Cайт ранги: A A


Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида

19 August 1999

1-модда. Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

2-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

  • ОИВ касаллиги — одамнинг иммунитет танқислиги вируси оқибатида келиб чиққан ўта хавфли юқумли касаллик;
  • ОИВ касаллигини юқтирганлар — одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллигини юқтирган шахслар;
  • ОИТС — орттирилган иммунитет танқислиги синдроми, ОИВ касаллигининг терминал (сўнгги) босқичи.

3-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ОИВ касаллиги/ОИТС юққан-юқмаганлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган ёки турган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар исми-шарифини сир сақлаган ҳолда, ихтиёрий равишда ОИВ касаллиги/ОИТС юққан-юқмаганлигини аниқлаш мақсадида аноним тиббий текширувдан ўтиш ҳуқуқига эгадирлар.
ОИВ касаллиги/ОИТС юққан-юқмаганлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади ва у эълон қилиниши лозим.

4-модда. ОИВ касаллиги/ОИТСнинг олдини олиш соҳасидаги давлат таъминоти

Давлат:

  • одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида, аҳолининг хабардор қилинишини;
  • ОИВ касаллиги/ОИТСнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш воситалари етказиб берилишини, шунингдек ташхис қўйиш, даволаш ва илмий мақсадларда қўлланиладиган тиббий препаратлар, биологик суюқликлар, органлар ва тўқималарнинг хавфсиз бўлиши устидан назорат қилинишини;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ОИВ касаллиги/ОИТСнинг тарқалиши устидан эпидемиологик назорат ўрнатилишини;
  • ОИВ касаллиги/ОИТС юққан-юқмаганлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун шарт-шароит яратилишини;
  • тиббий текширувдан ўтишнинг хавфсиз, исм-шариф сир сақланган ҳолда ва аноним тарзда бўлишини;
  • аҳоли тиббий текширувдан бепул ўтказилишини ва ОИВ касаллигини юқтирганлар ва ОИТС га чалинган беморлар бепул даволанишини;
  • ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтирганларга ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатилишини, улар янги ихтисосга ўргатилишини ва ишга жойлаштирилишини;
  • ОИВ касаллиги муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар ривожлантирилишини;
  • ОИВ касаллиги тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини амалга ошириш учун мутахассислар тайёрлашни таъминлайди.

5-модда. ОИВ касаллиги/ОИТСнинг олдини олиш бўйича фаолиятни молиялаш

ОИВ касаллиги/ОИТСнинг олдини олишга доир фаолият давлат бюджети маблағлари, мақсадли фондлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари, бошқа манбалар ҳисобидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

6-модда. ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтирганларнинг аниқланиши оқибатлари

Ўзбекистон Республикаси фуқароларида ОИВ касаллиги/ОИТС аниқланган тақдирда, улар қон, биологик суюқлик, органлар ва тўқималарнинг донори бўла олмайдилар. ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтирганлар тиббий кузатув остида бўлишлари шарт. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларда ОИВ касаллиги аниқланган тақдирда, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасидан чиқарилиб юборилишлари мумкин.

7-модда. ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтирганлик учун жавобгарлик

Била туриб бошқа шахсни ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириш хавфи остида қолдириш ёки унга ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириш, шунингдек шахснинг касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида бошқа шахсга ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириши қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

8-модда. ОИВ касаллиги/ОИТС юққан шахсларнинг соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Шахснинг касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида ОИВ касаллиги/ОИТС юққан шахсларнинг соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Зарар ўрнининг қопланиши айбдор шахсларни қонунга мувофиқ жавобгарликдан озод этмайди.

9-модда. ОИВ касаллиги/ОИТС билан касалланган шахсларнинг ҳамда улар оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва ижтимоий муҳофазаси

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллигини юқтирган ҳамда ОИТС билан касалланган шахслар ўзларига инсоний муносабатда бўлиниши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши ва ижтимоий таъминланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ўн олти ёшга тўлмаган шахслар ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида давлат нафақасини олиш ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ногирон болалар учун белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. ОИВ касаллигини юқтирган ёки ОИТСга дучор бўлган болаларнинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ёш болалари билан бирга стационарда бўлиш ҳамда шу пайтда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини олган ҳолда ишдан озод бўлиб туриш ҳуқуқига эгадирлар.

10-модда. ОИВ касаллигини юқтирган ва ОИТС га дучор бўлган беморлар ҳуқуқларининг кафолатлари

ОИВ касаллигини юқтирган ва ОИТС га дучор бўлган беморларда ОИВ касаллиги/ОИТС мавжудлигига асосланиб, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш, уларни ишга қабул қилишдан (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган рўйхатдаги айрим касбий фаолият турлари бундан мустасно), таълим муассасаларига ҳамда тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларга қабул қилишдан бош тортиш, ҳамда уларнинг бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклаш, худди шунингдек улар оила аъзоларининг турар жой ҳуқуқлари, бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклаш тақиқланади.

11-модда. Ўз хизмат вазифаларини бажараётганда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги юқиши хавфи остида бўлган тиббиёт ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш

ОИВ касаллиги/ОИТСга дучор бўлган беморларни даволаш-ташхис қўйиш ва профилактика ишларида, уларга хизмат кўрсатишда банд бўлган, ОИВ касаллиги/ОИТС ўчоғида эпидемияга қарши тадбирларни таъминлайдиган шахсларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар берилади. Тиббиёт ходимлари ҳамда соғлиқни сақлашнинг бошқа ходимларига улар хизмат вазифаларини адо этиши чоғида ОИВ касаллиги/ОИТС юқса, бу — касбий касалликлар тоифасига киради.

12-модда. Ўзбекистон Республикасига кириш шартлари

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикасига келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, улар ўзларида ОИВ касаллиги/ОИТС йўқлигини тасдиқловчи сертификатни қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда тақдим этганлари тақдирда, Ўзбекистон Республикасига кириш учун виза берадилар.

13-модда. Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов

Тошкент шаҳри,
1999 йил 19 август,
816-I.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
ҚАРОРИ

«Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:

1.«Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирсин, вазирликлар ва идоралар мазкур Қонунга зид келадиган ўз норматив ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 14 июнда қабул қилинган «ОИТС билан касалланишнинг олдини олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 йил, N 8, 196-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. Халилов

Тошкент шаҳри,
1999 йил «19» август,
817-I.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...