Cайт ранги: A A


Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Электрон тижорат тўғрисида

29 April 2004

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Электрон тижорат

Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган, товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга доир тадбиркорлик фаолияти электрон тижоратдир.

4-модда. Электрон тижорат иштирокчилари

Электрон тижоратни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек тегишли товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) харидорлари бўлган юридик ва жисмоний шахслар электрон тижорат иштирокчиларидир.
Электрон тижоратда ахборот воситачилари ҳам иштирок этишлари мумкин. Электрон ҳужжат айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар ахборот воситачиларидир.

5-модда. Электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолати

Электрон тижорат иштирокчилари ушбу Қонунда, бошқа қонун ҳужжатларида, шунингдек тузган шартномаларида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва мажбуриятларни бажарадилар.
Электрон тижоратда иштирок этиш, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, унинг иштирокчиларига нисбатан ахборот тизимларидан фойдаланмасдан амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолиятига нисбатан қўшимча талаблар ёки чеклашлар белгиланиши учун асос бўла олмайди.

6-модда. Электрон тижоратни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс тўғрисидаги ахборот

Электрон тижоратни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс товарлар (ишлар, хизматлар) харидорига:
юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган ҳолдаги тўлиқ номини ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини;
почта ва электрон манзилини ҳамда ўзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида маълумотларни;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда лицензияси борлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ахборотни тақдим этиши ёхуд унинг бундай ахборотдан фойдаланиш эркинлигини таъминлаши шарт.
Қонун ҳужжатларида электрон тижоратни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс тўғрисидаги ахборотга нисбатан бошқа талаблар ҳам белгиланиши мумкин.

7-модда. Ахборот воситачиларининг хизматлари

Ахборот воситачиларининг хизматлари шартнома асосида кўрсатилади.
Ахборот воситачилари, агар электрон тижорат иштирокчилари билан тузилган шартномаларнинг шартларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, электрон ҳужжатларнинг мазмунини ёки улардан фойдаланиш тартибини ўзгартиришга ҳақли эмас.

8-модда. Электрон тижоратдаги шартнома шартлари

Электрон тижоратдаги шартнома шартлари қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Электрон тижоратдаги шартнома унга ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсида жойлаштирилган электрон ҳужжатга ҳавола қилиш йўли билан киритиладиган алоҳида шартларни ўз ичига олиши мумкин. Бу ҳолда электрон ҳужжатни жойлаштирган электрон тижорат иштирокчиси қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган муддат мобайнида ундан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаши, бу муддат ўтгандан кейин эса ушбу электрон ҳужжатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда сақланишини таъминлаши шарт.

9-модда. Электрон тижоратда шартнома тузиш

Электрон тижоратда шартнома қуйидагилар воситасида тузилиши мумкин:

  • электрон ҳужжатларни айирбошлаш;
  • электрон ҳужжат кўринишида бўлмаган, қабул қилиб олинган оферта (шартнома тузиш таклифи) қабул қилинганлиги тўғрисидаги электрон ҳужжатни жўнатиш;
  • электрон ҳужжат кўринишида бўлган, қабул қилиб олинган офертадаги шартнома шартларини бажариш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш.

Электрон тижоратда шартнома акцептни (таклиф қабул қилинишини) ўз ичига олган электрон ҳужжат электрон тижоратни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс томонидан қабул қилиб олинган пайтда ёхуд офертани ўз ичига олган электрон ҳужжатда акцепт учун назарда тутилган ҳаракатлар товарлар (ишлар, хизматлар) харидори томонидан амалга оширилган пайтда тузилган деб эътироф этилади.
Офертани ўз ичига олган электрон ҳужжат олинганлигини оферта шартларига розиликни кўрсатмасдан тасдиқлаш, худди шунингдек товарлар (ишлар, хизматлар) харидорининг ҳаракатсизлиги, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, акцепт ҳисобланмайди.
Агар қонун ҳужжатларида шартнома бўйича тарафнинг бошқа тарафга шартномани тузиш ёки ижро этиш билан боғлиқ ҳужжатни тақдим этиш мажбурияти назарда тутилган бўлса, кўрсатилган мажбуриятни бажариш шартномани тузиш усулидан қатъи назар амалга оширилади.
Электрон тижоратда шартнома, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фақат электрон ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда тузилганлигига асосланиб ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.

10-модда. Электрон тижоратда офертага таклиф этиш

Электрон тижоратда офертага таклиф этиш, шу жумладан таклиф қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги реклама ёки бошқа маълумотлар махсус билимга эга бўлмаган қабул қилиб олувчига қабул қилиб олинган ахборотнинг электрон тижоратга тааллуқлилигини аниқ белгилаш ва оферта жўнатувчининг ҳуқуқий ҳолати, унинг товарлари (ишлари, хизматлари), бу товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) нархлари ва уларни олиш шартлари ҳақида тўғри тасаввур ҳосил қилиш имкониятини берадиган шаклда тақдим этилиши керак.

11-модда. Электрон тижоратда офертага қўйиладиган талаблар

Электрон тижоратда шартнома тузиш мақсадида йўлланадиган оферта, шу жумладан номуайян шахслар доирасига йўлланадиган оферта:

  • электрон ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда шартнома тузиш тартибини;
  • шартнома шартларини келишиб олиш чоғида ўзгартишлар киритиш имконияти ватартибини;
  • акцептни электрон ҳужжат воситасида юбориш вачақириб олиш тартибини;
  • ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсида жойлаштирилган электрон ҳужжатга ҳавола қилиш йўли билан шартномага киритиладиган шартларга тааллуқлиқайдларни ўз ичига олган бўлиши керак.

12-модда. Электрон ҳужжатлардан битим тузилганлигининг далили сифатида фойдаланиш

Электрон ҳужжатлардан битим тузилганлигининг далили сифатида фойдаланиш мумкин.

13-модда. Низоларни ҳал этиш

Электрон тижорат соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

14-модда. Электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов

Тошкент шаҳри,
2004 йил 29 апрель,
№ _______.

«Электрон тижорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси
Қонунини амалга киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. «Электрон тижорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати (Ш.Мирзиёев) ўз қарорларини «Электрон тижорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирсин, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. Халилов

Тошкент шаҳри,
2004 йил 29 апрель,
№ _______.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...