Cайт ранги: A A


Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида

19 August 1999

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонун гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлишига оид ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда уларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига монелик қилиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилиб қўяди.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

  • гиёҳвандлик (наркотик) воситалари— гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган ваЎзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган препаратлар ваўсимликлар;
  • психотроп моддалар— психотроп моддалар рўйхатига киритилган ваЎзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар;
  • прекурсорлар— прекурсорлар рўйхатига киритилган ваЎзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, гиёҳвандлик воситалари вапсихотроп моддалар тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар;гиёҳвандлик воситалари вапсихотроп моддаларнинг аналоглари— кимёвий тузилиши вахоссаларига кўра гиёҳвандлик воситалари вапсихотроп моддаларга ўхшаш, улар сингари руҳиятга фаол таъсир этувчи, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар;
  • препарат— моддаларнинг ҳарқандай физик ҳолатдаги, таркибида битта ёки бир нечта гиёҳвандлик воситалари ёхуд психотроп моддалар бўлган аралашмаси;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар вапрекурсорларнинг муомалада бўлиши— гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар вапрекурсорларни олиб кириш (олиб чиқиш), транзит тарзида ўтказиш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, олиш, ташиш, жўнатиш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улардан фойдаланиш вауларни йўқ қилиш, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш;
  • гиёҳвандлик (наркомания)— гиёҳвандлик воситаларига руҳий-жисмоний қарамлик билан боғлиқ касаллик;
  • заҳарвандлик (токсикомания)— психотроп моддаларга, шунингдек дорилик хусусиятига эга бўлмаган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий, гиёҳвандлик воситаларга ўхшаш руҳиятга фаол таъсир этувчи моддаларга руҳий-жисмоний қарамлик билан боғлиқ касаллик.

махсус ваколатли органлар — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ваколатларга мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши соҳасидаги бошқарув ва назоратни амалга оширувчи органлар.

4-модда. Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар

Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар қуйидаги рўйхатларга киритилади:

  • Муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида тақиқланган гиёҳвандлик воситалари рўйхати (бундан буён матнда Iрўйхат деб юритилади);
  • Муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхати (бундан буён матнда IIрўйхат деб юритилади);
  • Муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган психотроп моддалар рўйхати (бундан буён матнда III рўйхат деб юритилади);
  • Муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган прекурсорлар рўйхати (бундан буён матнда IVрўйхат деб юритилади).

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади ва матбуотда эълон қилинади.

II. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРНИНГ МУОМАЛАДА БЎЛИШИ БИЛАН БОҒЛИҚ ФАОЛИЯТ

5-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши

Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлишига ушбу Қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар аналогларининг муомалада бўлиши тақиқланади.

6-модда. Гиёҳвандлик воситаларининг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятнинг асосий турларига бўлган давлат монополияси

Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситаларининг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятнинг асосий турлари: гиёҳвандлик воситаларини олиб кириш (олиб чиқиш), тақсимлаш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, йўқ қилиш, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш давлат монополияси ҳисобланади.

7-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш

Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.

8-модда. Лицензия беришни рад этиш асослари

Қуйидагилар лицензия беришни рад этиш учун асос бўлади:

  • юридик шахснинг лицензия олиш пайтида ҳужжатларни лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этиши;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар вапрекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятининг хавфсизлигини таъминлаш учун шароитлар йўқлиги;
  • сурункали руҳийкасалликлар, гиёҳвандлик, заҳарвандлик, алкоголизм туфайли диспансер ҳисобида турувчи ходимлар мавжуд бўлса ваулар ўз хизмат вазифаси тақозосига кўра гиёҳвандлик воситалари вапсихотроп моддалардан эркин фойдаланиш имконига эга бўлса;
  • қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ходимлар мавжуд бўлса ваулар ўз хизмат вазифаси тақозосига кўра гиёҳвандлик воситалари вапсихотроп моддалардан эркин фойдаланиш имконига эга бўлса;
  • юридик шахс лицензия олиш пайтида тақдим этган ҳужжатларда нотўғриёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;
  • лицензия даъвогарининг лицензия талаблари вашартларига номувофиқлиги.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

9-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш

Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

  • лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талаблари вашартларини бузганлиги аниқланганда;
  • лицензияловчи органларнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини лицензиат зиммасига юкловчи қарорлари лицензиат томонидан бажарилмаганда.

Лицензиянинг амал қилишини лицензияловчи орган ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга, суд эса ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриши мумкин.
Лицензияловчи орган ёки суд лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этиши учун муддат белгилаши шарт. Бунда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этиши учун суд қарорида белгиланган муддат олти ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.
Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган лицензияловчи орган ёки суд кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқномани олган кундан эътиборан лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида ўн кун муддат ичида қарор қабул қилиши шарт.

91-модда. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш ва лицензияни бекор қилиш

Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

  • лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этганда;
  • юридик шахс тугатилганда— тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда— қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, унинг ўзгартирилиши бундан мустасно;лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талабларини вашартларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;
  • лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни суд ёки лицензияловчи орган белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
  • рухсат этилган фаолият турини амалга ошириш қоидаларига риоя этиш юзасидан мажбуриятлар лицензиат томонидан бир йил ичида такроран бажарилмаганда;
  • лицензияловчи органнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
  • лицензиат томонидан лицензияда белгиланган фаолият турига риоя этилмаганда;
  • лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда.
Лицензиянинг амал қилишини тугатиш ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи — саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда суд қарорига, бошқа ҳолларда эса, лицензияловчи органнинг қарорига биноан амалга оширилади.
Тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан лицензиянинг амал қилиши тугатилади.
Линцензияни бекор қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
  • лицензиатнинг аризасига биноан;
  • агар лицензиат унга лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ҳақида хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан учойичида лицензияловчи органга лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёки лицензия шартномасини имзоламаган бўлса;
  • лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Лицензияни бекор қилиш ушбу модда тўртинчи қисмининг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолда суд қарорига, бошқа ҳолларда эса, лицензияловчи органнинг қарорига биноан амалга оширилади.
Лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензия берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.
Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.

III. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРНИНГ МУОМАЛАДА БЎЛИШИ БИЛАН
БОҒЛИҚ ФАОЛИЯТНИНГ АЙРИМ ТУРЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ШАРТЛАРИ

10-модда. Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга бўлган эҳтиёжлари

Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга бўлган эҳтиёжлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий этилган тартибда белгиланади.

11-модда. Айрим гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг муомалада бўлишини чеклаш

I рўйхатга киритилган гиёҳвандлик воситаларининг муомалада бўлишига йўл қўйилмайди, ушбу Қонуннинг 27 — 29-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
II ва III рўйхатга киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг муомалада бўлишига шифокор кўрсатмаси бўйича тиббий мақсадларда, шунингдек ушбу Қонуннинг 26 — 29-моддаларида назарда тутилган мақсадларда йўл қўйилади.

12-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш (олиб чиқиш) хусусиятлари

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб киришга (олиб чиқишга) лицензия, шунингдек олиб кириш (олиб чиқиш) ҳуқуқи тўғрисида махсус ваколатли орган томонидан бериладиган сертификат бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни махсус ваколатли орган рухсатисиз Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тарзида ўтказиш тақиқланади.
Ушбу моддада белгиланган талаблар бузилган тақдирда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ мусодара этилади.

13-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларда, махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда амалга оширилади.

14-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни бериш, реализация қилиш ва тақсимлаш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни бериш, реализация қилиш ва тақсимлаш махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият турлари учун лицензиялари бўлган тақдирда амалга оширилади.

15-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, реализация қилиш, фойдаланиш учун, шу жумладан тиббий ва бошқа мақсадларда олиш юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият турлари учун лицензиялари бўлган тақдирда амалга оширилади.

16-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда амалга оширилади.

17-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни жўнатиш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни почта жўнатмаларида, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларида жўнатиш тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

18-модда. Янги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқиш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш

Янги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқиш фақат давлат эҳтиёжлари учун буюртмага мувофиқ амалга оширилади ва бу иш давлат илмий-тадқиқот муассасаларига мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда топширилади.
Тиббий мақсадларда фойдаланиладиган янги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

19-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш

II рўйхатга киритилган гиёҳвандлик воситаларини ушбу Қонунда белгиланган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари доирасида давлат корхоналари ва муассасалари томонидан, муайян гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензиялари бўлган тақдирда амалга оширилади.
III рўйхатга киритилган психотроп моддаларни ушбу Қонунда белгиланган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш махсус ваколатли орган қарорига мувофиқ юридик шахслар томонидан, муайян психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензиялари бўлган тақдирда амалга оширилади.
IV рўйхатга киритилган прекурсорларни ушбу Қонунда белгиланган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари доирасида давлат корхоналари ва муассасалари томонидан, муайян прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензиялари бўлган тақдирда амалга оширилади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлашни амалга оширувчи юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилади.

20-модда. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни идишга жойлаш-ўраш ва уларга белги қўйиш

Тиббий мақсадларда фойдаланиладиган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни идишга жойлаш-ўраш ва уларга белги қўйиш қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлиши шарт.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг сиртқи ўрови мазкур ўров бутлигини бузмай туриб уларни олиш имкониятини истисно этиши шарт.
Тиббий мақсадларда фойдаланиладиган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ички ўрови иккита қизил чизиқ билан белгиланган бўлиши шарт.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ўрови ва уларга белги қўйиш ушбу модда талабларига мувофиқ бўлмаган ҳолларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар белгиланган тартибда йўқ қилиб ташланади.

21-модда. Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш

Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган, I рўйхатга киритилган ўсимликларни етиштириш учун рухсат махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, давлат корхоналарига илмий мақсадларда мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда берилади.

22-модда. Прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият хусусиятлари

Юридик шахслар IV рўйхатга киритилган прекурсорларни ўз ишлаб чиқаришида фойдаланиш учун мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда, йиллик ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан кўп бўлмаган миқдорда олишлари мумкин ва олинган ёки буюртма берилган прекурсор миқдори ушбу эҳтиёжлардан ошиб кетган ҳар бир ҳолат тўғрисида махсус ваколатли органни хабардор қилишлари шарт.
IV рўйхатга киритилган прекурсорларнинг муомалада бўлишини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тартиби махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.

23-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни йўқ қилиш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни йўқ қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

  • уларнинг яроқлилик муддати тугаганда; гиёҳвандлик воситаси, психотроп модда ёки прекурсор улар
  • дан фойдаланиш имкониятини истисно этувчи кимёвий ёки физик таъсирга учраганда;
  • беморлар вафотидан сўнг уларнинг қариндошларидан фойдаланилмай қолган восита ёки модда тариқасида қабул қилинганда;
  • уларнинг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки прекурсорларга мансублигини аниқлашнинг имкони бўлмаганда.

Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликлар ўсаётган ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ёки фойдаланувчилари бўлмиш юридик ва жисмоний шахслар бу ўсимликларни йўқ қилиб ташлашга мажбур. Бундан бош тортилган тақдирда мазкур ўсимликлар уларнинг ҳисобидан йўқ этилади.

IV. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

24-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан тиббий мақсадларда фойдаланиш

II, III ва IV рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан тиббий мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда фойдаланилиши мумкин.
Тиббий мақсадларда фойдаланиш учун рухсат этилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга нисбатан доривор воситалар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ушбу Қонунга зид бўлмаган қисми татбиқ қилинади.

25-модда. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалардан транзит тарзида ўтаётган йўловчиларни даволаш учун фойдаланиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан транзит тарзида ўтаётган бемор II ва III рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни даволаниш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда олиб ўтиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушланиб қолган ва даволанишни давом эттириш учун гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни қўшимча равишда олишга муҳтож бўлган тақдирда бундай воситалар ёки моддаларни бериш Ўзбекистон Республикасида ёзиб берилган рецепт асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

26-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан ветеринарияда фойдаланиш

Ветеринарияда фойдаланиладиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхати, шунингдек улардан фойдаланиш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

27-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан илмий ва ўқув мақсадларида фойдаланиш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан илмий ва ўқув мақсадларида фойдаланиш учун рухсат юридик шахсларга мазкур фаолият турлари учун лицензиялари бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилади.

28-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан экспертлик фаолиятида фойдаланиш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан экспертизалар ўтказиш мақсадида фойдаланиш учун рухсат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилади.

29-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан тезкор-қидирув фаолиятида фойдаланиш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан уларни назорат остида етказиб бериш ва назорат остида олиш, бошқа тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

30-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни жисмоний шахсларга бериш

II, III ва IV рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни жисмоний шахсларга тиббий мақсадларда бериш бундай фаолият тури учун лицензиялари бўлган дорихоналар ва даволаш-профилактика муассасаларида амалга оширилади.

31-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият тўғрисида ҳисобот

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият турлари учун лицензиялари бўлган юридик шахслар ўз фаолиятлари тўғрисида махсус ваколатли органга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этадилар.

32-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни инвентаризация қилиш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият турлари учун лицензиялари бўлган юридик шахслар ўз тасарруфларидаги гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ҳар ойда инвентаризация қилишлари ҳамда товар-моддий қимматликлар балансини тузишлари шарт.
Балансдаги тафовутларга оид маълумотлар ёки баланс маълумотларининг ўтказилган инвентаризация натижаларига номувофиқлиги тўғрисида бу ҳолат аниқланганидан сўнг уч кунлик муддат ичида ички ишлар органларига хабар қилинади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар миқдори ва ҳолатига тааллуқли барча ўзгаришлар махсус дафтарларга қайд этилади. Бундай дафтарларни юритиш ва сақлаш тартиби махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.

V. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРНИНГ ҚОНУНГА ХИЛОФ РАВИШДА МУОМАЛАДА БЎЛИШИГА МОНЕЛИК ҚИЛИШ

33-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомаладабўлишига қарши ҳаракатларни мувофиқлаштириш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши ҳаракатларни мувофиқлаштириш махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига монелик қилиш чораларини молиялаш давлат бюджети маблағлари ва бошқа молиялаш манбалари ҳисобидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

34-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тарғиботининг тақиқланиши ҳамда рекламасининг чекланиши

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тарғиботи, яъни гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш усуллари, услублари тўғрисидаги, уларни олиш жойлари ҳақидаги маълумотларни тарқатишга қаратилган фаолият тақиқланади.
II ва III рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар рекламаси фақат тиббиёт ва фармацевтика ходимларига мўлжалланган ихтисослашган босма нашрлардагина амалга оширилиши мумкин. Таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалари бўлган доривор воситаларнинг намуналарини реклама мақсадларида тарқатиш тақиқланади.

35-модда. Тиббий кўрикдан ва текширувдан ўтказиш

Шахс гиёҳвандлик билан касалланган, гиёҳвандлик воситалари таъсирида маст ҳолатда ёхуд шифокор кўрсатмаси бўлмагани ҳолда гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда истеъмол этган деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, у тиббий кўрикдан ўтказишга юборилиши мумкин.
Шахс ўз танасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни олиб ўтаётир деб ҳисоблашга асослар бўлса, у тиббий кўрикдан ўтказишга юборилиши мумкин.
Ушбу моддада кўрсатилган шахслар тиббий кўрикдан ва текширувдан ўтказиш учун суриштирув, тергов органлари ва суднинг қарорига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юборилади.
Тиббий кўрикдан ва текширувдан ўтказиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

36-модда. Гиёҳвандликка йўлиққан шахслар учун касб фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланишнинг чекланиши

Гиёҳвандликка йўлиққан шахслар шуғулланиши учун чеклов белгиланган касб фаолияти турлари рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

37-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни мусодара этиш

Қонунга хилоф равишда муомалада бўлганлиги учун олиб қўйилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар, шунингдек уларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун мўлжалланган асбоб ва ускуналар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда мусодара этилади ёки йўқ қилинади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият натижасида олинган ёки бундай фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиладиган мол-мулк қонун ҳужжатларига мувофиқ мусодара этилади.

38-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши билан боғлиқ жиноятлар содир этган шахслар устидан маъмурий назорат

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши билан боғлиқ жиноятлар содир этган шахслар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганидан кейин улар устидан қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий назорат ўрнатилиши мумкин.

39-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни назорат остида етказиб бериш ва назорат остида олиш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, бартараф этиш ва очиш мақсадида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ўз ваколатлари доирасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни назорат остида етказиб бериш ва назорат остида олиш ҳуқуқига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгадир.

40-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига йўл қўйган юридик шахсни тугатиш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига йўл қўйган юридик шахс суднинг қарорига биноан тугатилиши мумкин.

41-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишидан келган даромадларни легаллаштиришда иштирок этаётган юридик шахсни тугатиш

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши натижасида олинган даромадларни легаллаштириш мақсадида молиявий операцияни амалга оширган юридик шахс суднинг қарорига биноан тугатилиши мумкин.

42-модда. Ушбу Қонун талаблари ижросини текшириш ва назорат қилишни амалга оширувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятга оид тартиб бузилганлигидан далолат берувчи маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда прокуратура, ички ишлар, Миллий хавфсизлик хизмати ва божхона органларининг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликлар етиштирилиши эҳтимоли бор еручасткаларини, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар вапрекурсорларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, олиш, фойдаланиш вайўқ қилиш жойларини кўздан кечириш;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар вапрекурсорларни ишлаб чиқариш ватайёрлаш жараёнларининг белгиланган қоидаларга мувофиқлигини текшириш, зарурат бўлганда экспертлик тадқиқоти учун намуналар олиш;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар вапрекурсорларни олишга монелик қилиш мақсадида хоналарни муҳрлаб қўйиш;
  • назорат вазифаларини бажариш учун зарур тушунтириш ваҳужжатлар тақдим этишни талаб қилиш;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар вапрекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият турлари учун лицензиялари бўлган юридик шахсларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;
  • текширишнинг бошқачораларини амалга ошириш.

Суриштирув, тергов ёки прокуратура органларининг мансабдор шахслари гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомаласи билан боғлиқ фаолият амалга оширилаётган ҳар қандай жойга кириши ва уни кўздан кечириши мумкин.

43-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

VI. ГИЁҲВАНДЛИК ВА ЗАҲАРВАНДЛИК БИЛАН КАСАЛЛАНГАН БЕМОРЛАРГА БЕРИЛАДИГАН НАРКОЛОГИК ЁРДАМ

44-модда. Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларга наркологик ёрдам кўрсатиш

Давлат гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларга уларни текширувдан ўтказиш, маслаҳат бериш, ташҳис қўйиш, даволаш ва тиббий-ижтимоий тиклашдан иборат наркологик ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.
Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларга наркологик ёрдам уларнинг илтимосига кўра ёки уларнинг розилиги билан, ёши ўн тўртга тўлмаган вояга етмаганларга эса, уларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг илтимосига кўра ёхуд уларнинг розилиги билан кўрсатилади.
Даволаниш курсини ўташ учун наркология муассасасига ихтиёрий равишда мурожаат этган гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларнинг илтимосига кўра даволанишнинг сир сақланиши таъминланади.
Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суднинг қарори билан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланиши мумкин.

45-модда. Соғлиқни сақлаш муассасаларининг гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларга наркологик ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолияти

Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик ташҳиси қўйиш, гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларни текширувдан ўтказиш, уларга маслаҳат бериш, уларни даволаш ва тиббий-ижтимоий тиклаш давлат ёки хусусий соғлиқни сақлаш тизимларининг мазкур фаолият тури учун лицензия олган муассасаларида ўтказилади.
Гиёҳвандлик, заҳарвандлик ташҳиси қўйиш ҳамда гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларни даволаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақиқланмаган воситалар ва усуллар қўлланилади.

46-модда. Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларни тиббий ҳисобга олиш ва кузатиб бориш тартиби

Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларни тиббий ҳисобга олиш ва кузатиб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов

Тошкент шаҳри,
1999 йил 19 август,
N ________.


Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:

1. «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2000 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирсин, вазирликлар ва идоралар ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. Халилов

Тошкент шаҳри,
1999 йил 19 август,
N ________.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.11.2019
Давлат бюджети: мунозаралар авж нуқтасига етмоқда

Савол туғилади: нега энди Давлат бюджети қонун сифатида Олий Мажлисда, яъни парламентда қабул қилинади-ю,...

20.11.2019
Депутатлар таклифи инобатга олинди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, ишчи гуруҳларида...

20.11.2019
Олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси нега 25 фоиз бўлиши керак?

Ҳар қандай қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан мақсад — уни такомиллаштириш, соҳадаги масалаларни...