Cайт ранги: A A


Муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари

Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Уруғчилик тўғрисида

(янги таҳрири)

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

апробация – ўсимликларнинг генетик софлиги, касалликларга чалинганлиги, зараркунандалар билан зарарланганлиги ва экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлаш мақсадида уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларда ўтказиладиган тадқиқот;

генетик нав сифати – муайян нав, уруғликнинг генетик жиҳатдан софлигини билдирувчи кўрсаткичлар мажмуи;

дурагай уруғлик – ирсияти ҳар хил навлар, турлар ва туркумларни чатиштиришдан олинадиган уруғлик;

линия – ўсимликни ўз-ўзи билан чатиштириш натижасида вужудга келадиган генотип жиҳатдан бир хил бўлган ўсимликлар;

оригинал уруғликлар – нав муаллифи ёки у ваколат берган шахс томонидан етиштирилган ва кейинчалик кўпайтириш учун мўлжалланган уруғликлар;

патент эгаси (лицензиар) – селекция навининг ва (ёки) дурагай уруғликларга эгалик ҳуқуқини қонун ҳужжатларига мувофиқ олган юридик ёки жисмоний шахс;

популяция – бир хил тупроқ-иқлим шароитида тарқалган ва бир турга мансуб бўлган ҳамда эркин чатишадиган (ирсий жиҳатдан бир-биридан фарқ қиладиган) ўсимликлар йиғиндиси;

репродукция уруғликлари – элита уруғлигидан олинган кейинги уруғлик авлодлари;

уруғлик – экиш учун фойдаланиладиган уруғ, мева, вегетатив йўл билан кўпайтириладиган ўсимлик қисмлари;

уруғлик аттестати – уруғликларнинг дастлабки сифат кўрсаткичларини тасдиқловчи ҳужжат;

уруғлик гувоҳномаси – уруғларнинг муайян бир экин навига хослигини тасдиқловчи ҳужжат;

уруғлик таҳлили натижаси – уруғликларнинг экинбоплик сифати кўрсаткичларини тасдиқловчи ҳужжат;

уруғлик тўпи – бир турдаги (муайян экин, нав, репродукция, тоифа, генетик нав софлиги, келиб чиқиши ва сифати бўйича бир хил бўлган) тегишли ҳужжат (апробация далолатномаси, уруғлик аттестати, уруғлик гувоҳномаси, уруғлик таҳлили натижаси, мувофиқлик сертификати) билан тасдиқланган махсус жамланган уруғлик миқдори;

уруғчилик – уруғликларни ишлаб чиқариш (етиштириш), сақлаш, реализация қилиш ва фойдаланиш ҳамда уларни генетик нав ва экинбоплик сифатини аниқлаш бўйича ўтказиладиган тадбирлар билан боғлиқ фаолият;

экинбоплик сифати – уруғликларнинг экишга қанчалик яроқли эканлигини билдирувчи кўрсаткичлар мажмуи.

элита уруғликлар – оригинал уруғликлардан кейинчалик кўпайтириш йўли билан олинган уруғликлар.

4-модда. Уруғлик тоифалари

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини қайта кўпайтириш босқичларига қараб, қуйидаги уруғлик тоифалари белгиланади:

оригинал;

элита;

репродукция уруғликлари (биринчи ва кейинги репродукция уруғликлари).

5-модда. Уруғчилик объектлари

Қуйидагилар уруғчилик объектлари ҳисобланади:

нав;

линия;

дурагай уруғликлар;

популяция;

уруғлик;

уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган майдонлар.

6-модда. Уруғчилик субъектлари

Қуйидагилар уруғчилик субъектлари ҳисобланади:

нав муаллифи;

уруғлик ишлаб чиқарувчи (етиштирувчи);

уруғликни реализация қилувчи;

уруғлик истеъмолчилари (фойдаланувчилари);

уруғликнинг генетик нав ва экинбоплик сифатини аниқлаш бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотлар.

7-модда. Уруғчилик субъектларининг ҳуқуқлари

Қуйидагилар уруғчилик субъектларининг ҳуқуқлари ҳисобланади:

уруғчилик соҳасидаги давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

уруғликлар савдо кўргазмаларида (кимошди савдоларида) иштирок этиш;

ўз фаолиятида инновация технологияларини қўллайди ва илм-фан ютуқларини жорий этиш;

уруғларни ишлаб чиқариш (етиштириш) юзасидан тежамкор технологияларни қўллаш.

Уруғчилик субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

8-модда. Уруғчилик субъектларининг мажбуриятлари

Қуйидагилар уруғчилик субъектлари мажбуриятлари ҳисобланади:

дурагай уруғликлар ва нав тавсифларини уруғлик истеъмолчи (фойдаланувчи)ларига тақдим этиш;

элита уруғликларини реализация қилишда уруғлик тўпига берилган мувофиқлик сертификати ҳамда нав тавсифларини уруғлик истеъмолчи (фойдаланувчи)ларига тақдим қилиш;

уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларни даврий апробациядан ўтказилишини таъминлаш;

ваколатли орган томонидан тасдиқланган уруғликларни ишлаб чиқариш схемаларининг технологик талабларига, сақлаш ва реализация қилиш қоидаларига риоя қилиш ҳамда уруғликларнинг миқдори ва сифати жиҳатидан сақланишини таъминлаш;

ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибда уруғлик ишлаб чиқариш (етиштириш) учун фойдаланиладиган майдонларни апробациядан ўтказиш.

Уруғлик ишлаб чиқарувчи (етиштирувчи)лар, уруғликнинг генетик нав ва экинбоплик сифатини аниқлаш бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳар бир уруғлик тўпининг генетик нав ва экинбоплик сифати бўйича тўлиқ ҳисобини юритишга мажбурдирлар.

2-боб. Уруғчилик соҳасида давлат бошқаруви ва назорати

9-модда. Уруғчилик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий
                                йўналишлари

Уруғчилик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

уруғчилик соҳасига инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инфратузилма ва сервис хизмати кўрсатишни ривожлантириш;

уруғчилик соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш;

уруғчилик соҳасида уруғликларни ишлаб чиқишда генетик нав сифати кўрсаткичларини сақлаб қолиш;

уруғликларни кўпайтириш ва уни уруғлик истеъмолчи (фойдаланувчи)ларига етказиб беришнинг самарали тизимини яратиш;

уруғчилик соҳасида фаолият юритаётган уруғшуносларни рағбатлантириш, уруғлик етиштириш учун зарур шароитлар яратиш;

уруғчилик соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
                                  уруғчилик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

уруғчилик соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

уруғчилик соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг уруғчилик соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

11-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уруғчилик
                               соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

уруғчилик соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этади;

уруғчилик соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

уруғчилик тадбирларини ўтказишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

12-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги
                                вазирлигининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:

уруғчилик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрини юритади;

уруғчилик соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларининг навларини синаш борасидаги ишга раҳбарлик қилади;

қишлоқ хўжалик экинлари уруғликлари етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларда апробация ўтказиш тартибини ишлаб чиқади ва белгилайди;

қишлоқ хўжалик экинлари уруғчилигини ривожлантиришга қаратилган мақсадли, соҳавий ва ҳудудий комплекс дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширилишини ташкил этади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бирга қишлоқ хўжалиги экинларининг муайян ҳудудларга мослаштирилган ва истиқболли навларини экиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат
                                 қўмитасининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

ўрмон хўжалиги экинлари уруғчилигини ривожлантириш соҳасида давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

ўрмон хўжалиги экинлари уруғликлари етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларда апробация ўтказиш тартибини ишлаб чиқади ва белгилайди;

ўрмон хўжалиги экинлари уруғликларини генетик нав ҳамда экинбоплик сифатини аниқлайди;

ўрмон хўжалиги экинлари уруғликларининг сифатини аниқлаш услубларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ўрмон хўжалиги экинларининг нав ва уруғ назорати, лаборатория синовлари, уруғликлар сифатини экспертиза қилишни амалга ошириш бўйича қоидаларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ўрмон хўжалиги экинлари уруғчилиги бўйича ўз ваколати доирасидаги халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14-модда. Уруғликларни сертификатлаш ва сифатини назорат қилиш
                              бўйича давлат органлари ва уларнинг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти уруғликларни сертификатлаш ва сифатини назорат қилиш бўйича давлат органлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат маркази:

уруғчилик соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни амалга оширади;

уруғчилик соҳасидаги маҳсулот экспертизасини ташкил этади;

қишлоқ хўжалик экинларининг уруғликлари сифатини назорат қилишни ташкил этиш бўйича ҳудудий бўлинмаларининг ишига раҳбарлик қилади;

уруғликларнинг генетик нав ва экинбоплик сифатини аниқлайди;

уруғликларнинг экинбоплик сифатини аниқлаш услубларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

уруғчилик соҳасидаги маҳаллий давлат хокимияти органларига услубий раҳбарликни амалга оширади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

нав синаш ва уруғчилик бўйича илмий-техник дастурларни ишлаб чиқиш
ва амалга оширишда иштирок этади;

оригинал, элита ва репродукция уруғликлари ишлаб чиқарувчи (етиштирувчи)лари ҳамда уни реализация қилувчиларни аттестациядан ўтказиш қоидаларини ишлаб чиқади;

нав ва уруғ назорати, тупроқ (грунт)да баҳолаш, лаборатория синовлари, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари сифатини экспертиза қилишни амалга ошириш бўйича қоидаларни ишлаб чиқади;

республикада қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги ресурслари бўйича мониторинг юритади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уруғчилик соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини назорат қилади.

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат маркази қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти:

уруғчиликни ривожлантириш давлат дастурларини ва бошқа дастурларни  амалга оширади;

тоғ ёнбағирларида, чўл ва лалми ерларда етиштириладиган, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлган ўсимликлар уруғчилиги бўйича илмий-тадқиқотлар олиб боради;

импорт ўрнини босадиган доривор ўсимликлар уруғларини етиштиришни ташкил этади;

уруғликларнинг генетик нав ва экинбоплик сифатини аниқлайди;

уруғликларнинг сифатини аниқлаш услубларини ишлаб чиқади
ва тасдиқлайди;

нав синаш ва уруғчилик бўйича илмий-техник дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ўрмон хўжалиги экинлари уруғликларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳажмини башорат қилади;

республикада ўрмон хўжалиги экинлари уруғчилиги ресурслари бўйича мониторинг юритади;

ўрмон хўжалиги экинларининг уруғчилиги бўйича
ўз ваколати доирасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15-модда. Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш
                              ва сифатини назорат қилиш давлат инспекторлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат марказининг бошлиғи қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат инспектори ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва сифатини назорат қилиш марказининг бошлиғи, шунингдек қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш вилоятлар марказлари бошлиқлари тегишли равишда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат инспекторлари ҳисобланадилар.

Қишлоқ хўжалиги уруғликлари сифатини назорат қилиш туман ва туманлараро инспекциялар бошлиқлари тегишлича қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича туман давлат инспекторлари ҳисобланадилар.

16-модда. Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш
                              ва сифатини назорат қилиш давлат инспекторларининг
                  
            ваколатлари

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош давлат инспектори, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туман давлат инспекторлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

уруғликнинг экинбоплик сифати давлат стандартларига мувофиқлигини текшириш мақсадида зарур таҳлиллар ўтказиш учун уруғлик намуналарини танлаб олиш;

уруғликнинг ҳимоя қилинадиган навларидан ғайриқонуний фойдаланилишини тақиқлаш;

белгиланган тартибда ҳар қандай уруғлик ишлаб чиқарувчи (етиштирувчи)нинг, уруғлик етказиб берувчининг ва уруғлик реализация қилувчининг ҳудудига кириш;

уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган майдонлар ва уруғлик туркумларига доир зарур ахборот ва ҳужжатлар олиш;

уруғлик реализация қилувчида уруғликнинг мувофиқлик, фитосанитария сертификатлари ва карантин рухсатномаси мавжудлигини текшириш;

мувофиқлик ёки фитосанитария сертификати ва карантин рухсатномаси бўлмаган уруғликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга йўл қўймаслик.

Давлат инспекторлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Уруғчилик соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш

17-модда. Уруғликнинг сифатини аниқлаш

Уруғликнинг генетик нав сифати уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган майдонлар ва лабораторияда ўтказиладиган синов натижалари бўйича аниқланади.

Экинбоп уруғлик етиштириш мақсадида экилган навли қишлоқ хўжалик экинлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ўрмон хўжалиги экинлари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси белгилайдиган тартибда апробация қилинади.

18-модда. Уруғликни сертификатлаш

Экиш учун ишлатиладиган уруғлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификатланиши лозим.

Қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларини сертификатлаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартибда аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Ўрмон хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартибда аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Стандарт уруғликларга мувофиқлик сертификати, ностандарт уруғликларга эса уларнинг сифати тўғрисида таҳлил натижаси тақдим этилади.

19-модда. Уруғликни реализация қилиш

Уруғликнинг генетик нав ва экинбоплик сифатлари кўрсатилган мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган тақдирда уларни реализация қилишга йўл қўйилади.

Кимёвий ёки биологик ишлов берилган уруғликлар истеъмолчи (фойдаланувчи)га фақат ўралган ҳолда етказиб берилади. Ҳар бир ўрамда қайси усулда ишлов берилганлиги кўрсатилган ёрлиқ ва хавфсизлик чора-тадбирлари тўғрисидаги йўриқнома бўлиши шарт.

Қуйидаги уруғликни экиш (ўтқазиш) учун фойдаланиш ва реализация қилиш тақиқланади:

Ўсимлик навлари давлат реестрига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалик экинларининг давлат реестрига киритилмаган навлар ва дурагайларнинг уруғликларини;

карантин объектлари билан зарарланган уруғликларни;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ келмайдиган уруғликларни.

Янги ва истиқболли навлар уруғликка бўлган талабдан келиб чиқиб ҳамда уларнинг сифати бўйича мувофиқлик сертификати ёки таҳлил натижаси мавжуд бўлган тақдирда ушбу уруғликларни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ
ва сув хўжалиги вазирлиги ёки унинг ваколатли органи рухсати билан реализация қилиш мумкин.

Муомалага киритилаётган уруғликлар давлат стандартлари талабларига мувофиқ тамғаланган ва қадоқланган бўлиши шарт.

Ўсимлик касалликлари ёки бегона ўтлар кенг тарқалган давлатлардан келтирилган уруғликни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш тақиқланади.

20-модда. Уруғликни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш
                             (олиб чиқиш)

Уруғликни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш (олиб чиқиш)га қуйидаги шартларда йўл қўйилади, агар:

улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалик экинларининг давлат реестрига киритилган навнинг уруғи бўлса;

уларнинг мувофиқлик ва фитосанитария сертификатлари ҳамда карантин рухсатномаси мавжуд бўлса;

улар селекция ва тадқиқот ишларига, кўргазмага қўйишга мўлжалланган бўлса.

Илмий ва нав синаш мақсадларида импорт ва экспорт қилинаётган уруғликлар учун бож тўлови ундирилмайди, улар квоталанмайди
ва лицензияланмайди.

Оригинал уруғликларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати, элита уруғликларга Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг хулосаси, репродукция уруғликларига улар ваколат берган давлат органининг хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, уруғликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқишга йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиладиган уруғликларга Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати томонидан бериладиган фитосанитария сертификати илова қилинади.

21-модда. Реализация қилинадиган уруғликларнинг генетик нави
                               ва экинбоплик сифати кафолатлари

Уруғликларни ишлаб чиқариш (етиштириш) ва уларнинг реализацияси билан шуғулланувчи уруғчилик субъектлари уруғликларнинг генетик нави
ва экинбоплик сифати уларнинг нави ва сифатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларга мувофиқ бўлишига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.

Агарда, уруғликлар ишлаб чиқариш (етиштириш) ва уларнинг реализацияси билан шуғулланувчи уруғчилик субъектлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган уруғликларнинг генетик нав ва экинбоплик сифатига номувофиқлиги уруғликларнинг реализацияси билан шуғулланувчиларга боғлиқ эмаслигини исботласалар, уруғлик истеъмолчиси (фойдаланувчиси) кўрилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли эмас.

Сотиб олинган уруғликларга берилган кафолатлар уларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган муддатгача амал қилади.

22-модда. Суғурта уруғлик фонди

Суғурта уруғлик фонди халқаро шартномаларга мувофиқ навли уруғликларни етказиб бериш учун, шунингдек табиий офатлар эҳтимолини назарда тутган ҳолда ва бошқа мақсадларда ташкил этилади.

Суғурта уруғлик фондини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

23-модда. Уруғчилик соҳасидаги илмий-тадқиқотлар

Уруғчилик соҳасидаги илмий-тадқиқотлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти, тегишли тармоқ илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда бошқа илмий ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

24-модда. Уруғчилик соҳасида интеллектуал мулкчилик

Патент билан муҳофаза қилинадиган навлар ва дурагайлар уруғлигини ишлаб чиқариш (етиштириш) ҳамда ундан фойдаланиш ҳуқуқига патент эгалари, шунингдек лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалик экинларининг давлат реестрига киритилган, бироқ патент ёки гувоҳнома билан муҳофаза қилинмайдиган навлар ва дурагайлар уруғлиги юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқарилиши (етиштирилиши) ва ундан фойдаланилиши мумкин.

Патент эгалари, улар ваколат берган шахслар, шунингдек улар ўртасидаги шартномалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

4-боб. Якуний қоидалар

25-модда. Уруғчилик соҳасидаги фаолиятнинг таъминоти
                                   ва молиялаштирилиши

Уруғчилик соҳасидаги фаолиятни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

26-модда. Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

                  учун жавобгарлик

Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 


Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.01.2019
Репродуктив саломатлик масалалари депутатлар диққат марказида

Ушбу лойиҳанинг асосий ғояси аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, аёллар ва эркаклар бепуштл...

23.01.2019
Кун тартибидаги муҳим қонун лойиҳаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси му...

23.01.2019
Давлат дастури ижросида “Адолат СДП” фракциясининг ўрни қандай бўлади?

Эътироф этилганидек, 2019 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси...