари (ўрта махсус, касбий таълим ва олий таълим муассасаларидан ташқари) вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан;

туман (шаҳар) бўйсунувидаги давлат таълим муассасалари туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ташкил этилади.

Давлат таълим муассасаларини қайта ташкил этиш ва уларни тугатиш тегишли таълим муассасаларини ташкил этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Таълим ташкилотларининг ташкил этилганлиги, қайта ташкил этилганлиги ва тугатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар давлат статистика органларига, таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат бошқаруви органига ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатларини тартибга солувчи органнинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этилади.

 

25-модда. Нодавлат таълим ташкилотлари

 

Нодавлат таълим ташкилотлари лицензия асосида фаолият юритади.

Нодавлат таълим ташкилотлари таъсис ҳужжатларига мувофиқ фуқароларнинг таълим олиш эҳтиёжидан келиб чиқиб уларга мақсадли билим, кўникма, малакаларни беришга қаратилган таълим фаолиятини юритади.

Нодавлат таълим ташкилотлари битирувчиларга давлат намунасидаги ҳужжатларни бериши учун ўз фаолиятини давлат таълим стандартлари, давлат таълим талабларига мувофиқ амалга ошириши талаб этилади. Бу ҳолда таълим-тарбия жараёни давлат таълим стандартлари (давлат таълим талаблари), унинг асосида тасдиқланган ўқув режалари ва ўқув фани дастурлари, битирувчиларни давлат аттестациясидан ўтказиш тартиби ҳамда лицензия талабларига мувофиқ ташкил этилади.

Нодавлат таълим ташкилотлари таълим-тарбия жараёнига амалдаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилган ҳолда юқори малакали педагог кадрлар ва бошқа кадрларни жалб этиш, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўради.

Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари билан боғлиқ бўлмаган ўқув дастурлари асосида ўқитиш, ўқиш муддати ва шартлари, тўлов миқдори, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар таълим олувчилар ёки вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Нодавлат таълим ташкилотлари таълим олувчиларга, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-оналарига (қонуний вакилларига) давлат рўйхатига олинганлиги, лицензияси, моддий-техник базаси, педагог ходимларнинг малакаси ва педагогик фаолиятининг умумий давомийлиги тўғрисидаги маълумотларни беради.

 

26-модда. Таълим муассасаларининг устави

 

Таълим муассасаси ўз уставига мувофиқ фаолият юритади. Устав таълим туpи хусусиятлаpини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Уставда умумий қоидалаp, таълим муассасасининг мақсад ва вазифалаpи, таълим олувчилаp, ўқув-таpбиявий ва илмий-методик иш, таълим муассасасининг тузилиши, педагог ходимлаp, ўқув-таpбиявий ходимлаp, таълим муассасасига pаҳбаpлик қилиш, таълим муассасасининг жамоат ташкилотлари, мол-мулки ва маблағлаpи, қайта ташкил этиш
ва тугатишга оид бўлимлар назарда тутилади.

Hамунавий уставлаp:

мактабгача таълим муассасалари учун – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги;

умумий ўpта таълим муассасалаpи, ихтисослаштирилган мактаблар, мактабдан ташқари таълим муассасалари учун – Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазиpлиги;

ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари учун - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ёки Ўзбекистон Бадиий Академия;

ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари учун – Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги;

академик лицейлар, касбий таълим ва олий таълим муассасалаpи учун – Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўpта махсус таълим вазиpлиги;

кадpлаpни қайта тайёpлаш ва улаpнинг малакасини ошиpиш ҳамда бошқа таълим муассасалари учун – тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан ишлаб чиқилади.

Устав:

мактабгача таълим муассасалари учун – туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларининг буйруқлари билан тасдиқланади;

умумий ўрта таълим муассасалари учун – туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг буйруқлари билан тасдиқланади;

мактабдан ташқаpи таълим муассасалаpи, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, академик лицейлар, касбий таълим муассасалари ва бошқа таълим муассасалари, кадpлаpни қайта тайёpлаш ва улаpнинг малакасини ошиpиш ҳамда олий таълим муассасалаpи учун – идоравий мансублиги бўйича вазиpликлаp, идоpалаp ва уларнинг ҳудудий органларининг буйpуқлаpи билан тасдиқланади;

нодавлат таълим муассасалари учун – муассислар йиғилишининг қарори билан тасдиқланади.

Устав маҳаллий давлат ҳокимияти оpганлаpида pўйхатдан ўтказилади.

Таълим муассасаси устави қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ёки қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар таъсис ҳужжатлари асосида фаолият юритади.

 

27-модда. Якка тартибдаги педагогик фаолият (репетиторлик)

 

Махсус малакага эга бўлган шахслар якка тартибда педагогик фаолият (репетиторлик) билан шуғулланиши мумкин.

Якка тартибда педагогик фаолиятни амалга ошириш учун юридик шахс мақомига эга бўлиш ҳамда лицензия олиш талаб этилмайди.

Якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахслар, шу фаолият бўйича якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига олган даромадлари тўғрисида декларация тақдим этиш орқали солиқ тўлайди.

Якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахс пулли таълим хизматини кўрсатишни бошлашдан олдин таълим олувчиларга, уларнинг ота-оналарига (қонуний вакилларига) ўзининг касбий маълумоти, умумий педагогик иш стажи ва индивидуал педагогик фаолият билан шуғулланаётган муддати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

 

28-модда. Таълим бериш тили

 

Таълим ташкилотларида таълим бериш тилидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни билан тартибга солинади.

 

29-модда. Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим

                 талаблари

 

Давлат таълим стандартлари умумий ўрта, ўрта махсус таълим, касбий таълим ва олий таълим мазмунига ҳамда сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди.

Давлат таълим талаблари мактабгача таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадpлаpни қайта тайёpлаш ва улаpнинг малакасини ошиpиш ҳамда мактабдан ташқари таълим мазмунига, ва амалга ошириш
шарт-шароитларига, тузилмасига ҳамда таълим олувчиларнинг интеллектуал, илмий, касбий сифатларига қўйиладиган меъёрлар ва талаблар мажмуига қўйиладиган талабларни белгилайди.

Давлат таълим стандартларини ва давлат таълим талабларини бажариш тегишли равишда Ўзбекистон Республикасининг барча таълим ташкилотлари учун мажбурийдир.

Давлат таълим стандартлари (таълим стандартлари), давлат таълим стандартларининг асосий қоидалари тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бошқа вазирлик ва идораларга ҳам ваколат берилиши мумкин.

Давлат таълим талаблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки соҳанинг тегишли вазирликлари ва идоралари томонидан тасдиқланади.

Жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсони бўлган шахсларга таълим бериш махсус таълим дастурлари асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан олий таълим муассасаларига давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларни мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ваколати берилиши мумкин. Бунда ўқув режаси ва ўқув фани дастурлари, қоида тариқасида, таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан тасдиқланади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқиладиган
ва тасдиқланадиган таълим ҳужжатларига қўйиладиган талаблар умумий асосда ишлаб чиқилган шундай таълим ҳужжатларига қўйилган талаблардан паст бўлмаслиги керак.

 

30-модда. Ўқув режаси ва ўқув фани дастурларининг таълим

                  жараёнига татбиқ этилиши

 

Ўқув режаси ва ўқув фани дастурлари компетенциявий ёндашув асосида ишлаб чиқилади.

Ўқув режалари ва фан дастурларининг таркиби, уларни ишлаб чиқиш ва тадбиқ этиш тартиби тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўқув режаси ва ўқув фани дастурлари, қоида тариқасида, таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан тасдиқланади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Умумтаълим ўқув фани дастурлари шахсни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг дунёқарашини шакллантириш, хоҳиш-истаклари ва қобилиятларини ривожлантиришга қаратилади.

Касбий ўқув фани дастурлари тегишли касб ва мутахассисликларни эгаллашга йўналтирилади.

Ўқув режаси ва ўқув фани дастурларининг таълим жараёнига татбиқ этилиши таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Ўқув режаси ва ўқув фани дастурларининг бажарилишини таъминлашда турли хил замонавий таълим технологиялари, ўқитишнинг инновацион усуллари ва шаклларидан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилади, шу жумладан, масофавий таълим технологиялари қўлланилиши мумкин.

Таълим ташкилотлари ўқув режаси ва ўқув фани дастурларини ўқув жараёнига жорий этишда кредит тизимига асосланган таълим технологияларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Таълим мазмуни жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланишининг асосий омилларидан бири сифатида қаралади ва ёш авлодни тарбиялаш, унда муносиб хулқ-атворни шакллантириш ва ўзини тутиш, ҳар томонлама ва баркамол ривожланиши учун зарур
шарт-шароитларни яратиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш
ва ривожлантириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилади.

Ўқув режада таълим жараёни жадвали, ўқув йилининг бошланиши, даврийлиги, ўқув йиллари, чораклар, семестрлар, амалиётлар, таътиллар, аттестациялар ва уларга ажратилган ҳафталар сони ҳамда ўқитиладиган фанлар (модуллар) ва уларга ажратилган соатлар миқдори ва бошқа зарур кўрсаткичлар ўз аксини топади.

Касбий таълим, олий таълим, малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг ўқув режаларида таълим олувчилар учун амалиёт ўташ назарда тутилади. Амалиётни ташкил этиш таълим муассасалари бириктирилган вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда, кадрлар истеъмолчилари билан тузиладиган шартномалар ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

 

31-модда. Таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият

 

Таълим соҳасидаги экспериментал ва инновацион фаолият Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий ҳамда таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга оширишни ҳисобга олган ҳолда таълим тизимини модернизация қилиш ва ривожлантиришни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Экспериментал фаолият янги таълим технологиялари, таълим ресурсларини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва жорий этишга қаратилган бўлиб, тажриба шаклида амалга оширилади, уни ўтказиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари томонидан белгиланади.

Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида инновацион таълим дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш учун шарт-шароитлар яратади.

Давлат томонидан иқтисодий ривожланиш ва инновацион фаолият талабларидан келиб чиқиб олий таълим муассасалари олимларининг илмий-тадқиқот ишлари натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича қулай муҳит ҳамда олий таълим муассасалари базасида таълим кампусларини ташкил этиш ва босқичма-босқич “Университет 3.0” тизимига ўтиш учун имкониятлар яратилади.

Таълим ташкилотлари экспериментал ва инновацион фаолиятда масофавий таълим технологиларидан фойдаланиши мумкин.

Масофавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда таълим бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

32-модда. Таълим ташкилотларидан маълумот олишнинг очиқлиги

 

Таълим ташкилотлари ўз фаолияти тўғрисидаги очиқ маълумотлар ресурсларини белгилайди. Бундай ресурслар Интернет жаҳон ахборот тармоқларига, шу жумладан, таълим ташкилотларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

Маълумотларнинг шаффофлиги ва холисоналиги учун таълим ташкилотларининг раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланади.

Таълим ташкилотлари:

таълим муассасанинг устави;

таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахснинг таъсис ҳужжати;

таълим тиллари;

давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурлари;

таълим фаолиятининг моддий-техник таъминоти;

илмий-тадқиқот ишларининг йўналишлари ва натижалари ҳамда уни амалга ошириш учун илмий-тадқиқот базаси (олий таълим учун);

таълим олувчиларга стипендия бериш тартиби ва ижтимоий ёрдам беришнинг мавжудлиги ва шартлари;

вақтинчалик турар жойларнинг мавжудлиги, улардаги яшаш жойлари сони ва тўловлар миқдори;

таълим фаолиятини олиб бориш учун лицензия;

таълим фаолиятини олиб бориш учун давлат аккредитацияси (иловаси билан) ҳақидаги ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маълумотлар очиқлигини таъминлайди.

Муайян таълим ташкилотларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ҳолларда чекланиши мумкин.

 

33-модда. Таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш

 

Таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш барча талабгорлар учун имкониятнинг тенглиги тамойили шартлари асосида амалга оширилади, айрим тоифадаги шахсларга ўқишга қабул қилишда қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилиши мумкин.

Таълим ташкилотлари талабгорларни ва (ёки) уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари)ни устав, лицензия (нодавлат таълим ташкилотлари учун), давлат аккредитацияси тўғрисидаги сертификат, таълим дастурлари ва таълим фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар, таълим олувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан таништиришга мажбур. Танлов асосида қабул қилишда таълим ташкилотлари талабгорларга танловни ўтказиш тартиби ва унинг натижаларига оид маълумотларни беради.

Жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар, уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) розилиги билан ва психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси асосида ўқишга қабул қилинади.

Зарур ҳолларда таълим ташкилотларида қонун ҳужжатларига мувофиқ талабгорларни танлов асосида ўқишга қабул қилинади.

Танлов асосида давлат таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш давлат буюртмаси, тўлов-контракт ёки табақалашган тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш давлат буюртмалари миқдори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари, ўрта махсус ва касбий таълим муассасаларига ўқишга қабул параметрлари ваколатли давлат органлари томонидан белгиланади.

Давлат таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, шунингдек, тўлов-контракт, табақалашган тўлов-контракт миқдори ва уни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).

Нодавлат таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш, шунингдек, тўлов-контракт, табақалашган тўлов-контракт миқдори ва уни тўлаш тартиби муассислар томонидан белгиланади.

Хорижий давлатларнинг фуқароларини таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш белгиланган тартибда тўлов-контракт асосида (давлат томонидан грант ажратилган ҳоллар бундан мустасно) амалга оширилади.

 

34-модда. Давлат таълим муассасаларига мақсадли қабул

 

Давлат таълим муассасаларига ўқишга мақсадли қабул қилиш кадрларга бўлган реал эҳтиёждан келиб чиқиб тегишли ҳудудлар, соҳа ва тармоқлар бўйича белгиланган тартибда амалга оширилади.

Мақсадли қабул давлат таълим муассасалари, кадрлар буюртмачилари ва фуқаролар ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

 

35-модда. Таълим тўғрисидаги ҳужжатлар

 

Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари асосида таълим олган ва давлат аккредитациясига эга бўлган таълим ташкилотларининг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, аттестат, диплом, сертификат, гувоҳнома) берилади. Давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат оилада таълим олган ёки мустақил равишда билим олган ва аккредитация қилинган давлат таълим муассасаларида тегишли таълим дастурлари бўйича экстернат тартибида имтиҳонлар топширган шахсларга ҳам берилади, давлат таълим муассасаларида ўқитилиши шарт бўлган ва рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйиладиган касблар, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бундан мустасно.

Ўрта махсус (академик лицей), касбий таълим ва олий маълумот тўғрисидаги дипломга ўзлаштирилган фанлар рўйхати, уларнинг ҳажмлари ва фанларга қўйилган баҳолар ёзилган варақа илова қилинади.

Диссертация ҳимоя қилган шахсларга белгиланган тартибда фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражаси берилади ва давлат томонидан тасдиқланган намунадаги диплом топширилади.

Ўзбекистон Республикаси билан хорижий давлатлар ўртасидаги икки томонлама битимлар асосида ҳар икки томоннинг таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари белгиланган тартибда ўзаро тан олиниши мумкин.

Тегишли босқичдаги таълимни тугалламаган шахсларга белгиланган намунадаги маълумотнома берилади.

Давлат тасдиқлаган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат узлуксиз таълим тизимининг навбатдаги тури (босқичи) бўйича таълим олишни давом эттириш ёки тегишли ихтисослик бўйича касбий фаолият юритиш ҳуқуқини беради.

Иккита таълим муассасаси (улардан бири хорижий) ўртасида тузилган шартнома бўйича амалга оширилган таълим асосида битирувчига икки томонлама диплом (Double Diploma)лар берилиши мумкин.

 

36-модда. Таълим ташкилотлари рейтинги

 

Таълим ташкилотлари рейтинги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан аниқланади.

Рейтингни аниқлаш бўйича таълим ташкилоти томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқийлигига унинг раҳбари шахсан жавоб беради.

 

37-модда. Таълим тизими мониторинги

 

Таълим тизими мониторингини олиб боришдан мақсад таълимнинг ҳолати, таълим натижаларининг ўзгариш динамикаси, таълим фаолиятини амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар, таълим олувчиларнинг контингентига оид маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқарув қарорларини қабул қилишдан иборат.

Таълим тизимининг мониторингини ташкил этиш таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, таълим ташкилотлари ҳамда таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Таълим ҳолати таҳлили ва ривожланиш истиқболлари бўйича маълумотлар таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, таълим ташкилотлари ҳамда таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилиши мумкин.

Таълим тизимига оид маълумотлар расмий статистик маълумотлар, таълим тизими мониторинги маълумотлари ва таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим ташкилотлари маълумотларидан иборат.

Мониторинг натижаларидан таълим ташкилотларининг рейтингини аниқлашда фойдаланилиши мумкин.

 

5-боб. Таълим ташкилотлари ходимлари

 

38-модда. Педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи

 

Тегишли маълумоти, касб тайёргарлиги бор ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Педагогик таълим ва малакага эга бўлмаган олий маълумотли шахсларга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи педагогик қайта тайёрлашдан ўтгандан сўнг берилади (ўриндош ва соатбайлар, касбий таълимда амалиётни ўтказувчи ишлаб чиқариш таълими усталари ва бошқа мутахассислар бундан мустасно).

Педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан суднинг тегишли қарорига кўра маҳрум қилинган шахсларнинг таълим ташкилотларида бу фаолиятни амалга оширишига йўл қўйилмайди.

 

39-модда. Педагог ходимларнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва

                 эркинликлари, уларни амалга оширишнинг кафолатлари

 

Ўзбекистон Республикасида педагог ходимларнинг ҳуқуқий мақоми давлат ва жамият томонидан тан олинади ва уларнинг касбий фаолиятини амалга ошириш учун шароитлар яратилади, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади ҳамда ижтимоий мавқеи ва обрў-эътиборини ошириш учун ҳуқуқ ва эркинликлар берилади.

Педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан ҳимояланади.

Педагог ходимлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзининг касби шарафи ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

амалга оширилаётган ўқув дастури доирасида муаллифлик дастурларини яратиш ва қўллаш, ўқитиш усулларини ишлаб чиқиш, шунингдек, алоҳида ўқув фани, курс ва модулдан фойдаланиш, ижодий ташаббус кўрсатиш;

касбий фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитларнинг яратилишини талаб қилиш;

таълим ташкилотининг ички меъёрий ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқув, методик ва илмий йўналишлардаги хизматлардан бепул фойдаланиш;

давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари, малака талаблари, ўқув режалари, ўқув фан дастурлари ва бошқа ўқув-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

илмий, илмий-тадқиқот, ижодий ишларни амалга ошириш, экспериментал фаолиятда иштирок этиш, инновацияларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

таълим ташкилоти фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама этишда, шу жумладан, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали иштирок этиш;

таълим ташкилотининг устави (таъсис ҳужжати)да белгиланган тартибда уни бошқаришда, шу жумладан, коллегиал бошқарув органларида иштирок этиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларнинг вакиллик органлари, касаба уюшмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларига аъзо бўлиш;

ўз касбий ҳуқуқ ва умумий манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда педагог ходимларнинг жамоат бирлашмаларига бирлашиш, улар номидан таълимни бошқариш, таълим сиёсати йўналишларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда иштирок этиш;

касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни, касб одоб-ахлоқи меъёрлари бузилишини текширишда холисона ва адолатли ёндашувни талаб қилиш;

таълим бериш, ўз фикрини баён этиш, касбий фаолиятини монеликсиз амалга ошириш;

педагогик асосланган шакллар, воситалар, ўқитиш ва тарбиялаш усулларини танлаш ва улардан фойдаланиш;

давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш (давлат таълим муассасалари учун);

таълим олувчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этиш.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Педагог ходимларни лавозим вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай ишларга жалб этиш тақиқланади.

 

 

 

40-модда. Педагог ходимларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги

 

Педагог ходимлар қуйидагиларга мажбурдир:

ўз фаолиятини юқори касбий даражада ташкил этиш;

ўқув-педагогик фаолиятни ҳалол ва виждонан олиб бориш;

ўқув машғулотларини сифатли ўтказишни таъминлаш;

таълим олувчиларга ва таълим фаолиятининг бошқа иштирокчилари шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш;

таълим сифатини таъминлаш учун таълим ва тарбия беришнинг илғор педагогик, шу жумладан, инновацион шакллари ва усулларини қўллаш;

таълим жараёнида таълим олувчиларнинг психологик хусусиятлари ва физиологик ривожланиши ҳамда уларнинг саломатлигини инобатга олиш, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган шахсларни ўқитиш учун зарур бўлган алоҳида шартларни эътиборга олиш;

таълим олувчиларга таълим-тарбия беришда уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамжиҳатликда ишлаш;

касб, одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилиш;

ўзининг касбий савияси, билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш ва такомиллаштириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгаллаган лавозимига лойиқлиги бўйича аттестациядан ўтиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда малака ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиш;

таълим ташкилотининг устави (таъсис ҳужжати)га ва унинг ички меҳнат тартиб-қоидаларига риоя қилиш.

Педагог ходимларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

Таълим ташкилотининг педагог ходимига ушбу ташкилотнинг таълим олувчиларига пулли таълим хизматини кўрсатиш, агар унинг бу фаолияти манфаатлар тўқнашувига олиб келса, тақиқланади.

Педагог ходимларга таълим олувчиларга нисбатан ахлоққа зид бўлган, куч ишлатиш ҳаракатларини амалга ошириш, таълим фаолиятидан давлат сиёсатига зид ташвиқот юритиш, таълим олувчиларни бирон-бир сиёсий партия ёки ҳаракат аъзолигига кириш, диний ва бошқа эътиқодларни қабул қилиш ёки рад этишга ундаш, уларда ижтимоий, ирқий, этник ёки диний нафратни қўзғатиш, фуқароларнинг ижтимоий, ирқий, миллий, диний ёки тилга мансублиги, динга бўлган муносабатидан келиб чиқиб уларни устун қўйиш ёки камситиш, шу жумладан, халқларнинг тарихий, миллий, диний ва маданий анъаналарига оид ишончсиз маълумотларни таълим олувчиларга етказиш, шунингдек, таълим олувчиларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид бўлган қарашларни уйғотиш мақсадида фойдаланиш тақиқланади.

Педагог ходимларнинг кийинишига қўйиладиган талаблар таълим ташкилотлари томонидан белгиланиши мумкин.

Педагог ходимлар ўз лавозим мажбуриятларини бажармаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

41-модда. Илмий ходимлар

 

Олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ташкилотларида илмий ходим лавозимлари назарда тутилади.

Илмий ходимлар фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.

 

42-модда. Таълим ташкилотлари раҳбарияти

 

Давлат таълим муассасасининг раҳбарияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Таълим ташкилотларининг раҳбарияти лавозимига тайинланадиган шахслар раҳбарлик қобилиятига, шу жумладан, таълим, тижорат ва нотижорат ишларида бошқарув тажрибасига ҳамда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлиши, шунингдек, хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида кўрсатилган талаблар ҳамда лавозим вазифаларига мувофиқ бўлиши керак.

Олий таълим ташкилотларида бош менежер лавозими ташкил этилиши мумкин. Ушбу лавозимга бошқарув тажрибасига, инвестицияларни жалб этиш ва инновацияларни жорий этиш қобилиятига эга шахслар тайинланади.

Олий таълим ташкилотларида ректор маслаҳатчиси лавозими таъсис этилиши мумкин. Ушбу лавозимга олий таълим ташкилоти ривожига ҳисса қўшган, жамоада ҳурмат ва эътибор қозонган, таълим ва фаннинг етук намояндалари ўрнатилган мезонлар асосида тайинланади.

Педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан суднинг тегишли қарорига кўра маҳрум қилинган шахсларнинг таълим ташкилотларида раҳбар лавозимларини эгаллаши тақиқланади.

Таълим ташкилотлари раҳбариятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари, жавобгарлиги қонун ҳужжатлари ҳамда таълим ташкилотларининг уставига (таъсис ҳужжатига) мувофиқ белгиланади.

Таълим ташкилотларининг раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда педагог ходимлар учун бериладиган ҳуқуқлар ва ижтимоий кафолатлардан фойдаланади ҳамда ижтимоий ҳимоя қилинади.

Таълим ташкилотларининг раҳбарларига таълим олувчиларни таълим олишга тегишли бўлмаган, педагог ва бошқа ходимларни уларнинг лавозим вазифаларида кўрсатилмаган бошқа ишларга жалб этиш тақиқланади.

 

43-модда. Таълим ташкилотларининг бошқа ходимлари

 

Таълим ташкилотларининг бошқа ходимлари таркибига бухгалтер, маъмурий-хўжалик, техник, мухандис-техник, ишлаб чиқариш, ўқув-ёрдамчи, тиббий ва қўшимча функцияларни бажарувчи ходимлар киради.

Юқорида қайд этилган лавозимларни эгаллаш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

Ушбу ходимларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, ички меъёрий ҳужжатлар, лавозим йўриқномалари ва меҳнат шартномалари билан белгиланади.

 

6-боб. Таълим олувчилар ва ота-оналарнинг (қонуний

            вакилларнинг) ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги

 

44-модда. Таълим олувчиларнинг ҳуқуқлари

 

Таълим олувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

етти ёшгача мактабгача таълим олиш;

бепул умумий ўрта таълим олиш;

мактаб ёшига етганда яшаш жойининг яқин атрофида жойлашган (микроҳудуд) давлат умумий ўрта таълим муассасасига қабул қилиниш;

таълим ташкилоти ва таълим олиш шаклини танлаш;

давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқ сифатли таълим олиш;

психологик хусусият ва физиологик ривожланиш ҳамда соғлиғини инобатга олган ҳолда ўқиш учун шарт-шароитларга эга бўлиш ва бепул психологик ва тиббий хизматлардан фойдаланиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда индивидуал ўқув дастурлари бўйича таълим олиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таълим олиш даврида ҳарбий хизматга чақирув муддатини кечиктириш;

касбий таълим ва олий таълимнинг давлат таълим стандартлари талаблари асосида ишлаб чиқилган, ички меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибда ўзи оладиган таълимнинг мазмунини шакллантиришда иштирок этиш;

инсоний қадр-қимматини ҳурмат қилиниши, барча жисмоний ва руҳий зўравонликлардан, педагог ва бошқа ходимлар томонидан шахси ҳақорат қилинишидан ўзини ҳимоя қилиш, ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш;

виждон ва ахборот олиш эркинлиги, ўз фикри ва эътиқодини эркин ифода этиш;

таълим олиш даврида дам олиш ва бошқа ижтимоий мақсадлар учун қонун ҳужжатларига ва ўқув режаларига мувофиқ режалаштирилган таътиллар олиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ академик таътиллар ва стипендиялар олиш, бошқа таълим ташкилотига, таълим шаклига, касбларга, таълим йўналишларига, мутахассисликларга ўқишини кўчириш ва тиклаш;

таълим ташкилотининг устави ёки таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда уни бошқариш масалалари муҳокамасида иштирок этиш, ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш;

таълим ташкилотининг ички меъёрий ҳужжатлари юзасидан шикоят қилиш;

таълим ташкилотининг ички меъёрий ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқув, методик, илмий-ишлаб чиқариш, маданий, спорт, маиший йўналишлардаги хизматлардан бепул фойдаланиш;

соғлиғини профилактика қилиш ва мустаҳкамлаш мақсадида тиббий-соғломлаштириш масканларида даволаниш ҳамда даволаш воситаларидан фойдаланиш;

ўзининг ижодий қобилияти ва салоҳиятини ривожлантириш учун олимпиадалар, кўргазмалар, танловлар, спорт мусобақалари, маънавий-маърифий ва бошқа тадбирларда қатнашиш;

таълим ташкилотининг илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, илмий-техникавий, экспериментал ва инновацион фаолиятида иштирок этиш;

танланган мавзулар, амалиётлар, шу жумладан, академик алмашинув орқали бошқа таълим ташкилотлари ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларида, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олиш ва илмий изланишлар ўтказиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таълим дастурини ўзлаштиришга халақит бермайдиган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Таълим олувчиларни таълим олиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб этиш тақиқланади.

 

45-модда. Таълим олувчиларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги

 

Таълим олувчилар қуйидагиларга мажбурдир:

ўқув дастури асосида билимларни ўзлаштириш, дарс машғулотларига қатнашиш, дарсларга мустақил тайёргарлик кўриш, педагог ходимлар томонидан берилган топшириқларни бажариш;

таълим жараёни иштирокчиларига нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик ва уларнинг ўз вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилмаслик;

таълим ташкилоти устави (таъсис ҳужжати) талабларига, ички тартиб-қоидаларга, вақтинчалик турар жойларда яшаш қоидаларига, таълим фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишга оид бошқа ички ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

ахлоқий, маънавий ва жисмоний ривожланиш, ўз дунёқарашини кенгайтиришга интилиш;

бошқа таълим олувчилар ва таълим жараёни иштирокчиларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш;

таълим ташкилотининг мол-мулки, моддий ва маданий бойликларини асраб-авайлаш.

Таълим олувчиларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

Белгиланган мажбуриятларни бажармаганлик учун таълим олувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

 

46-модда. Таълим олувчиларнинг кийинишига қўйиладиган

                  талаблар

 

Таълим ташкилотлари таълим олувчиларнинг кийинишига, шунингдек, кийимининг умумий кўринишига, рангига, услубига, турига, сифатига ва унинг кийиниш қоидасига талаблар қўйиши мумкин. Тегишли ички меъёрий ҳужжатлар таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари), шунингдек, ушбу таълим ташкилоти ходимлари ваколатли органининг (агар мавжуд бўлса) фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.

Давлат умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларининг кийинишига қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Таълим олувчиларни кийимлар билан давлат томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан таъминлаш белгиланган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Таълим олувчиларнинг таълим ташкилотларига (диний ташкилотларнинг таълим муассасалари бундан мустасно) диний (ибодат) либосларда келишларига йўл қўйилмайди.

 

47-модда. Таълим олувчиларни вақтинчалик турар жойлар билан

                  таъминлаш

 

Таълим ташкилоти томонидан кундузги шаклда таълим олувчилар учун, шунингдек, сиртқи шаклда таълим олувчилар учун оралиқ ва якуний аттестациядан ўтиш даврида, агар ушбу таълим ташкилотларида вақтинчалик турар жойлар мавжуд бўлса, бундай жойларда яшашга эҳтиёжи бўлганлар учун вақтинчалик турар жойлардан жой берилиши мумкин.

Вақтинчалик турар жойлар таълим олувчиларга таълим ташкилотининг ички меъёрий ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади. Вақтинчалик турар жойлар мавжуд бўлганда, етим болалар ва ота-она (қонуний вакил)қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, ўқиш даврида ота-онасидан (қонуний вакилидан) ёки уларнинг биридан маҳрум бўлганлар, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларга биринчи навбатда вақтинчалик турар жойлардан жой берилади. Вақтинчалик турар жойларда яшовчи ҳар бир таълим олувчи билан белгиланган тартибда шартнома тузилади (давлат умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари бундан мустасно). Вақтинчалик турар жойларга муҳтож бўлган таълим олувчилар мавжуд бўлганда, бундай жойлардан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ижара шартномасига мувофиқ таълим ташкилотининг вақтинчалик турар жойларларида яшайдиган таълим олувчилар тўловларни амалга оширади.

Вақтинчалик турар жойлардан фойдаланиш учун ҳақ тўлаш миқдори таълим ташкилоти томонидан белгиланади.

Вақтинчалик турар жойлардан фойдаланиш учун ҳақ тўлаш миқдори таълим олувчилар ва уларнинг таълим ташкилотидаги вакиллик органлари фикрларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган ички меъёрий ҳужжатлар билан белгиланади.

Таълим ташкилоти томонидан таълим олувчиларга вақтинчалик турар жойлардан фойдаланганлик учун тўлов миқдорини камайтиришга ёки уларнинг айрим тоифалари учун бундай тўловни ундирмасликка йўл қўйилади. Етим болалар ва ота-она (қонуний вакил) қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, ўқиш даврида етим бўлиб қолган болалар, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар ва шахслар вақтинчалик турар жойлардан фойдаланганлиги учун ҳақ тўлашдан озод қилинади.

 

48-модда. Вояга етмаган таълим олувчилар ота-оналарининг

                   (қонуний вакилларининг) ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва

                   жавобгарлиги

 

Вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) болани ўқитиш, тарбиялаш, жисмоний, маънавий ва интеллектуал ривожланиши учун масъулдир.

Давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда таълим ташкилотлари вояга етмаган болаларни тарбиялаш, жисмоний ва руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда мустаҳкамлаш, шунингдек, индивидуал қобилиятларини ривожлантиришда уларнинг ота-оналарига (қонуний вакилларига) кўмаклашади.

Вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган, шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтож болага мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус таълимни уйда якка тартибда олиш;

оилада таълим олаётган боланинг фикрини инобатга олган ҳолда унинг ўқишини таълим ташкилотида тегишли таълим босқичида давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, ўқув жараёнини такомиллаштириш, моддий-техник базасини ривожлантириш бўйича таклифлар бериш, ихтиёрий ёрдам кўрсатиш;

таълим ташкилоти устави (таъсис ҳужжати), таълим фаолиятини олиб бориш ҳуқуқини берувчи лицензия, давлат аккредитацияси тўғрисидаги сертификат, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари, малака талаблари, ўқув режаси ва ўқув фани дастурлари ва таълим фаолиятини олиб бориш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар билан танишиш;

таълим мазмуни, қўлланилаётган таълим ва тарбия усуллари, таълим технологиялари, шунингдек, фарзандларининг фанларни ўзлаштириш натижалари билан танишиш;

таълим олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

таълим ташкилоти устави (таъсис ҳужжати)да белгиланган тартибда уни бошқариш ва қарор қабул қилиш масалаларида иштирок этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) қуйидагиларга мажбурдир:

Вояга етмаганлар ота-оналарининг (қонуний вакилларининг) мажбуриятлари:

болаларини инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ўз тили, адабиёти ва тарихига, миллий, маънавий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш;

болаларининг умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олишини таъминлаш;

болаларининг дарс машғулотларига қатнашишини таъминлашва ўзлаштиришини назорат қилиш;

болаларининг жисмоний, маънавий ва интеллектуал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш;

таълим ташкилотининг ички тартиб-қоидаларига, таълим олувчиларнинг ўқиш режимини тартибга соладиган ички меъёрий ҳужжатлар талабларига, таълим олувчилар ва (ёки) уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) ҳамда таълим ташкилоти ўртасидаги таълим муносабатларини тартибга солиш бўйича регламент талабларига риоя қилиш;

жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларда, шу жумладан, судда алоҳида ваколатсиз, болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

таълим жараёни иштирокчиларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш.

Вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-оналарига (қонуний вакилларига) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

Белгиланган мажбуриятларни бажармаганлик учун вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

 

 

7-боб. Таълим жараёни иштирокчиларининг ижтимоий ҳимояси

 

49-модда. Таълим олувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш

 

Таълим ташкилотларида таълим олувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар, стипендия ва вақтинчалик турар жой билан таъминланиши мумкин.

Тўлов-контракт асосида таълим олувчилар учун имтиёзли банк кредитлари берилиши мумкин.

Таълим олувчиларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун тўлаган маблағларини суғурталаш тизими жорий этилиши мумкин.

Нодавлат таълим ташкилотлари таълим олувчиларнинг ижтимоий ҳимоясини ўз устави (таъсис ҳужжати)да белгиланган тартибда амалга оширади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим ташкилотларида кам таъминланган шахслар, кўп болали оилаларнинг болалари ҳамда жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган шахслар учун ижтимоий тенглик ҳамда ушбу тоифадаги битирувчиларнинг касбий ўсиши учун давлат томонидан шарт-шароитлар яратилади.

 

50-модда. Таълим ташкилотларининг ходимларини

                  ижтимоий ҳимоя қилиш

 

Давлат томонидан таълим ташкилотлари ходимларининг ижтимоий ҳимояси кафолатланади.

Таълим ташкилотлари педагог ходимларига иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади, ҳақ тўланадиган йиллик узайтирилган ва ижодий таътиллар, илмий даража ва илмий унвони, тоифа даражаси ва эгаллаб турган лавозимига мувофиқ иш ҳақи ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа имтиёзлар ва кафолатлар берилади.

Педагог ходимлар санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва профилактика чоралари билан амалга ошириладиган саломатлик муҳофазасига эга бўладилар.

Педагог ходимларга санаторий-курорт, соғломлаштириш марказларида даволаниш учун имтиёзли йўлланмалар берилиши мумкин.

Таълим ташкилотларининг бошқа ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва кафолатлар берилади.

Таълим ташкилотлари иш ҳақига мўлжалланган мавжуд маблағлар доирасида мустақил равишда иш ҳақига табақалаштирилган устама белгилашга ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашва уни рағбатлантиришнинг турли шаклларини қўллашга ҳақли.

Нодавлат таълим ташкилотлари томонидан ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча усуллари ва шартлари уларнинг устави (таъсис ҳужжати)да ҳамда ички меъёрий ҳужжатларида белгиланади.

 

51-модда. Етим болаларни ва ота-оналарининг (қонуний

                   вакилларининг) қарамоғидан маҳрум бўлган

                   болаларни ўқитиш

 

Етим болаларни ва ота-онасининг (қонуний вакилининг) қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ўқитиш ва уларни боқиш давлатнинг тўла таъминоти асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

52-модда. Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган

                 болаларни ўқитиш. Инклюзив таълим

 

Давлат жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари ҳамда касб-ҳунар таълимни бепул олишини таъминлайди.

Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган, шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларни ўқитиш, уларни тарбиялаш ҳамда даволаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилади. Болаларни ушбу таълим муассасаларига юбориш ва улардан чиқариш ота-оналарнинг ёки қонуний вакилларнинг розилиги билан психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасига биноан амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг ўқувчилари қисман ёки тўла давлат таъминотида бўлади.

Таълим ташкилотларида зарур шарт-шароитлар яратилган тақдирда жисмоний ёки руҳий ривожланишида енгил нуқсони бўлган болаларнинг инклюзив шароитда таълим олишлари ташкил этилади.

Инклюзив шароитда, уйда якка тартибда ҳамда даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда таълим олишни ташкил этиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

 

53-модда. Ижтимоий ёрдам ва реабилитацияга муҳтож бўлган

                 шахсларни ўқитиш

 

Алоҳида шароитларда тарбияланиш ва ўқишга муҳтож бўлган болалар ҳамда ўсмирлар учун уларнинг билим олиши, касб тайёргарлиги ва ижтимоий реабилитациясини таъминлайдиган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ташкил этилади.

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасида жазони ўташ муассасаларида сақланаётган шахсларнинг таълим олиши ва мустақил билим олиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шароитлар яратилади.

 

 

 

 

8-боб. Таълим ташкилотларини лицензиялаш, аттестация ва

            давлат аккредитациясидан ўтказиш, таълим тўғрисидаги

            ҳужжатни тан олиш, апостиль қўйиш

 

54-модда. Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини

                 лицензиялаш

 

Лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар номуайян муддатга ҳар бир таълим тури учун алоҳида берилади.

Нодавлат таълим ташкилотлари номуайян муддатга бериладиган лицензияни олгандан сўнг беш йил муддатда давлат аккредитациясидан ўтмаган тақдирда уларнинг лицензияси ўз кучини йўқотади.

Олий таълим муассасалари рейтингини белгилаш бўйича халқаро тан олинган ташкилотларнинг рейтингида юқори 1000 таликка киритилган хорижий мамлакатларнинг таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим фаолиятини олиб бориш (филиалларини очиш, ҳамкорликда таълим муассасаларини ташкил этиш) учун лицензия олиш талаб этилмайди ва улар белгиланган тартибда давлат реестрига киритилади.

 

55-модда. Таълим ташкилотларини аттестация ва давлат

                  аккредитациясидан ўтказиш

 

Мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касбий таълим, олий, кадрларни малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек, олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот муассасалари аттестациява давлат аккредитациясидан ўтказилади.

Таълим ташкилотлари аттестацияси ва давлат аккредитацияси таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан уларнинг аризасига кўра ўтказилади. Ариза аккредитация муддати тугашидан уч ой олдин тақдим этилиши зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ташкил этилган таълим муассасалари, шунингдек, лицензия олган ва давлат таълим стандартлари ва (ёки) давлат таълим талаблари асосида фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари ташкил этилган кундан бошлаб беш йил муддатга аккредитацияланган ҳисобланади.

Таълим ташкилотларини давлат аккредитациясидан ўтказиш учун таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи ҳузурида доимий фаолият кўрсатувчи аккредитация комиссияси тузилади.

Давлат аккредитацияси таълим ташкилотларининг аттестациясига кўра амалга оширилади. Аккредитация комиссияси таълим ташкилотлари фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига, шунингдек, ўқув дастурларига жавоб беришини эътироф этиш билан биргаликда унинг мақомини ҳам белгилайди.

Таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш юзасидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, уларга давлат аккредитацияси ҳақида белгиланган шаклдаги амал қилиш муддати кўрсатилган сертификат берилади.

Таълим ташкилотлари қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда давлат аккредитацияси ҳақидаги сертификат ўз кучини йўқотади.

Давлат аккредитациясидан ўтган таълим ташкилотлари томонидан таълимга оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ёки сертификатда белгиланган талаблардан четга чиқиш ҳолатлари аниқланган тақдирда таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан давлат аккредитацияси ҳақидаги сертификат бекор қилинади.

Давлат аккредитациясидан ўтган таълим ташкилотлари таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органида ҳисобга олинади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Давлат таълим муассасалари янги ташкил этилганда, қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан, нодавлат таълим ташкилотлари тугатилганда улар томонидан тегишли қарор нусхаси бир ҳафта муддатда давлат статистика органларига, таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органига ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатларини тартибга солувчи органларнинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этилади.

 

56-модда. Таълим ташкилотларини ички аттестациядан ўтказиш

 

Таълим ташкилотлари ташқи аттестациядан ўтказилишидан олдин таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан ишлаб чиқилган аттестациядан ўтказиш кўрсаткичлари ва мезонлари асосида ўзини ўзи ички аттестациядан ўтказади.

Таълим ташкилотлари ички аттестация натижасини ташқи аттестация жараёни бошланишидан икки ой олдин таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органига тақдим этади.

Таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи ички аттестация натижаларини ўрганади ва ташқи аттестация жараёнида ундан фойдаланади.

Таълим ташкилотларининг ички аттестацияси натижаларининг ишончлилиги учун уларнинг раҳбарияти жавоб беради.

 

57-модда. Таълим ва фан соҳасига оид расмий ҳужжатларга

                  апостиль қўйиш

 

Таълим ва фан соҳасига оид расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш ҳужжатни имзолаган шахс имзосининг ҳақиқийлигини ва ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун амалга оширилади.

Апостилга қўйиладиган имзо, муҳр ёки штамп қўшимча равишда тасдиқлашни талаб этмайди.

Таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

 

58-модда. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги

                 ҳужжатларни тан олиш

 

Хорижий мамлакатларда 1992 йил 1 январдан сўнг олинган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қонуний кучга эга бўлиши учун тан олиниши лозим.

Хорижий мамлакатларда олинган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Хорижий мамлакатларда олинган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

9-боб. Таълимни молиялаштириш ва моддий қўллаб-қувватлаш

 

59-модда. Таълимни молиялаштириш

 

Давлат таълим муассасаларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарларнинг бюджетлари, кадрлар буюртмачиларининг маблағлари, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига, нодавлат таълим муассасалари ва таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларни молиялаштириш уларнинг муассислари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтишлари учун давлат томонидан шарт-шароитлар яратилади.

Давлат таълим муассасалари уставида белгиланган вазифаларга мувофиқ пулли таълим хизматлари кўрсатиш, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан белгиланган тадбиркорлик фаолиятининг бошқа турлари билан шуғулланишга ҳақли.

Давлат таълим муассасалари томонидан пулли таълим хизматлари кўрсатиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш уларнинг асосий фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилмаслиги керак.

Давлат таълим муассасаларида қўшимча таълим олганлик учун таълим олувчилардан тўловлар ундириш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Давлат таълим муассасалари томонидан пулли қўшимча таълим хизматлари кўрсатиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш эвазига топилган пул маблағлари улар томонидан мустақил сарфланади.

Таълим ташкилотларини молиялаштиришнинг қўшимча манбаларига қуйидагилар киради:

шартномалар, шу жумладан, хорижий давлатлар билан тузилган шартномаларга мувофиқ кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишдан тушган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртмасига асосан илмий-тадқиқот, ўқув-методик ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа ишларни бажаришдан тушган маблағлар;

таълим ташкилотларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан олинган даромадлар;

вақтинча фойдаланилмаётган бинолар, иншоотлар ва асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган маблағлар;

таълим ташкилотлари ҳисобидаги бўш турган пул маблағларини банк муассасаларига вақтинчалик депозитга қўйиш ҳисобига олинган пул маблағлари (фоизлар);

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бериладиган дотациялар;

банк кредитлари ва ссудалари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари.

Мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус таълимда ҳар бир тарбияланувчи ва ўқувчига ажратиладиган маблағ миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади ва ушбу маблағ тарбияланувчилар ҳамда ўқувчилар ўқиётган таълим ташкилотларига йўналтирилиши мумкин.

 

60-модда. Таълимни ривожлантириш жамғармалари

 

Таълимни ривожлантириш жамғармалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат бюджети маблағлари, давлат ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари ва ихтиёрий бадаллари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил этилиши мумкин.

 

 

 

 

61-модда. Таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик

 

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритувчи юридик шахслар ташкил этилиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган таълим ташкилотларида таълим жараёни давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ ташкил этилади.

Таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шакллари жорий этилади:

нодавлат таълим ташкилотларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари тақдим этиш;

нодавлат таълим ташкилотлари биноларини қуриш учун фаолият юритаётган давлат таълим муассасаларининг ҳудудида бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари ажратиб бериш;

мавжуд давлат таълим муассасаларини реконструкция қилиш
ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан нодавлат таълим ташкилотлари объектларини қуриш учун бепул асосда
ер майдонларини тақдим этиш;

концессия асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш;

бўш ётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат таълим муассасаларининг биноларини “ноль” харид қийматида сотиш;

тўлиқ бутланмай қолган давлат таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган хоналари ёки корпусларини узоқ муддатли бепул мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга топшириш;

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган нодавлат таълим ташкилотларини моддий-техник ва молиявий таъминлаш;

оилавий мактабгача нодавлат таълим ташкилотларини моддий-техник ва методик таъминлаш;

оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш.

Таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклиги шаклига қараб хусусий шерик зиммасига инвестиция мажбуриятларининг қуйидаги турлари юкланиши мумкин:

ижтимоий мададга муҳтож оилалардан муайян миқдордаги тарбияланувчилар ва ўқувчиларни ўқитиш, улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорларини (мазкур жойдаги давлат таълим муассасалари учун белгиланганидан ошмайдиган миқдорларда) белгилаб қўйиш;

хусусий шерикка бириктирилган давлат таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш борасидаги ишларни амалга ошириш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутиладиган бошқа мажбуриятларни бажариш.

Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари давлат томонидан шерик сифатида хусусий шерик билан битим тузади ҳамда ушбу битим шартларини хусусий шерик томонидан қандай бажарилаётгани мониторингини олиб боради.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар амал қилишининг қуйидаги муддатлари белгиланади:

нодавлат таълим ташкилотларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари тақдим этиш битими – камида 30 йил;

бўш ётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат таълим муассасаларининг биноларини “ноль” харид қийматида сотиш битими – камида 30 йил;

тўлиқ бутланмай қолган давлат таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган хоналари ёки корпусларини узоқ муддатли бепул мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга топшириш битими – камида
30 йил;

нодавлат таълим ташкилотлари биноларини қуриш учун фаолият юритаётган давлат таълим муассасаларининг ҳудудида бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари ажратиб бериш битими – камида 30 йил;

мавжуд давлат таълим муассасаларини реконструкция қилиш
ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан нодавлат таълим ташкилотлари объектларини қуриш учун бепул асосда
ер майдонларини тақдим этиш битими – камида 30 йил;

концессия асосида қурилиш учун ер майдони ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш битими – 15 йилгача;

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган нодавлат таълим ташкилотларини моддий жиҳатдан таъминлаш битими – камида
10 йил;

оилавий мактабгача нодавлат таълим ташкилотларини моддий-техник ва методик таъминлаш битими – камида 3 йил;

оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш битими – камида
1 йил.

Ўз фаолиятини олинган имтиёзли кредит асосида ёки давлат-хусусий шериклик шартларида тадбиркорлик субъектларига топширилган объектларда бошлаган нодавлат таълим ташкилотларининг фаолиятини
у ташкил этилган кундан бошлаб 30 йил мобайнида қайта ихтисослаштириш тақиқланади.

Таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


62-модда. Таълим соҳасига инвестицияларни жалб қилиш

 

Таълим ташкилотлари ва давлат-ҳусусий шериклик асосидаги таълим ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини ривожлантириш мақсадида инвестициялар жалб этилиши мумкин.

Давлат таълим соҳасига инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай ижтимоий-ҳуқуқий муҳит яратилишини таъминлайди.

Давлат таълим соҳасида инвестицияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёз ва преференциялар беради.

Таълим соҳасидаги инвестициялар юзасидан келиб чиқадиган низолар, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномалари асосида ҳал қилинади.

 

63-модда. Таълим ташкилотларининг мол-мулки

 

Таълим ташкилотлари ўз мулкида, оператив бошқарувида ёки хўжалик юритувида алоҳида мол-мулкка эга бўлишлари лозим.

Давлат таълим муассасалари оператив бошқарувида ёки хўжалик юритувида бўлган объектлар (бинолар, иншоотлар, қурилаётган бино
ва иншоотлар), ўқув, ишлаб чиқариш, ижтимоий инфратузилмалар, вақтинчалик турар жой бинолари, клиник базалар ва бошқа кўчмас мулк объектларининг хусусийлаштирилишига йўл қўйилмайди.

Таълим ташкилотлари қайта ташкил этилганда таълим ташкилотига тегишли мол-мулк белгиланган тартибда янги ташкил этилаётган таълим ташкилотига ҳуқуқий ворислик асосида ўтади.

Таълим ташкилотлари тугатилганда уларга тегишли мол-мулк кредиторларнинг талаблари қондирилгандан сўнг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг муассисларига (иштирокчиларига), агар қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, топширилади.

 

10-боб. Таълим тизимида назорат

 

64-модда. Таълим соҳасидаги давлат назорати

 

Давлат томонидан таълим сифатининг таъминланишини назорат қилишдан мақсад таълим ташкилотлари томонидан берилаётган таълим мазмуни ва сифатининг ушбу Қонун, таълим соҳасига оид бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқлигини белгилаш ҳисобланади.

Мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунувидан қатъий назар таълим ташкилотлари фаолияти устидан қонун ҳужжатлари асосида давлат назорати амалга оширилади.

Таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Таълим ташкилотлари таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органига таълим сифатини таъминлаш устидан давлат назоратини амалга оширишда кўмаклашишга мажбур.

Таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи таълим ташкилотлари томонидан берилаётган таълим мазмуни
ва сифатининг ушбу Қонун, таълим соҳасига оид бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига номувофиқлигини аниқлаганда уни бартараф этиш бўйича уларга тақдимнома киритади.

Таълим сифатини назорат қилиш ваколатига эга бўлмаган органлар томонидан таълим ташкилотларининг таълим сифатини, ўқув жараёнининг ташкил этилишини, педагог кадрлар меҳнат фаолиятини, таълим олувчилар ўзлаштиришини тафтиш этишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

 

65-модда. Таълим соҳасидаги жамоатчилик назорати

 

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим соҳасида жамоатчилик назорати амалга оширилиши мумкин.

 

66-модда. Педагог ходимлар фаолиятини назорат қилиш

 

Педагог ходимлар фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатлари асосида аттестациядан ўтказиш, уларнинг фаолиятини ўрганиш, баҳолаш
ва бошқа шаклларда амалга оширилади.

Педагог ходимларнинг аттестациясини ташкил этиш ва ўтказиш таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тегишли таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

11-боб. Таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик

 

67-модда. Таълим ташкилотларининг халқаро алоқалари

 

Таълим ташкилотлари таълим соҳасидаги муаммолар юзасидан илмий-техникавий алоқаларни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ халқаро ҳамкорликда иштирок этиш, хорижий мамлакатларнинг тегишли таълим муассасалари (ташкилотлари) билан бевосита алоқалар ўрнатиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар билан ҳамкорликда қўшма факультетлар, қўшма ўқув марказлар, илмий лабораториялар ташкил этиш, халқаро даражадаги таълим ва илм-фанга доир қўшма дастурлар
ва лойиҳаларни тайёрлаш, фундаментал илмий-тадқиқот лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-амалий анжуманлар, конференциялар ва симпозиумларни ўтказиш, талабалар, магистрантлар, докторантлар, педагог ва илмий ходимларни алмашиш, икки томонлама дипломлар (Double Diploma) дастурларини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Таълим ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлар асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиши мумкин.

Таълим ташкилотлари халқаро алоқаларни ўрнатишда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

68-модда. Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқарув

                  органларининг халқаро алоқалари

 

Таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари таълим соҳасига оид муносабатлар доирасида хорижий давлатларнинг тегишли ташкилотлари ва нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи жисмоний шахсларни хорижий мамлакатларнинг таълим муассасаларига ўқишга юбориш, педагог ходимлар ва талабалар алмашувини амалга ошириш, раҳбар ва педагог ходимларнинг хорижий мамлакатларда малакасини оширишни ташкил этиш, ўз ходим
ва мутахассисларини халқаро анжуманларга ва тажриба алмашишга юбориш, халқаро лойиҳалар ҳамда илмий тадқиқотларда иштирок этишини қўллаб-қувватлаш ва бошқа ҳуқуқларга эга.

 

69-модда. Хорижда таълим олиш

 

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи жисмоний шахслар халқаро шартномалар бўйича ёки индивидуал тарзда хорижда таълим олиш ҳуқуқига эга.

Халқаро шартномалар асосида хорижда ўқишга қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи жисмоний шахслар халқаро шартномаларда назарда тутилган имтиёз ва ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

 

12-боб. Якунловчи қоидалар

 

70-модда. Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

                  учун жавобгарлик

 

Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.

71-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини,

                  моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлайди.

 

72-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

73-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши тартиби

 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...