Cайт ранги: A A


Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида

30 August 1996

Ушбу Қонун вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овулларни тузиш, тугатиш, уларнинг чегараларини ўзгартириш, маъмурий марказларни кўчириш ҳамда, аҳоли пунктларини шаҳар, шаҳарчалари туркумига ўтказиш, маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари ва уларнинг таркибий қисмларига, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, физик-жўғрофий, геологик ва бошқа объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартибини белгилайди.

I. ВИЛОЯТЛАР, ТУМАНЛАР, ҚИШЛОҚЛАР, ОВУЛЛАРНИ ТУЗИШ ВА ТУГАТИШ

1-модда. Вилоятларни тузиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис томонидан амалга оширилади.

2-модда. Туманларни тузиш ва тугатиш тегишли вилоят ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг илтимосномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасида туманларни тузиш ва тугатиш Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг таклифига мувофиқ Жўқорғи Кенгес томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг розилиги билан амалга оширилади. (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 69-моддаси).

3-модда. Қишлоқлар, овулларни тузиш ва тугатиш тегишли туман ҳокимларининг илтимосномасига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса — Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

II. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, ВИЛОЯТЛАР, ТУМАНЛАР, ҚИШЛОҚЛАР, ОВУЛЛАРНИНГ ЧЕГАРАЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ

4-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг чегараси фақат унинг розилиги билан Жўқорғи Кенгес қарорига асосан Олий Мажлис томонидан ўзгартирилиши мумкин.

5-модда. Вилоятлар ва туманларнинг чегараларини ўзгартириш тегишли вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимларининг илтимосномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасида туманларнинг чегараларини ўзгартириш тегишли туман ҳокимларининг илтимосномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг таклифига мувофиқ Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

6-модда. Қишлоқлар ва овуллар чегарасини ўзгартириш, аҳоли пунктларини бирлаштириш тегишли туман ҳокимларининг илтимосномасига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса — Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

III. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, ВИЛОЯТЛАР, ТУМАНЛАР, ҚИШЛОҚЛАР, ОВУЛЛАРНИНГ МАЪМУРИЙ МАРКАЗЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ ВА КЎЧИРИШ

7-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг пойтахтини белгилаш ва кўчириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг розилиги билан Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

8-модда. Вилоятларнинг маъмурий марказларини белгилаш ва кўчириш тегишли вилоят ҳокимларининг илтимосномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис томонидан амалга оширилади.

9-модда. Туманлар, қишлоқлар, овулларнинг маъмурий марказларини белгилаш ва кўчириш тегишли туман ҳокимларининг илтимосномасига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса — Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

IV. ШАҲАРЛАР БЎЙСУНУВИНИ ЎЗГАРТИРИШ ВА, АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИ ШАҲАР, ШАҲАРЧАЛАР ТУРКУМИГА КИРИТИШ

10-модда. Республика (Қорақалпоғистон Республикасида), вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига, қоида тариқасида, камида ўттиз минг, аҳолиси бўлган, муҳим маъмурий, аҳамият касб этадиган, истиқболли иқтисодий ва маданий марказлар деб ҳисобланган шаҳарлар киритилиши мумкин.

Шаҳарларни вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш, уларни қайта тузиш тегишли вилоят ҳокимларининг илтимосномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис томонидан амалга оширилади.

Шаҳарларни республика (Қорақалпоғистон Республикасида) бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш, уларни қайта тузиш Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг таклифига мувофиқ Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

11-модда. Туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига, қоида тариқасида, камида етти минг, аҳолиси бўлган, саноат корхоналари ва ривожланган инфраструктураси мавжуд шаҳарчалар, аҳоли пунктлари киритилиши мумкин.

Шаҳарчаларни, аҳоли пунктларини туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш, уларни қайта тузиш тегишли вилоят ҳокимларининг илтимосномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса — тегишли туман ҳокимларининг илтимосномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг таклифига мувофиқ Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

12-модда. Шаҳарчалар туркумига саноат корхоналари, қурилишлар, темир йўл станциялари ва бошқа муҳим объектлар яқинида жойлашган ҳамда қоида тариқасида камида икки минг, аҳолиси бўлган, аҳоли пунктлари киритилиши мумкин.
Аҳоли пунктларини шаҳарчалар туркумига киритиш тегишли туман ҳокимларининг илтимосномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан амалга оширилади.

V. ШАҲАРЛАР, ШАҲАРЧАЛАРНИНГ ЧЕГАРАЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ ВА КЕНГАЙТИРИШ

13-модда. Шаҳарларнинг чегараларини белгилаш ва кенгайтириш тегишли вилоят, Тошкент шаҳри ҳокимларининг илтимосномасига асосан

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасида шаҳарларнинг чегараларини белгилаш ва кенгайтириш тегишли туман, шаҳар ҳокимларининг илтимосномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг таклифига мувофиқ Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

14-модда. Шаҳарчаларнинг чегараларини белгилаш ва кенгайтириш тегишли туман ҳокимларининг илтимосномасига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса — Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

VI. МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ БИРЛИКЛАР, АҲОЛИ ПУНКТЛАРИГА НОМ БЕРИШ ВА УЛАРНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ

15-модда. Вилоятлар, туманлар, шаҳарларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тегишли вилоят ҳокимларининг илтимосномасига асосан Олий Мажлис томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасида туманлар, шаҳарларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тегишли туман, шаҳар ҳокимларининг илтимосномасига асосан Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

16-модда. Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, аҳоли пунктларига ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тегишли туман, шаҳар ҳокимларининг илтимосномасига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса — Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.

17-модда. Вилоятлар, туманлар, шаҳарларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш вақтида Ўзбекистон Республикасида мавжуд бўлган номларни беришга, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, аҳоли пунктларига эса Қорақалпоғистон Республикаси ёки ушбу вилоятда мавжуд бўлган номларни беришга йўл қўйилмайди.

18-модда. Вилоятлар, шаҳарлар, туманлар, қишлоқлар, овуллар, шаҳарчалар, аҳоли пунктларига одамларнинг номини беришга, шунингдек уларни тарихий воқеалар шарафига номлашга қоида тариқасида йўл қўйилмайди.

VII. АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИГА НОМ БЕРИШ ВА УЛАРНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ

19-модда. Маҳаллалар, кўчалар, майдонлар, ҳиёбонлар, боғлар, аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тақдимномасига мувофиқ халқ депутатлари тегишли туман, шаҳар Кенгаши томонидан амалга оширилади.

20-модда. Аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига ушбу, аҳоли пунктида мавжуд номларни беришга йўл қўйилмайди.

VIII. КОРХОНАЛАР, МУАССАСАЛАР, ТАШКИЛОТЛАРГА НОМ БЕРИШ ВА УЛАРНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ

21-модда. Республика бўйсунувидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш ушбу объект жойлашган маҳаллий ҳокимият органининг розилиги бўлган ҳолда тегишли вазирлик, идоранинг тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Маҳаллий бўйсунувдаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати, вилоят, Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан амалга оширилади.

22-модда. Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирликлари, идоралари тизимига кирувчи маҳаллий бўйсунувидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларга Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати, вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан берилаётган номлар, улар билан келишилган бўлиши керак.

23-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотларга тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси, ушбу вилоят, Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган бошқа объектларга бериб бўлинган номларни бериш, шунингдек тегишли вазирлик, идоранинг бошқа ташкилотларига бериб бўлинган номларни беришга рухсат этилмайди.

IХ. ФИЗИК-ЖЎҒРОФИЙ, ГЕОЛОГИК, ТАБИАТИ МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН ОБЪЕКТЛАРГА НОМ БЕРИШ ВА УЛАРНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ. MОНУМЕНТАЛ САНЪАТ АСАРЛАРИГА НОМ БЕРИШ

24-модда. Физик-жўғрофий объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тақдимномасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

25-модда. Геологик объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасининг тақдимномасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

26-модда. Табиати муҳофаза этиладиган объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тақдимномасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

27-модда. Монументал санъат асарларига ном бериш, уларга оид тагсўз матнларини тасдиқлаш Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Х. АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИГА, КОРХОНАЛАР, МУАССАСАЛАР, ТАШКИЛОТЛАР, ФИЗИК-ЖЎҒРОФИЙ, ГЕОЛОГИК ВА БОШҚА ОБЪЕКТЛАРГА ОДАМЛАРНИНГ НОМИНИ БЕРИШ

28-модда. Маҳаллалар, кўчалар, майдонлар, ҳиёбонлар, боғлар ва, аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга, физик-жўғрофий, геологик, табиати муҳофаза этиладиган ва бошқа объектларга давлат, жамоат арбобларининг, сиёсий арбобларининг, Ватан ҳимоячилари, меҳнат қаҳрамонлари, фан, маданият арбоблари ва бошқа хизмат кўрсатган одамларнинг номини бериш фақат уларнинг вафотидан сўнг амалга оширилиши мумкин.

29-модда. Одамларнинг номини бериш тўғрисидаги давлат ҳокимияти органларининг қарорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда қабул қилинади.

ХI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

30-модда. Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овулларни тузиш, тугатиш, чегараларини ўзгартириш, маъмурий марказларни кўчириш, аҳоли пунктларини шаҳар, шаҳарчалар туркумига ўтказиш, маъмурий-ҳудудий бирликлар ва, аҳоли пунктларига ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш ҳақидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномасида эълон қилиниши шарт.

Мавжуд, аҳоли пунктлари ҳисобининг юритилишини ҳамда янги пайдо бўлганлари рўйхатдан ўтказилишини тегишли равишда Жўқорғи Кенгес, вилоят ҳокимликлари таъминлайдилар.

31-модда. Маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, бошқа топонимик объектлар номининг ёзилишига аниқлик киритишни, тегишли объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш ҳуқуқи берилган органлар амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти

И. Каримов

Тошкент шаҳри,

1996 йил 30 август,

№ 276 -I.

"Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилсин.

2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин: 1991 йил 2О ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилишига доир масалаларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил N 2, 82-модда);

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 199З йил З сентябрдаги Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, физик-жўғрофий, геологик ва бошқа топонимик объектларга ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисида"ги Низом (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 199З йил N 9, З4О-модда).

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси

Э. Халилов

Тошкент шаҳри,

1996 йил «30» август,

N __________.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...