Cайт ранги: A A


Муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари

“ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЯЙЛОВЛАР ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ

Лойиҳа

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

ҚОНУНИ

 

ЯЙЛОВЛАР ТЎҒРИСИДА

 

I-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу қонуннинг мақсади яйловлардан фойдаланишнинг ташкилий, ҳуқуқий асосларини белгилаш ҳамда яйловларда такрор ишлаб чиқариш ва қайта тикланишни ҳимоялаш, шунингдек яйлов ҳудудлари ва уларнинг ўсимлик қатламини муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Яйлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Яйлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Ўрмон фонди ерларидаги ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги яйловларни муҳофаза қилиш ва уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг яйлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Асосий тушунчалар

 

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

яйловлар – чорва учун озуқа (ем-хашак) ҳисобланадиган табиий ўсимликлар қатламига эга, чорва ҳайвонларини йил давомида ёки мавсумий ўтлатиш имконини берувчи, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларда фойдаланиладиган ерлар;

яйловлар айланмаси – маълум бир вақтда ва ҳудудда озуқабоб ўсимликларнинг кўкаришини таъминлаш мақсадида майдонларнинг (алоҳида участкаларнинг) навбатланиши;

яйловлардан фойдаланувчилар – чорва маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи қишлоқ хўжалиги коопиративлари (ширкатлар), фермер ва деҳқон хўжаликлари ва бошқа фойдаланувчилар;

мавсумий яйловлар – йилнинг турли вақтларида (мавсумларда) чорва учун озуқа (ем-хашак) ўсимликларини кўкартириш учун мўлжалланган майдонлар (яйлов ерларининг алоҳида участкалари);

мавсумий участка – йилнинг маълум бир мавсумида чорва молларини ўтлатиш учун мўлжалланган яйлов ерларининг участкаси;

яйлов инфраструктураси – чорва молларини суғориш ва уларнинг дам олиши учун мўлжалланган сув билан таъминлаш иншоотлари (қудуқлар, насос станциялари, ва бошқа иншоотлар), йўллар, қўралар, ва тўсилган жойлар, чўпонларнинг вақтинча яшашлари учун жойлар, шунингдек чорвани ўтлатиш учун зарур бўлган бошқа кўчмас мулклар;

яйловларнинг потенциал сиғими – яйлов ресурслари ва яйловларнинг экологик ҳолатига зарар етказмасдан чорвани ўтлатиш имконини берувчи ер майдонлари бирликларига нисбатан чорва ҳайвонларининг сони;

яйловлардан фойдаланувчилар ассоциацияси – маълум бир ҳудудда яшовчи чорва молларининг мулкдорлари бўлган деҳқон хўжаликлари ва фуқаролар томонидан яйловларни ҳамкорликда бошқариш ва улардан фойдаланишни таъминлаш мақсадида ташкил этилган нодавлат, нотижорат ташкилоти;

яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни тартибга солиш бўйича комиссия – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уларнинг маъмурий ҳудудларидаги яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида таъсис этиладиган комиссиялар;

яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш режаси – яйловлардан барқарор ва самарали фойдаланишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига қамраб олувчи ҳужжат;

яйлов ерларини муҳофаза қилиш – яйловлардан самарали фойдаланиш, яйловларнинг потенциал русурсларини яхшилаш ва сақлаб қолиш, шунингдек, яйловларинг деградацияси ва йўқолиб кетиши ёки бошқа салбий таъсирларининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар;

яйловларда такрор ишлаб чиқариш ва қайта тиклаш – тупроқ унумдорлигини ошириш, яйловлар ўсимлик қатламининг ўз-ўзини тиклашига таъсир кўрсатиш, яйловларнинг унумдорлигини ошириш учун озуқа ўсимликларини ўтқазиш (экиш) га қаратилган комплекс чора-тадбирлар;

яйловлар мониторинги – яйловлардан фойдаланиш натижасида юз бераётган ўзгаришлар, яйловлар тўғрисидаги миқдор ва сифат билан боғлиқ маълумотларни тўплаш, улар ҳолатини баҳолаш ва прогноз қилиш, салбий жараёнларни аниқлаш ва бартараф қилиш мақсадида маълумотларни йиғишга қаратилган кузатувлар тизими;

яйловлар инвентаризацияси – яйловларнинг миқдор ва сифат кўрсатгичларини белгилаш ва картографик ҳамда бошқа материалларда яйловларнинг ҳолатини (акс эттириш) қайд этиш билан боғлиқ комплекс ишлар мажмуйи;

яйловларни геобатаник текшириш – яйловларнинг ҳосилдорлиги, ўт ўланларнинг тузилиши ва таркиби, уларнинг униб чиқиш жойлари, яйловларда турли хил чорва ҳайвонларини ўтлатиш имкониятининг мавжудлиги, яйловларнинг ўт ўлан ва дарахт чакалакзорининг сифати ва уларнинг захираси, шунингдек, яйловларда сув ресурсларининг мавжудлиги нисбатига асосан фойдаланиш характери, чорва ҳайвонларини олиб ўтиш трассалари ва яйловлардан мавсумий фойдаланиш имкониятларини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган текширувлардир.

 

4-модда. Яйловларга нисбатан мулкчилик

 

Яйловлар давлат мулки – умуммиллий бойлик ҳисобланиб, улардан барқарор ва самарали фойдаланиш лозим ҳамда улар давлат томонидан муҳофаза қилинади.

 

5-модда. Яйловларнинг турлари

 

Яйловлар қуйидаги турларга ажратилади:

Жойлашган ҳудуди бўйича:

чўлдаги;

ярим чўлдаги;

тоғ олдидаги;

тоғдаги;

адирликдаги.

Фойдаланиш вақти бўйича:

йил давомида;

мавсумий.

Сув билан таъминланганлиги бўйича:

сув билан таъминланган;

сув билан таъминланмаган.

Фойдаланиш тури бўйича:

узоқдаги;

аҳоли пунктларига яқин жойлашган.

 

II-боб. Яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш

соҳасидаги бошқарув

 

6-модда. Яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш

соҳасида давлат бошқаруви

 

Яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари амалга оширади.

Яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус давлат органларига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, гедезия картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси.

 

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида қуйидагиларни амалга оширади:

яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, такрор ишлаб чиқариш ва уларнинг қайта тикланиши бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайди;

яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, такрор ишлаб чиқариш ва қайта тикланиши бўйича давлат дастурларини тасдиқлайди;

яйловларни фойдаланиш учун бериш, уларни муҳофаза қилиш, такрор ишлаб чиқариш ва уларнинг қайта тикланиш тартибларини тасдиқлайди;

яйловлар ўсимлик олами объектларидан фойдаланганлик учун тўлов миқдорларини тасдиқлайди.

 

8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида қуйидагиларни амалга оширади:

яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш; яйловларда такрор ишлаб чиқариш ва уларнинг қайта тикланишини ҳимоя қилиш бўйича давлат дастурларини бажаришда иштирок этади;

яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш; яйловларда такрор ишлаб чиқариш ва уларнинг қайта тикланишини ҳимоя қилиш бўйича маҳаллий (ҳудудий) дастурларни қабул қилади;

табиий яйлов ерларида чорва ҳайвонларини ўтлатишнинг нормаларини ва муддатларини тасдиқлайди;

уларнинг маъмурий бошқаруви остидаги ерларда жойлашган яйловлардан барқарор ва самароали фойдаланиш бўйича чоралар кўради;

яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш юзасидан қонун ҳужжутларида ўрнатилган тартибда назоратни амалга оширади;

яйловлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлайди;

юридик ва жисмоний шахсларга яйлов ерларини фойдаланиш учун тақдим этади, шунингдек қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳолларда ва тартибда олиб қўйяди;

яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш ва уларда такрор ишлаб чиқаришни таъминлаш, шунингдек, яйловларда ёнғин профилактикаси ва уларга қарши курашиш бўйича йиллик режаларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.

 

9-модда. Ўзбекистон Республикасининг ер ресурслари, гедезия картография ва давлат кадастрлари Давлат қўмитаси ваколатлари

 

Ўзбекистон Республикасининг ер ресурслари, гедезия картография ва давлат кадастрлари Давлат қўмитаси яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида қуйидагиларни амалга оширади:

яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, такрор ишлаб чиқариш ва уларнинг қайта тикланиши бўйича давлат сиёсатини амалга оширади;

яйловлардан барқарор ва самарали фойдаланиш, муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг қайта ишлаб чиқарилишини ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

табиий яйлов ерларида пичан ўрими ва чорва ҳайвонларини ўтлатиш нормаларини ва муддатларини тасдиқлайди;

ўз ваколатлари доирасида яйловлардан барқарор ва самарали фойдаланиш ҳақида, яйловларни муҳофаза қилиш, уларнинг такрор ишлаб чиқаришини ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқади ва қабул қилади;

яйловлар ҳолатини яхшилаш, яйлов объектлари инфраструктурасини ривожлантириш бўйича чора тадбирларни амалга оширади, шунингдек, яйловлар учун белгиланган юкламадан ортиқ фойдаланишга ва уларнинг деградациясига йўл қўймаслик юзасидан чоралар кўради;

яйлов инфраструктураси объектларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, яйловлардан фойдаланиш юзасидан ўрнатилган қоидаларга риоя қилиниш устидан назоратни амалга оширади;

ўзига тегишли яйловлардаги чорва ҳайвонларининг давлат ҳисобини юритади;

яйловларни инвентаризация қилиш бўйича ишларни ташкил қилади;

яйловлардан фойданишни прогнозлаш ва истиқболли режалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

тегишли органлар билан ҳамкорликда яйловларда ёнғиндан огоҳлантириш бўйича тадбирларни амалга оширади, яйловларда ёнғин ўчоқларини замонавий ликвидация қилишни таъминлайди, шунингдек, яйлов ўсимликларининг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш бўйича чора тадбирларни амалга оширишни ташкил қилади;

кўчманчи чорвадорлик объектларида қурилиш-монтаж, таъмирлаш, шунингдек, эксплутацион ишлар амалга оширилишини ташкил қилади;

яйловлардан фойдаланувчилар ассациацияларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қишлоқ хўжалиги кооперативларига (ширкатларга), фермер хўжаликларига яйлов ерларини бошқариш, улардан барқарор ва самарали фойдаланиш, муҳофаза қилиш, яйловларда такрор ишлаб чиқаришни ва уларнинг қайта тикланиши таъминлаш масалалари юзсаидан методик ва бошқа ёрдамларни беради;

яйловлар мониторингини амалга оширади.

 

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ваколатлари

 

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича қуйидагиларни амалга оширади:

яйлов ҳудудлари ва ресурсларида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга оширади;

яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида яйловлар ҳолатининг мониторингини амалга оширади;

яйловлар атроф табиий муҳитининг, тупроқ ва ўсимликлар оламининг сифат кўрсатгичлари аниқлаш қисмида яйловларни инвентаризация қилишда иштирок этади.

 

11-модда. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ваколатлари

 

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида қуйидагиларни амалга оширади:

ўрмонларда ва давлат ўрмон фонди ерларида мавжуд бўлган чорва ҳайвонларини ўтлатиш учун яроқли бўлган майдонларни чорва ҳайвонларини ўтлатиш учун ажратишни ташкил қилади;

чорва ҳайвонларини ўтлатиш учун ўрмон чипталари ва участкаларини беришни таъминлайди.

 

12-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни ташкил қилишда иштироки

 

Қишлоқлар ва овуллардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида қуйидагича иштирок этади:

яйловлардан барқарор ва самарали фойдаланиш, муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини амалда тадбиқ қилишда иштирок этади;

яйловларни муҳофаза қилиш, уларнинг қайта ишлабчиқарилишини ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича тадбирлар ўтказилишида кўмаклашади;

яйловларни ёнғиндан ҳимоя қилиш ва ёнғинлардан профилактика қилиш тадбирларни амалга оширишда иштирок этади, шунингдек, ўзига тегишли ҳудудларда ёнғинга қарши тарғибот ишларини амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзларининг ваколатларига кирувчи бошқа масалаларни ҳал қилади.

қишлоқ ва овуллардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари яйловлардан фойдаланиш режалаштирини ташкил қилиш учун фуқароларнинг чорва ҳайвонлари миқдори ва тури ҳақидаги маълумотларни тақдим қилади ва ўзига тегишли ҳудудларда яйловларни барқарор бошқаришни таъминлаш мақсадида яйловлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича комиссияларни таъсис қилади.

Фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари:

яйловларнинг холати тўғрисидаги объектив ва ишончли маълумотларни олиш;

давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан қабул қилинаётган қарорларни тайёрлашда ва амалга оширишда иштирок этиш;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

давлат органларига ва ташкилотларига шикоят, ариза ва таклифлар билан мурожаат қилиш;

бузилган ҳуқуқларни судда ва бошқа давлат органларида ҳимоя қилиш.

 

13-модда. Яйловлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича комиссиялар

 

Яйловлардан барқарор ва самарали фойдаланиш шунингдек уларни муҳофаза қилиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари яйловлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича комиссияларни ташкил қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу комиссиянинг ваколатларига қуйидагилар киради:

яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш режаларини тайёрлаш;

яйловларнинг мавсумий участкаларини белгилаш;

чорва ҳайвонларини ўтлатиш муддатларини белгилаш;

яйловларни муҳофаза қилиш ва уларнинг қайта ишлаб чиқарилиши ҳамда қайта тикланишини таъминлаш бўйича ишларни ташкил қилиш.

 

14-модда. Яйловлардан фойдаланувчилар ассоциациялари

 

Хусусий эгалигида чорва ҳайвонлари мавжуд бўлган дехқон хўжаликлари ва фуқаролар яйловлардан фойдаланиш ассоциацияларини ташкил қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Яйловлардан фойдаланувчилар ассоциацияси ҳудудийлик принципи асосида битта яйлов чегараларида ташкил этилади.

Яйловлардан фойдаланувчилар ассоциацияси қуйидагиларни амалга оширади:

Яйловларда фойдаланиш ва муҳофаза қилиш режаларини тайёрлайди;

чорва ҳайвонларини ўтлатиш учун яйловларнинг мавсумий участкаларини белгилаш;

яйловларни муҳофаза қилиш, уларнинг қайта ишлаб чиқарилиши ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича ишларни ташкил қилиш;

яйловларда фойдаланиш ва муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

 

15-модда. Яйловлардан фойдаланиш миқдорлари ва муддатлари

 

Чорва ҳайвонларини ўтлатиш яйловлардан фойдаланиш миқдорлари ва муддатларига амал қилган ҳолда яйловларнинг потенциал сиғими асосида уларнинг турларидан, шунингдек, яйловнинг маълум бир участкасида ўтлатиладиган чорва ҳайвонларининг турлари ва сонидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Яйловларда чорва ҳайвонларини ўтлатишнинг миқдори ва муддатлари яйловларни инвентаризация қилиш ва геоботаник текширишлар асосида белгиланади.

Табиий пичонзорларда ва яйловларда пичан ўрими ва чорва ҳайвонларини ўтлатиш миқдорлари ва муддатлари тегишли, қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, ўрмон хўжалиги давлат органлари тақдимига биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.

 

16-модда. Яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, уларнинг такрор ишлаб чиқарилиши ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича режалар

 

Яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, уларнинг такрор ишлаб чиқарилиши ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича режалар бир йилга (қисқа муддатли режалар) ва 5 йилга (узоқ муддатли режалар) тузилади. Агарда яйлов ерларидан 5 йилдан қисқа муддатга фойдаланилса, унда яйлов ерларидан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, уларнинг такрор ишлаб чиқарилиши ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича узоқ муддатли режалар яйловлардан фойдаланиш муддатига тузилади.

Яйлов ерлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, уларнинг такрор ишлаб чиқарилиши ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича ҳар йилги режалар узоқ муддатли режалардан келиб чиқиб тузилади.

Яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, уларнинг такрор ишлаб чиқарилиши ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича ҳар йилги режа қуйидагилардан таркиб топиши лозим:

Яйловлардан фойдаланувчилар рўйхати (бир нечта фойдаланувчилар мавжуд бўлганда) ва режалаштирилаётган йилда яловларда ўтлатилиши мўлжалланилаётган чорва ҳайвонларининг сони ва турлари бўйича рўйхати;

яйловларда фойдаланувчилар томонидан яловдан фойдаланишнинг мажбурий шарти сифатида амал қилиниши лозим бўлган ҳайвонларнинг соғлиги билан боғлиқ бўлган чора-тадбирлар (вакцинация, чўмилтириш ва ҳаказо) рўйхати;

яйловларнинг ташқи чегаралари ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар ва алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий объектлар (агарда бундай ҳудудлар мавжуд бўлса) яйлов участкаларининг чегаралари шунингдек яйловларнинг ҳолати ва барча яйлов участкаларининг сифати акс эттирилган харита;

подани мавсумларда ўтлатилиши учун уларнинг ҳаракатланиш мавсумий маршрутларини кўрсатувчи календар график, яйловлар айланмаси, чорва ҳайвонларини олиб ўтиш ва фойдаланиладиган қўтонлар схнмалари;

сувлатиш жойлари ва бошқа яйлов инфраструктураси объектлари ва яйлов инфраструктураси объектларини тиклаш ва ривожлантириш бўйича чора тадбирлар;

яйлов ерларининг ҳолати ва сифати, яйловларни яхшилаш ва яйлов ўсимликларининг дегродациясини олдини олиш бўйича чоралар;

яйловларни бошқа мақсадларда фойдаланиш бўйича тадбирлар.

Яйлов ерларидан фойдаланиш, муҳофаза қилиш такрор ишлаб чиқариш ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича режалар қоида тариқасида календар йилнинг охирида фермер хўжаликлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги кархона ва ташкилотларининг раҳбарлари томонидан тузилади ва тасдиқланади.

Яйлов ерларидан фойдаланиш, муҳофаза қилиш такрор ишлаб чиқариш ва қайта тикланишини таъминлаш бўйича режалар тегишли туман қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ер тузиш хизматлари ва табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилгандан кейин тасдиқланади.

 

17-модда. Яйловлар мониторинги

 

Яйловлар мониторинги, атроф табиий муҳит мониторинги тизимида амалга оширилади.

Мониторинг маълумотларини янгилашнинг асоси сифатида яйловларни тизимли кузатиш ва инвентаризация қилиш йўли билан олинган маълумотлар хизмат қилади.

Яйловлар мониторинг қилиш натижасида олинган маълумотлар ўсимлик оламини ва ерларни мониторинг қилишда ҳамда тегишли давлат кадастрлари маълумотларини янгилашда фойдаланилади.

Мониторинг маълумотлари асосида доимий равишда (беш йилда бир маротаба) Қорақолпоғистон Республикаси, вилоятларда яйловларнинг ҳолати бўйича маърузалар ва Ўзбекистон Республикасида яйловларнинг ҳолати бўйича Миллий маъруза тайёрланади. Мазкур маъруза тегишли нашрётларда чоп қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастрлари Давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари сайтларида эълон қилиниши лозим.

 

18-модда. Яйловларни геоботаник текшириш

 

Яйловларни геоботаник текшириш яйловлар ўсимлик қатламининг ҳолатни аниқлаш мақсадита амалга оширилади ва унда қуйидагилар аниқланади:

табиий шароитлар, ўсиш жойлари, ҳудуд ва яйловлар жойлашувининг характеридан келиб чиқиб ўт ўланларнинг тузилиши ва таркиби;

фойдаланиш мавсумларида турли хил чорва ҳайвонларини ўтлатиш учун яйловлардан фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги;

озуқанинг хосилдорлиги ва сифати, яйловларнинг ўт-ўлан (пичан) захираси;

яйловларнинг табиий ҳолати (дарахт чакалакзор ўсимликлари, тошлар, чорва итеъмоли учун захарли ва яроқсиз бўлган ўтларнинг мавжудлиги ва ўтларнинг зичлиги бўйича);

сув, қудуқлар, булоқлар ва бошқа табиий ва сунъий сув манбаларининг ҳамда чорва молларини олиб ўтиш йўлларининг мавжудлиги;

такрор ишлаб чиқариш ва тупроқ, ўсимликлар унумдорлигини қайта тиклаш ва яйловлар деградациясининг олдини олиш тадбирлари амалга ошириш тавсия қилинган яйлов майдонлари.

Геоботаник материаллар қуйидаги ҳолларда қўлланилади:

ер тузиш проектларини ишлаб чиқишда, ажратилган участкаларда ерларнинг кадастр ва ўсиб чиқадиган ўтларнинг озуқалик ҳусусиятларини баҳолашда;

яйловлардан фойдаланишни яхшилаш ва самарадорлигини ошириш билан боғлиқ тадбирларни ўз ичига олувчи фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича режаларни ишлаб чиқишда;

яйловларнинг геоботаник хариталарини тузишда; рекультивация қилиш, ерларни консервациялаш, ерлардан фойдаланишга чекловлар ўрнатиш, яйловларни қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва уларнинг хосилдорлигини кўтариш тадбирларини ўтказишда шунингдек, яйловлардан самарали фойдаланиш ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш юзасидан қарорлар қабул қилишда.

 

19-модда. Яйловлар паспорти

 

Ҳар бир яйловга Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастрлари Давлат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан ўрнатилган шаклда яйлов паспорти расмийлаштирилади.

Ҳар 5 йилда инвентаризация, геоботаник текширувлар ва маниторинг маълумотлар асосидаги яйловнинг миқдорий ва сифат кўрсатгичларидан келиб чиқиб яйлов паспортига зарурий ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Тегишли тартибда паспорт расмийлаштирилмаган яйловни фойдаланиш учун тақдим этишга йўл қўйилмайди.

 

20-модда. Яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича давлат назорати

 

Яйловлар ва яйлов ресурсларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратининг вазифаси барча яйловлардан фойдаланувчилар томонидан яйлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя қилишини таъминлаш ҳисобланади.

Яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назорати қуйидагилар:

яйлов ерларидан фойдаланиш қисмида, Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастрлари Давлат қўмитаси томонидан;

ерларни муҳофаза қилиш ва яйлов ўсимликлар оламини муҳофаза қилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

 

III-боб. Яйловлардан фойдаланиш

 

21-модда. Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқи

 

Юридик ва жисмоний шахслар ерни эгалигига, фойдаланиш ёки ижарага олиш, ёхуд бошқа йўллар билан яйлов ерларидан фойдаланишлари мумкин.

Яйловларнинг ер участкалари ўрнатилган тартибда қуйидагича ҳуқуқлар билан тақдим этилади:

яйлов ерларининг узоқ муддатли ижараси - (ўттиз йилдан эллик йилгача) қишлоқ хўжалиги кооперативларига (ширкатларга), фермер хўжаликларига, чорва маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган қишлоқ хўжалигининг бошқа товар ишлаб чиқарувчиларига;

вақтинчалик фойдаланиш ёки яйлов ерларининг қисқа муддатли ижараси – ушбу қисмнинг иккинчи хатбошида кўрсатилган юридик шахсларга ва деҳқон хўжаликларига;

доимий эгалик қилиш – ўрмон хўжалиги корхоналари ва ташкилотларига;

доимий фойдаланиш – қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда.

Ушбу модданинг иккинчи қисми иккинчи хатбошида кўрсатилган чорвачилик хўжаликларига узоқ муддатли ижарага беришнинг минимал ўлчами Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятининг суғориладиган ерларида боқилаётган бир бош чорва моли учун шартли равишда 0,3 гектар, бошқа вилоятлар ва Қароқолпоғистон Республикасининг суғориладиган ерларида боқиладиган бир бош чорва моли учун камида 0,45 гектар, суғорилмайдиган (лалми) ерлари учун камида 2 гектар. Фермер хўжаликларига ижарага беришнинг минимал ўлчами, суғорилмайдиган (лалми) ерлар ва суғорилмайдиган яйлов ерларини ҳам ҳисобга олган ҳолда шартли бир бош чорва моли учун камида 2 гектар. Хосилдорлиги паст ва сув билан таъминланмаган ер участкаларини ижарага беришнинг минимал ўлчами шартли бир бош чорва моли учун «Чўл» теграсида 50 гектар, «Адир» ва «Тов» теграларида эса 25 гектар.

Юридик ва жисмоний шахслар табиий яйлов ерларида чорва молларини ўтлатиш ҳуқуқини ўсимлик олами объектларидан фойдаланиш тартибида олишлари мумкин.

Чорва молларини ўтлатишдан ортиб қолган яйлов майдонлари мавжуд бўлганда ушбу яйлов участкалари ушбу моддада кўрсатилган озуқа тайёрлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган ташкилотларга пичан ўрими учун тақдим этилиши мумкин.

Яйловдан фойдаланиш ҳуқуқи бар ёки бир нечта участкаларга нисбатан берилиши мумкин.

 

22-модда. Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш

 

Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларда, қонунчиликда назарда тутилган талаблар билан бир қаторда қуйидагилар ҳам кўрсатилган бўлиши лозим:

яйлов ерларини мониторинг қилиш маълумотлари бўйича яйловларнинг ҳолати (ўсимлик қатламининг тури, хосилдорлиги ва ҳаказо);

яйлов участкаларининг жойлашув схемаси;

чорва молларининг тури ва сони;

яйловлардан фойдаланиш муддатлари;

яйловлардан фойдаланганлик учун тўлов миқдори ва уни тўлаш тартиби;

яйловларни муҳофаза қилиш, яйлов ўсимлик қатламининг такрор ишлаб чиқарилиши ва қайта тикланишини таъминлаш ҳамда чорва молларини ўтлатиш ва яйлов айланмасини таъминлаш бўйича нормативларга риоя қилиш юзасидан яйловлардан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари;

ижарага берувчининг ёки яйловни фойдаланиш учун берган шахснинг (идоранинг) яйловларнинг ҳолатини текшириш учун мониторинг ўтказиш ҳуқуқи;

яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқининг тугатилиши учун асос сифатида яйловлардан фойдаланувчининг ўрнатилган талабларни бузиши натижасида яйловлардан белгиланган мақсадларда ва самарали фойдаланмаслик, яйловлар озуқавий хусусиятларининг (хосилдорликнинг) тушиб кетиши;

яйловлардан фойдаланувчи томонидан яйлов ерларига етказилган зарарни қоплашнинг мажбурийлиги.

 

23-модда. Яйловлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Яйловлардан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича тасдиқланган режаларга мувофиқ чорва молларини ўтлатиш ва пичан ўримини амалга ошириш;

мустақил равишда яйлов хўжалигини юритиш;

яйлов хўжалигини юритиш учун зарур бўлган йўллар, суғориш пунктлари, қўралар, турар жой, хўжалик биноларини ва бошқа объектларни қуриш;

фойдаланиш учун рухсатномаларда назарда тутилган фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш;

қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган тартибда ва шартлар асосида яйловлардан фойдаланувчилар ассоциацияларини ва бошқа бирлашмаларни тузиш;

яйловларни қайта тиклаш, сув билан таъминлаш объектларини таъмирлаш ва қуриш билан боғлиқ ишларни бажариш хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузиш;

Яйловлардан фойдаланувчи юридик шахслар бошқа юридик шахсларга ва жисмоний шахсларга вақтинчалик фойдаланиш ёки қисқа муддатли ижарага берилган ўз ер участкаларида жойлашган яйловлардан фойдаланиш мониторингини ўтказиш ҳуқуқига эгадирлар.

 

24-модда. Яйловлардан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

 

Яйловлардан фойдаланувчилар қуйидагиларга мажбурдирлар:

яйловлардан уларнинг белгиланиш мақсадларига кўра барқарор ва самарали фойдаланиш, чорва молларини ўтлатишнинг норма ва қоидаларини бузмаслик;

яйлов ўсимликларининг такрор ишлаб чиқарилишини таъминлаш юзасидан ҳамкорлик чораларини кўриш, шунингдек, яйловларнинг ўсимлик қатламини фиторекультивация йўли билан қайта тиклаб бориш;

яйловларнинг қайта ишлаб чиқарилишини ва қайта тикланишини таъминлашда фойдаланиш учун озуқа (ем ҳашак) ўсимликларининг уруғлик материалларини йиғиш ва тайёрлаш;

шамол ва сув эрозияси, чўллашишга қарши кураш тадбирларини амалга ошириш, шунингдек, яйловларнинг дегродациясига йўл қўймаслик;

сув манбалари иншоатларини қуриш ва уларни таъмирлаш;

яйлов айланмаси қоидаларига риоя қилиш;

яйлов ерларини инвентаризация қилишда иштирок этиш;

яйловларни мониторинг қилишда керакли маълумотларни тақдим этиш ва ҳамкорлик қилиш;

яйловлардан рухсатсиз фойдаланишдан ва яйловлардан фойдаланиш қоидаларининг бошқа бузилишларидан ҳимоя қилинишини таъминлаш;

яйловларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш ва уларда ёнғиндан огоҳлантириш чораларини кўриш, яйловларда ёнғин ўчоқларининг ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш;

яйлов ўсимликлари зараркунандаларига ва касалликларига қарши кураш тадбирларини амалга ошириш;

яйловлардан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ўз вақтида тўлаш;

яйловларга ва бошқа фойдаланувчиларга етказилган зарарни қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда қоплаш;

яйлов ерларининг ва сув манбаларининг экологик ва санитар ҳолатини яхшилаш бўйича чоралар кўриш;

бошқа, яйловлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини бузмаслик.

 

25-модда. Яйлов ерларига эга хўжаликларнинг структураси

 

Қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлар) яйлов ерлари бўлимларга (фермаларга) бўлинади, фермер хўжаликларида эса битта ферма ташкил этилади. Бўлимлар (фермалар) 2-4 мавсумли участкаларга тақсимланади.

Мавсумий участкаларни проектлаштиришда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:

чорва молларининг режалаштирилган сони;

барча ҳайвон турининг бир боши учун ем хашакнинг мавсумий талаб эҳтиёжи;

чорва моллари томонидан яхши ейилганда яйлов ўсимликларининг ўртача сиғими;

яйлов ем ҳашагининг мавсумлар бўйича талаб қилиниш тақсимоти;

яйлов ерлари ўсимликларининг ва озуқа сиғимининг ҳолати;

бўлимларни (фермаларни) хар бир бош чорвасини ем хашак билан таъминлайдиган мавсумий участкалар майдонларини белгилаш.

 

26-модда. Яйловлардан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш

 

Юридик ва жисмоний шахслар яйловлардан фойдаланганлик учун қонун ҳужжатларда ўрнатилган тартибда тўловни амалга оширадилар.

Яйловлардан фойдаланганлик учун тўлов чорва ҳайвонларининг тури ва сонидан келиб чиқиб яйловнинг туркумини (турини) инобатга олган ҳолда ундирилади.

Яйловлардан фойдаланганлик учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджетига келиб тушадиган ер солиғи маблағлари яйлов ерлари жойлашган жойдаги ҳудудий бюджетларга йўналтирилади ва яйловларнинг такрор ишлаб чиқарилишини ва қайта тикланишини таъминлаш шунингдек яйлов инфраструктурасини ривожлантириш учун мақсадли фойдаланилади.

 

 

27-модда. Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқининг тугатилиши

Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тугатилади:

яйловлардан фойдаланаётган юридик шахснинг тугатилиши ёки жисмоний шахснинг вафот этиши;

яйловлардан фойдаланиш муддатининг тугаши;

яйловлардан мақсадли фойдаланмаслик;

яйлов хўжалигининг самарали олиб борилмаслиги оқибатида яйловнинг холати ва махсулдорлигининг узоқ муддатли ва кенг майдонда ёмонлашуви;

яйлов ерларини давлат ва жамият манфаатлари учун олиб қўйиш;

яйловларда фойдаланишдан ихтиёрий воз кечиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа холларда.

Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқининг тугатилиши қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқининг тугатилиши тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят келтирилиши мумкин.

 

28-модда. Яйловлардан фойдаланишни чеклаш

 

Деградацияланган яйловлар ерларида такрор ишлаб чиқаришни ва уларнинг қайта тикланишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетаётган ўсимлик ва ҳайвон турларини муҳофаза қилиш мақсадида яйловлардан фойдаланишга чеклов ва таъқиқлар қўйилиши мумкин.

 

IV-Боб. Яйловларни муҳофаза қилиш, уларнинг такрор ишлаб чиқарилиши ва қайта тикланишини таъминлаш

 

29-модда. Яйловларни муҳофаза қилиш

Яйловларни муҳофаза қилиш яйловлардан барқарор ва самарали фойдаланиш, яйловларнинг махсулдорлигини сақлаб қолиш, яйловлар унумдорлигини қайта тикланишига қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, иқтисодий, ва бошқа чора тадбирларни ўз ичига олади.

Яйловларни муҳофаза қилиш қуйидаги йўллар билан таъминланади:

яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, такрор ишлаб чиқарилишини таъминлаш учун қоидалар меъёрларни ўрнатиш;

яйлов ер-мулкларидан фойдаланиш учун чеклов ва таъқиқларни ўрнатиш;

яйловлардан ўзбошимча фойдаланиш ва яйловлардан фойдаланиш режимининг бошқа ҳуқуқбузарликларидан огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш;

яйловлар мониторингини юритиш, яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, уларда такрор ишлаб чиқаришни ва қайта тикланишини таъминлаш юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларни бузганлик учун юридик ва жисмоний шахсларни жавобгарликка тортиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ яйловларни муҳофаза қилиш бўйича бўйича бошқа чораларни кўриш.

 

30-модда. Яйловларда такрор ишлаб чиқариш ва уларни қайта тиклаш

 

Яйловларнинг чорвани ўтлатиш учун яроқлилигини баҳолаш учун ҳар 5 йилда фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан уларнинг сифат ҳолати инвентаризация қилинади. Инвентаризация жараёнида сифат ҳолати яхшиланиши талаб қилинадиган ва деградацияланган шунингдек фойдаланиш учун яроқсиз бўлган яйлов участкалари аниқланади.

Инвентаризация асосида яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш режаларига тупроқ ва яйлов ўсимликларининг такрор ишлаб чиқарилиши ва қайта тикланишини таъминлашга қаратилган тупрок махсулдорлиги ва яйлов ўсимликларининг унумдорлигини ошириш, сув билан таъминлаш ва бошқа тадбирларни ўз ичига олувчи керакли чора тадбирлар киритилади.

Такрор ишлаб чиқариш билан боғлиқ тадбирлар тупроқ унумдорлигининг табиий жараёнлари ва яйловлар ўсимлик қатламининг миқдорий ва сифат холатларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

Яйловларда қайта тиклаш тадбирлари фитомелорация ва фитомелиоранларни экишнинг зонал технологияларини қўллаш, қумли яйловларда саксовуллларни экиш йўли билан амалга оширилади. Шу билан бирга табиий яйловларда бегона турдаги ўсимликларни интродукция қилиш таъқиқланади.

 

31-модда. Яйловлардан фойдаланишда экологик, санитар ва ветеринар талаблар

 

Яйловлардан фойдаланишда юридик ва жисмоний шахслар экологик, санитар ва ветерино-санитар талабларга амал қилишлари шарт.

Экологик, ветеринар ва санитар назорат ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

 

32-модда. Яйловлардан фойдаланиш ва яйлов хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган ишларни ташкил этиш тартиби

 

Яйловлар ҳудудида қурилиш ишларини олиб бориш, умумтарқалган фойдали қазилмаларни қазиб олиш, коммуникация тизимларини ўтқазиш ва яйловлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларни амалга ошириш жойлардаги маҳаллий давлат органларининг қарори асосида давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси билан амалга оширилади.

 

V-боб. Якуний қоидалар

 

33-модда. Яйловларни муҳофаза қилиш, такрор ишлаб чиқарилиши, қайта тикланишини ва жойлашувини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш

 

Юридик ва жисмоний шахсларга тақдим қилинган яйловларни муҳофаза қилиш, уларнинг такрор ишлаб чиқарилиши, қайта тикланишини ва жойлашувини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш ушбу шахсларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўсимлик оламидан фойдаланиш тартибида фойдаланиш ҳуқуқи берилган яйловларни муҳофаза қилиш, уларнинг такрор ишлаб чиқарилиши, қайта тикланишини ва жойлашувини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш ушбу яйлов ер участкалари жойлашган юридик шахсларнинг тўловлари ва бошқа маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат ва ҳудудий дастурларга киритилган яйловларни муҳофаза қилиш, уларнинг такрор ишлаб чиқарилиши, қайта тикланишини ва жойлашувини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш тегишли бюджетлар ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

 

34-модда. Яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги низоларни ҳал қилиш

 

Яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида вужудга келган низоларни ҳал қилиш қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда ҳал қилинади.

 

35-модда. Яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузишда айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

 

36-модда. Яйловларга етказилган зарарни қоплаш

 

Яйловларни ифлослантириш, улардан самарали фойдаланмаслик, яйловларнинг дегродацияси ва яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бошқа тарзда бузиш натижасида етказилган зарарни юридик ва жисмоний шахслар қоплашга мажбурдирлар.

 

37-модда. Яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик

 

Яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

 

38-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 

Ушбу Қонун матбуотда расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти


Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.04.2019
Гулистонда энг замонавий, намунали поликлиника қуриладиган бўлди

Депутатларнинг Гулистон шаҳридаги ўрганишлари жараёнида тиббиёт муассасаларининг дислокацияси нотўғри...

19.04.2019
Жанубий Корея Республикаси Президенти парламент аъзолари олдида нутқ сўзлади

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 2019 йил 19 апрель...

18.04.2019
Ҳудудларда соғлиқни сақлаш тизими соҳасида биттадан намунали туман бўлади

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари бошчилигида тегишли соҳа вакилларидан ...