Cайт ранги: A A


Муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ “КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ БОШҚАРИШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

 

 

 

Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида

 

 

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва тартибга солиш предмети

Мазкур қонуннинг мақсади кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Мазкур Қонун кўп квартирали уйлардаги умумий улушли мол-мулкни бошқариш муносабатларини тартибга солади ва бундай мулкни бошқариш тартибини, бошқарув шаклларини, кўп квартирали уйни бошқариш органларининг ҳуқуқларини, уларни ташкил қилиш, фаолиятини юритиш, фаолиятини тўхтатиш, шунингдек, давлат бошқаруви ва назорат органлари билан уларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади.

2-модда. Мазкур Қонуннинг амал қилиш доираси

Мазкур қонуннинг амал қилиши кўп квартирали уйлардаги турар ва нотурар жой мулкдорлари (кейинги ўринларда жой мулкдорлари деб аталади), уй-жой мулкдорлари ширкатлари, кўп квартирали уйларнинг бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчилари, шунингдек, фаолияти кўп квартирали уйларни бошқариш билан боғлиқ бўлган бошқа шахсларга татбиқ этилади.

Кўп квартирали уйлардаги жой мулкдорлари – турар ва (ёки) нотурар жойларга бўлган мулк ҳуқуқига, шунингдек, кўп квартирали уйдаги умумий мулк ҳуқуқида улушга эга бўлган жисмоний ва юридик шахслар, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчи, уларнинг бирлашмалари ҳамда фаолияти кўп квартирали уйларни бошқариш билан боғлиқ бўлган бошқа шахслар кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича муносабатлар субъектлари ҳисобланади.

3-модда. Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонунчилик

Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонунчилик мазкур Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агарда уй-жой муносабатлари мазкур Қонун билан тартибга солинмаган бўлса, уй-жой муносабатларини тартибга солишга нисбатан тегишилиги бўйича
Ер тўғрисидаги қонунчилик ҳамда архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги қонунчилик қўлланилади.

Агар, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқа қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда. Кўп квартирали уй

Кўп квартирали уй – мустақил чиқиш жойларига ёки кўп квартирали уйга туташган ер участкасига ёхуд бундай уйда умумий фойдаланиладиган бинога эга бўлган икки ва ундан ортиқ квартиралар жамланмаси. Кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларига улушли умумий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган мулк элементларини (кейинги ўринларда умумий мол-мулк деб аталади) ўз ичига олади.

5-модда. Бошқарув объекти

Кўп квартирали уй ёки кўп квартирали уйнинг камида бир секция катталигидаги (подъезд) ва бошқа қисмлардан ажратилган конструкцияга эга алоҳида қисми бошқарув объекти ҳисобланади. Кўп квартирали уйнинг алоҳида қисми агарда, ушбу қисм устига қўшимча иморат қуриш, уни реконструкция қилиш, қайта қуриш ёки бузиш уйнинг биргаликда бошқариладиган объект таркибига кирмайдиган бошқа қисмлари яхлитлигини бузмаса, шунингдек, ушбу қисмда алоҳида муҳандислик-техник коммуникация тизимлари ёхуд бундай тизимни алоҳида тизимларга ажратиш имконияти мавжуд бўлса, биргаликда бошқариладиган алоҳида объект сифатида ажратилиши мумкин.

6-модда. Кўп квартирали уйга туташган ер участкаси

Кўп квартирали уйга туташган ер участкаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади Кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларига ушбу ер майдонининг ҳолати учун жавобгарлик юкланади.

Ҳар бир кўп квартирали уйнинг кадастр ҳужжатида кўп квартирали уйга туташган ер участкаси кўрсатилиши шарт.

Кўп квартирали уйга туташган ер участкаси бўлинмайди ва мустақил ер участкаларига ажратилиши мумкин эмас.

Кўп квартирали уйга туташган ер участкалари майдонининг ҳажми аҳоли пунктларини қуришда бинолар ўртасидаги минимал ёнғинга қарши ва санитария оралиқ масофаларини таъминлаш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкнинг барча қисмларидан фойдаланиш шартларидан келиб чиққан ҳолда, шаҳарсозлик нормативларига мувофиқ белгиланади.

Ваколатли органлар кўп квартирали уйни бошқариш органи мурожаат қилгандан сўнг ўттиз кундан кеч бўлмаган муддатда кўп квартирали уйга туташган ер участкасининг чегараси ҳамда майдонини белгилаши ҳамда кўп квартирали уйни бошқариш органига ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини белгилайдиган зарур ҳужжатларни бериши шарт.

7-модда. Кўп квартирали уйни бошқариш

Кўп квартирали уйни бошқариш шу уйда истиқомат қилувчиларнинг қулай ва хавфсиз яшашини, кўп квартирали уйдаги умумий улушли мулкнинг лозим даражада сақланишини ва умумий улушли мулкдан фойдаланиш масалалари ҳал этилишини таъминлаши зарур.

Кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади. Қуйидагилар шундай усуллар бўлиши мумкин:

уй-жой мулкдорлари ширкатини (кейинги ўринларда ширкат деб аталади) ташкил қилиш;

кўп квартирали уйнинг бевосита жой мулкдорлари томонидан бошқарилиши (кейинги ўринларда бевосита бошқарув деб аталади);

кўп квартирали уйнинг учинчи шахслар: юридик шахс – бошқарув ташкилоти ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) – бошқарувчи томонидан шартнома асосида бошқарилиши;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа усуллар.

Кўп квартирали уй ширкат томонидан бошқарилганда ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорига кўра, ширкат бошқарувининг умумий мол-мулкни сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича алоҳида ваколатлари бошқарув ташкилотига ёки бошқарувчига берилиши мумкин.

Кўп квартирали уйларни бевосита бошқариш бошқарув объекти биттадан кўп бўлмаган кўп квартирали уйни ўз ичига олган ҳолларда амалга оширилади.

Кўп квартирали уйларни бевосита бошқаришда умумий мол-мулкни сақлаш ва ундан фойдланиш жой мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорига кўра, бошқарув ташкилотига ёки бошқарувчига берилиши мумкин.

Жой мулкдорлари кўп квартирали уй фойдаланишга қабул қилинган кундан бошлаб, бир ой муддатда жой мулкдорларининг умумий йиғилишида кўп квартирали уйни бошқариш усули тўғрисида қарор қабул қилишади. Бундай қарор қабул қилингунига қадар умумий мол-мулкни ягона комплекс сифатида сақлаш, шунингдек, кўп квартирали уйнинг умумий эҳтиёжлари учун мўлжалланган коммунал хизматлар билан таъминлаш билан боғлиқ мажбуриятлар юзасидан мулкдорлар биргаликда жавоб берадилар.

Кўп квартирали уйда ёки унинг муҳандислик ва коммунал таъминот бўйича ягона тизимга эга бўлган, ягона уй-жой-коммунал комплексни ташкил этадиган қисмида кўп квартирали уйни бошқаришнинг фақат бир усули қўлланиши мумкин.

Жой мулкдорлари ўртасида ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган муддатда кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш бўйича келишувга эришилмаганда, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг кўп квартирали уй жойлашган жойдаги туман (шаҳар) бўлинмаси кўп квартирали уйни бошқариш органи функцияларини амалга оширадиган бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчини уч ой муддатда белгилайди.

Агар, ушбу модданинг саккизинчи қисмида кўрсатилган муддат ичида турар-жой мулкдорлари кўп квартирали уйни бошқариш усули тўғрисидаги масалани ҳал қилмаса ёки кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш ҳақида қабул қилинган қарор амалга оширилмаса, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг кўп квартирали уй жойлашган жойдаги туман (шаҳар) бўлинмаси бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказади.

Шунингдек, очиқ танлов натижалари бўйича тузилган кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати тугагунича, шунингдек, ширкат тугатилганда ёки кўп квартирали уй ширкатдан чиққанда ушбу уйни бошқариш услуби танланмаган ёки ушбу уйни бошқариш услубини танлаш тўғрисида қабул қилинган қарор амалга оширилмаган ҳолларда ҳам очиқ танлов ўтказилади.

Кўп квартирали уйни бошқариш усули жой мулкдорларининг умумий йиғилишида танланади ва исталган вақтда унинг қарорига асосан танланиши ва ўзгартирилиши мумкин. Жой мулкдорлари умумий йиғилишининг бошқарув усулини танлаш тўғрисидаги қарори кўп квартирали уйдаги барча жой мулкдорлари учун мажбурийдир.

8-модда. Кўп квартирали уйдаги турар-жойлар мулкдори

Кўп квартирали уйдаги турар-жойга мулкдор ҳуқуқига эга юридик ёки жисмоний шахс кўп квартирали уйдаги турар-жой мулкдори ҳисобланади.

Турар-жой мулкдори умумий мол-мулкдаги улушли мулк иштирокчиси ҳисобланади ва умумий мол-мулкни сақлаш ҳамда таъмирлаш бўйича умумий харажатларни тўлашга мажбурдир.

9-модда. Кўп квартирали уйдаги нотурар-жой мулкдори

Кўп квартирали уйдаги нотурар-жойга мулкдор ҳуқуқига эга юридик ёки жисмоний шахс кўп квартирали уйдаги нотурар-жой мулкдори ҳисобланади.

Нотурар-жой мулкдори умумий мол-мулкдаги улушли мулк иштирокчиси ҳисобланади ва умумий мол-мулкни сақлаш ҳамда таъмирлаш бўйича умумий харажатларни тўлашга мажбурдир.

Умумий мол-мулкнинг фақат нотурар-жойлардан фойдаланиш билан боғлиқ қисмларига тегишли харажатларни бундай нотурар-жой мулкдорлари тўлайди.

10-модда. Ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат ширкатлар ва уларнинг аъзоларининг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда қонуний манфаатларни ҳимоя қилишни кафолатлайди, ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчиларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Қуйидагилар ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчилар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

ахборот ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш;

новаторлик фаолияти ва замонавий инновация технологияларини жорий этишга кўмаклашиш;

қулай солиқ сиёсатини амалга ошириш;

кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

статистика ҳисобдорлиги ва бухгалтерия ҳисобининг соддалаштирилган тизимларини яратиш;

уй-жой соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан стандартлар қабул қилиш;

коммунал хизматларга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш;

уй-жой-коммунал соҳасида хизматлар кўрсатишда рақобатни ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар ва имтиёзли кредитлар бериш;

кам таъминланган оилаларга кўп квартирали уйларни сақлашга кўмаклашиш;

доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкалари бериш;

алоҳида дастурлар қабул қилиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чоралар кўриш.

11-модда. Ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчилар фаолиятини мувофиқлаштириш

Ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчилар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан қуйидаги йўналишларда мувофиқлаштирилади:

кўп квартирали уйлар ва кўп квартирали уйларга туташган ер участкасини сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича тизимли ишни самарали ташкил этиш;

кўп квартирали уйларни мавсумий фойдаланишга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш;

кўп квартирали уйларни капитал таъмирлашни ва кўп квартирали уйларга туташган ер участкаларини ободонлаштиришни ташкил этиш;

ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчилар фаолиятини ҳуқуқий ва услубий қўллаб-қувватлаш.

12-модда. Ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчилар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш

Ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчиларнинг фаолияти давлат томонидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя қилиш, кўп квартирали уйнинг ва кўп квартирали уйга туташган ер участкасининг тегишли даражадаги техник ҳолатини сақлаб туриш мақсадида назорат қилинади.

Ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчилар фаолиятининг давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари (кейинги ўринларда уй-жой инспекцияси деб аталади) томонидан ўрганиш ва профилактик назорат орқали амалга оширилади.

13-модда. Уй-жой инспекциясининг ваколатлари

Уй-жой инспекцияси:

кўп квартирали уйлар ва кўп квартирали уйларга туташган ер участкасини сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш ва мулкдорлар томонидан жойларнинг ўзбошимчалик билан қайта режалаштирилишига йўл қўймаслик;

белгиланган қоидаларга риоя этилиши ва умумий фойдаланиш жойлари, фасадлар, уйларнинг ички муҳандислик тармоқларида тизимли равишда таъмирлаш-тиклаш ишларининг ўтказилиши;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан тегишли хизматлар кўрсатилишида техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши;

умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш учун мўлжалланган маблағлардан мақсадли фойдаланиш бўйича давлат назоратини амалга оширади.

Уй-жой инспекциясига:

ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ёки бошқарувчиларга ёхуд кўп квартирали уйлардаги жой мулкдорларига – кўп квартирали уйларни сақлаш
ва фойдаланишда мавжуд бўлган қоида бузилишларини бартараф этиш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларига – тегишли хизматлар кўрсатишда техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиш бўйича бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар бериш ваколатлари берилади.

Уй-жой инспекциясининг ваколатларига Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган бошқа масалалар ҳам кириши мумкин.

Уй-жой инспекциясининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

14-модда. Ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчиларнинг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро муносабатлари

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчилар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Ширкатлар, бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчилар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳудудларни ободонлаштириш
ва кўкаламзорлаштириш, кўп квартирали уйларда яшовчиларнинг яшаш қоидаларига риоя қилиши ва биргаликда ҳал қилишни талаб қиладиган бошқа масалалар бўйича ҳамкорлик қилади.

 

2-боб. Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи

15-модда. Умумий мол-мулк

Кўп квартирали уйдаги умумий хоналар, кўтариб ва тўсиб турувчи конструкциялар, жойлар ўртасидаги зина майдончалари, зиналар, лифтлар, лифт
ва бошқа шахталар, йўлаклар, техник қаватлар, ертўлалар, чордоқлар ва томлар,
уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, ходонлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан кўп жойга хизмат қиладиган механик, электр, санитар-техник ва бошқа ускуналар ҳамда қурилмалар умумий мол-мулк ҳисобланади.

16-модда. Умумий мол-мулкка бўлган мулкдорлик ҳуқуқи

Умумий мол-мулк умумий улушли мулкдорлик асосида турар жой
ва нотурар жой мулкдорларига тегишлидир.

Умумий мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи жой мулкдорининг умумий
мол-мулкка нисбатан мулкдорлик ҳуқуқидаги улушига боғлиқ эмас. Кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари умумий мол-мулкдан ҳамда уйга туташган ер участкасидан фойдаланиш учун тенг ҳуқуқлидир.

Умумий мол-мулкнинг алоҳида қисмлари жой мулкдорларига ёки бошқа шахсларга ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ёки жой мулкдорлари умумий йиғилишида белгиланган тартибда фойдаланиш учун берилиши мумкин.

Умумий мол-мулкнинг алоҳида қисмларини фақат ўз манфаатлари учун фойдаланадиган жой мулкдори ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ёки мулкдорлар умумий йиғилишида белгиланган миқдордаги тўловни тўлашга мажбурдир.

Жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улуши натурада ажратилиши мумкин эмас.

Умумий мол-мулкнинг кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг улушли мулкидаги алоҳида қисмлари қонунчиликка мувофиқ умумий улушли мулкнинг барча иштирокчилари томонидан бир овозда қабул қилинган қарор асосида ажратиб берилиши мумкин.

Умумий мол-мулк агар, унинг ажратилиши ёки фойдаланишга берилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, ажратилиши, бир ёки бир нечта мулкдорга ёки бошқа шахсларга фойдаланишга топширилиши мумкин эмас.

Умумий мол-мулк учун улушли мулк иштирокчилари кўтариб ва тўсиб турувчи конструкцияларни, жойлар ўртасидаги зина майдончалари, зиналар, лифтлар, лифт ва бошқа шахталарни, уйнинг ички муҳандислик тармоқларини
ва коммуникацияларини, жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан кўп жойга хизмат қиладиган механик, электр, санитар-техник ускуналар ҳамда қурилмаларни ажратиб олиш ҳуқуқига эга эмас.

17-модда. Мулкдорнинг умумий мол-мулк учун умумий мулк ҳуқуқидаги улуши

Ҳар бир мулкдорнинг умумий мол-мулк учун мулкдорлик ҳуқуқидаги улуши унга кўп квартирали уйдаги барча мулкдорларнинг турар жой ва нотурар жойларнинг умумий майдонида унга тегишли бўлган турар-жой майдони улушига мутаносибдир. Кўп квартирали уйдаги ҳар бир жойнинг умумий майдони ушбу жойнинг кадастр ҳужжатида белгилаб берилади.

Умумий мулкка мулкдорлик ҳуқуқидаги улуш турар жой ва нотурар жойларга мулк ҳуқуқидан ажратилиши мумкин эмас ва фақат ушбу ҳуқуқ билан бирга ўтади.

Умумий мол-мулк шаклланганда ва кўпайганда мулкдорларнинг умумий мулк учун мулкдорлик ҳуқуқидаги улушини белгилаш ва ўзгартириш тартиби ҳар бир томоннинг улушига боғлиқ бўлган ҳолда ёки мулкдорлар томонидан белгиланган бошқа тартибда ўрнатилади.

Бир неча мулкдорларга тегишли алоҳида жойга мулкдорларнинг умумий мажбуриятларда биргаликдаги жавобгарлиги билан бирга умумий мол-мулкдаги битта улуши тўғри келади. Бундай мулкдорлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар улар ўртасидаги келишувлар билан тартибга солинади.

Ёзма келишув бўлмаган ҳолларда, ҳар бир мулкдор бўлинмас тенг ҳуқуқлар ва умумий мол-мулкда кўрсатилган улушга мулкдорлик билан боғланган мажбуриятларга эга бўлади.

Умумий мулкдорлик ҳуқуқи билан умумий мол-мулкдаги улушларни белгилашда юзага келадиган низолар суд тартибида кўриб чиқилади.

18-модда. Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатлар

Жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш учун умумий харажатларни биргаликда қоплашга мажбурдир.

Умумий харажатлар жой мулкдорларининг умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташган ер участкасини сақлаш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш билан боғлиқ харажатларини ўз ичига олади.

Жой мулкдорининг умумий харажатлардаги улуши мулкдор жойи умумий майдонининг кўп квартирали уйдаги жойлар умумий майдонига нисбатан мутаносиб равишда белгиланади.

Жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш
ва таъмирлаш харажатларини ҳар ойда, қоида тариқасида пул шаклида тўлашга мажбур.

Ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари ва жой мулкдорларининг умумий мол-мулкни ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш учун тўловлари миқдори (кейинги ўринларда жой мулкдорларининг тўловлари деб аталади) мажбурий нормалар бажарилиши ҳисобга олинган ҳолда, ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ёки мулкдорлар умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади.

Жой мулкдорларининг тўловлари миқдорларини белгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Алоҳида ҳолатларда, ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ёки мулкдорлар умумий йиғилишида жой мулкдори томонидан пул шаклида киритиладиган мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг бир қисмини пул шаклида тўлашни унинг умумий харажатларда иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

Мулкдорнинг унга тегишли бўлган жойдан фойдаланмаслиги ёки умумий мол-мулкдан фойдаланишдан воз кечиши, уни умумий харажатларда иштирок этишдан тўлиқ ёки қисман озод этмайди.

Умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташган ер участкасини
ва ширкат мулкини сақлаш бўйича жой мулкдорлари тўловларининг якуний ҳисоб-китоби жорий йил тугагандан сўнг амалда бажарилган ишлар ҳажми, уларнинг сифати ва бажариш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Харажатларни асослашда ширкат, кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари кенгаши, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи (кейинги ўринларда кўп квартирали уйнинг бошқарув органи деб аталади) томонидан тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади: етишмаган маблағлар ҳисобот йилидан кейинги даврда жой мулкдорларининг тўловларини шакллантиришда ҳисобга олинади, ошган маблағлар эса келгуси тўловларга қўшилади.

Жой мулкдори ўзининг умумий харажатларда иштирок этиш мажбуриятини ижара шартномаси асосида жой ижарачисига топшириши мумкин. Жой мулкдори мажбурий бадалларни ва тўловларни тўлаш мажбуриятини ижарачига берганлиги тўғрисида ширкатни, бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини хабардор қилиши шарт.

Умумий мол-мулкни тасарруф этиш, унга эгалик қилиш ва ундан фойдаланишдан олинган маблағлар умумий мол-мулк таркибига улушли мулкдорлик иштирокчиларининг улушларига мутаносиб равишда қўшилади
ва ушбу кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлашга йўналтирилади.

Жой мулкдорларининг бири томонидан зарурати бўлмаган
ва бошқаларнинг розилигисиз қилинган харажатлар, унинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мулкдорларнинг бири томонидан бошқа мулкдорларнинг розилигисиз амалга ошрилган ноўрин харажатлар бошқарув органи ёхуд бошқа шахс томонидан қопланмайди. Бунда пайдо бўладиган низолар суд тартибида ҳал қилинади.

Ширкат ва унинг аъзолари ўртасида умумий мол-мулкни сақлаш бўйича ўзаро муносабатлар мазкур Қонун, устав ва ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши қарорлари билан тартибга солинади.

19-модда. Умумий мол-мулкни сақлаш

Умумий мол-мулкни сақлаш умумий мол-мулкнинг тегишли даражадаги техник ва санитария ҳолатини таъминлашга йўналтирилган.

Умумий мол-мулкни сақлаш умумий мол-мулкни бошқариш, унинг техник ва санитария ҳолатини сақлаб туриш (хизмат кўрсатиш), таъмирлаш ва ушбу мулкни асраш ва ундан фойдаланиш учун зарур шароитларни яратишга йўналтирилган бошқа фаолиятни ўз ичига олади.

Кўп квартирали уйнинг бошқарув органи Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан белгиланган мажбурий нормаларга мувофиқ, яъни амалга оширмаслик оқибатида умумий мол-мулкка, инсонларнинг ҳаёти ва соғлигига, шахслар мол-мулкига, атроф-муҳитга бевосита хавф туғдириши мумкин бўлган, умумий мол-мулкни сақлаш бўйича мажбурий тадбирларни ва ишларни (кейинги ўринларда мажбурий нормалар деб аталади) амалга ошириши шарт.

Мажбурий нормалар ёнғинга қарши, санитария, шаҳарсозлик нормалари, кўп квартирали уйга хизмат кўрсатиш бўйича тадбирлар ва бошқа мажбурий тадбирларни ўз ичига олади.

Кўп квартирали уйнинг бошқарув органи томонидан мажбурий нормаларнинг бажарилмаслиги шахсларнинг ҳаётига, соғлигига, мулкига ёки атроф-муҳитга бевосита хавф туғдирадиган бўлса, уй-жой инспекцияси текшириш пайтида ёки бу ҳақида хабардор бўлганда, жой мулкдорларини ва кўп квартирали уйнинг бошқарув органига олдиндан маълум қилган ҳолда, ушбу хавфни исталган воситалар билан бартараф этиши шарт.

Бевосита хавф ҳолати ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланиши лозим.

Мазкур моддада кўрсатилган ишларни бажариш учун харажатлар жой мулкдорлари томонидан ушбу харажатлар асослаб берилган ҳажмда қопланиши, камчиликларни бартараф қилишда етказилган зарарнинг ҳажмига мутаносиб
ва ундан ошмайдиган миқдорда бўлиши зарур. Мазкур бандда назарда тутилган зарарни қоплаш ҳажми билан боғлиқ низолар суд тартибида ҳал қилинади.

Кўп квартирали уйда мажбурий нормалар ва нормативларга риоя қилиниши бўйича умумий назорат уй-жой инспекцияси томонидан амалга оширилади.

20-модда. Умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш

Умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш фаолияти:

ширкат томонидан;

жой мулкдорлари томонидан;

бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчи томонидан;

пудратчилар (юридик ёки жисмоний шахслар) томонидан амалга оширилиши мумкин.

Пудратчилар ширкат, бошқарувчи ёки бошқарув ташкилоти билан, шунингдек, жой мулкдорларининг умумий йиғилиши томонидан ваколат берилган шахс билан тузилган шартномалар асосида умумий мол-мулкка хизмат кўрсатади ҳамда уни таъмирлайди.

 

3-боб. Ширкатни ташкил этиш. Ширкатнинг ҳуқуқлари
ва мажбуриятлари

21-модда. Уй-жой мулкдорлари ширкатининг ҳуқуқий мақоми

Уй-жой мулкдорлари ширкати кўп квартирали уйдаги умумий улушли мулкни биргаликда бошқариш, сақлаш, асраш ва таъмирлашни таъминлаш мақсадида ободонлаштириш элементлари бўлган умумий ер участкаси билан бирлаштирилган битта ёки ихчам жойлашган бир нечта кўп квартирали уйларнинг турар ва нотурар жойлар мулкдорларининг бирлашмасидир.

Ширкат жой мулкдорларининг ташаббуси билан ташкил этилади, нотижорат ташкилоти ҳисобланади ва ўз уставига мувофиқ ўзини ўзи бошқариш асосида фаолият кўрсатади.

Ширкат юридик шахс ҳисобланади ва тасарруфида ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мулкига эга, ўз номидан мулк ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларни амалга ошириши, мажбуриятларни бажариши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Ширкат давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб, юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади. Ширкат ўз уставида бошқача белгиланмаган бўлса, чекланмаган муддатга ташкил этилади.

Ширкат Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида белгиланган тартибда банк ҳисобрақамларини очиш ҳуқуқига эга.

Ширкат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкин. Ширкат
ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради
ва ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас.

Ширкат аъзоси ширкатнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Ширкат уставида назарда тутилган ўз фаолияти мақсадларига мувофиқ фуқаролик ҳуқуқий лаёқатига эга.

Ширкат жойлашадиган жой давлат рўйхатидан ўтказилган жой билан белгиланади. Ширкат у билан боғланиш учун почта манзилига эга бўлиши ва почта манзили ўзгарган тақдирда ваколатли давлат органини хабардор қилиши зарур.

22-модда. Ширкат фаолиятининг предмети

Ширкат жой мулкдорларининг умумий мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва қонун ҳужжатларида белгиланган доирада уни тасарруф этиш бўйича ўз ҳуқуқларини амалга ошириш тартибини келишиш мақсадида, шунингдек, кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш, эксплуатация қилиш, таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташган ер участкасини ободонлаштириш фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилади.

23-модда. Ширкатлар фаолиятининг асосий принциплари

Ширкатнинг фаолияти қуйидаги принципларга асосланади:

ихтиёрийлик;

ташкилий ва молиявий жиҳатдан мустақиллик;

ўзини ўзи бошқариш;

очиқлик ва ошкоралик;

ўз ишини шартнома асосида бозор механизмларига мувофиқ ташкил этиш;

ширкат аъзолари олдида мунтазам ҳисобот бериш.

24 -модда. Ширкатни ташкил этиш тартиби

Ширкатни ташкил этиш тўғрисидаги қарор битта ёки бир нечта ихчам жойлашган кўп квартирали уйлардаги жой мулкдорларининг таъсис йиғилишида қабул қилинади ва унда ҳар бир кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг ёки улар вакилларининг учдан икки қисмидан кўпи иштирок этади.

Жой мулкдорларининг таъсис йиғилиши ҳар қандай мулкдорнинг ташаббуси билан чақирилиши мумкин.

Жой мулкдорлари таъсис йиғилишининг кун тартиби, ўтказиладиган жойи, вақти ва кун тартиби тўғрисида таъсис йиғилиши ташаббускори томонидан йиғилиш ўтказилишидан 10 кундан олдин кечикмасдан хабардор қилинади.

Жой мулкдорлари таъсис йиғилишининг ўтказилиши ҳақида уйларнинг ҳар бир кириш йўлагига тегишли эълонни жойлаштириш ёки мулкдорларга эълонни имзо қўйдирган ҳолда топшириш орқали хабардор қилинади. Жой мулкдорлари бўлган юридик шахслар эса юридик манзилига тегишли хабарномани буюртма хат билан жўнатиш ёки уларнинг ваколатли вакилига имзо қўйдириш орқали топшириш йўли билан хабардор қилинади.

Ширкатни ташкил этиш тўғрисидаги қарор агарда, ширкат учун барча жой мулкдорлари ёки уларнинг вакилларининг эллик фоизидан ортиғи ёқлаб овоз берса, қабул қилинган ҳисобланади. Бир нечта ихчам жойлашган кўп квартирали уйлардаги жой мулкдорларини бирлаштирувчи ширкатни ташкил этишда ушбу ҳар бир уйдаги турар-жой мулкдорлари ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпининг розилиги олинган бўлиши шарт. Жой мулкдорларининг таъсис йиғилишига мулкдорнинг ширкатни ташкил этиш масаласи бўйича қарори, унга тегишли жойнинг манзили кўрсатилган ҳолда ёзма равишда берилган овозларни ҳам ҳисобга олишга рухсат берилади.

Жой мулкдорларининг таъсис йиғилиши одатда, қуйидаги кун тартибида ўтказилади:

ширкатни ташкил этиш тўғрисида;

ширкат уставини тасдиқлаш тўғрисида;

ширкат бошқаруви раиси ва аъзоларини сайлаш тўғрисида;

ширкатнинг тафтиш комиссиясини сайлаш тўғрисида.

Жой мулкдорларининг таъсис йиғилишида ширкатни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Жой мулкдорлари таъсис йиғилишининг овоз бериш натижалари ва ёзма равишда берилган овозлар сони кўрсатилган баённомаси жой мулкдорлари орасидан сайланган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Баённомага йиғилишда қатнашган шахсларнинг фамилияси, уларнинг ҳар бир муҳокама қилинган масала бўйича хоҳиши кўрсатилган ва имзолари билан тасдиқланган рўйхати илова қилинади.

25-модда. Ширкатнинг устави

Ширкатнинг устави қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

ширкатнинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, жойлашган жойи (почта манзили);

жой мулкдорлари ширкатда бирлаштирилган кўп квартирали уйнинг (уйларнинг) манзили;

фаолият предмети ва мақсади;

ширкат ва ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари;

умумий мол-мулкдан фойдаланиш, тижорат фаолияти ва умумий мол-мулкнинг алоҳида қисмларини сотиш ва ижарага беришдан тушган даромаддан (фойдадан) фойдаланиш ва (ёки) уни тақсимлаш тартиби;

ширкат зарарларини қоплаш тартиби;

захира ва бошқа жамғармаларни ташкил этиш тартиби;

ҳар бир турар жой ва нотурар жой мулкдорларининг кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкидаги улуши;

ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари миқдорини белгилаш ҳамда тўлаш тартиби;

умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташган ер участкасини ҳамда ширкат мулкини бошқариш тартиби;

ширкатнинг бошқарув органлари ва тафтиш комиссиясининг сон таркиби
ва сайлаш муддати, уларнинг ваколатлари, улар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

йиллик ҳисоботларни тузиш, текшириш ва тасдиқлаш тартиби;

ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.

Ширкат уставида ширкатнинг фаолияти билан боғлиқ ва қонунчиликка зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам кўрсатилиши мумкин.

26-модда. Ширкатга аъзолик

Кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ширкат аъзолари ҳисобланади.

Жой бегоналаштирилганда, унинг мулкдори – ширкат аъзоси янги мулкдорни ширкатга аъзолиги ва ширкатнинг уставида белгиланган ҳуқуқлари
ва мажбуриятлари борлиги, уларнинг янги мулкдорга ўтиши ҳақида хабардор қилиши шарт.

Ширкат ташкил этилган кўп квартирали уйдан жой сотиб олувчи шахслар ушбу жойга мулкдорлик ҳуқуқи пайдо бўлган пайтдан бошлаб, ширкат аъзосига айланади.

27-модда. Ширкатга аъзоликнинг тўхтатилиши

Ширкатга аъзолик қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:

жойга мулкдорлик ҳуқуқи тўхтатилганда;

алоҳида кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг кўпчилиги томонидан ширкатдан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинганда;

ширкат тугатилганда.

28-модда. Ширкатнинг ҳуқуқлари

Ширкат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташган ер участкасини
ва ширкат мулкини сақлаш усулини белгилаш;

ширкатнинг йиллик даромад ва харажатлар сметасини белгилаш;

ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари миқдорини белгилаш;

танлов асосида умумий мол-мулкни ҳамда ширкатнинг мулкини бошқариш, унга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, шунингдек, коммунал хизматлар ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа хизматлар кўрсатиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш;

умумий мол-мулкдан, кўп квартирали уйга туташган ер участкасидан
ва ширкат мулкидан уставда белгиланган тартибда фойдаланиш қоидаларини белгилаш;

банкларнинг кредитларидан қонун ҳужжатларида кўрсатилган тартибда
ва шартларда фойдаланиш;

шахсий мулкини, шунингдек, айланма маблағларни қонунчиликка мувофиқ мустақил тасарруф этиш;

доимий фойдаланиш учун ер участкаларини белгиланган тартибда олиш;

ер участкасида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига асосан хўжалик
ва бошқа иморатлар қуриш;

мулкдорнинг жойи ичидаги умумий мол-мулкни назорат қилиш, унга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун мулкдор жойига уни олдиндан огоҳлантиргандан сўнг унинг иштирокида ёки авария юз берганда дарҳол белгиланган тартибда кириш;

мол-мулк сотиб олиш, ширкатнинг мол-мулкини сотиш, бериш, алмаштириш, ижарага бериш, мулкни қонунчиликда белгиланган тартибда балансдан чиқариш;

ишларни бажариш, ширкат аъзолари ва бошқа шахсларга хизматлар кўрсатиш;

қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;

махсус жамғармалар ташкил қилиш ва уларнинг маблағларидан ширкат уставида назарда тутилган мақсадларда фойдаланиш.

Ширкат умумий мол-мулкнинг бутлигини таъминлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда мулкдорлар жойларини қайта қуриш, ўзгартириш ва қайта жиҳозлашни келишган ҳолда амалга оширади.

Ширкат қонунчиликка ва ширкат уставига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

29-модда. Ширкатнинг мажбуриятлари

Ширкат:

умумий мол-мулк, ер участкаси ва ширкат мулкининг бутлигини
ва сақланишини белгиланган қоидалар, нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ таъминлаши;

ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши қарорларининг бажарилишини таъминлаши;

мажбурий бадалларнинг ўз вақтида тушишини таъминлаши;

ҳар йили умумий мол-мулкни, шу жумладан ҳар бир кўп квартирали уй учун сақлаш бўйича ишлар режасини белгилаши ва унинг бажарилиши тўғрисида ҳисобот тузиши;

ҳар йили ширкатнинг даромад ва харажатлари сметасини, унинг жумладан, ҳар бир кўп квартирали уй бўйича бажарилиши тўғрисида ҳисобот тузиши;

умумий мол-мулкдан фойдаланиш шартлари ва тартибини белгилашда ширкатнинг барча аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши;

кўп квартирали уй хавфсизлигига қўйиладиган талабларга риоя этилишини таъминлаши;

кўп квартирали уйлардаги жой мулкдорларига коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларига мувофиқ коммунал хизматлар кўрсатиш учун умумий
мол-мулк таркибига кирадиган муҳандислик коммуникациялари ва бошқа ускуналарнинг доимий тайёрлигини таъминлаши;

ширкат аъзоларининг талабига кўра, уларнинг ҳуқуқларига тааллуқли барча ҳужжатлардан, шу жумладан уларнинг электрон шаклларидан, шунингдек, мавжуд ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларини қўллаган ҳолда фойдаланиш учун шароит яратиб бериш;

қонунчиликда ва ширкат уставида назарда тутилган ҳолатларда ширкат аъзоларининг учинчи шахслар билан умумий мол-мулкни сақлаш, унга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, коммунал хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ муносабатларини ифода этиши шарт.

Ширкат қонунчиликка ва ширкат уставига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

30-модда. Ширкат ер участкасида жойлашган объектлар мулкдорлари билан ширкатнинг муносабатлари

Ширкат ер участкаларида жойлашган алоҳида турувчи объектлар мулкдорлари билан ширкатнинг муносабатлари қонунчилик ва улар ўртасидаги келишув билан тартибга солинади.

31-модда. Ширкатнинг мулки

Ширкатнинг мулки пул маблағларидан, бинолар, иншоотлар, жиҳозлар, инвентарлар, транспорт воситалари ва ширкат маблағлари ҳисобига ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа усуллар билан олинган бошқа мулкдан иборатдир.

Ширкатнинг пул маблағлари:

ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари;

ширкат аъзоларининг ихтиёрий бадаллари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайрия маблағлари;

тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар (фойдалар);

қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа даромадлар ва тушумлардан иборат.

Алоҳида кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари ширкатдан чиққанда, жой мулкдорлари томонидан ушбу кўп квартирали уйни капитал таъмирлаш мақсадида тўпланган маблағлар ҳисобига шаклланган ширкат пул маблағларининг тегишли қисми кўп квартирали уйни бошқариш бўйича янги тузилаётган ваколатли органга белгиланган тартибда берилиши шарт.

 

32-модда. Ширкатни қайта ташкил қилиш ва тугатиш

Ширкат бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш ва ажралиб чиқиш шаклида қайта ташкил этилиши мумкин.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида эллик фоиздан кўп овоз билан қабул қилинган қарорга кўра ширкат қайта ташкил этилади.

Қайта ташкил қилинаётган ширкатнинг мол-мулки ширкат аъзоларининг ширкат мол-мулкини шакллантиришдаги иштирокига мутаносиб равишда ажратилади ёки бўлинади.

Ширкатни қайта ташкил қилишда умумий мол-мулкка тегишли техник
ва бошқа ҳужжатлар топширилади ва қабул қилинади.

Ширкат қонун ҳужжатлари ва ширкатнинг устави билан белгиланган ҳолларда ва тартибда тугатилади.

Ширкатни тугатишда ширкатнинг кредиторлар талаблари қондирилгандан сўнг қолган мулки ширкат аъзолари ўртасида уларнинг ширкат мулкини шакллантиришдаги иштирокига мутаносиб равишда тақсимланади.

33-модда. Ширкатлар бирлашмалари

Ширкатлар ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, тажриба алмашиш, умумий манфаатларни ифода этиш ва ҳимоя қилиш, ширкатларнинг давлат бошқаруви
ва ҳокимияти органлари билан ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек, фаолиятнинг бошқа умумий масалаларини ҳал қилиш мақсадида уюшмаларда (иттифоқларда) бирлашиш ҳуқуқига эга.

Ширкатлар уюшмаларига (иттифоқларига) кўп квартирали уйларни бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан шуғулланадиган ташкилотлар ҳам кириши мумкин.

 

4-боб. Ширкатни бошқариш

34-модда. Ширкатнинг бошқарув органлари

Ширкат қонунчилик ва ширкат уставига мувофиқ фаолият кўрсатадиган
ўз бошқарув органлари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлади ва фуқаролик мажбуриятларини қабул қилади.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ва ширкат бошқаруви ширкатнинг бошқарув органлари ҳисобланади.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ширкатнинг олий органи ҳисобланади.

Бошқарув ширкатнинг ижро органи бўлиб, ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига ҳисобот беради.

Қонун ёки ширкат уставига асосан ширкат номидан иш кўрадиган шахс ширкатнинг манфаатлари йўлида виждонан, ақл билан ҳаракат қилиши шарт
ва ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши талаби бўйича ширкатга етказган зарарини ўзи қоплашга мажбур.

 

35-модда. Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатлари

Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларига қуйидагилар киради:

ширкат уставини тасдиқлаш ва унга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш;

ширкатнинг бошқаруви, бошқарув раиси ва тафтиш комиссиясини сайлаш
ва уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш;

умумий мол-мулкни ва ширкат мол-мулкини бошқариш, сақлаш, унга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш усулини танлаш;

умумий мол-мулкни, ер участкасини ва ширкат мол-мулкини сақлаш бўйича йиллик иш режасини, унинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш;

ширкатнинг йиллик даромад ва харажатлари сметасини ҳамда унинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш;

ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари миқдорини тасдиқлаш;

бошқарувчининг номзоди ёки бошқарув ташкилотини тасдиқлаш;

ширкат раиси, бошқарув аъзолари ва тафтиш комиссияси аъзоларини мукофотлаш миқдорини белгилаш;

ширкат ходимларининг иш ҳақи миқдори ва уларни мукофотлаш ҳақидаги низомни тасдиқлаш;

ширкатнинг махсус жамғармаларини ташкил қилиш ва уларнинг маблағларини сарфлаш тартибини белгилаш;

умумий мол-мулкдан, кўп квартирали уйга туташ ер участкасидан ва ширкат мол-мулкидан фойдаланиш қоидаларини белгилаш;

ширкат аъзоларининг ширкат раиси, бошқарув ва тафтиш комиссияси аъзоларининг фаолиятига тегишли ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш;

кўп квартирали уйдаги хоналарни қайта қуриш, ўзгартириш ва қайта жиҳозлашни келишиш тартибини белгилаш;

битта уйдаги жой мулкдорлари билан келишган ҳолда, маблағларни ширкатдаги бошқа уй эҳтиёжлари учун ишлатиш (қайта тақсимлаш), кўрсатилган маблағлар ва уларни қайтариш ҳисобини юритиш;

умумий мол-мулкни ижарага бериш тўғрисида қарор қабул қилиш;

хўжалик ва бошқа иморатлар қуриш тўғрисида қарор қабул қилиш;

қарз маблағларини, шу жумладан банк кредитларини олиш, шунингдек, битта уйдаги жой мулкдорлари маблағларини ширкатдаги бошқа уй эҳтиёжлари учун ишлатиш (қайта тақсимлаш) тўғрисида қарор қабул қилиш;

ширкатнинг тадбиркорлик фаолиятидан тушган даромадини (фойдасини) ишлатиш йўналишларини белгилаш;

ширкатлар уюшмалари (иттифоқлари) ва бошқа бирлашмаларга кириш
ва улардан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

ширкатни қайта ташкил қилиш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

ширкат бошқарув раиси ва аъзолари ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари
ва қонуний манфаатларига риоя қилмаган тақдирда, уларни чақириб олиш тўғрисидаги уй-жой инспекциясининг таклифлари, шунингдек, ушбу лавозимларга номзодлар бўйича тавсияномаларини кўриб чиқиш.

Битта уйни капитал таъмирлаш учун тўпланган маблағларни бошқа уйларни таъмирлашга ишлатиш фақат бошқа уйлардаги жой мулкдорларининг ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарори билан тасдиқланадиган розилиги билан амалга оширилади.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатига қонунчилик ва ширкат уставига кўра бошқа масалалар ҳам кириши мумкин.

36-модда. Ширкат аъзоларининг умумий мажлисини чақириш ва олиб бориш тартиби

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ширкат устави билан белгиланган тартибда йилига камида бир марта чақирилади.

Ширкат аъзоларининг ҳар йиллик умумий йиғилиши молиявий йил тугагандан сўнг олтмиш кундан кечикмасдан, ширкат уставида белгиланган муддатларда чақирилади.

Ширкат аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ширкат бошқаруви, ўн фоиздан кам бўлмаган овозга эга бўлган ширкат аъзоларининг ташаббуси билан, шунингдек, тафтиш комиссияси ёки бошқарув ташкилоти ёхуд бошқарувчининг талаби билан чақирилади.

Ширкат томонидан қонунчилик бузилишига йўл қўйилган ҳолларда, ширкат аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши уй-жой инспекцияси томонидан чақирилиши мумкин.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказиладиган жой, сана, вақт
ва унинг кун тартиби тўғрисида мазкур Қонунда ва ширкат уставида белгиланган тартибда ширкат аъзолари хабардор қилинади.

Агар, ширкат аъзолари умумий йиғилишининг кун тартиби умумий мол-мулкни сақлаш бўйича иш режаси, даромад ва харажатлар сметаси, уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботлар, мажбурий бадаллар миқдорларини кўриб чиқиш ва тасдиқлашни ўз ичига олса, ширкат бошқаруви ширкат аъзоларини ушбу ҳужжатлар лойиҳалари билан умумий йиғилиш ўтказилишидан олдин танишиб чиқиш имкониятини яратиши шарт.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши агар, унда ширкат аъзолари ёки уларнинг вакилларининг эллик фоиздан ортиғи қатнашган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Биттадан кўп уйдаги жой мулкдорларини бирлаштирадиган ширкатлар йиғилишида ҳар бир уйдаги жой мулкдорлари ёки уларнинг вакилларининг камида эллик фоизи қатнашиши шарт.

Ширкатнинг ҳар бир аъзоси умумий йиғилишда бир овозга эга бўлади.

Ширкат аъзосининг турмуш ўртоғи (эри, хотини) агарда улар ушбу жойда бирга яшаётган бўлса, унинг номидан умумий йиғилишда қатнашиш ва овоз бериши ҳуқуқига эга.

Агар, жой умумий мол-мулк ҳуқуқида камида икки шахсга тегишли бўлса, ширкат аъзоларининг умумий йиғилишда уларнинг номидан ва розилиги билан шериклардан бири қатнашиши мумкин. Бунда уларнинг ҳар бири умумий йиғилишда бир овоз доирасида овоз бериш ҳуқуқига эга.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини ҳар бир йиғилиш аввалида оддий кўпчилик овоз билан ширкат аъзолари орасидан сайланадиган йиғилиш раиси бошқаради. Шунингдек, ҳар бир йиғилиш аввалида ширкат аъзолари орасидан оддий кўпчилик овоз билан йиғилиш баённомасини юритадиган йиғилиш котиби сайланади.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши қарорлари баённома билан расмийлаштирилади. Баённомага йиғилиш раиси ва котиби имзо қўяди.

37-модда. Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида ширкат аъзосининг вакили

Ширкат аъзосининг оддий ёзма шаклда расмийлаштирилган ишончномасига эга бўлган ширкатниг бошқа аъзоси ёки учинчи шахс ширкат аъзолари умумий йиғилишида ширкат аъзосининг вакили бўлиши мумкин.

Жисмоний шахс бўлган ширкат аъзосининг ишончномаси унинг шахсий имзоси билан тасдиқланади. Юридик шахс бўлган ширкат аъзосининг ишончномаси унинг раҳбари имзоси ва муҳри билан тасдиқланган ҳолда (муҳр мавжуд бўлганда) берилади.

Ишончномада тегишли кўп квартирали уйдаги жой мулкдорининг вакили бўлган шахс ва унинг вакили тўғрисида маълумотлар (шахснинг исми ёки номланиши, яшаш ёки жойлашган ери, паспорт маълумотлари) кўрсатилади.

Ишончнома вакилига унинг номидан ва манфаатлари бўйича ширкат аъзоларининг битта умумий йиғилишида ёки барча йиғилишларида ишончномада кўрсатилган давр мобайнида сўзга чиқиш ҳамда битта йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича ёки барча ҳолатларда овоз бериш ваколатини беради.

Ширкат аъзосининг ишончномаси уч йилдан кўп бўлмаган муддатга берилиши мумкин. Агар, ишончномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у берилган кундан бошлаб бир йил ичида ўз кучини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган бўлса, ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

Бир шахс умумий йиғилишда ширкатнинг бир нечта аъзоларининг вакили бўлиши мумкин. Бир шахс бир нечта ширкат аъзоларининг вакили бўлса, унинг овозлари сони у вакиллик қилаётган ширкат аъзолари сонига кўпаяди. Бунда ширкат аъзоларининг вакили ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида манфаатларини ифода этадиган ширкатнинг ҳар бир аъзоси номидан алоҳида овоз бериш ҳуқуқига эга.

38-модда. Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида қарорлар қабул қилиш

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарор ширкат аъзолари ёки улар вакилларининг эллик фоиздан кўпи
уни ёқлаб овоз берганда қабул қилинган ҳисобланади.

Ширкатнинг умумий йиғилишида қарорлар мазкур Қонунда белгиланган тартибда умумий йиғилишни чақириш ёки сўровнома ўтказиш ёхуд ширкат устави билан белгиланган бошқа тартибда қабул қилиниши мумкин.

Умумий йиғилиш қарорларини қабул қилишда ширкат аъзоларининг кун тартибидаги масалалар бўйича қарори кўрсатилган ва улар томондан имзоланган ёзма мурожаатлари ҳисобга олиниши ширкат устави билан белгиланиши мумкин.
Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарор барча ширкат аъзолари учун мажбурийдир.

39-модда. Ширкатдаги ҳар бир уйнинг жой мулкдорлари йиғилиши

Биттадан кўп бўлган уйдаги жой мулкдорларини бирлаштирадиган ширкатларда ширкат аъзоларининг ҳар йиллик умумий йиғилиши ўтказилгунга қадар, ширкатдаги ҳар бир уйнинг жой мулкдорларининг қарор қабул қилиш учун йиғилишлари ўтказилиши ва унда ушбу кўп квартирали уйдаги барча жой мулкдорлари ёки уларнинг вакилларининг эллик фоиздан кўпи қатнашиши шарт.

Ширкатдаги ҳар бир кўп квартирали уйнинг жой мулкдорларининг қарорлари умумий йиғилишни чақириш ёки сўровнома ўтказиш орқали ёки ширкат уставида кўзда тутилган бошқа усулда қабул қилиниши мумкин.

Ширкатдаги ҳар бир уйнинг жой мулкдорлари йиғилиши қуйидагиларни тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади:

умумий мол-мулкни, ер участкасини ва ширкат мол-мулкини сақлаш ишлари режасининг бир қисми сифатида ҳар бир уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режасини;

ширкатнинг даромадлари ва харажатлари сметасининг бир қисми сифатида кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун даромадлар ва харажатлар сметасини;

кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш бўйича тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ шу уйдаги жой мулкдорларининг мажбурий бадаллари миқдорини;

ўтган йил учун ишлар режаси, умумий мол-мулкни сақлаш бўйича даромадлар ва харажатлар сметасининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботини.

Жой мулкдорларининг йиғилишида жой мулкдорларининг маблағларини ширкатдаги бошқа уйнинг эҳтиёжи учун ишлатиш (қайта тақсимлаш) тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

Ҳар бир кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари йиғилишининг қарори баённома билан расмийлаштирилади. Баённома кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари орасидан сайланган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Жой мулкдорлари йиғилишида қабул қилинган қарор ушбу кўп квартирали уйдаги барча жой мулкдорлари учун мажбурийдир.

40-модда. Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш йўли билан қарор қабул қилиш тартиби

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш йўли билан қарор қабул қилиш учун йиғилиш ташаббускори умумий йиғилишни чақириш ва унинг кун тартиби тўғрисидаги эълонларни кўп квартирали уйдаги ҳар бир кириш йўлагининг яхши кўринадиган ёки бунинг учун назарда тутилган жойга жойлаштириши ёхуд ширкат аъзоларига буюртма хат, телефонограмма, телеграмма ва хабар берилганлигини тасдиқловчи бошқа алоқа воситаси орқали умумий йиғилиш чақирилиши тўғрисида йиғилишнинг кун тартиби кўрсатилган хабарномани жўнатиши шарт.

Йиғилиш кун тартибида шунингдек, йиғилиш ташаббускори, йиғилишни ўтказиш жойи, санаси, вақти тўғрисидаги маълумотлар, кўриб чиқилиши керак бўлган масалалар рўйхати ва бошқа зарур ахборотлар кўрсатилади.

Умумий йиғилиш чақирилиши тўғрисида ширкат аъзосига йиғилиш ўтказилишидан олдин етти кундан кеч бўлмаган муддатда хабар қилинади.

Умумий йиғилиш кун тартибида кўрсатилмаган масалаларни муҳокамага қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Кун тартибида кўрсатилмаган, аммо йиғилишда кўриб чиқилган масалалар бўйича қабул қилинган қарорлар ҳақиқий ҳисобланмайди.

41-модда. Умумий йиғилиш томонидан ширкат аъзолари ўртасида сўровнома ўтказиш йўли билан қарорлар қабул қилиш тартиби

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида сўровнома ўтказиш йўли билан қарор қабул қилиш учун йиғилиш ташаббускори умумий йиғилиш қарорининг лойиҳасини ширкатнинг ҳар бир аъзосига юборишга мажбур.

Қарор лойиҳаси битта ягона ҳужжат кўринишида тузилган бўлиши шарт.

Ширкат бошқаруви умумий йиғилиш ташаббускори бўлмаса, ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарори лойиҳасининг нусхаси ширкат бошқарувига маълумот учун қабул қилиш мақсадида топширилади.

Умумий йиғилиш қарорининг лойиҳасида йиғилиш ташаббускори ҳақидаги маълумотлар, қарор жўнатилиши лозим бўлган жой ва манзил, овоз бериш учун назарда тутилган, беш кундан кам бўлиши мумкин бўлмаган муддат, шунингдек, бошқа зарур ахборотлар кўрсатилади.

Ширкат аъзолари ҳар бир масала бўйича қарор лойиҳасининг ҳақиқий нусхасида ўз имзосини қўйиш орқали ёзма равишда алоҳида овоз бериши (рози, қарши, бетараф) ва ўз қарорини белгиланган жойга тақдим қилиши ёки белгиланган манзилга жўнатиши шарт.

Мазкур Қонунда назарда тутилган тегишли овозлар тўплаган қарор лойиҳасидаги масалалар қабул қилинган ҳисобланади.

Қарор лойиҳаси бўйича овоз беришда унга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Агарда овоз бериш пайтида қарор лойиҳасини ўзгартириш ёки тўлдириш зарурати юзага келса, янги лойиҳа тузилиб, ширкатнинг ҳар бир аъзосига ўзгартириш ва тўлдириш сабаблари кўрсатилган ҳолда жўнатилиши шарт. Ўзгартиришлар ёки қўшимчалар билан қабул қилинган, ширкат аъзоларига жўнатилмаган қарорлар ҳақиқий ҳисобланмайди.

42-модда. Ширкат бошқаруви

Ширкат бошқаруви ширкатнинг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга оширади.

Ширкат бошқаруви ширкат аъзолари орасидан ширкат уставида белгиланган таркибда ва муддатга умумий йиғилиш томонидан сайланади.

Кўп квартирали уйдаги барча жойларнинг 30 фоиздан ортиқ майдони бир шахснинг мулки бўлса, ушбу ширкат аъзоси ширкат бошқаруви таркибига унинг розилиги билан мажбурий тартибда киритилади. Ширкат бошқаруви ширкат бошқарувининг раиси томонидан уставда белгиланган муддатларда, аммо бир ойда камида бир марта чақирилади.

Ширкат бошқарувининг мажлиси унда бошқарув аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли деб топилади.

Ширкат бошқарувининг аъзоси бошқарув мажлисида бир овозга эга бўлади.

Ширкат бошқарувининг қарорлари бошқарув аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Ширкат бошқарувининг мажлиси баённома билан расмийлаштирилади.

Ширкат аъзолари ширкат бошқарувининг мажлисларида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.

43-модда. Ширкат бошқарувининг ваколатлари

Ширкат бошқаруви ширкат фаолиятининг барча масалалари юзасидан қарорлар қабул қилишга ҳақли, ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатига киритилган масалалар бундан мустасно.

Ширкат бошқаруви ваколатларига қуйидагилар киради:

ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини ҳамда жой мулкдорлари йиғилишини чақириш ва уларнинг ўтказилишини ташкил этиш;

умумий мол-мулкни, ер участкасини ва ширкат мол-мулкини сақлаш ишлари режасининг лойиҳасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузиш;

ширкатнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузиш;

ширкат устави талабларининг ва ширкат аъзолари умумий йиғилиши қарорларининг бажарилишини таъминлаш;

бошқарувчи номзодларини ёки бошқарувчи ташкилотнинг танлов асосида танлаб олинишини ташкил этиш;

умумий мол-мулкка ҳамда ширкат мулкига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун танлов асосида пудратчиларни танлаш;

умумий мол-мулк танлов ғолиби билан умумий мол-мулкни ва ширкат мулкини бошқариш, унга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун шартномалар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

умумий мол-мулк, ер участкаси ва ширкат мулкини яхши сақлаш ва асрашни назорат қилиш;

ширкат ускунлари, асбоб-анжомлари ва бошқа моддий бойликларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиш, топшириш, айирбошлаш, ижарага бериш, шунингдек, уларни ширкат балансидан қонунчиликда белгиланган тартибда чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

ширкат аъзоларининг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш;

иш юритиш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини, маблағлар тушуми ҳамда уларни сарфлаш ҳисобини ширкатдаги кўп квартирали ҳар бир уй бўйича алоҳида-алоҳида юритиш;

ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари тўлиқ тушишини ташкил этиш ва таъминлаш;

ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланган ширкатнинг даромадлар ва харажатлар сметасига асосан ширкат маблағларини тасарруф этиш.

Ширкат бошқаруви қонун ҳужжатларига ва ширкат уставига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорига кўра, ширкат бошқарувининг айрим ваколатлари шартномага биноан бошқарувчига ёки бошқарувчи ташкилотга ўтказилиши мумкин. Ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи, олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи, ўнинчи ва ўн бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ваколатлар бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмас.

Ширкат бошқаруви ширкат аъзолари олдида қуйидагилар учун жавобгардир:

уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини танлов асосида, тузилган шартномаларга мувофиқ ташкил этиш;

муҳандислик тармоқлари ва бошқа умумий мол-мулкка талаб даражасида хизмат кўрсатилишини таъминлаш;

таъмирлаш ишларининг белгиланган нормалар ва талабларга мувофиқ сифатли бўлиши ҳамда ўз вақтида бажарилиши;

ширкатнинг маблағларидан уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш учун мақсадли фойдаланиш;

умумий фойдаланиш жойлари ва кўп квартирали уйларга туташган ер участкасининг санитария ҳолати талаб даражасида бўлиши, уларни ободонлаштириш.

Ширкат бошқаруви тизимли равишда, ҳар уч ойда камида бир марта умумий мол-мулкни сақлаш бўйича иш режаларининг бажарилиши, амалга оширилган
ва режалаштирилаётган харажатлар, мажбурий бадаллар тўпланиши, тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган даромадлар (фойдалар) тўғрисида ширкат аъзоларига ҳисобот беради. Ҳисобот тақдим этиш шакли ширкатнинг барча аъзолари учун ҳисоботдан фойдаланиш эркинлигини таъминлаши керак ва у ширкат аъзоларининг қарори билан белгиланади.

44-модда. Ширкат бошқарувининг раиси

Ширкат бошқарувининг раиси умумий йиғилиш томонидан ширкат аъзолари орасидан ширкат уставида белгиланган муддатга номзодда тегишли малака (аттестация) сертификатига эга бўлган тақдирда сайланади.

Ширкат бошқарувининг раиси:

ширкат бошқаруви фаолиятига раҳбарлик қилади;

ширкатнинг манфаатларини ифода этади;

ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ва ширкат бошқарувининг қарорлари бажарилишини таъминлайди;

ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ёки ширкат бошқарувининг қарорларига мувофиқ молиявий ҳужжатларни ва шартномаларни имзолайди;

умумий мол-мулкни ва ширкат мол-мулкини бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш усуллари бўйича бошқарувчи номзоди ёки бошқарувчи ташкилот бўйича бошқарув томонидан тайёрланган таклифларни ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши муҳокамасига киритади;

ширкат ходимларининг иш ҳақи миқдори ва уларнинг тақдирлаш тўғрисидаги низомни, ширкатнинг бошқа низомлари ва қоидалари юзасидан таклифларни ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши муҳокамасига киритади;

қонун ҳужжатларига ва ички меҳнат тартиби қоидаларига мувофиқ ширкат ходимлари билан меҳнат шартномалари тузади ҳамда уларни бекор қилади.

Ширкат бошқаруви раисининг айрим ваколатлари ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига мувофиқ шартнома асосида бошқарувчига ёки бошқарув ташкилотига берилиши мумкин. Ширкат бошқаруви раисининг мазкур модда иккинчи қисмининг иккинчи, бешинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ваколатлари шартнома асосида бошқарувчига ёки бошқарув ташкилотига ўтказилиши мумкин эмас.

Ширкат бошқаруви раисининг фаолияти тўхтатилганда, ширкат аъзоларининг умумий йиғилишининг қарори қабул қилинган санадан бошлаб, уч иш куни ичида ширкат бошқарувининг раиси кўп квартирали уйнинг техник ҳужжатларини, ширкат муҳри ва ширкатни бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни, умумий мол-мулкка кирувчи хоналарнинг калитларини ва кўп квартирали уйдан фойдаланиш ва уни бошқариш учун зарур бўлган бошқа техник воситалар ва жиҳозларни ширкат бошқаруви раиси мажбуриятларини ўз зиммасига олган шахсга ёки кўп квартирали уйни бевосита бошқариш усули танланганда кўп квартирали уй йиғилишининг раисига ёхуд кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг умумий йиғилишининг кўп квартирали уйни бевосита бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги қарорида кўрсатилган кўп квартирали уйдаги жой мулкдорига топширишга мажбурдир.

45-модда. Ширкат тафтиш комиссияси

Ширкат тафтиш комиссияси ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан ширкат аъзолари орасидан камида уч кишидан иборат таркибда сайланиши мумкин.

Ширкат тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида ширкат бошқарувининг аъзолари бўлиши мумкин эмас.

Ширкат тафтиш комиссияси ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига ҳисобдордир.

Ширкат тафтиш комиссияси ширкатнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширади.

Ширкат тафтиш комиссияси ширкатнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни ҳар йили ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига тақдим этиши шарт.

Ширкат тафтиш комиссиясининг ширкатнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисоботи ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида кўриб чиқилгунга қадар учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ширкатнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш учун белгиланган тартибда аудиторлик ташкилотини жалб этишга ҳақлидир.

 

5-боб. Кўп квартирали уйни бевосита жой мулкдорлари

томонидан бошқариш

46-модда. Кўп квартирали уйни бевосита жой мулкдорлари томонидан бошқариш усулини танлаш тартиби

Кўп квартирали уйни юридик шахсни ташкил этмасдан жой мулкдорлари томонидан бевосита бошқариш усулини биттадан кўп бўлмаган кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари танлаши мумкин.

Бевосита бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги қарор барча жой мулкдорларининг эллик фоизидан кўпроғи қатнашган умумий йиғилишда қабул қилинади. Кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш бўйича умумий йиғилиш жой мулкдорлари ташаббуси билан чақирилиши мумкин.

Кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш бўйича умумий йиғилишни чақириш тўғрисида йиғилиш ўтказиш жойи ва вақти, кун тартиби
ва ушбу йиғилиш ташаббускори кўрсатилган ёзма хабарнома ташаббускор томонидан ҳар бир мулкдорга буюртма хат билан жўнатилади ёки унга шахсан имзо қўйдириб топширилади. Хабарнома умумий йиғилиш ўтказиладиган санадан олдин 20 кундан кам бўлмаган муддатда жўнатилиши шарт.

Мулкдорларнинг умумий йиғилиши агар, унда жой мулкдорлари ёки уларнинг вакилларининг кўп квартирали уйдаги барча мулкдорлар умумий овози сонининг эллик фоиздан кўпроғига эга бўлган вакиллари иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. Ҳар бир мулкдор умумий йиғилишда битта овозга эга бўлади.

Мулкдорлар умумий йиғилишда бевосита бошқариш усулини танлаганда, ушбу йиғилишда мазкур уйдаги жой мулкдорлари орасидан кўп квартирали уй кенгаши сайланади.

Кворум мавжуд бўлмаса, ташаббускор умумий йиғилишни ўтказишнинг янги санасини белгилайди. Ушбу йиғилиш ўтказилмаган пайтдан 48 соат олдин
ва 30 кундан кеч бўлмаган муддатда чақирилиши мумкин.

Кўп квартирали уйни жой мулкдорлари томонидан бевосита бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги қарор йиғилишда иштирок этадиган мулкдорлар ёки уларнинг вакилларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агарда мулкдор умумий йиғилишда шахсан иштирок эта олмаса, у бошқариш усулини танлаш масаласи бўйича умумий йиғилиш ўтказилишидан олдин йиғилиш ташаббускорига кўрсатилган масала юзасидан мулкдор фикрини ифода этувчи ёзма шаклдаги аризани бериш орқали овоз бериши мумкин.

47-модда. Жой мулкдорларининг умумий йиғилиши

Жой мулкдорларининг умумий йиғилишида қарор қабул қилиш учун жойларнинг барча мулкдорлари ёки уларнинг вакилларининг эллик фоиздан кўпи иштирок этиши шарт.

Жой мулкдорларининг умумий йиғилишида қарор мазкур Қонунда ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.

Кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади. Баённома жой мулкдорлари орасидан сайланадиган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Жой мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори барча турар ва нотурар жой мулкдорлари учун, шу жумладан овоз беришда қатнашмаган ёки қарши овоз берганлар учун ҳам мажбурий ҳисобланади.

48-модда. Кўп квартирали уй кенгаши

Кўп квартирали уй кенгаши аъзоларининг сони жой мулкдорларининг умумий йиғилишида камида уч нафар шахсдан иборат таркибда белгиланади. Кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг умумий йиғилиши қарори билан бошқа тартиб белгиланмаган бўлса, кўп квартирали уй кенгашининг аъзолари сони ушбу уйда мавжуд бўлган кириш йўлаклари, қаватлар, жойлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Кўп квартирали уй кенгаши:

жой мулкдорлари умумий йиғилиши қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

умумий мол-мулкдан, шу жумладан кўп квартирали уйга туташган ер участкасидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифларни жой мулкдорларининг умумий йиғилишига муҳокама қилиш учун киритади;

бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчи томонидан тузиладиган шартномалар лойиҳаларини муҳокама қилади;

кўп квартирали уйни бошқариш, умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларнинг бажарилишини, кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларига кўрсатиладиган коммунал хизматларнинг сифатини назорат қилади;

жой мулкдорларининг йиллик умумий йиғилишига бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш учун тақдим этади;

умумий йиғилишда тегишли қарор қабул қилинган тақдирда, умумий мол-мулкни жорий таъмирлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Кўп квартирали уй кенгаши жой мулкдорларининг умумий йиғилишида қайта сайлангунга қадар ёки уй-жой мулкдорлари ширкати тузиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, ширкатнинг бошқаруви сайлангунга қадар фаолият кўрсатади.

Кўп квартирали уй кенгаши жой мулкдорларининг умумий йиғилиши қарори билан бошқа муддат белгиланмаган бўлса, жой мулкдорларининг умумий йиғилишида ҳар икки йилда қайтадан сайланиши лозим. Жой мулкдорларининг умумий йиғилишида кўп квартирали уй кенгашини қайта сайлаш тўғрисидаги қарор белгиланмаган муддатда қабул қилинмаса, кўп квартирали уй кенгашининг ваколатлари яна шу муддатга узайтирилади. Кўп квартирали уй кенгаши ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган тақдирда, жой мулкдорларининг умумий йиғилишида муддатидан олдин қайта сайланиши мумкин.

 

49-модда. Кўп квартирали уй кенгашининг раиси

Кўп квартирали уй кенгашининг раиси жой мулкдорларининг умумий йиғилишида кўп квартирали уй кенгаши аъзоларининг орасидан сайланади.

Кўп квартирали уй кенгашининг раиси кўп квартирали уй кенгашининг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилади ва жой мулкдорларининг умумий йиғилишига ҳисобот беради.

Кўп квартирали уй кенгашининг раиси:

жой мулкдорларининг умумий йиғилишида кўп квартирали уйни бошқариш, умумий мол-мулкни сақлаш ва ундан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар кўрсатилган шартнома шартлари бўйича музокаралар олиб бориш ҳуқуқига эга;

жой мулкдорларининг умумий йиғилишига кўп квартирали уйни бошқариш, умумий мол-мулкни сақлаш ва ундан фойдаланиш масалалари бўйича музокаралар натижаларини етказади;

жой мулкдорларининг умумий йиғилиши баённомасига асосан кўп квартирали уйни бошқариш шартномаларини тузади ва кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг номидан умумий мол-мулк билан боғлиқ бошқа ҳуқуқий муносабатларни амалга оширади;

умумий мол-мулкка хизматлар кўрсатиш ва (ёки) уни сақлаш ҳамда таъмирлаш учун тузилган шартномалар бўйича ишларнинг бажарилишини назорат қилади, умумий мол-мулкка кўрсатилган хизматлар ва (ёки) сақлаш, жорий таъмирлаш бўйича бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаларини, умумий мол-мулкни сақлаш ҳамда таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажаришнинг сифат нормативлари ҳамда даврийлиги бузилгани тўғрисидаги далолатномаларни имзолайди;

жой мулкдорларининг умумий йиғилиши баённомасига асосан кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг вакили сифатида умумий мол-мулк
ва коммунал хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ ишлар бўйича судда қатнашади;

умумий йиғилиш қарорига мувофиқ кўп квартирали уй кенгашининг раисига ҳал этиш учун топширилган масалар бўйича қарор қабул қилади.

Жой мулкдорларининг умумий йиғилиши кўп квартирали уй кенгашининг аъзоларига, шу жумладан кўп квартирали уй кенгашининг раисига мукофот бериш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир. Бундай қарор кўрсатилган мукофотлашни тўлаш шартлари ва тартиби, шунингдек, унинг миқдорини белгилаш тартибини ўз ичига олган бўлиши шарт.

50-модда. Кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг комиссиялари

Кўп квартирали уйни бошқариш фаолияти билан боғлиқ айрим масалалар бўйича таклифлар тайёрлаш учун жой мулкдорларининг комиссиялари сайланиши мумкин ва улар кўп квартирали уйни бошқаришнинг коллегиал маслаҳат органлари ҳисобланади.

Кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг комиссиялари жой мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори ёки кўп квартирали уй кенгашининг қарори билан сайланиши мумкин.

6-боб. Кўп квартирали уйнинг бошқарув ташкилотлари
ва кўп квартирали уйни бошқарувчи

51-модда. Кўп квартирали уйнинг бошқарув ташкилоти
ва бошқарувчининг фаолияти

Кўп квартирали уйни бошқаришда бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчи кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари олдида барча хизматларни кўрсатиш ва (ёки) умумий мол-мулкни тегишли даражада сақлашни таъминлайдиган ва сифати умумий мол-мулкни сақлаш бўйича техник регламентлар ҳамда белгиланган қоидалар талабларига жавоб берадиган ишларни бажариш учун жавобгар бўлади.

Бошқарувчининг ваколатларини амалга оширувчи жисмоний шахс белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши шарт.

Кўп квартирали уйни бошқариш хизматларини кўрсатиш учун бошқарувчи – якка тартибдаги тадбиркор малака (аттестация) сертификатига эга бўлиши керак. Бошқарув ташкилоти штатида тегишли малака (аттестация) сертификатига эга бўлган камида икки нафар кўп квартирали уйни бошқариш бўйича мутахассис бўлиши талаб этилади.

Бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчи умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар ва бажарилган ишлар, уларни кўрсатиш ҳамда бажариш тартиби ва шартлари, уларнинг нархлари тўғрисидаги маълумотлардан ширкат бошқаруви ва тафтиш комиссияси, шунингдек, кўп квартирали уй кенгаши ҳамда комиссиянинг эркин фойдаланишини таъминлаши шарт.

Бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчи кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, кўп квартирали уйга туташган ер участкасини сақлаш ишларини бажариш бўйича хизматлар кўрсатилганда, ушбу хизматларни кўрсатиш ва ишларни бажаришдан олган даромадларидан олинадиган барча турдаги солиқлардан озод этилади.

52-модда. Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси

Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ёки таъмирлаш ишларини бажариш хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар ширкат бошқаруви раиси томонидан ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши қарорларига асосан тузилади.

Кўп квартирали уй жой мулкдорлари томонидан бевосита бошқарилганда, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан умумий мол-мулкни сақлаш ва уни таъмирлаш ишларини бажариш хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар кўп квартирали уй кенгашининг раиси томонидан жой мулкдорлари умумий йиғилишининг қарорлари асосида тузилади. Бунда жой мулкдорлари умумий йиғилиши томонидан ваколат берилган бир ёки бир нечта жой мулкдорлари учинчи шахслар билан муносабатларда жой мулкдорлари номидан ҳуқуқий муносабатларга киришиши мумкин.

Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бўйича бир томон (бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчи) иккинчи томоннинг (ширкат ёки кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари) топшириғига кўра, келишилган муддат давомида тўлов асосида хизматлар кўрсатиш, умумий мол-мулкни талаб даражада сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш ишларини бажариш, кўп квартирали уйни бошқариш мақсадларига эришишга йўналтирилган бошқа фаолиятни амалга ошириш мажбуриятини олади.

Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши шарт:

бошқариш лозим бўлган умумий мол-мулкнинг таркиби ва кўп квартирали уйнинг манзили;

умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар ва бажариладиган ишларнинг рўйхати, бу рўйхатни ўзгартириш тартиби;

шартнома нархини белгилаш тартиби, шунингдек, бу тўловни тўлаб бериш тартиби;

бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчи томонидан кўп квртирали уйни бошқарув шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажаришини назорат қилиш тартиби.

Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасига Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган тартибда ўзгартишлар киритилади ва (ёки) бекор қилинади.

53-модда. Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг тўхтатилиши

Кўп квартирали уйнинг ширкати ёки кенгаши кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати тугагунига қадар, ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ёки жой мулкдорларининг йиғилишида ушбу уйни бошқариш усулини танлаш ёки ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, ушбу шартнома тузилган кундан бошлаб кейинги ҳар йил тугагандан сўнг мазкур шартномани бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечиш ҳуқуқига эга.

Кўп квартирали уйдаги ширкат ёки жой мулкдорлари агар, бошқарув ташкилоти шартнома шартларини бажармаса ва бошқа бошқарув ташкилотини танлаш ёки ушбу уйни бошқариш усулини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, умумий йиғилиш қарорига асосан кўп квартирали уйни бошқариш шартномасини бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечиш ҳуқуқига эга.

Бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчи кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси тўхтатилган кундан бошлаб, уч иш куни давомида кўп квартирали уйнинг техник ҳужжатларини ёки уйни бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни, умумий мол-мулк таркибига кирадиган жойларнинг калитларини, кўп квартирали уйдан фойдаланиш ва уни бошқариш учун зарур бўлган бошқа техник воситалар ва жиҳозларни қайта танланган бошқарув ташкилотига, бошқарувчига, ширкатга ёки кўп квартирали уй кенгашга топшириши шарт.

54-модда. Бошқарув ташкилотларининг бирлашмалари

Бошқарув ташкилотлари ва бошқарувчилар ўзининг умумий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш, ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, унинг самарадорлигини ошириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган ва нотижорат хусусиятига эга бўлган бошқа фаолият билан боғлиқ бўлган мақсадларда кўп квартирали уйларнинг бошқарув ташкилотларининг уюшмалари ва иттифоқларини тузиш ҳуқуқига эгадир.

Кўп квартирали уйларнинг бошқарув ташкилотларининг уюшмалари ва иттифоқларига кўп квартирали уйга хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар ҳам кириши мумкин.

 

7-боб. Якунловчи қоидалар

55-модда. Низоларни ҳал қилиш

Кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

56-модда. Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

57-модда. Қонун ҳужжатининг ўз кучини йўқотган деб топилиши

Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида” 2006 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-32-сон қонуни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 2006 й.,
4-сон, 158-модда; Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами,
2015 й., 33-сон, 439-модда, 2016 й., 17-сон, 173-модда).

58-модда. Мазкур Қонуннинг бажарилишини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор ташкилотлар мазкур Қонуннинг бажарилиши, ижрочиларга етказилиши ва аҳоли ўртасида моҳияти ҳамда аҳамияти тушунтирилишини таъминлансин.

59-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиши ва бекор қилишини таъминлансин.

60-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгандан сўнг кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

              Президенти                                                                                                                    Ш.Мирзиёев


Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...