Cайт ранги: A A


Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида

28 December 2016
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ


Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 6 октябрда 
қабул қилинган 
Сенат томонидан 2016 йил 12 октябрда
маъқулланган


1-боб. Умумий қоидалар


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


          Ушбу Қонуннинг мақсади кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар (бундан буён матнда ижтимоий хизматлар деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари 


          Ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. 
          Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. 

3-модда. Ижтимоий хизматларнинг асосий принциплари


          Ижтимоий хизматларнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: 
          қонунийлик; 
          инсон ҳуқуқларига риоя этиш; 
          инсонпарварлик; 
          эркин фойдаланиш; 
          профилактик йўналтирилганлик; 
          аниқ йўналтирилганлик ва индивидуал ёндашув; 
          ихтиёрийлик. 

4-модда. Ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

          Ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат: 
          аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш; 
          ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаш ва ҳисобга олиш ҳамда уларга ушбу хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш; 
          ижтимоий хизматлар олувчиларнинг оила ва жамият билан алоқаларини сақлаш, уларнинг қулай муҳитда бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш; 
          давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш; 
          ижтимоий хизматлар стандартларига риоя этилишини таъминлаш; 
          ижтимоий шерикликни ривожлантириш. 



5-модда. Ижтимоий хизматлар 

          Ижтимоий хизматлар шахснинг турмуши сифатини оширишга, унга жамият ҳаётида иштирок этишнинг бошқа фуқаролар билан тенг бўлган имкониятларини яратишга ва (ёки) ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган хизматларга муҳтож шахсга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий, психологик, таълимга оид, тиббий, реабилитация чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар мажмуидир. 

6-модда. Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари 

          Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий хизматларга муҳтож деб топилган шахслар, шу жумладан: 
          ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар; 
          I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар; 
          муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар; 
          ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар; 
          етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидир. 

2-боб. Ижтимоий хизматлар соҳасидаги органлар ва ташкилотлар 



7-модда. Ижтимоий хизматлар соҳасидаги органлар ва ташкилотлар тизими

          Ижтимоий хизматлар соҳасидаги органлар ва ташкилотлар тизимига қуйидагилар киради: 
          давлат бошқаруви органлари; 
          маҳаллий давлат ҳокимияти органлари; 
          фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари; 
          нодавлат нотижорат ташкилотлари; 
          ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари. 

8-модда. Давлат бошқаруви органларининг ижтимоий хизматлар соҳасидаги ваколатлари

          Давлат бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида: 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишда иштирок этади; 
          ижтимоий хизматлар стандартларини ишлаб чиқади; 
          ижтимоий хизматлар мониторинги юритилишини таъминлайди; 
          ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлайди ва уларнинг ҳисобини юритади, уларга тегишли ижтимоий хизматлар кўрсатади; 
          аҳолини ижтимоий хизматлар ва бундай хизматлар кўрсатиш шартлари тўғрисида хабардор қилади; 
          аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжлари таҳлилини ўтказади; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги органлар ва ташкилотларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича чоралар кўради; 
          ижтимоий хизматлар соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини, мутахассислар тайёрланиши, қайта тайёрланиши ва уларнинг малакаси оширилишини ташкил этади; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги ўзига қарашли ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. 
          Давлат бошқаруви органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 

9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ижтимоий хизматлар соҳасидаги ваколатлари

          Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида: 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этади; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади; 
          ижтимоий хизматлар мониторинги юритилишини таъминлайди; 
          ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлайди ва уларнинг ҳисобини юритади, уларга тегишли ижтимоий хизматлар кўрсатади; 
          аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжлари таҳлилини ўтказади; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат бошқарувининг ҳудудий органлари фаолиятини мувофиқлаштириб боради; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. 
          Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 



10-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ижтимоий хизматлар соҳасидаги ваколатлари 

          Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз ваколатлари доирасида: 
          аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирларни амалга оширади, ушбу мақсадлар учун марказлаштирилган ҳолда ажратиладиган давлат маблағларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди; 
          бошқа органлар ва ташкилотлар билан биргаликда ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлайди; 
          ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларнинг ҳисобини юритади; 
          бошқа органлар ва ташкилотларни, ҳомийларни, бошқа шахсларни ва ресурсларни ижтимоий хизматлар кўрсатишга жалб қилишга доир чора-тадбирларни амалга оширади; 
          ижтимоий хизматларга муҳтож шахслар қабулини амалга оширади, уларнинг аризалари, таклифлари ва шикоятларини кўриб чиқади, тегишли ахборотни ва зарур маълумотномаларни тақдим этади; 
          фуқаролар йиғинининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси фаолиятини таъминлайди; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги тегишли органлар ва ташкилотларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. 
          Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 

11-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий хизматлар соҳасидаги иштироки

          Нодавлат нотижорат ташкилотлари:
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат дастурлари ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши; 
          ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаши ва уларнинг ҳисобини юритиши; 
          ижтимоий хизматлар кўрсатиши ёки ижтимоий хизматлар кўрсатилишига кўмаклашиши; 
          аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш юзасидан тадқиқотлар ўтказиши; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги тегишли органлар ва ташкилотларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши; 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат ижтимоий буюртмаларини, субсидияларини, грантларини олиши; 
          давлат харидлари, корпоратив харидлар ва бошқа харидлар бўйича тендерларда (танловларда) ва биржа савдоларида иштирок этиши, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун давлат томонидан молиялаштиришнинг бошқа шаклларини олиши; 
          ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари билан ижтимоий хизматлар кўрсатиш, ижтимоий хизматлар соҳасида бошқа ишларни бажариш ёки лойиҳаларни амалга ошириш учун шартномалар тузиши мумкин. 
          Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин. 



12-модда. Ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг иштироки

          Ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари: 
          ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат дастурлари ва лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиши; 
          ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаши ва уларнинг ҳисобини юритиши; 
          ижтимоий хизматлар кўрсатиши, шу жумладан интернат, тиббий-ижтимоий ва таълим-тарбия муассасаларини ташкил этиш йўли билан ижтимоий хизматлар кўрсатиши, шунингдек ижтимоий хизматлар кўрсатилишига кўмаклашиши; 
          аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш юзасидан тадқиқотлар ўтказиши; 
          давлат харидлари, корпоратив харидлар ва бошқа харидлар бўйича тендерларда (танловларда) ва биржа савдоларида иштирок этиши; 
          ижтимоий хизматлар кўрсатиш, ижтимоий хизматлар соҳасида бошқа ишларни бажариш ёки лойиҳаларни амалга ошириш учун шартномалар тузиши мумкин. 
          Ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин. 

3-боб. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш шакллари ва турлари 



13-модда. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш шакллари

          Ижтимоий хизматлар қуйидаги шаклларда кўрсатилади: 
          ижтимоий кузатув ва маслаҳат бериш хизматлари; 
          уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизматлар; 
          кундузи ва (ёки) қисқа муддат бўлиш муассасаларидаги ижтимоий хизматлар; 
          интернат муассасаларидаги ижтимоий хизматлар. 

14-модда. Ижтимоий кузатув ва маслаҳат бериш хизматлари 

          Ижтимоий кузатув ва маслаҳат бериш хизматлари қуйидаги турларни ўз ичига олади: 
          ижтимоий хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш, ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тегишли органлар ва ташкилотларга юбориш; 
          ишга жойлашишда кўмаклашиш; 
          ҳомийлик ва васийликни белгилашда, фарзандликка олишда, етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилада тарбиялашга (патронат), болалар интернати муассасаларига қабул қилишда кўмаклашиш; 
          болалар интернати муассасалари тарбияланувчисини оилага қабул қилишга ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни тайёрлаш; 
          уй-жой-маиший жиҳатдан жойлашишда ва моддий ёрдам олишда кўмаклашиш; 
          протез-ортопедия буюмларини ва реабилитация техник воситаларини олишда кўмаклашиш. 
          Ижтимоий кузатув ва маслаҳат бериш хизматлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. 

15-модда. Уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизматлар

          Уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизматлар қуйидаги турларни ўз ичига олади: 
          маиший хизмат кўрсатиш, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларини, гигиена товарларини, дори воситаларини ва тиббиёт учун мўлжалланган буюмларни харид қилиш ҳамда уйга етказиб бериш; 
          овқат тайёрлашда, хоналарни йиғиштириш-тозалашда, шахсий гигиена тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш; 
          зарур тиббий ёрдам кўрсатилишида кўмаклашиш, тиббий кўрсатмаларга кўра протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш. 
          Уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизматлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. 

16-модда. Кундузи ва (ёки) қисқа муддат бўлиш муассасаларидаги ижтимоий хизматлар 

          Кундузи ва (ёки) қисқа муддат бўлиш муассасаларидаги ижтимоий хизматлар қуйидаги турларни ўз ичига олади: 
          ижтимоий хизматлар олувчиларга ўзига ўзи хизмат кўрсатиш, мустақил равишда ҳаракатланиш ва мўлжал олиш, муомала қилиш, ўз хулқ-атворини назорат қилиш кўникмаларини, ўқиш ёки меҳнат фаолияти учун зарур бўлган кўникмаларни ўргатиш, шу жумладан реабилитация техник воситаларидан фойдаланишни ўргатиш; 
          оила аъзоларига ёки бошқа қонуний вакилларига соғлиғининг ҳолатида бузилишлар мавжуд бўлган, ногирон шахсларни парваришлаш, улар билан муомалада бўлиш кўникмаларини ва уй шароитида уларни реабилитация қилиш асосларини ўргатиш; 
          ота-оналарга ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга болаларни, шу жумладан оилага тарбияга қабул қилинадиган (патронат) етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, фарзандликка олинадиган болаларни парваришлаш ва тарбиялаш кўникмаларини ўргатиш; 
          ижтимоий хизматларни олувчилар учун психологик ва ижтимоий-педагогик маслаҳатлар бериш. 
          Кундузи ва (ёки) қисқа муддат бўлиш муассасаларидаги ижтимоий хизматлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. 

17-модда. Интернат муассасаларидаги ижтимоий хизматлар 

          Интернат муассасаларидаги ижтимоий хизматлар қуйидаги турларни ўз ичига олади: 
          мунтазам равишда парваришлашни таъминлаш, маиший хизмат кўрсатиш, мебели, ашё-анжомлари, кўрпа-ёстиғи бўлган қулай хона бериш, кийим-бош ва пойабзал, бошқа энг зарур буюмлар билан таъминлаш, ёши ва соғлиғининг ҳолатини инобатга олган ҳолда овқатланишни ташкил этиш; 
          биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, диспансер кўригидан ўтказиш, зарур бўлган ҳолларда стационарда даволаниш учун юбориш, тиббий кўрсатмаларга кўра дори воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш; 
          махсус психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш, ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш; 
          қизиқишларни шакллантириш ва ривожлантириш учун бўш вақтни, клуб ва тўгараклар ишини ташкил этиш; 
          шахсларнинг интернат муассасаларидан чиқиши ва уларнинг мустақил ҳаёт кечириши ёки оилада яшаши учун шароитлар яратиш. 
          Интернат муассасаларидаги ижтимоий хизматлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. 

4-боб. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш



18-модда. Ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш

          Ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади: 
          ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаш; 
          ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларнинг турмуши ҳолатини баҳолаш; 
          ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш (зарур бўлган ҳолларда); 
          ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури мониторинги. 

19-модда. Ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаш

          Ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаш: 
          уйма-уй юриш чоғида; 
          жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ахборот асосида; 
          ижтимоий хизматларга муҳтож шахс мустақил равишда мурожаат этганда амалга оширилади. 

20-модда. Ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларнинг турмуши ҳолатини баҳолаш

          Ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларнинг турмуши ҳолатини баҳолаш ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тегишли органлар ва ташкилотлар томонидан ўтказилади. 
          Ижтимоий хизматларга муҳтож шахснинг турмуши ҳолатини баҳолашдан ўтказиш учун мазкур шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг ёзма аризаси асос бўлади. 
          Ижтимоий хизматларни олувчилар ёки уларнинг қонуний вакиллари ижтимоий хизматларга муҳтожлиги ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш шартлари тўғрисида қарор қабул қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган ахборотни тақдим этиши шарт ва улар тақдим этилган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгар бўлади. 
          Ижтимоий хизматлар кўрсатувчи органлар ва ташкилотлар ижтимоий хизматларга муҳтож шахснинг турмуши ҳолатини баҳолаш натижаларига кўра шахсни ижтимоий хизматларга муҳтож деб топиш тўғрисида ёки ижтимоий хизматлар кўрсатишга доир аризани рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. 
          Шахсни ижтимоий хизматларга муҳтож деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда шахс ижтимоий хизматларни олувчилар рўйхатига киритилади ва унга маслаҳатлар берилади, зарур бўлган ҳолларда, ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури ишлаб чиқилади ёки тегишли ҳужжатлар ижтимоий хизматлар кўрсатувчи бошқа ваколатли органлар ва ташкилотларга юборилади. 

21-модда. Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш

          Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини ишлаб чиқиш учун ижтимоий хизматларга муҳтож шахснинг турмуши ҳолатини баҳолаш натижалари асос бўлади. 
          Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини ишлаб чиқиш ижтимоий хизматлар кўрсатувчи органлар ва ташкилотлар мутахассислари томонидан амалга оширилади. 
          Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури ижтимоий хизматлар шакллари, турлари, уларнинг ҳажми, даврийлигини, бундай хизматлар кўрсатиш шартлари ва муддатларини, шунингдек масъул шахслар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. 
          Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури ижтимоий хизматларни олувчи ёки унинг қонуний вакили иштирокида ишлаб чиқилади. 
          Ижтимоий хизматларни олувчи ёки унинг қонуний вакили ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ бериладиган ижтимоий хизматларни олишдан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли. 
          Ижтимоий хизматларни олувчи ёки унинг қонуний вакили ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини бажаришдан ёзма равишда тўлиқ ёки қисман воз кечган тақдирда, ижтимоий хизматлар кўрсатувчи органлар ва ташкилотлар ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури ёки унинг бир қисми бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлмайди. 
          Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурида кўрсатилган ахборот махфийдир ва у ижтимоий хизматларни олувчининг ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилигисиз тарқатилиши мумкин эмас. 

22-модда. Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури мониторинги

          Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури мониторинги ижтимоий хизматлар самарадорлигини аниқлаш, якка тартибдаги дастурни қайта кўриб чиқиш ёки уни тугатиш мақсадида амалга оширилади. 
          Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини қайта кўриб чиқиш ижтимоий хизматлар олувчининг турмуши ҳолати ўзгариши муносабати билан амалга оширилади. 
          Ижтимоий хизматларни олувчилар ёки уларнинг қонуний вакиллари ижтимоий хизматлар кўрсатишга эҳтиёж туғдирадиган турмуш ҳолатидаги ўзгаришлар тўғрисида ижтимоий хизматлар кўрсатувчи органлар ва ташкилотларни ўз вақтида хабардор қилиши шарт. 
          Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури тугатилиши учун қуйидагилар асос бўлади: 
          ижтимоий хизматларни олувчининг турмуши ҳолатини енгиб ўтганлиги; 
          ижтимоий хизматларни олувчининг бундай хизматларни олишни рад этганлиги; 
          ижтимоий хизматларни олувчининг бошқа яшаш жойига кўчиб ўтганлиги; 
          ижтимоий хизматларни олувчининг вафот этганлиги; 
          нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланганлиги; 
          ижтимоий хизматларни олувчининг қамоққа олинганлиги; 
          ижтимоий хизматларни олувчининг оилавий ҳолати ўзгарганлиги оқибатида унинг турмуши ҳолати яхшиланганлиги; 
          ижтимоий хизматларни олувчининг яшаш жойида узоқ муддат бўлмаганлиги. 



5-боб. Ижтимоий хизматлар соҳасидаги мониторинг, баҳолаш, давлат ва жамоатчилик назорати



23-модда. Ижтимоий хизматлар мониторинги ва уларни баҳолаш

          Ижтимоий хизматлар мониторинги давлат бошқаруви органлари томонидан тасдиқланган ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатувчи бошқа органлар ва ташкилотлар фаолияти самарадорлигини тавсифловчи кўрсаткичлар асосида ахборот йиғишнинг доимий ва тизимли жараёнидан иборатдир. 
          Ижтимоий хизматлар мониторинги натижасида олинган очиқ маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилади. 
          Ижтимоий хизматларни баҳолаш ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини, кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сифати, самарадорлиги ва бехатарлигини ижтимоий хизматларнинг стандартлари асосида таҳлил қилишдан иборатдир. 
          Ижтимоий хизматлар мониторингини ва уларни баҳолашни давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари амалга оширади. 

24-модда. Ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат назорати 

          Ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади. 

25-модда. Ижтимоий хизматлар соҳасидаги жамоатчилик назорати 

          Ижтимоий хизматлар соҳасидаги жамоатчилик назоратини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши мумкин. 
          Давлат органлари ва ташкилотлари жамоатчилик назорати ўтказилишига кўмаклашиши шарт. 
          Жамоатчилик назорати натижалари ижтимоий хизматлар соҳасидаги тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқилиши шарт. 

6-боб. Якунловчи қоидалар



26-модда. Ижтимоий хизматларни молиялаштириш

          Ижтимоий хизматларни молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат: 
          Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари; 
          қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий хизматлар амалга оширилишидан олинадиган даромадлар; 
          жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари; 
          қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 

27-модда. Низоларни ҳал этиш

          Ижтимоий хизматлар соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади. 

28-модда. Ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

          Ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. 

29-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш 

          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: 
          ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин; 
          давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин. 

30-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

          Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради. 


          Ўзбекистон Республикасининг 
                    Президенти                                                                                Ш.Мирзиёев


          Тошкент шаҳри, 
          2016 йил 26 декабрь 
          № ЎРҚ-415 

Депутатлар минбари

Янгиликлар

12.12.2017
“Адолат” СДП фракцияси: Илм-фан, инновацияларни кенг қўллаб-қувватлаш — бош мақсадимиз

Эътироф этилганидек, 2018 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг...

12.12.2017
Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлиги сақлаб қолинади

Депутатлар томонидан 2018 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш хақи тўловлари, пенсиялар, ...

12.12.2017
Мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинди

Фракция аъзолари 2018 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамаси чоғида хўжалик юрит...